Яқинда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Ёзги Олимпия ўйинларида Наманган бокс мактаби тарбияланувчиси Муроджон Аҳмадалиев бронза медалини қўлга киритди.
Боксчимизга мазкур ютуғи учун Президентимиз томонидан "Малибу" автомашинаси совға қилинди. 30 август куни ушбу автомашинада пойтахтимиздан йўлга отланган Муроджон Аҳмадалиев Наманганда байрамона кайфиятда, олқишлар билан кутиб олинди. Наманган вилояти ҳокимлигида ғолиб спортчини шарафлаш маросими ташкил қилинди. Унда вилоят спорт жамоатчилиги вакиллари, устоз мураббийлар, спортчи ёшлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров йиғилганларни истиқлолимизнинг 25 йиллик байрами билан самимий табриклади. Муроджонни энг нуфузли спорт мусобақасида эришган бронза медали, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвонига сазовор бўлгани билан қутлади.
Тантанали маросимда иқтидорли боксчимизга вилоят ҳокимлиги томонидан Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида барпо этилаётган кўпқаватли уйдан икки хонали хонадон калити берилди. Муроджоннинг ота-онаси Қаҳҳоржон Аҳмадалиев, Ойшахон ая Фаёзовага, 77 ёшли бувиси Тўхтахон ая ҳамда устоз-мураббийлари Илҳомжон Мирзаҳолов, Қобилжон Каримовларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Бу ҳақида Наманган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар қилди.