Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья 3-3 Ювентус

Осиё чемпионатлари бўйлаб

Баҳо:
+ | -

Осиё мамлакатлари миллий лигалари турли даражада ривожланган. Иқлим шароити турлича эканлиги туфайли ҳам «баҳор-куз», ҳам «куз-баҳор» тизимида олиб бориладиган чемпионатлар бор. ОФК талабига мувофиқ, элит лигада иштирок этувчи  барча клублар профессионал мақомда фаолият юритиши, уларнинг сони 12тадан кам бўлмаслиги ва ўйинлар учун чипталар сотилиши шарт. Бундан ташқари, миллий биринчиликларда ОЧЛга мувофиқ, «3]1» кўринишида легионерлар лимити жорий этилмоқда. Осиёда чемпионатлар ўртасида тенглашиш ҳолати кузатилмаётганлигининг асосий сабаблари - молиявий имкониятлар етарли эмаслиги ва ишга профессионал жиҳатдан ёндашмаслик. Хусусан, Ҳиндистонда икки йўналишда  чемпионат мавжуд, Индонезияда ҳам ОФК ва ФИФА тан олган миллий лигадан ташқари, тижорат турнири йўлга қўйилган. Бу футболи ривожланиши кутилаётган мамлакатларда даромад йўлида турли ўринли ва ноўрин услублардан фойдаланилаётганини кўрсатиб турибди.

Саудия профессионал лигаси. 14та клубдан иборат ушбу чемпионатнинг сўнгги мавсуми 2015 йилнинг 19 август куни бошланиб, жорий йил 14 майгача давом этди. Якунда Жидданинг «Ал-Аҳли» клуби ўз тарихида 3-марта чемпион бўлди. Ғо-либ жамоа мавсум давомида 24 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. Улардан 5 нафари номинал ярим ҳимоячи бўлса, 10 нафари ҳимоячи позициясида тўп суради. Суриялик Омар ал Сомаҳ эса ҳужум чизиғига ёлғиз ўзи жавоб беришга қодирлигини 27та голи билан исботлади. Эътиборлиси, Кристиан Гросс бош мураббийлигидаги жамоа чемпионат давомида атиги бир марта енгилди.  Умуман олиб қарасак, у бу клуб бошқарувида бор-йўғи 4 марта  мағлубиятга учради, холос. Гросс томонидан ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасида йўлга қўйилган боғлам араб дунёсида ҳали кўп тадқиқ этилса керак. Аслида Жидда клуби таркибида тан олинган юлдузлар йўқ, аммо у ирода ва кучли иштиёқ эвазига сўнгги икки мавсумни бир маромда ўтказиб, ҳақли равишда чемпион бўлди.

Профессионал лига бўйича  мавсум давомида 19 марта бош мураббий алмашиши юз берди. Тасодифми ёки бошқа сабаби бор - билмадик, лекин факт шуки,  30 октябрь куни бирданига 3та клуб бош мураббийни ўзгартирди! 23 майдан 21 июнгача эса нақ 6та клубда бош мураббий истеъфога чиқарилди. Бош-қа қитъалардан жалб этилган 42 нафар легионер 14та клуб шарафини ҳимоя қилди. Осиёлик легионерлар сони эса 13 нафарни ташкил этди. Дарвоқе, суриялик 2 нафар футболчига қойил қолиш керак. Эътибор беринг, улардан бири бош тўпурарга аталган соврин соҳибига айланди, иккинчиси эса мавсумнинг энг яхши ассистенти мақомига эришди. Жидданинг чемпион клуби 26та тур давомида 13 мартагина турнир жадвали пешқадами сифатида гавдаланди. Якунда 2-ўрин билан чекланган «Ал- Ҳилол» эса 11та тур якуни бўйича 1-ўриндан жой олганди... Энди 2016|2017 йиллар мавсуми 12 августдан старт олади.

Тўпурар: Омар ал Сомаҳ («Ал-Аҳли») - 27та гол. Энг яхши ассистент: Жиҳад ал Ҳусайн («Ал-Таъвун») - 10та. Чемпионат баҳсларида жами 508та гол қайд этилди. Битта ўйинда ўртача 2,79та гол. Жами 6та «хет-трик» кузатилди. Мавсумнинг энг қўпол футболчиси: Буба Амину («Халеж») - 7та сариқ ва 2та қизил карточка.

Эрон про-лигаси. 16та клуб иштирок этган ушбу чемпионатнинг сўнгги мавсуми 2015 йилнинг 30 июлида бошланиб, жорий йил 13 майгача давом этди. Якунда Ҳузистоннинг «Истиқлол» клуби ўз тарихида илк марта чемпионлик рутбасига эришди. Ушбу жамоа сафида жами 23 нафар футболчи майдонга тушди. Мавсум давомида 8та исътефо кузатилди. Бошқа қитъалардан келган 30 нафар легионер 13та клуб шарафини ҳимоя қилди. Ўтган мавсум лигада осиёлик атиги 4 нафар легионер ўйнади. Эътиборлиси, уларнинг икки нафари юртдошимиздир. Фозил Мусаевнинг жамоаси - «Сепаҳон» 11-ўринни банд этган бўлса, Александр Лобановни ўз сафига чорлаган «Персеполис» тўплар нисбатига кўра, 2-ўрин билан чекланди. Айтганча, «Истиқлол» билан чемпионликка эришган Абдуллоҳ Вейси янги мавсумни «Сепаҳон»да бошлайди. Қизиқ томони, Ҳузистон клуби 30та тур давомида атиги 7 марта турнир жадвали пешқадами сифатида гавдаланди. Фарққа қаранг, якунда 3-ўринга жойлашган Теҳроннинг «Истиқлол» жамоаси нақ 18та тур якунида  1-ўринни эгаллаганди. Бироқ сўнгги турлардаги мағлубият ва дуранг пойтахтликларни  чемпионликдан маҳрум қилди. Энди 2016|2017 йиллар мавсуми 28 июлдан старт олади.

