Шу кунларда олий лига жамоалари давралар оралиғидаги танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда ҳал қилувчи ўйинларга тайёргарлик кўриш баробарида ўз таркибларини кучайтириб олишга ҳам эътибор қаратишяпти.
Жумладан, биринчи даврани омадсиз ўтказган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ҳам йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда машғулотларга зўр берган. Бугун “лочинлар”нинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ташкил этган йиғини якунланади. Қисқа муддатли дам олишдан сўнг “Навбаҳор” футболчилари навбатдаги йиғинни ташкил этиш учун Тошкентда тўпланишади. 21 июль куни бошланадиган пойтахт йиғини доирасида бир нечта назорат учрашувларининг ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, илк ўйин 23 июль куни “Бухоро” жамоасига қарши ўтказилади. Маълумки, яқинда “Навбаҳор” жамоасига Равшан Бозоров бош мураббий этиб тайинланганди. Бугунги кунда Бозоров бошчилигидаги мураббийлар штаби таркибга янги футболчиларни қўшиб олиш мақсадида музокараларни давом эттиришяпти. Давралар оралиғида жамоа сафига қўшилган ҳужумчи Абдумалик Абдуллаевни “Навбаҳор”да қолиши деярли ҳал этилган. Биз навбатдаги машғулотлардан сўнг жамоа ярим ҳимоячиси Алишер Маҳмудовдан тайёргарлик юзасидан интервью олдик.
- Алишер, иккинчи давра ўйинларига тайёргарлик қандай давом этяпти?
- Тайёргарлик режа асосида ўтказиляпти. Бўстонлик туманидаги йиғинимизда асосий эътибор тикланиш ҳамда жисмоний тайёргарликка қаратилган машғулотларга қаратилмоқда. Мураббийлар таркибни кучайтиришга эътибор беришяпти. Биринчи даврада тўп тепган айрим етакчи футболчилар жамоани тарк этишган. Мураббийлар уларнинг ўрнини муносиб футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қилишяпти. Асосий эътибор маҳаллий футболчиларга қаратилган, десам янглишмайман. Янги мураббийлар штаби вазиятни ўнглаш учун иш олиб бормоқда.
- Янги мураббийлар штаби машғулотларга қандай ўзгаришлар киритди? Ёки ҳаммаси аввалгидек давом этяптими?
- Ҳар бир мураббийнинг ўз ўйин услуби бўлади. Табиийки, машғулотларда ҳам. Лекин ҳозир бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланмаяпти. Боиси, юқорида айтганимдек, ҳозир асосан жисмоний тайёргарликка йўналтирилган машғулотларни бажариш билан чекланяпмиз. Тошкентдаги йиғинимизда тўп билан ишлаш, назорат учрашувларида жамоавий ўйинни шакллантиришга урғу берилади.
- Жамоанинг биринчи даврадаги муваффақиятсиз иштироки муҳокама қилиндими?
- Ҳа, албатта. Клуб раҳбарияти янги мураббийлар штаби билан учрашиб, биринчи даврани муҳокама қилиш баробарида қилинадиган ишлар хусусида ҳам гаплашиб олди. Ўйлайманки, иккинчи даврада вазиятни ижобий томонга ўзгартира оламиз.
- Алишер, сизнингча, жамоангизнинг биринчи даврадаги омадсиз иштирокига нима сабаб бўлди?
- Нима дейишга ҳам ҳайронман. Бундай олиб қараса, таркибимиз ҳозирги эгаллаб турган ўрнимизга мос эмасди. Бошқа томондан олиб қарасак, ўтган йилги таркиб билан таққослаганда, йил бошидаги жамоадаги футболчилар 80 фоизга ўзгариб кетганди. Шахсий фикрим, жамоага янги қўшилган футболчиларнинг бир-бири билан тушуниб ҳаракат қилиши қийин кечди. Бунинг учун вақт керак эди.
- Балки мураббийларнинг тез-тез алмашиши ҳам бунга сабаб бўлгандир?
- Менимча ҳам шундай. Мураббийларнинг қўнимсизлиги ҳам муваффақиятсизликка замин яратган.
- Умуман олганда, олий лигамизнинг биринчи давраси сизда қандай таассурот қолдирди? Чемпионатимиз савияси ошяптими?
- Чемпионатимиз савияси ошаётгани бор гап. Ҳозир олий лигада енгил ўйиннинг ўзи қолмаган. Ҳар бир жамоа билан ўйин қийин ва мураккаб кечмоқда. Ҳар бир очко учун кураш сўнгги дақиқаларга қадар давом этяпти. Шундай бўлсада, чемпионлик учун курашадиган жамоалар бошқалардан ажралиб чиқишди. “Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоаларининг чемпионлик борасидаги имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Қолган 4-5та клуб бронза медаллар учун кураш олиб борса ажабланмайман.
- Биринчи даврада асосан захирада қолиб кетдингиз. Вазиятни ўзгартириш истаги йўқми?
- Жамоани ўзгартиришни назарда тутяпсизми?
- Худди шундай.
- Йўқ албатта. Менда “Навбаҳор”га ёрдам бериш истаги кучли. Шу боисдан ҳам иккинчи давра ўйинларидан умидим катта. Биласизми, биринчи даврада мураббийлар менга ишонч билдиришмади. Мураббийларнинг тез-тез алмашиши яхши иш бўлмади. Футболчига биринчи навбатда ишонч билдириш керак. Ишончни оқламаса, кейин ўз вақтини захирада кутсин, бунга қаршилик йўқ. Менга эса ана шу имкониятни тақдим этишмади.
- Демак, “Навбаҳор”ни тарк этмайсиз.
- Шундай.
- Иккинчи даврадан қандай натижалар кутяпсиз?
- Агар таркибимизни керакли ўйинчилар билан кучайтира олсак, иккинчи даврадаги натижамиз биринчисидан сезиларли тарзда яхши бўлиши керак. Ҳар ҳолда мен шунга умид қиляпман. Ўйлайманки, “Навбаҳор” мухлисларини хушнуд эта оламиз. Мухлислар бундан 20 йил аввал “Навбаҳор” чемпион бўлганини жуда кўп эслашяпти. Тўғри, ҳозир ўша чемпионликни қайтариш ҳақида ўйлаш мушкул. Лекин ўз ғалабаларимиз билан мухлисларга қувонч улашишимиз мумкин. Бунинг учун барчамиз астойдил ҳаракат қиламиз. Иккинчи даврада кураш кескин тус олишини тахмин қилиш қийин эмас. Олий лигада жон сақлаб қолиш учун кураш авжига чиқади. Бир очкони қўлга киритиш қанчалик қийин бўлишини тасаввур қиляпман. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мухлислар иккинчи давра ўйинларидан зерикиб қолишмайди.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди