Вақтида Россия футбол иттифоқи президенти лавозимига даъвогарлик қилган собиқ ҳамюртимиз Алишер Аминов мамлакат терма жамоасининг Евро-2016даги омадсиз иштирокига ўзига хос муносабат билдирди. Эътиборлиси, Халқаро ташаббускор гуруҳлар ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вице-президенти ҳисобланган Аминовнинг life.ru нашрига берган интервьюсида билдирган фикрлари доимгидек, кўп жиҳатдан РФИнинг расмий позициясидан фарқланди. Ўйлаймизки, юртимизда Россия термасига бефарқ қарамайдиган мухлислар кўп ва бу жамоанинг қитъа чемпионатидаги иштироки юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар газетхонларимизни ҳам етарлича қизиқтиради. Демак, Алишер Аминовнинг 1news.uzда келтирилган муносабати билан танишиб чиқамиз.
- Очиғини айтганда, Россия терма жамоасининг Евро-2016даги муваффақиятсиз иштирокини қандайдир «сенсация» эмас, ўзига хос «ташриф қоғози»га ўхшатган бўлардим, - дея сўз бошлади Аминов. — Зеро, муаммолар бартараф этилмаяпти, аксинча, улар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ҳа, Россия терма жамоаси жуда кучли ҳисобланган даврлар ҳам бор. Лекин ўша пайтлар, 90-йилларда рус футболи умуман бошқача эди. Мураббийлар кучли бўлишган, футболга ихтисослашган илмий-тадқиқот марказларида эса малакали ходимлар ишлашган. Биргина Россия эмас, МДҲдаги аксарият терма жамоалар ҳам худди шу сабабли, дастлабки пайтларда мақтанишга арзигулик натижаларга эришишган. Хусусан, Ўзбекистон терма жамоасининг 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолиб чиқишида ҳам шу мактабнинг ҳиссаси катта. Бу эса ўша даврларда футбол ривожи учун қўйилган пойдевор мустаҳкам бўлганини англатади.
1991 йилдан сўнг ҳам Россия футбол федерациясида чинакам профессионаллар қолишганди. Улар ҳозирги раҳбарларга ўхшаб, фақат ўз манфаатларини ўйламасдилар. Ҳа, собиқ иттифоқнинг парчаланишидан сўнг янги федерация тузиб, унда профессионал ходимларни олиб қолиш мураккаб вазифа эди. Бироқ ташкилот камтарона бюджет (тахминан 3-5 миллион доллар) билан ҳам ўз вазифасини аъло даражада уддалаган. Йўқ, мен бу билан Колосков шахсини идеаллаштирмоқчи эмасман, унинг ишида ҳам жузъий камчиликлар кузатилган, албатта. Бироқ у федерацияга профессионалларни жамлай олганди. Шундай бўлсада, методик таъминот секин-аста йўқолиб бораверди. Мисол учун, мавжуд 12та футбол кафедрасидан бугунга келиб, атиги 2таси қолди, холос. Улардаги мутахассислар ҳам 80 ёшдан ўтган кишилар. Болалар футболи ривожи йўлида ҳеч ким қайғурмаяпти. Ҳозир айрим кишилар Слуцкийни буюклар қаторига қўшадилар. Ваҳоланки, унинг 80-йиллардаёқ муайян мавзу бўйича диссертация ёқлаганини кўпчилик билмайди. Мен шу пайтгача Слуцкийнинг қандайдир тизимли муаммолар ҳақида гапирганини эшитганим йўқ. Бу кулгули, албатта.
Слуцкий — ҳозирги футболимизнинг асл қиёфаси. Зеро, у футбол ва трансферлар давлат томонидан молиялаштирилиши нотўғрилигини, бошқарувнинг самарали тизими йўлга қўйилиши лозимлигини ҳеч қачон айтмайди. Шунингдек, РФИ Ижроқўмидаги амалдорларни профессионал иш тутишга чақирмайди ҳам. Бу қўмитада эса 75 фоиз овоз берувчилар ҳудудий федерациялардан. Буларнинг барчаси бошқарувнинг авторитар тузумини англатади. Яъни вазир губернаторга қўнғироқ қилади, у эса ҳудудий федерацияга: «Муткога овоз берасан, агар шундай қилмасанг, сени ишдан ҳайдаб, федерациянгни пулсиз қолдираман».
