Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Дилшод НУРАЛИЕВ:«Болалар билан ишлаш осон эмас, лекин…»

Баҳо:
+ | -

Бу мутахассис кўпчиликнинг кўз ўнгида болалар мураббийи сифатида гавдаланади. Мамлакатимиз футболига Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Марат Бикмаев, Акмал Шораҳмедов, Анзур Исмоилов сингари истеъдодларни кашф қилиб берган Дилшод Нуралиев терма жамоалар миқёсида ҳам эътироф этишга арзигулик муваффақиятларга эришди. У Ўзбекистон футболи тарихида илк бор Осиё чемпиони бўлган ўсмирларимизга устозлик қилди. Бу инсоннинг меҳнатлари бесамар кетмади: унинг шогирдлари, мана бир неча йилдирки, миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилиб келишяпти. Бугун Дилшод Нуралиевнинг футболдаги илк қадамлари ҳамда мураббийлик фаолиятига назар ташлаймиз.

- Болалик йилларим Тошкентдан узоқроқда, пойтахт вилоятининг Оққўрғон туманида ўтган, - дея сўз бошлади қаҳрамонимиз. - Раҳматли дадам онам билан Тошкентда турмуш қуришган. Кейин касблари тақозоси билан Оққўрғонга кўчиб ўтишган экан. Отам шифокор бўлганлар. Мен айнан Оққўрғонда дунёга келдим. Ўша пайтда шароитлар анча оғир бўлган. Табиийки, футбол билан шуғулланиш ҳам осон кечмаган. Шунга қарамай, миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш барибир, ўз кучини кўрсатган.

Акамга ҳавас қилиб, мен ҳам футбол ўйнай бошладим. Акам Бахтиёр Нуралиев бир неча йилдан бери «Пахтакор» академиясида мураббийлик қилиб келяптилар. Мендан 10 ёшга катталар. Ўзбек футболига кўплаб истеъдодли ёшларни тарбиялаб бердилар. Бу жараён ҳамон давом этмоқда. Кўп шогирдлари ҳозирда олий лига жамоалари шарафини ҳимоя қилишяпти.

Раҳматли дадам ҳам футболга қизиқардилар. Биз - фарзандларга футболга меҳр айнан отамдан юққан бўлса керак. Болалик йилларим Оққўрғонда ўтганига қарамай, футбол билан Тошкентда шуғулландим. Пойтахтда уйимиз бор эди. Ёшлигимдан Титов номли, ҳозирги Республика Олимпия захиралари коллежида таҳсил олишни орзу қилардим. Лекин афсуски, ниятим амалга ошмади. Ота-онам бунга қарши чиқишган. Ўша пайтлари футбол мактаб-интернатида ўқишни умуман бошқача талқин қилишарди. Гўёки, бу масканда ётиб қолиб ўқиш, болалар уйида таҳсил олиш тушунчасини юзага келтирган. Онам худди шундай хаёлга борганлар. Энг яқин дўстим Зафарни ҳам уйидагилар айни сабаб билан қўйиб юборишмаган. У истеъдодли дарвозабон бўлган. Балки Зафарга рухсат беришганида, ота-онамнинг фикрлари ўзгарармиди? Якка ўзимни қўйиб юборишни исташмаган.

Аммо футболга бўлган қизиқиш барибир, кучлилик қилди. 9-синфда ўқиб юрган кезларим Вали Шамсиддинов қўл остида футбол билан астойдил шуғуллана бошладим. Илк мураббийим сифатида Вали акани айтишим мумкин. Кейин Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. У ерда менга тажрибали мураббий Рустам Акрамов устозлик қилдилар.

Аксарият болалар сингари дастлаб ҳужумда ўйнадим. Дарвозани ишғол қилишга иштиёқим жуда баланд эди. Лекин мураббийим кўрсатмалари билан мудофаа чизиғига ўтказилганман. Жуссам кичиклиги ҳамда тез югурганим учун қанот ҳимоясида ўйнатишди. Ҳужумга ўтиб, керак пайтда дарҳол ҳимояга қайта олардим. Бу амплуада тўп суриш ўзимга ҳам ёқиб қолган. Бош билан яхши ўйнардим ва энг муҳими, позицияни тўғри танлардим.

«Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган Ҳусан Бойматов, Маҳмуд Собиров сингари тажрибали футболчилардан кўп нарса ўргандим. Маълум муддат профессионал футболчилик фаолиятимдаги илк жамоа - «Бинокор» (Қибрай)да тўп сурдим. Кейин Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг «Қурувчи» ҳамда  Қорақалпоғистоннинг «Тўрткўл» клубларида ўйнадим. Шундан сўнг яна Қибрайга қайтиб, «Маданият» шарафини ҳимоя қила бошладим. Бу клуб Ўзбекистон чемпионатининг 1-лигасида иштирок этарди. Афсуски, айнан шу жамоа таркибида оёғим ва белимдан жиддий жароҳат олдим.

Шифокорлар вазият жиддий эканлиги, агар футбол ўйнашда давом этсам, оқибати яхши бўлмаслигини айтишди. Ўша пайтлари жуда оғир аҳволга тушганман. Севимли машғулотингиз билан айни кучга тўлаётган пайтда хайрлашиш... буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Хуллас, 22 ёшимда футболчилик фаолиятимга якун ясалди. Лекин футболдан узоқлашиб кета олмаслигим кундек равшан эди.

Ўйинчи сифатида танилиш пешонамга ёзилмаган экан. Жароҳат сабаб футболни ташлаганимдан сўнг ўзимни мураббийлик соҳасида синаб кўришга қарор қилдим. Шу мақсадда касаба уюшмаларига қарашли «Пахтакор» болалар ва ўсмирлар футбол мактабига мураббийликка ишга кирдим. Ўша пайтлари ушбу муассасага Владимир Штерн раҳбарлик қиларди. Ўзим мураббий бўлгач, бу соҳа вакилларига қанчалик қийин эканлигини тушуниб етдим.

Шу тариқа, 1992 йилдан мураббийлик фаолиятим бошланди. «Бинокор»да Ориф Куртмулаев, Евгений Валицкий, шунингдек, маълум муддат Биродар Абдураимовдан мураббийлик сир-асрорларини ўргандим. Болалар билан ишлаш жуда оғир. Айниқса, бу нарса ўқув-машғулот жараёнида яққол кўзга ташланади. Ёш болаларнинг тушунчаси, кўрсатмаларни қабул қилиши турлича бўлади. Ҳаммаси ҳам нимани талаб қилаётганингизни бирдек тушуниб етавермайди.

«Пахтакор-2» жамоасида ишлаган пайтимда Санжар Турсунов, Садриддин Абдуллаев, Марат Бикмаев, Акмал Шораҳмедов, Анзур Исмоилов сингари истеъдодли ёшлар ўйнашарди. Ўша пайтда бу футболчилар 17-18 ёшда эдилар. Ҳозир уларнинг аксарияти хориж клубларида тўп суришяпти. Шахсий фикрим, футболдаги ўз қарашлари бор мураббий аввало, болалар билан шуғуллангани маъқул. Шундагина ғоя ва услубларини амалиётда синаб кўриш имконияти ортади, кейинчалик катталар билан ишлаганда қийинчиликка дуч келмайди.

Акам ҳалигача қўлларидан келганича менга ёрдам бериб турадилар. Мураббийлик қилаётган жамоамдаги ўйинларни биргаликда таҳлил қиламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 00:43, 25.05.2016.
Ўқилди: 4277 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.