Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Евро-2016: Нарх рейтинги қандай?

Баҳо:
+ | -

Кечагина старт олган Европа чемпионатини иштирокчи футболчиларнинг трансфер нархи нуқтаи назаридан тарихдаги энг қиммматбаҳо турнир сифатида таърифлаш мумкин. Криштиану Роналду ва Гарет Бэйлдан тортиб, Тони Кроос ва Лука Модричгача. Лекин элит рўйхат биргина «Реал» аъзоларидан тузилган эмас - унда бошқа жамоалар футболчилари ҳам бор, албатта.

9-14. Тони Кроос (Германия)

Клуби: «Реал». Ёши: 26

Трансфер нархи: 50 млн. евро*

«Реал» кузда кийиниш хонасига боғлиқ муаммолардан ташқари, ўта заиф кўринган таянч зонасидан азият чекди. Зеро, Кроос-Модрич жуфтлиги етарли даражада ишончли ўйнолмади, Иско ёки Хамес Родригеснинг бу ишга жалб этилиши эса айтарли эффект бергани йўқ. Ҳар ҳолда, Рафа Бенитеснинг бундай тажрибалари марказий ярим ҳимояга кутилган дадиллик бағишламади. Мураббий кейинчалик таянч ярим ҳимоя нуқтасида Каземирони синаб кўрди, аммо Флорентино Переснинг босими остида қолиб, нисбатан танилмаган футболчини  дарҳол бошланғич таркибдан четга олди. Лекин Бенитесга берилмаган рухсат Зайниддин Зиданга берилди. Француз мутахассиси Каземирони таркибга қайтарди ва қора ишлардан озод бўлган Кроос энг яхши хусусиятларини яна намойиш эта бошлади: ҳужумларга кескинлик бағишлади, «прессинг»га дош бериб, жамоадошларини тез-тез зарба йўлига олиб чиқди. Хуллас, у примеронинг ўзида 10та голга ассистентлик қилди.

 

9-14.  Лука Модрич (Хорватия)

Клуби: «Реал». Ёши: 30

Трансфер нархи: 50 млн. евро

Моҳиятан олганда, Кроос ҳақида ёзилган сатрлар Модричга ҳам тааллуқли. Хорват ярим ҳимоячиси ўйин вақтининг катта қисмини тўпсиз ўтказиш ва асосан рақибларнинг қарши ҳужумларини бузиш билан шуғулланган пайти унча кўзга ташланмади. Кейин ўйин чизмаси ўзгарди ва Лука елкасига ҳам офтоб тегди. Айниқса, ажойиб техник салоҳиятини борича кўрсатиб, майдон марказида ўзига хос «қирол»га айланди. Дейлик, Whoscored статистика сайти талқинига кўра, хорват фахрийси мавсум давомида нақ 6 марта «Реал»нинг ўйиндаги энг яхши футболчиси бўлди.

9-14. Раҳим Стерлинг (Англия)

Клуби: «Манчестер Сити». Ёши: 21

Трансфер нархи: 50 млн. евро

Стерлинг мавсумнинг кўп қисмида шундай ўйнадики, мухлислар битта саволга жавоб излашга мажбур бўлишди: «62 млн. евро қайси каромати учун тўланганкин?» Оддий айтганда, Раҳимга барқарорлик етишмади, у ҳаттоки, битта ўйин давомида ҳам ўзгариб турди - маълум вақт фаол тўп суриб, кейин бирданига сустлашди. Шунга қарамай, премьер-лигада 6та ва ЧЛда 3та гол уришни уддалади. Унинг эндигина 21 ёшга тўлганини эътиборга олсак, ҳали юқори нархни оқласа керак. Зеро, 21 ёшда мавсумни бир текис ўтказиш қийин, барибир. Ажабмас, Раҳим келаси чемпионатда Хосеп Гвардиола учун асосий «қурол»лардан бирига айланса.