Тушунинг, барча бир ёқадан бош чиқариб, умумий мақсад сари интилмаса, РФИ жойида депсиниб тураверади, ахир. Немис футболини қаранг, у ҳамма умумий мақсад сари интилгани учун жуда ривожланиб кетди. Бизнинг футбол эса худди театрнинг ўзгинаси: ягона актёр бор - Мутко, қолганлар эса уни олқишлашади. Бугун шу иллат сабабли, бутун дунёга калака бўлиб ўтирибмиз. Аслида Муткони 2010 йилдаёқ футболдан узоқлаштириш зарур эди. Лекин у мана, 6 йилдирки, ўз ҳамёнини қаппайтириш билан овора. Бошқача айтганда, Мутко ва РФПЛ президенти Сергей Прядкин - рус футболининг «олтин ўрдаси». Чунончи, лига ҳам умуман ривожланмаяпти. Лиганинг бош вазифаси - футбол соҳасида тарбияланаётган ўсмирлар учун профессионал фаолиятни таъминлаш. Лига яна назарий жиҳатдан яхшигина медиа-лойиҳадир. Бироқ афсуски, бизда бундай эмас. 2005 йилдан буён клублар учун ажратиладиган маблағ нақ 4 баравар ошди. Аммо бу даврда томошабинларнинг стадионга ташрифи ачинарли аҳволга тушди.
Бугун биз термамизнинг инқирози сабабини топмоқчимизми, унда таҳлилни масъул ташкилотлар бошқариши лозим бўлган энг қуйи бўғинлардан бошлашимиз лозим. Мана, қаранг, ҳар йили 40 000 нафар ўсмир футбол мактабларини тамомлайди. Улар билан ишлаётган мураббийлар қўлидаги қўлланмалар 1960 йилларда ёзилган. Шундай ҳолатда болага билим бериш мумкинми?! Мураббий нима қилсин? Болаларга тўпни бериб, ўз ҳолига қўйиб юборади-да. Ҳар бир бола футбол мактабини битиргач, ўзини клубда синаб кўриши керак. Мисол учун, Англиянинг 4та лигасида 250та клуб бор. Бизда-чи?! Қоғоз бўйича - 92та клуб. Аслида эса уларнинг 25тасигина талабга жавоб бериши мумкин, холос. Боз устига, бирорта клуб ўз стадионига эга эмас. Бундан келиб чиқадики, ҳар йили 40 000 нафар тарбияланувчидан бармоқ билан санарлиси профессионал футболга кириш имкониятига эга, холос. Қолганлар эса...
РФИнинг ҳозирги бюджети яқин 70 млн. еврога тенг. Ташкилотдагилар шу маблағнинг атиги 40 миллионини ҳудудлар футболи ривожи учун сарфлашмоқда. Пермь, Краснодар, Ростов ва бошқа ҳудудлардаги клубларнинг бош вазифаси - рус футболига рақобатбардош футболчиларни етказиб бериш. Лекин айни пайтдаги вазият умуман қониқарсиз. Масалан, «Ростов» таркибида клубнинг ўз тарбияланувчиси сўнгги бор ҳаракат қилганига 10 йилдан ошибди. Ваҳоланки, Ростов илгарилари энг муҳим «донор» ҳудудлардан бири эди. У ердаги машҳур интернат ҳақида барча биларди. Бугунга келиб, шундай таълим маркази буткул йўқолиб кетди. Бечора клуб ҳозирги кунда инқироз ёқасида турибди. Бердиев ва унинг шогирдларига эса футболга мутлақо алоқаси бўлмаган бир миллиардер маош тўламоқда. РФПЛда ўртача йиллик маош миқдори 67 миллион долларга тенг. Бунинг 80 фоизи давлат томонидан тўланади. Шундай экан, савол туғилади: лига нима учун тузилгану, футболчилар ким учун ўйнашяпти? Клубларга келсак, улар йиллик бюджетнинг атиги 3 фоизини ўзлари ишлаб топишади. Даромад кўрсаткичлари 2008 йилдан буён бир жойда қотиб турибди.
Мен мавзуга сиёсатни аралаштирмоқчи эмасман. Бироқ афсуски, рус футболидаги инқирозга сиёсат ҳам қисман айбдор эканини тан олишга мажбурмиз. Евро-2016даги шармандаликдан сўнг футболчиларимизнинг техник-тактик ҳаракатларини таҳлил қилишдан фойда йўқ, деб ўйлайман. Чунки терма жамоа - тизимнинг маҳсулоти ҳисобланади. Энг муҳими, хатолардан хулоса чиқариш. Муваффақиятсизлик учун Мутко жавобгар шахс сифатида ишдан кетадими-йўқ - буни билмайман. Лекин РФИни бошқатдан шакллантириш учун энг қулай пайт келди...
Исроил РАҲИМОВ тайёрлади