АПЛнинг навбатдаги «эртаги» ҳам якунига етгач, хорижлик журналистлар мавсумнинг рамзий терма жамоасини эълон қилишди. Марҳамат, мусобақанинг энг фаол иштирокчилари билан танишинг.
ДАРВОЗАБОН:
Давид Де Хеа, «МЮ»
Гарчи «қизил иблислар» чемпионатни муваффақиятсиз якунлаган бўлсаларда, испаниялик посбон мавсумни аъло даражада ўтказди. Давид ўзининг ишончли ҳаракатлари билан дебют мавсумидаги ношуд ва қўрқоқ дарвозабон тимсолини мухлислар хотирасидан ўчириб ташлади. Ҳозирда Де Хеа АПЛнинг энг моҳир дарвозабони, юзлаб ҳайратомуз «сэйв»ларни намойиш этган қаҳрамон. Агар у бўлмаганида, жамоа ЕЛ йўлланмаси у ёқда турсин, ҳатто кучли саккизликдан ҳам жой ололмасди.
ҲИМОЯЧИЛАР:
Дэнни Роуз, «Тоттенхэм»
Бу футболчи мавсум давомида «бошсиз чавандоз»дан АПЛнинг энг ишончли ҳимоячиларидан бирига айланди. Боз устига, Англия терма жамоасининг сўл қанот ҳимоя чизиғига айнан у асосий даъвогар бўлиб турибди. Ўз одатига кўра, Дэнни ўйин давомида тиниб-тинчимайди, тажовузкорлик ва тактик маҳоратини оширмоқда. Оқибатда, позицион хатолари камайиб, рақиб дарвозаси томон хавфли рейдларни оширишга эришди.
Тоби Алдервейрелд, «Тоттенхэм»
Ҳеч кимнинг назарига кирмаган трансфернинг катта манфаат келтирганига айнан шу футболчини намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Тўғри, «Саутгемптон»да ҳам ишончли тўп сурганди. Бироқ «тақачилар» билан фантастик мавсумни ўтказди. Тоби шунчаки, Вертонгенни тўлдирувчи эмас, ҳимоя чизиғининг қўрғонига айланди. «Тоттенхэм»нинг худди «МЮ» каби кам гол қўйиб юборишида (35та) ҳимоячининг улуши беқиёс. Агарда сўнгги турдаги «Ньюкасл»дан олинган шармандали (1:5) зарба бўлмаганида, Тоби ва унинг жамоадошлари бу борада энг яхши кўрсаткич соҳиби бўлишарди.
Лоран Косьелни, «Арсенал»
Албатта, орқа чизиқда «Лестер» вакилларининг ишончли ҳаракат қилганликлари, «Арсенал» эса хатоларга йўл қўйганини унутганимиз йўқ. «Тулкилар»нинг айнан тулкига хос уюшқоқлик ва шижоат намойиш этишгани ҳам ҳақиқат. Морган ва Хут икковлашиб ҳимояланган бўлишса, Косьелни ёлғиз ўзи бетакрор спектаклни ижро этди. Ҳар бир учрашувда ўртача 3,8 марта рақиблар томонидан узатилган тўпларни эгаллаб олди. АПЛдаги энг юқори натижа! АПЛда эмас, АПЛ тарихидаги! Бундан ташқари, «Арсенал»нинг ҳар бир учрашувида кам тўп ўтказиб юборишида ҳам Косьелнининг хизматлари беқиёс.
Эктор Бельерин, «Арсенал»
Ҳа, «профессор» ўзининг Лондондаги ижодхонасида навбатдаги иқтидор соҳибини кашф этди. Испаниялик ҳимоячи энди 21 ёшда. Бироқ ўнг қанот ҳимоя чизиғида АПЛда унга тенглаша оладигани йўқ. Тўғри, тўпни рақибдан олиб қўйиш борасида Эктор камчиликлардан холи эмас. Аммо ҳайратомуз тезлик соҳиби олдида, ҳатто Кайл Уокер ҳам «ер чизади». Бундан ташқари, Бельерин ҳужумчиларга самарали ёрдам беради. 5та самарали узатма ва тўп узатишлардаги аниқлик (86 фоиз) буни яққол исботлаб турибди.
ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР:
Н~Голо Канте, «Лестер»
Ушбу таянч ярим ҳимоячиси дунё миқёсидаги юлдузлар даражасига кўтарилди. «Янги Макелеле» яшил майдондаги барча юмушларни қойиллатади. Тўпни рақибдан тортиб олишда (ўртача 4,8 марта) у АПЛдаги энг юксак натижани қайд этди. Канте рақиблар ҳужумларини йўққа чиқарибгина қолмай, «тулкилар»ни дадиллик билан олға бошлади. Замонавий ярим ҳимоячи учун энг зарур фазилат.
