Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Кел ўшалар олдида...»

Баҳо:
+ | -

Эй, Европа чемпионати! Кел, ёнимга бир зумга чўккала! Сенга анчадан бери асраб қўйган гапларим бор, бир дардимни тўкиб сочай, сен эшит!

Сен ўзингни танийсанми? Қандай мусобақа эканингни биласанми? Билмасанг, сенга ҳали айтмаган бўлишса, кел, айтиб бераман.

Ўзинг биласанми, сени ўз қитъангдан кўра бошқалар кўпроқ суйишларини?!

Ҳар тўрт йилда ўтадиган мундиаллар соғинчини-да йўққа чиқара олганингни биласанми лоақал?!

Сен шундай ажиб дамларни тақдим этасанки, ёзнинг иссиқ кунларида бутун дунё илиқ бир ҳаво ичида қолади.

Сени ҳамма яхши кўради. Ўзининг диёри ўйнамаса-да, қайсидир терма жамоани “ўзиники” қилиб олади дунё мухлислари...

Сени “Аргентина ва Бразилиясиз жаҳон чемпионати” деб атайдилару, аслида ўша мундиалдан-да шиддатлироқ дамларни тақдим этишингни ич-ичларидан ҳис қиладилар...

Кел, яқинроқ келиб ол! Сенинг қадринг менинг ҳаётимда муҳим ўрин тутади. “Мен” деганимга хафа бўлма, зеро, бу сўзлар фақатгина ўзимга тегишли эмас, мен билан тенгқур катта авлоднинг дил сўзларидир:

Футбол оламида кўзимни очган мусобақам сифатида Мексикада ўтказилган ЖЧ-86ни эътироф этаман. Ҳа, Мексика яшил майдонларида мен дунё юлдузларини, шахсан жаноби олийлари – Диего Марадонани таниган эдим. Бироқ, икки йил ўтгач, сенинг жилванг билан футболнинг бошқа бир жозиб томонини кўриб қолдим: Гуллитнинг ажиб нигоҳи, Рацу Куманларнинг такрорий лавҳа ҳам базўр илғай оладиган зарбалари, Дасаевнинг илвирсона сейвлари ва ниҳоят – Марко ван Бастеннинг голи!

Ҳа, ҳа, ўша машҳур голи! Мен ёшлигимдан розиманки, илк томоша қилган турнирларимда асрнинг энг яхши голларини кўрган эдим.

Эй Европа чемпионати, сен ЖЧлар оралиғидаги кемтик бир ўринни ўз шиддатинг ила тўлдириб бердинг! Жаҳон чемпионатларида тасодифлар бўлмаслиги мумкин, аммо сенда ҳар қандай жамоа имконияти тенг эканлигини кўрдим, гувоҳи бўлдим.

Иккинчи турнир сифатида гувоҳи бўлганим – 1992 йилги ўйинларинг. Ваҳ, дунё харитасидан олиб ташланган Югославия ўрнига келган Дания эсингда бўлса кераг-а? Ўзинг ҳам ҳайрон бўлгандинг, биламан-ку! У пайтлари Айфону Нокиялар йўқ эди, даниялик йигитларни дам олиш пляжларидан чақириб олиш жуда мушкул бўлган, дейишади. “Югославия ўрнига ўйнар экансизлар!” деган хабарни эшитганида, футболчилар кулиб қўйишган экан: “”Йигитлар, нима қиламиз? Чемпион бўлиб қайтамизми?”

Ҳа, улар чемпион бўлиб қайтишди. Гуруҳ босқичида турнир мезбони – Швеция мағлуб этилди,  ярим финалда голландлар, финалда эса немислар... Бутун дунё карахт аҳволда қолди. Питер Шмейхель деган даҳо посбонни ўшанда таниган эдим. Данияликлар Микаэль Лаудрупсиз қолишларига қарамай, турнир давомида энг кучлиларни янчиб ташлагандилар.

Эй Европа чемпионати, сенинг шиддатинг кўп ҳолда мундиалларни ҳам ортда қолдирганига гувоҳ бўлганман. Ҳатто қизиқарли ЖЧлардан кейин ҳам ўзингни йўқотиб қўймаганингга ҳайратдаман. АҚШ-94даги баҳслар ҳаётимдаги бурилиш ҳисобланади. Ўҳҳў, бу қадар театрлаштирилган ўйинлар бошқа бирорта мундиалда такрорланмади. Марадонани турнир ўртасида ҳайдаб юборишлари, Нигерия шерларининг ёриб чиққани, Италия биргина Баджо елкасида финалга довур етиб боргани ва охирги баҳсдаги пенальтлар сериясида асосий қаҳрамоннинг антиқаҳрамонга айланиб қолгани... ҳамон ёдимда!!! Бу мусобақадан кейин сен ўз жилванг ила намоён бўлишингга ишона олмагандим. Бироқ, футбол ватани бўлмиш Англияда ўтказилган қитъа баҳсларида суперўйинлар гувоҳи бўлдим яна.

Бу сафар Чехияни кашф этдинг. Поборскийнинг одам боласи уриши имконсиз голини намойиш этиб бердинг, кейинчалик бутун дунёни тиз чўктирадиган Франция ёшларининг юришларига замин яратдинг ва, албатта, Германия терма жамоасининг қайта туғилишига гувоҳ этдинг бизни.

Финал оқшомида “олтин гол”нинг ёвуз қоидаси нечоғлиқ шафқатсизлигини кўрсатиб бердинг. Бирхофф деган “олтин бола” сендагина кашф этилди, бошқа жойда уни кўрмадик. Фақат сендагина ўзини таний олди у!
2000 йилги ўйинларинг олдида Франция-98 ҳам ип эшолмай қолади, очиғи. Бу мусобақа менинг ҳаётимда муҳим роль ўйнаган. Илк шарҳлаган мусобақам шу бўлади. Раулнинг ноаниқ зарбасида сўз топа олмай Давлат аканинг олдида довдираб қолганларим ҳамон ёдимда. Турнир бус-бутунлигича хотирамга муҳрланиб қолгани ҳам шунинг сабабидандир эҳтимол?!

Португалиянинг афсонавий таркибини эсдан чиқариб бўладими, ахир?! Улғайган Зиданни-чи?  Италия катиначчиосини унутиб бўладими ўзи? Ўҳ, Голландиянинг пенальтилар серияси қурбони бўлгани ва бунга футбол қиролининг ўзи изоҳ бергани-чи? Финал оқшомини ҳеч ким унута олмаса керак, айниқса, Дель Пьеро! Италия 1:0 ҳисобида енгиб турган пайтида Бартез билан яккама якка чиқиб кетган юлдуз гол ура олмагани ва бунинг оқибатида французлар қўшиб берилган дақиқаларда иккита тўп киритиб кетишгани... Ҳа, ўшанда сен ЖЧ-98ни унуттирган эдинг менга!

2004ни айтиб ўтирмайман. Греция – Европа чемпиони! Ҳалигача буни латифа қилиб айтиб юришади. Эй Европа чемпионати, сен ҳар кимга имконият беришинг билан ажралиб турасан, яна бир карра исботладинг!

2008дан бошлаб сенда ҳам, жаҳонда ҳам битта ҳукмдор пайдо бўлди, Испания деган. Икки марта қаторасига уларга шоҳсупангдан жой бердинг! Бу йил нима қилмоқчисан?

Эй Европа чемпионати, сенинг ўтмишингда биргина кемтик жой кўраман – сенда европалик Роберто Баджо ўйнамаган. Бироқ, бошқа ҳамма даҳони кўрганман.

Ҳозир сенинг ўрнинг янада беқиёс. Бу йилдан бошлаб сенда қатнашувчилар сони ҳам ошган. Демакки, шоҳсупангга чиқишга даъвогарларнинг сони ҳам кўпайган. Жаҳон футболи Испания ла-лигасининг икки жамоаси ва икки футболчиси ўртасидаги курашдан безорлар бўлиб кетди. Роналду ва Месси ўртасидаги рақобат ҳамманинг жонига тегиб кетди. Улар қатнашган клуб турнирларида ҳамма четга ўтиб олишга одатланишди.

Бироқ, сен бундан мустасносан. Сенга фарқи йўқ. Сен бу икки юлдузни тан олмайсан! Бири сенда қатнаша олмаса, иккинчиси терма жамоаси билан нари борса, финалингга етиб келган (ўшанда ҳам бошқалар юлдузроқ эди жамоада). Сен ҳаммага имконият беришинг ила клублар ўртасидаги турнирлардан анча фарқлисан. Албания деган мамлакат ҳам ҳозир сенинг остонангда туриб, чемпионликни ҳавас қилаётган бўлса, айбситмайсан. Сенинг бағринг кенг, ҳаммага очиқ!

Мақолам охирида сендан кичкинагина илтимос: “Ҳозирда катта ўғлим ҳам футбол “жинниси”. Унинг айтишича, Бразилияда ўтган мундиал тарихдаги энг ажойиб турнир экан. Кел, шу ўғлимнинг хотирасидан ўша мундиални ўчириб ташла, ўз шиддатинг ва кутилмаган натижаларинг ила... Келажакда уни ҳам менга ўхшаб сени устун қўйишга мажбур айла, илтимос!!!”

"Чемпион+" газетанинг Евро-2016га бағишлаб чиқарилган махсус сонидан олинди.

P.S.
Ўзбекистонда ҳам ушбу мусобақа намойиш этилади насиб қилса. Ўйинлар трансляциясини “ЎзРепорт” расман сотиб олган. Европа чемпионати билан фаолиятини бошлаган инсон сифатида кичкина орзуим бор эди – айнан шу мусобақа орқали яна катта футболга қайтиш!

Меҳмон тариқасида бўлса ҳам. Шунда Европа чемпионатидан сўрайдиган юқоридаги илтимосим нафақат ўғлимнинг, балки ўзимнинг ҳам ҳаётимдаги бурилишга сабаб бўларди. Эслаб юрардик-да ҳеч бўлмаганда. Бразилия-2014ни унутган ҳолда...

Хайрулла Ҳамидов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:24, 03.06.2016.
Ўқилди: 13614 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.