 

9-14. Коке (Испания)

Клуби: «Атлетико». Ёши: 24

Трансфер нархи: 50 млн. евро

Коке рақибларини майса «тишлатиш» баробарида ўзи ҳам худди шундай қилди. «Атлетико» устози Диего Симеоне ундан 2та позиция — ярим ҳимоя қаноти (барча турнирларда 17та ўйин) ва маркази (16та ўйин)да бирдек фойдаланди. «Атлетико»да гол уриш ярим ҳимоячиларнинг бевосита вазифалари ҳисобланмасада, Коке примеро доирасидаги ўйинларда 5 марта зафар қучди. Унинг 14та самарали узатма  муаллифига айланганию, бу борада кучли 5та чемпионатда биргина Кевин де Брюйнедан ортда қолганини эса алоҳида қайд этиш ўринли. Хуллас, ҳам ижодкор, ҳам бузғунчи ролидаги идеал ярим ҳимоячи.

 

9-14. Серхио Бускетс (Испания)

Клуби: «Барселона». Ёши: 27

Трансфер нархи: 50 млн. евро

Бускетс таянч ярим ҳимоячиси сифатида тўп суриб ҳам, «Барселона» ҳужумларига асос солди, бундай ҳаракатларга йўналиш берди, Иван Ракитич ва Андрес Иньестага яқиндан кўмаклашди. Шунинг баробарида узатма аниқлиги бўйича 90 фоизли натижа қайд этиб, битта ўйинда рақибларидан ўртача ҳисобда 5 марта тўп олиб қўйди. Демакки, у «Барса»да алмаштирилмас ижроси, терма жамоада ҳам худди шундай.

 

9-14. Месут Озил (Германия)

Клуби: «Арсенал». Ёши: 27

Трансфер нархи: 50 млн. евро

Германиялик турк якунланган мавсум бирин-кетин голли узатмаларни амалга ошириб, ниҳоят, танқидчиларнинг «Озил фақат заиф рақиблар билан учрашувларда кўзга ташланади» қабилидаги қарашларига муносиб жавоб берди. Дейлик, «Манчестер Сити» билан қарама-қаршиликда 2та голга ассистентлик қилди, шунингдек, «Тоттенхэм» ва «Лестер»га қарши баҳсларда ҳам ўз ишини яхши уддалади, меҳмонда «МЮ»га бой берилган ўйинда жамоасининг энг фаол футболчиси бўлди. Тахмин қилиш мумкинки, Озил Европа чемпионати давомида ҳам севимли машғулоти  - шерикларини зарба йўлига чиқариш билан шуғулланса, ажабмас.

 

7-8. Кевин де Брюйне (Бельгия)

Клуби: «Манчестер Сити». Ёши: 24

Трансфер нархи: 60 млн. евро

Бельгиялик малласоч ўтган ёз «Вольфсбург»ни «Манчестер Сити» билан алмаштиргач, янги чемпионатга мослашишда бироз қийналди. Хусусан, жамоадошларини унча тушунмади, жароҳатга йўлиқди ва тикланишга кўп вақт сарфлади... Мавсумнинг иккинчи ярмига келиб эса, барчаси ўзгарди - Кевин қанотда эмас, кўпроқ Серхио Агуэро ортида ҳаракатлана бошлади ва ўз ўйинини топди. Якунда премьер-лиганинг «Гол}пас» тизимида 16 очко тўплади. Ваҳоланки, у жамоасининг старт таркибидан атиги 22 марта жой олди. Шуни назарда тутсак, де Брюйненинг асл потенциали ҳали тўлиқ очилмагандек. Бу ҳам Европа биринчилигида Бельгия термасига алоҳида эътибор қаратиш учун яна бир асос.

