Замон ривожланмоқда. Футбол ҳам бир жойда қотиб тургани йўқ. Ўйин услублари такомиллашяпти, футболчиларга қўйилаётган талаб ўзгарган. Аммо ҳозирги гапимиз бевосита бу билан боғлиқ эмас. Айтмоқчи бўлганимиз - футболнинг оммавийлиги ошгани сари у спорт туридан ҳам кўра кўпроқ шоу-бизнеснинг бир қисмига айланиб қолаётгандек. Албатта, миллионлар ўйини ҳар қанча миллиардларни жамламасин, уни спортдан юлиб олишнинг имкони йўқ. Аммо ҳозир Месси ва Роналдунинг машҳурлигига Голливуднинг анча-мунча юлдузи ҳавас қилиши турган гап.
Яқинда телевидение соҳасида ишлайдиган ҳамкасблардан бири айтиб қолди, барча спорт турлари ичида трансляция борасида фақат футбол катта фойда келтираркан. Қолганлари эса баъзан ўз харажатини ҳам қоплай олмай қоларкан. Шу сабабли улар одатда футбол трансляциялари сотиб олинган вақтда қўшимча бонус сифатида мижозларга қўшиб берилади.
Шундай экан, футбол йил ўтгани сари янада машҳурроқ бўлиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Албатта, ҳамма жойда ҳам эмас. Масалан, Европа ва Жанубий Америкада режалар футболга қараб тузилади. Бизда ҳам деярли шундай, аммо ўз футболимиз эмас, балки ўша Европа ва Америкага қараб режа тузилиши ҳам бор гап. Маҳаллий футбол эса...
Келинг, ҳозир бу мавзуни кўтармай турайлик. Аслида, нима сабабдан Ўзбекистон чемпионати ёки кубоги у қадар машҳур эмаслигини кўтарадиган бўлсак, айтадиган гап мана шу бир саҳифага сиғмай қолиши турган гап. Шундай экан, қопчиқ оғзи боғлиқ қолгани маъқул. Биз айни масаланинг бошқача кўринишини кўтармоқчимиз - футболчиларнинг ўзлари мухлислар тилига тушиш учун нималар қилмоқдалар?
Албатта, бу савол бир қарашда анча ғалати туюлиши мумкин. Ахир футболчи машҳур бўлиш учун нима ҳам қиларди - тер тўкиб машғулот ўтайди, футбол ўйнайди, имкон қадар терма жамоа таркибига киришга ҳаракат қилади. Энди, мана шу фикрингизга қўшимча ўлароқ, шуларнинг ўзи етарли бўлмаслигини айтсак, ҳайрон қолмайсизми?
Гап шундаки, ҳозир футболчи машҳур бўлиш учун шунчаки тўп тепишнинг ўзи камлик қилиб қолмоқда. Айниқса, сўнгги ўн йиллик бу борада катта ўзгаришлар киритди. Агар XX аср ахборот асри сифатида ёдда қолган бўлса, XXI асрни бемалол ижтимоий тармоқлар асри, деб аташ мумкин бўлса керак. Зеро, асосий янгиликлар газета ва телевидение, қўйингки, интернет сайтларидан ҳам кўра, айнан ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолган. Айни вақтда ОАВнинг исталган тури бирор хабарни тарқатаркан, манба сифатида «Твиттер» ёки «Фейсбук»ка асосланганини кўп кўрганмиз. Бизни қувонтирадиган томони - ҳозирда олий лигада иштирок этадиган деярли барча клубларнинг ижтимоий тармоқларда ўз саҳифалари бор. Албатта, ҳаммаси ҳам фаол, деб айтиш қийин, аммо етакчи клублар бу борада ҳам бошқаларга ўрнак бўлишяпти. Умид қиламиз, вақти келиб бошқа жамоалар ҳам ниҳоят, уйқудан уйғонишади ва ҳамон «тош асри»да қолиб кетаётган клублар ҳам ижтимоий тармоқлардан жой оладилар. Аммо...
Биз кўтармоқчи бўлаётган яна бир масала - футболчилар ҳам бу борада фаолликка интилсалар яхши бўлармиди. Бугунги кунда бирор мусобақага қизиқишни оширишда интернет ва айниқса, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ҳаммага маълум. Айтайлик, «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги қарама-қаршилик қай даражадалигини ҳамма яхши билади. Каталонияликлар ҳимоячиси Жерар Пикенинг «Твиттер»да ёзганлари эса олов устига мой сепгандек таъсир қилмоқда ва ўзи шундоқ ҳам машҳур бўлган тўқнашувга қизиқишни янада оширяпти. Ҳозир класико баҳсидан сўнг Пике «Твиттер»га нима ёзаркан, деб кутадиганлар ҳам анчагина. Бу эса ўзига хос реклама бўлиб хизмат қилиши турган гап.
Энди бир ўйлаб кўринг, олий лиганинг бирорта баҳсида шундай бўлиши мумкинми? Ахир бу ҳам интригадан холи ўйинларга қизиқишни оширган бўлмасмиди? Албатта, ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак, аммо айтайлик, «Бунёдкор»нинг бирор футболчиси «Пахтакор» ёки «Локомотив»га қарши кечадиган ўйин олдидан мухлисларни стадионга чорлаб, ўз фикрларини ёзиб қолдирса, ишқибозлар қизиқиши қай даражада ошган бўлар эди? Футболчи - таниқли шахс. Ҳар ҳолда, шундай бўлиши лозим. Таниқли бўлгач, албатта, унинг шахсига нисбатан қизиқиш ҳам катта бўлади. Шундай экан, футболчилар мухлислар қизиқишини ижтимоий тармоқлар орқали оширишгани маъқул эмасми?
Ахир футбол деганлари шунинг учун керакмасми?
НУРУЛЛОҲ