Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Ҳасса»

Баҳо:
+ | -

Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишади. Сиз шу мақолни қандай тушунасиз? Менимча, бу мақол фақат кўзи ожизлар учун чиқарилган.

Кўзи очиқлар ҳассани йўқотаверадилар, йўқотаверадилар. Бошқа ҳассани олаверамиз-да, дейдилар. Бу ҳасса ўлгур ҳам топилаверади. Чўлтоқ, яроқсиз ҳассани кўтариб юргач, унинг йўқолиб қолиши ҳам катта фожиа эмас, шекилли-да, а?!

“Локомотив” ҳамда “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйинни мен ҳам кўрдим. Оинаи жаҳон орқали. Тунги вақтга қўйилганини ҳамма танқид қиляптию, шахсан менга маъқул тушиб қолди. Тўғридан-тўғри намойиш этилса, кўролмас эканман. Кўчада эдим.

Хуллас, бу ўйин атрофида гап кўп. Кимдир эфир вақти ҳақида гапирса, кимдир ҳакамларнинг қарорлари хусусида мақолалар битмоқда. Бу ҳам муҳим, албатта. Лекин ҳаммасидан кўра даҳшатлироғи бор – бир секунд ичида “лип” этиб ўтиб кетган манзара. Сиз ҳам кўрдингизми ё менга шундай кўриндими?!

Темирйўлчилар аъзоси тўпни қўли билан ўйнади, Равшан Эрматов пенальти бермади. Бу ҳолатга пахтакорчиларнинг эътироз билдириши табиий эди. Эътироз билдиришди ҳам. Аммо уларнинг эътирози Самвел Бабаяннинг сапчиб тушгани олдида ҳолва бўлиб қолди. Бу ўйинда Бабаян ҳам томошабинлар қаторида эканлигига умуман шубҳа қилмагандим. Терма жамоа бош мураббийи бўлгандан кейин мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бирига тушади-да, тўғрими? Ҳа, йўқ, унинг ташрифи бошқа сабабданлигини билардим. Мана, яна бир исботи.

Шунда ҳам гумонимни яхшилаган ҳолда, икки жамоа таркибида ҳам термага таклиф қилинган футболчилар бор, ўшаларни кузатяпти-да, деб қўйгим бор эди. Аммо бир секундлик манзара ҳаммасини бузиб юборди. Трансляция режиссёри “Локо” мухлиси шекилли-да, а?!

Терма жамоамиз ҳақида ҳамма қайғураётган бир пайтда, бу инсонларнинг бошқа нарса илинжида стадионга ташриф буюрганларига қаранг, ажабо! Айтинг, бош мураббийнинг ўзини шундай тутиши яна қандай изоҳ қолдириши мумкин? Жанубий Корея терма жамоаси Испания футболчилари билан ўртоқлик ўйинига тайёргарлик кўраётган, гуруҳимиздаги бошқа рақиблар ҳам охирги босқичга қандайдир совғалар билан ташриф буюришни режалаштираётган бир пайтда, бизнинг мураббийимиз “Пахтакор” учун берилмаган пенальтига сакраяптилар. Даҳшат эмасми, азизлар?!

Пенальти борми ёки йўқми, мен бу ҳақда умуман гапирмоқчи эмасман. Олий лигамизнинг бу беллашуви ўз йўлига. Трансляция нима учун тўғридан тўғри олиб берилмагани сабабларини-да биламан. Бу ҳақда бошқалар ёзсин мақоласини. Мени бошқа нарса ўйлантирмоқда: Нима учун бир неча йиллардан буён футболимиздан шу иллатли ҳолатни кўтара олмаяпмиз?

Қайси мураббийни кўрмайлик, олий лигамизнинг қайсидир  жамоасига “мухлислик” қилишади. Бу нарса бориб-бориб аламли натижаларга сабаб бўлмаяптими? Сабаб бўляпти, сабаб бўлади ҳам, лекин вақтинча – отга минган пайтлари буни ҳис қила олмайдилар ё тан олгилари келмайди, холос.

Бунинг биргина ечимини кўраман: Терма жамоага олий лигамизга аралашмаган инсонни олиб келиш керак. Чунки ўзбекистонлик ҳар қайси мураббийнинг бирор бир клуб билан чирмашиб кетган томонлари бор. Манфаатлари кесишган нуқталари бор. Шундай экан, терма жамоага футболчи таклиф қилишда ҳам улар нейтрал бўла олмайдилар. Ўзлари мухлис бўлиб қолган жамоадан бошқа иқтидорларни илғай олмайдилар. Буни ҳозирги мураббийда ҳам кўряпмиз, олдингиларида ҳам кўрганмиз, афсус!

Ушбу гаплар ҳар доим айтилган, яна айтишдан нима наф, дейишингиз мумкин. Бизнинг вазифамиз айтиш. Қолганига кучимиз етмайди. Балки ўқиб қолишар. Ўқишмаса ҳам, бу масалада кимдир фикр билдириши керак-ку, тўғрими? Ҳеч ким барибир эшитмайди, деб жим туришни эплай олмаганимиз учун, узр!

Яқинда бир фильм кўрдим. Американики. Фильм жуда ғалати тугаган. Иккитаси чўлнинг ўртасида чуқурга тушиб кетишади. Чиқишнинг имкони йўқ чуқурлик. Биттаси роса бақираверади, одамларни ёрдамга чақираверади. Иккинчиси, бу чўлга ҳеч ким келмайди, бақиришингдан наф йўқ, дейди. Ҳалиги бақираётган кимсанинг жавоби менга роса ёқди:

“Мен бақираверамен, ҳеч ким келмаса ҳам, бунақа пайтда шундай иш қилиш кераклиги учун-да одамларни чақиравераман. Биринчидан, ўз ишимни қиляпман, иккинчидан, мен умид қиламанки, барибир кимдир келиб қолади!”

Мен ҳам ишонаман негадир. Кимдир эшитиб қолади ноламизни... Юқоридаги мақолни кўзи очиқлар ҳам ўз ҳаётларига тадбиқ этишсин, дейман!!!

Хайрулла Ҳамидов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 17:14, 22.05.2016.
Ўқилди: 15008 марта.
Фикрлар: 40 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.