7-8. Антуан Гризманн (Франция)

Клуби: «Атлетико». Ёши: 25

Трансфер нархи: 60 млн. евро

Қаҳрамонлик. Гризманн деярли бутун мавсум давомида «Атлетико» ҳужум ҳаракатларига ўзгача мазмун бағишлади. Якунда клубнинг бош голеадорига айланди, штатли пенальтичи ролини ҳам ўз зиммасига олди, бир қатор мураккаб голларга муаллифлик қилиб, «матрасчилар» жонига оро кирди. Умумий ҳисобда примерода 22та, ЛЧда 7та гол урди, аммо «Сан Сиро»да пенальти тепишда хатога йўл қўйгани... Тўғри, биттагина хато унинг бутун мавсум давомида кўрсатган хизматларини ювиб юборолмайди. Факт шуки, Антуан сезиларли даражада кучайди, ҳаттоки, ўта омадли кечган аввалги мавсумга нисбатан олганда ҳам, ўсиш даражаси анча баланд. Демак, энди Евро-2016 қаҳрамонларидан бирига айланиши мумкин, агарда оз-моз куч сақлаб қолган бўлса, албатта.

 

6. Поль Погба (Франция)

Клуби: «Ювентус». Ёши: 23

Трансфер нархи: 65 млн. евро

Бутун «Ювентус» каби Поль ҳам мавсум стартида кўп «тентиради»: асабийлашди, яхшигина вазиятларни қўлдан чиқарди, орқа чизиқда наф бермади, ҳисоб... Лекин чамаси 2 ойдан сўнг ўзини қўлга олди. Ярим ҳимоянинг марказида ўйнаган Погба «А» сериясида  8та гол уришдан ташқари, яна 12тасига ҳаммуаллифлик қилди. ЧЛ доирасида Мюнхенда бўлган эпик ўйиннинг 6-дақиқасида  меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқиб, кескинлик даражасини стратосфера миқёсигача кўтарганини ҳам эслатиш жоиз. Хуллас, Погба ўз юртидаги турнирга яхши кайфият ва ҳолатда киришди. Чемпионатдан сўнг унинг нархи янада кўтарилса, ажабмас.

 

4-5. Роберт Левандовски (Польша)

Клуби: «Бавария». Ёши: 27

Трансфер нархи: 70 млн. евро

Хосеп Гвардиоланинг «Бавария»даги турли тажрибалари кўплаб футболчиларни қамраб олди, фақат поляк ҳужумчиси дахлсиз қолди. Ҳарқалай, Левандовски соғ-лом ва ўйнашга тайёр бўлган пайт испан мутахассиси марказий ҳужум позицияси устида ортиқча бош қотирмади. Якуний натижа - бундеслиганинг 32та ўйинида 30та гол ва  ЧЛнинг 11та учрашувида 9та гол. Қўшимчаси - «Реал» томонидан жиддий қизиқиш. Роберт айнан шу қизиқиш туфайли «Бавария»дан ўз маошини кўтаришини талаб қилиши мумкин.

 

4-5. Эден Азар (Бельгия)

Клуби: «Челси». Ёши: 25

Трансфер нархи: 70 млн. евро

Унинг ҳозирги нархи енгил ҳайрат уйғотади. Transfermarkt. dе сайти одатда ҳар ярим йилда футболчиларнинг шахсий ва жамоалари натижасидан келиб чиқиб, кўрсаткичлар базасини янгилаб туради. Бироқ Азарга белгиланган баҳо ўтган йилнинг июлидан буён ўзгармаяпти. Зеро, Эден бу вақт оралиғида евроаренадаги энг яхши дриблингчи ва Жозе Моуриньо талқинидаги «Роналдудан ҳам зўр» футболчидан «Каламуш-сотқин» («Челси» фанатлари «эътирофи») ва Гус Хиддинк талқинидаги «Энг ёмон спорт формасидаги ўйинчи»га айланди. Яхшиямки, баҳорнинг охирига келиб, вазият бирозгина ижобий томонга бурилди. Яъни Азар аввалги ўйинларини сал-пал эсга олди. Хусусан, охирги турларда шундай яхши тўп сурдики, нақ 8 ойга чўзилган пасайиши сабаби жумбоқ бўлиб қолди. Хўш, Эден Францияда қандай каромат кўрсатади? Бу турнирнинг бош топишмоқларидан биридир.

