ОЧЛ - Осиёнинг клублар миқёсидаги нуфузли ва антиқа турнирларидан бири. Антиқалиги шундаки саралаш босқичи 1 та ўйиндан, финал эса 2 та ўйиндан иборат бўлган турнирни бошқача аташ мумкин эмасдек, гўё. Тўғри, Осиё футболи ҳам жадал суръатларда ривож топиб бормоқда. Келажакда юқорида санаганларимиз ҳам ўзгарса ажаб эмас. Бироқ биз бугун сизларга булар ҳақида эмас, балки ўзбек жамоаларининг 1/8 финалдаги натижаларини эслатиб ўтмоқчимиз.
Умуман 2009 йилга қадар ОЧЛда 1/8 финали деган ибора мавжуд бўлмаган. Жамоалар гуруҳ босқичидан кейин тўғри чорак финалга равона бўлишар эди. Бироқ, 2009 йилги мавсумдан бошлаб 1/8 финал ўтказила бошланди. Бу босқич фақатгина битта баҳсдан иборат бўлар ва у ҳам гуруҳда дастлабки ўринни эгаллаган жамоа майдонида ўтказилар эди (2013-йилгача).
2009 йил
"Персеполис" 0-1 "Бунёдкор"
Гол: Ривалдо 41' (пен.)
Амет Мемет босчилигидаги жамоа гуруҳ босқичидан бир амаллаб ўтиб олган бўлса-да, плей-оффда ёмон ўйин намойиш этмади. Ривалдо томонидан пенальтидан киритилган гол "қалдирғочлар"га чорак финал эшигини очиб, кузги босқичда жамоани мусобақанинг бўлажак чемпиони "Поханг Стилерс" кутиб турган эди. Чорак финалда жамоа икки ўйин натижасига кўра турнирдаги юришини тўхтатишга мажбур бўлган эди.
"Ал Иттифоқ" 1-2 "Пахтакор"
Голлар: Принс Таго 32 - З. Тожиев 79, А. Гейнрих 90.
Даммамдаги "Муҳаммад бин Фархд" стадионида кечган баҳсда Виктор Жалилов бошчилигидаги "шерлар" иродали ғалабага эришди. Аввалига Ганалик Принс Таго ҳисобни очиб, Иоан Андоне шогирдларини олдинга чиққан, бироқ Виктор Жалиловнинг иккинчи бўлимда заҳирадан майдонга туширган футболчилари ўйин сценарийсини бутунлай ўзгартириб, ғалабани илиб кетишган.
2010 йил
Бу мавсумда Тошкентнинг ҳар икки клуби гуруҳ босқичидан иккинчи ўрин билан чиққан эди.
"Ал Ҳилол"(Саудия Арабистони) 3-0 "Бунёдкор"
Голлар: Мажид ал Машади 10, К. Вилгелмссон 56, Т. Невеш 60
"Ал Гарафа"(Қатар) 1-0 "Пахтакор"
Гол: Араужо 86 (пенальти).
Луис Фелиппе Сколари бошчилигидаги жамоа "Қирол Фахд" стадионида "Ал Ҳилол" томонидан тўла мавҳ этилган эди. Дарвоқе, мавсум ўртасида клубни 13 нафар (!) футболчи ва Сколарининг ўзи ҳам тарк этгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак.
"Пахтакор" эса Дохада жуда аламли тарзда пенальтидан ўтказиб юборилган ягона гол эвазига мусобақадаги юришини тўхтатган. Мавсум аввалида жамоани қабул қилиб олган Миодраг Радулович мавсум ярмига ҳам етмасидан жамоа билан хайрлашгани ҳам "шерлар"нинг ўйинига салбий таъсир кўрсатгани рост.
2011 йил
"Сепахон"(Эрон) 3-1 "Бунёдкор"
Голлар: Жануарио 27, И. Туре 32, Ҳ. Агили 69 (пеналти) - С. Дордевич 57.
2011 йил ҳам юртимиз шарафини яна "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ҳимоя қилган бўлса, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги "шерлар" гуруҳда сўнгги ўрин олди.
Миржалол Қосимов бошлиқ "Бунёдкор" эса гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, плей-оффга йўл олади. 1/8 финалда эса "қалдирғочлар" Эроннинг "Сепахон" жамоаси қаршилигини енгиб ўтолмайди ва мусобақадаги юришини тўхтатади.
2012 йил
"Сеонгнам Илва"(Жанубий Корея) 0-1 "Бунёдкор"
Гол: Х. Каримов 53 (пенальти).
Бу сафар ҳам "Пахтакор" гуруҳдан чиқолмаган бўлса, "Бунёдкор" аксинча турнирда ажойиб натижаларга эришади. Шарқий минтақада ўйнаган "қалдирғочлар" гуруҳда иккинчи бўлиб, плей-офф чиптасини нақд қилади. 1/8 финалда эса жамоани Жанубий Кореянинг "Сеонгнам" жамоаси кутиб турар эди. Хайруллар Каримовнинг ягона голи "Бунёдкор" Корея ярим оролидан ғалаба билан қайтишига сабаб бўлган. Умуман "қалдирғочлар" ўша мавсум турнир давомида 11 та баҳсда майдонга тушган эдиларки, бу натижани жамоа ҳали янгилагани йўқ.
2013 йил
"Бурирам Юнайтд"(Таиланд) 2-1 "Бунёдкор"
Голлар: А. Жужен 17, А. Сумреи 76 - И. Таран 45 1.
"Бунёдкор" 0-0 "Бурирам Юнайтед"
Бу мавсум Ўзбекистонга 2+1 кўринишида квота ажратилди. "Пахтакор" ҳамда "Бунёдкор" тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида ўйнаган бўлишса, "Локомотив" турнирни саралаш раундидан бошлайди. БААнинг "Ал Наср" жамоасига қарши кечган баҳсда тажриба ҳамда бироз омад етишмаган 2-3. Қайд этиб ўтиш жоиз, бу "темирйўлчилар"нинг халқаро майдондаги илк учрашуви эди.
"Пахтакор" бу мавсум "Б" гуруҳида кураш олиб бориб, икки ғалаба ва бир бор дуранг ўйнаган бўлишига қарамасдан гуруҳда сўнгги ўринни олади.
"Бунёдкор" эса бу йил ҳам Шарқий минтақада бахс олиб борди ва 10 очко билан гуруҳда дастлабки ўринни эгаллаб плей-оффга йўл олади. Бироқ 1/8 финалда турнирни саралаш раундидан бошлаган Таиланднинг "Бурирам" жамоаси икки учрашув натижасига кўра "қалдирғочлар"нинг парвозига нуқта қўйган эди. Таиланддаги баҳсда мағлуб бўлган "Бунёдкор", жавоб баҳсида қанчайин уринмасин рақиб дарвозасига йўл топа олмаган эди. Айтганча яна бир факт, айнан мана шу мавсумдан бошлаб 1/8 финал босқичи ҳам уй-сафар тизимида ўта бошлади.
2014 йил
"Бунёдкор" 0-1 "Ал Ҳилол"(Саудия Арабистони)
Гол: Салим ал Досари 38.
"Ал Ҳилол" 3-0 "Бунёдкор"
Голлар: Ёсир ал Қаҳтони 20, Носир ал Шамрони 47, Салим ал Досари 58.
Бу мавсумда квоталаримиз сони 1+2 га қисқаради. "Локомотив" ҳамда "Насаф" турнирни 2-саралаш босқичидан бошлашган бўлса, "Бунёдкор" тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида ўйнади.
"Насаф" меҳмонда Қатарнинг "Ал Жаиш"ига қарши бахс юритган бўлса, "Локомотив" Тошкентда Қувайтнинг "Ал Қувайт" жамоасини қабул қилади. Қаршиликлар меҳмонда 1-5 ҳисобида мағлубиятга учраб, битта учрашувдан иборат саралашдаёқ курашни тўхтатган бўлса, "темирйўлчилар" ҳам "аждарлар"нинг ортидан бориб, 1-3 ҳисобида мағлуб бўлади ва кетма-кет иккинчи йил саралашдан ўта олмайди.
"Бунёдкор" эса икки йиллик Шарққа қилган саёҳати тугаб, яна Ғарб минтақасида ўйнайди. "Б" гуруҳида кураш олиб борган "қалдирғочлар" сўнгги турда "Ал Жаиш" устидан катта қийинчиликлар билан эришилган ғалаба эвазига кетма-кет 7 мавсум гуруҳдан чиққан жамоа номига сазовор бўлади.
Бироқ "Бунёдкор"ни 1/8 финалда "Ал Ҳилол" кутиб турган эди. Тошкентдаги баҳсда кичик ҳисобда зафар қучган саудияликлар жавоб баҳсида ҳеч қандай имкон қолдирмаган эди 3-0.
Яна бир факт: бугунгача ўзбек жамоаларининг плей-оффдаги сўнгги баҳси айнан мана шу баҳс бўлиб турган эди.
2015 йил
Ўтган мавсум бизга 3+1 кўринишида квота ажратилди. "Бунёдкор" ўз уйида БААнинг "Ал Жазира"сига қарши баҳсда Воҳид Шодиев ҳамда Сардор Рашидов томонидан киритилган голлар эвазига мағлуб этади. Ҳа айтганча, рақиб жамоадан Али Мабхут бир марта бунга жавоб берган 2-1.
Афсуски гуруҳ босқичидаёқ барча жамоаларимиз ўз юришларини тўхтатгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. "Насаф" ва "Пахтакор" гуруҳда 3-ўринни эгаллаган бўлишса, "Бунёдкор" ҳамда "Локомотив" сўнгги ўринларни банд этишган.
Шаҳзод Холбоев тайёрлади