Месси феномени - 1-қисмни бу ердан ўқинг.
2-қисм.
“Алдамчи тўққизлик”нинг пайдо бўлиши
Марказий ҳужумчининг шунчаки жарима майдони ичида ёки атрофида юриб голли вазият юзага келишини пойлаши шарт эмаслиги, аввалдан ҳам маълум бўлган. Йохан Кройфф, Маттиас Синделар, Нандор Хидегкути ва Алфредо Ди Стефано каби футболчилар турли вақтларда шунчаки марказий ҳужумчи сифатида эмас, бўшлиқ яратиш, кўпроқ голли вазиятларни юзага келтириш каби вазифаларни ҳам бажаришган. Кройффнинг 90-йиллардаги “Барселона”сида Микаэл Лаудрупгашу иш топширилганди.
Шундай бўлишига қарамай, Месси бу концепцияни ривожлантириб, бутунлай янги даражага олиб чиқди. «Барселона» 2009 йилнинг майида «Бернабеу»га йўл олади. Жамоалар ўртасидаги фарқ 4 очко, мавсум якунига қадар 5 ўйин қолган. “Реал”нинг марказий ҳимоячилари Фабио Каннаваро ва Кристоф Метцелдер анъанавий марказий ҳужумчиларга қарши яхши ҳимояланишини Гвардиола яхши тушуниб етарди, шу сабаб марказга Мессини қўйишга, Это’Они эса ўнгга олишга қарор қилади. Бу услубни у мавсум давомида бироз синовдан ўтказиб ҳам олганди. Мадридликлар ҳисобни очишди, аммо бу ўйинда Месси фаолиятидаги энг кучли ўйинларидан бирини намойиш этди. Икки гол урди, голли пасни амалга оширди, “Барса” эса 6:2 ҳисобида зафар қучди.
Ўшандан бошлаб то жамоада Луис Суарес пайдо бўлгунига қадар, Месси доимий равишда алдамчи тўққизлик позициясида ўйнаб келди. Муҳими, орқароқда ўйнаш ва шерикларига бўшлиқ яратиш вазифаси унинг сермаҳсуллигига таъсир ўтказмади: “Барса” таркибида 2009-10 мавсумида 47 гол, 2010-11 йилларда 53, 2011-12 йилги мавсумда 73 ва кейинги мавсумда 41 гол.
Мессидан кейин алдамчи тўққизлик концепцияси кенг урф олди. Ҳозирги «Ливерпул»даФирмино, Испания термасида Сеск Фабрегас ўйинларини эслаш кифоя.
Месси намунаси
Мессига бир жиҳатдан омад кулиб боққан: унинг айни кучга тўлган вақти футбол оламида асосан жисмоний қудратга эмас, юқори техникага кўпроқ эътибор қаратила бошлаган вақтга тўғри келди. Айниқса, 1998 йилги ЖЧ олдидан оффсайд қоидаларига киритилган ўзгаришлар жисмоний тўқнашувлар фоизини камайтирди. Бўйи паст футболчиларга ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетиш имкони ошди. Ким билсин, қоидалардаги бу ўзгаришлар бўлмаганида Пеп Гвардиола “Барселона”сининг услуби бу қадар муваффақият қозона олмаган бўларди балки. Хуллас, барчаси йиғилиб қудратли жамоа пайдо бўлди – қоидалардаги ўзгаришлар, Гвардиоланинг услубига мос ижрочилар ва Месси. Бошқа жамоалар ҳам бу услубни кўчиришга уринишди, аммо уларнинг асосий камчилиги – таркибда Месси йўқ эди.
Месси – ноёб иқтидор эгаси. Ундан шунчаки нусха кўчириш мумкин эмас. Лекин барибир унинг намунаси футболни ўзгартирди. Паст бўйли, юқори техникали, интеллектуал қобилиятли футболчилар юзага чиқа бошлади. Алдамчи тўққизлик ҳар қачонгидан ҳам урфга айланди.