 

3. Томас Мюллер (Германия)

Клуби: «Бавария». Ёши: 26

Трансфер нархи: 75 млн. евро

Гвардиоланинг «Бавария»даги учинчи мавсумида  клуб 3-марта Германия чемпиони бўлди, 2-марта мамлакат кубоги соҳибига айланди ва 3-марта ЧЛ ярим финал босқичидан чиқиб кетди. Бундай натижалар бошқа ҳар қандай мураббий ва клуб учун аъло даражали ҳисобланарди, бироқ Хосеп ва «Бавария» учун эмас. Хуллас, мюнхенликлар каталонияликка баҳо беришда бироз зиқналик қилишди. Эътиборлиси, Гвардиола охирги мавсум давомида бир неча схемани синаб кўрди ва Мюллер уларда марказий ярим ҳимоячи, ўнг қанот вингери, иккинчи ҳужумчи ва ҳаттоки, соф «10-рақам» ролини бажарди. Немис йигитини мақташ учун айтиш керак, у  амплуаси тинмай ўзгарганидан заррача шикоят қилмади, аксинча, барқарор тарзда гол ураверди: бундеслигада  20та ва ЧЛда 8та. Қисқаси, ажойиб статистикага эришди. Боз устига, унинг «Бавария» ютуқларига қўшаётган ҳиссаси фақат голлари билан ўлчанмайди. Томас - клуб характери, ишга профессионалларча ёндашув ва меҳнаткашлик тимсоли. Евро-2016да ҳам аввало, шу хислатлари билан намоён бўлса, ажабмас.

 

2. Гарет Бэйл (Уэльс)

Клуби: «Реал». Ёши: 26

Трансфер нархи: 80 млн. евро

ЧЛдаги якуний зафарга қарамай, мавсум Бэйл учун унча муваффақиятли кечмади. Дейлик, уэльслик «шаҳзода» 2 марта ёқимсиз жароҳатга йўлиқди ва гарчи примерода 19та гол урган бўлсада, ЧЛ баҳсларида рақиблар дарвозасига лоақал бир марта ҳам йўл топгани йўқ. Тўғри, футболчи бундан унча хафа эмасдек ва Европа чемпионатига ўта қатъий шайланган. «Биз аввало, турнирда ғалаба қозона олишимизга ишонишимиз даркор», — деди Гарет Евро-2016 старти арафасида.

 

1. Криштиану Роналду (Португалия)

Клуби: «Реал». Ёши: 31

Трансфер нархи: 110 млн. евро

Мавсумнинг боши Криштиану учун нисбатан хира бўлди, бироқ қиш охирида  унинг ишлари бирданига гуркираб кетди. ЧЛ финалида якуний пенальтини амалга оширган Роналду ўйиндан сўнг камтарликни бироз унутди: «Финалда ҳал қилувчи голни уришимни билардим». Дарвоқе, айнан у турнир давомида 16та аниқ зарба йўллаб, бош тўпурар бўлди. Табиийки, ушбу шахсий натижа Европа чемпионати олдидан унинг кайфиятини кескин кўтаргандир. Айтганча, Роналду яна ESPN талқини бўйича жаҳондаги энг таниқли спортчи сифатида тан олинди. У махсус сўровда Леброн Жеймс ва Лионель Мессини ортда қолдирди. Қолаверса, Криш Transfermarkt. dе сайти томонидан 100 млн. евродан қимматроққа баҳоланган европалик ягона футболчидир.

*  Тransfermarkt.de сайти маълумоти.

А.ҚОДИРОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:07, 20.06.2016.
Ўқилди: 11151 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.