Риёд Маҳрез, «Лестер»
Мавсумнинг энг яхши жамоасида бу футболчи бош меъмор сифатида ҳужум ҳаракатларига дирижёрлик қилди. Маҳрез ва Варди шаънига шунчалик кўп мақтовлар йўллангани боис, такрорлашнинг ҳожати йўқ. Лекин жазоирлик меъмор қайд этган натижаларни тилга олмаслик инсофдан эмас. 36та учрашувда Риёд 17та гол уриб, 11та голга ассистентлик қилди, ўртача 3,7 марта рақибларни алдаб ўтди ва кутилмаган юришлари билан ҳимоячиларни мушкул ҳолатга солиб қўйди. Англия анчадан буён у каби ҳужумкор футболчига дуч келмаганди.
Месут Ўзил, «Арсенал»
Германиялик футболчини танқид қилишга асослар етарли. Лекин ижобий ҳаракатларига ҳам муносиб баҳо бериш лозим. Ахир 19та самарали ва ҳаммадан кўп (ўртача 4,2та) кескинлаштирувчи узатмаларни амалга оширган футболчини ҳал қилувчи баҳсларни барбод қилганликда айблашга тил борармиди? Ваҳоланки, Месут «МЮ»га қарши иккита учрашувда ҳам гол урди, «Лестер» билан кечган ўйинларда, «Манчестер Сити» (2та), «Тоттенхэм» ва «МЮ»га қарши учрашувларда самарали узатмаларни амалга оширди. Қани бу ерда ҳал қилувчи баҳсларни барбод қилганини исботловчи далиллар?
Димитри Пайе, «Вест Хэм»
«Мен учун Пайе Озилдан ҳеч қайси жабҳада қолишмайди. Димитри бошқа жамоадошларининг самаралироқ ўйнашларига шароит яратади, уларга бўшлиқни юзага келтиради, бир ҳаракат билан 3-4 рақибини ишсиз қолдириб, хавфли вазиятларни яратади» - Славен Биличнинг мазкур фикрларига эътироз билдириш қийин. Озилга берилган таъриф билан танишиб чиқдингиз. Ана шу мақтовлар Пайега ҳам тааллуқли. АПЛдаги дебют мавсумини у шунчалик ишонарли ўтказдики, гўё бир умр шу майдонларда улғайгандек. Энг чиройли голларга даъвогарлик қилувчи зарбалар ҳам, хавфли вазиятларга сабаб бўлган стандартлар ҳам, ўта мураккаб узатмалар ҳам унинг ижоди. У шунчалик кучайдики, ҳатто Деле Аллини терма жамоа сафидан чиқариб юборди. АПЛнинг бош кашфиёти мавсумнинг энг яхши ёш футболчисига аталган совринни расмийлаштириб улгурди.
ҲУЖУМЧИЛАР:
Жейми Варди, «Лестер»
Бу футболчини Голливуд фильмларининг бош қаҳрамонига қиёслаш мумкин. Чунки айнан шу фильмларда жорий мавсумдаги манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Аутсайдер жамоанинг оддий ҳужумчиси бир йилда чемпионнинг асосий тўпурари даражасига кўтарилди. Бири-иккинчисидан чиройлироқ бўлган 24та гол ва самимийлик - замонавий футболга етишмаётган жиҳатлар. Варди нафақат «Лестер»га ёрдам берди, балки ер юзидаги қанчадан-қанча мухлислар «кумир»ига айланиб, футболга бўлган қизиқишни янада кучайтирди. Ажойиб мавсум, нима дедингиз?
Гарри Кейн, «Тоттенхэм»
Мусобақанинг энг яхши тўпурарини рамзий терма жамоага киритмаслик - кечириб бўлмас адолатсизлик! Боз устига, Гарри 2000 йилдан буён илк марта тўпурарлар баҳсида ғолиб чиққан англиялик ҳужумчи бўлди. Ундан аввал Кевин Филлипс шундай шарафга эга бўлганди. Таъкидлаш жоизки, Кейн учун фаолиятининг ёрқин саҳифалари ҳали олдинда.Футболчи узоқ вақт сермаҳсул ҳужумчилар сафида бўлишга астойдил бел боғлади.
Мураббий:
Клаудио Раньери
Мазкур рукн остига «Изоҳнинг ҳожати йўқ!» иборасини ёзиб қўйиш билан чекланамиз. Италиялик мутахассис нима учун энг яхши мураббий унвонига лойиқ кўрилгани барча учун ойдек равшан масала!
Championat.com - С.РАҲМОНОВ тайёрлади