Тўпурар: Меҳди Тареми («Персеполис») - 16та гол. У шунингдек, мавсумнинг энг яхши ҳужумчиси ва энг яхши футболчиси мақомини олди. Энг яхши ассистент: Омид Алишоҳ («Персеполис») - 7та. Мавсумнинг энг яхши ёш ўйинчиси - Меҳди Тораби («Сайпа»). Бу футболчи 21 ёшда бўлиб, Эрон про-лигасида 3-мавсумни ўтказди. Чемпионат баҳсларида жами 502та гол урилди. Битта ўйинга ўртача 2,09та гол. Майдондан энг кўп четлатилган футболчи: Воҳид Муҳаммадзода («Сайпа») - 3 марта.

Факт. Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш талаби билан 2013|2014 йиллар мавсумида мамлакат олий дивизиони аъзолари сони  18тадан 16тага туширилганди.

БАА про-лигаси. 14та клубдан иборат ушбу чемпионатнинг сўнгги мавсуми 2015 йилнинг 19 август куни бошланди ва жорий йил 8 майда финиш маррасига етди. Якунда  Дубайнинг «Ал-Аҳли» клуби ўз тарихида 7-марта чемпионликка эришди. Бу жамоа бош мураббийи мавсум давомида 24 нафар футболчини майдонга туширди. Чемпион ва 2-ўрин соҳиби  ўртасидаги 9 очколик фарқ мавсумнинг сўнгги қисмида юзага келди. Чемпионатдаги атиги 2та клуб («Бани Яс» ва «Ал-Шаржа»)да маҳаллий бош мураббий ишлади. Элит лигани  «Ал-Фужайра» ва «Ал-Шааб» клублари  тарк этишди.

Тўпурар: Себастьян Таглиабуе («Ал-Ваҳда») - 25та гол. У мавсумнинг энг яхши хорижлик футболчиси сифатида ҳам эътироф этилди. Энг яхши ассистент: Умар Абдулраҳмон («Ал-Айн») - 12та. Кутилганидек, мавсумнинг энг яхши  футболчиси мақоми айнан Абдулраҳмонга насиб этди. Мавсумнинг энг яхши ёш ўйинчиси - Муҳаммад ал Акбарий («Ал-Наср»). Энг яхши дарвозабон: Мажид Носир («Ал-Аҳли»). Мавсумнинг  рамзий терма жамоасига чемпион жамоадан 5 нафар футболчи киритилди. Чемпион клубни бошқарган руминиялик Космин Олариу энг яхши мураббий, деб топилди. Чемпионат баҳсларида жами 573та гол урилди. Битта ўйинга ўртача 3,15та гол. «Ал-Васл» клуби вакиллари нақ 10 марта майдондан четлатилдилар ва бу мавсум рекордидир. Юртдошимиз Азиз Ҳайдаров чемпионатнинг 22та ўйинида майдонга тушиб, жами 1935 дақиқа тўп сурди. Унинг статистикаси - 3та гол (2тасини захирадан майдонга тушган ҳолда урди), 6та  сариқ карточка.

Қатар Юлдузлар лигаси. 14та клубдан иборат ушбу биринчиликка ўтган йил 11 сентябрда старт берилганди ва ўйинлар жорий йил 16 апрелгача давом эттирилди. «Ал-Райян» клуби ўз тарихида 8-марта чемпионлик мақомини расмийлаштирди. Чемпион жамоа мавсум давомида 29 нафар футболчига таянди. Ўтган мавсум эронлик 6 нафар, кореялик 5 нафар футболчи майдонга тушди. Нав-батдаги мавсум сентябрь ойида старт олади.

Тўпурарлар: Родриго Барбоса Табата («Ал-Райян»), Абдулраззоқ Ҳамдаллоҳ («Ал-Жаиш») - 21тадан гол. Табата 6та голини пенальти орқали урган бўлса, Ҳамдаллоҳда 11 метрли жарима зарбаси маҳсули саналган голлар сони 7тани ташкил қилди.  Чемпионат баҳсларида жами 561та гол урилди. Битта ўйинга ўртача 3,08та гол. Мавсумнинг энг қўпол футболчиси: Одил Лами («Ал-Араби») - 6та сариқ ва 2та қизил карточка.

Факт. «Ал-Райян» чемпионатнинг сўнгги 5та турида 3та мағлубият ва 2та дуранг қайд этган бўлсада, якунда 2-ўрин соҳиби - «Ал-Жаиш»ни 14 очкога ортда қолдирди.

Иордан лигаси. Тўғри, Иордания жамоалари сўнгги йилларда ОЧЛ гуруҳ босқичида кўриниш бермаяптилар. Лекин мамлакатда 12та клубдан иборат рақобатбардош чемпионат йўлга қўйилган . Ғолиб жамоага 120 минг Иордания динори берилса, 2-ўрин эгаси 80 минг билан тақдирланади. Шунингдек, 3-6-ўрин соҳибларига ҳам пул мукофоти белгиланган. Сўнгги мавсумда «Ал-Виҳдат» 22та ўйинда 38 очко жамғариб, яқин таъқибчиси «Ал-Файсали»ни ортда қолдирган ҳолда (фарқ - 2 очко), чемпионликка эришди. Энди «Ал-Виҳдат» ОЧЛнинг келгуси мавсуми «плей-офф» босқичида ўйнайди. Ливиялик Акрам Зувай («Ал-Ҳусайн») 12та гол билан чемпионат тўпурари бўлди.

ФИКРАТ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:54, 07.07.2016.
Ўқилди: 6043 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.