Австралия терма жамоаси учун футзал спорт туридаги Жаҳон Чемпионати янгилик эмас. Мамлакат ОФК тасарруфига қўшилганидан кейингина мундиал нисбатан азизроқ кўрина бошлади.
Чунки Океания минтақасида Австралияга жиддий рақиб йўқ эди. Эрон, Япония, Таиланд, Ўзбекистон каби доимий етакчилар бор Осиёда эса Жаҳон Чемпионатига йўл олиш нақадар қийин иш. Шунга қарамай Австралия сўнгги икки мундиал чиптасини ютиб олишга эришди.
Колумбияга йўл
Австралия терма жамоасининг мундиалга йўл олиш имконияти у қадар юқори бўлмагани каби, у қадар паст ҳам эмасди. Аммо Япония терма жамоасининг четда қолиб кетгани фонида Австралиянинг муваффақияти анча ёрқин кўринади. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Чемпионатини яшил қитъа футзалчилари узоқ эслаб юради. Чунки бу мусобақа уларга Колумбия йўлларини очиб берди.
Ўз гуруҳида Малайзияни 2:1, Қатарни 5:2 ҳисобида мағлуб этган Австралия сўнгги тур олдидан навбатдаги босқич масаласини ҳал қилиб қўйганди. 3-турдаги ғалаба чорак финалда Таиландга дуч келиб қолмаслик учун керак эди. Бироқ тиш Япония футзалчиларига ўтмади — 1:3.
Таиландни мағлуб этиш Австралия футзалчилари учун фантастикага тенг. Ҳеч қандай сенсация юз бермади — 1:6. Бу орада Япониянинг Вьетнамдан енгилгани, сўнгги — бешинчи йўлланма учун курашни янада оғирлаштириб юборди Австралия учун. «Соккероуз»нинг бахтига қирғизлар Японияни турнирдан чиқариб юборди. Австралиянинг ўзи аввалига Ироқни 5:3 ҳисобида таслим қилди, кейин эса ўша Қирғизистон мағлуб этилди — 3:1. Бу Жаҳон Чемпионати йўлланмаси дегани эди.
Жамоа ҳақида
Австралия терма жамоасида ёш ва тажриба мутаносиблигини кузатиш мумкин. Делегациянинг Тошкентга ташриф буюрган олти асосий футболчиси 2012 йил Таиландда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида иштирок этиб, катта сабоқ олганди. Жамоа бош мураббийи Роб Варела февраль ойидаги муваффақиятни «ҳаваскор жамоа» эришиши мумкин бўлган энг яхши натижа деб атаганди.
Жамоа сафида тўп сурувчи икки футзалчи — Жеррод Басгер ҳамда Тобиас Сито Буюк Британияда истиқомат қилади ва маҳаллий лигада тўп суради. Бу эса Австралия терма жамоасининг фойдасига хизмат қилади.
Шунга қарамай Австралия терма жамоаси Жаҳон Чемпионати аутсайдерларидан бири сифатида эътироф этилган. Осиёнинг бешинчи жамоаси бўлган Австралия Колумбияда бир ишнинг уддасидан чиқиши қийин. Ҳаммаси Роб Варела яшил қитъа термасини Жаҳон Кубогига қандай тайёрлашига боғлиқдир.
Мундиаллар тарихи
Австралия терма жамоаси Осиёнинг бешинчи жамоаси бўлишига қарамай, бу қитъанинг бир етакчиларига қараганда Жаҳон Чемпионатида кўпроқ иштирок этган. 1989 йилдан буён ўтказиб келинадиган футзал мундиалида Австралия терма жамоаси 2004 йилгисини ҳам қўшиб ҳисоблаганда мунтазам иштирок этди. Ўртадаги танаффусдан кейин 2012 йил яна мундиалга қайтди.
Бироқ бунда сон сифатни белгилаб бермайди. Австралия Жаҳон Чемпионатларининг мунтазам аутсайдери сифатида ном қолдирган. Ортда қолган олти иштирокнинг ҳеч бирида Австралия гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлай олмаган. Олти иштироки давомида бор йўғи 3 та ғалабага эришган Австралия, 1 та ўйинни муроса билан якунлаган ва 14 тасида рақибларига имкониятни бой берган. 29 та гол ургани 102 та гол ўтказиб юборганининг фонида умуман кўринмай кетади.
2012 йил Австралия терма жамоаси мундиални Мексикани мағлуб этиш билан бошлаганди — 3:1. Бу ғалаба жамоа мухлисларида умид уйғотган бўлса-да, кейинги икки турда Аргентина ва Италияга қарши ҳеч нарса қилиб бўлмаганди. Бу сафар «соккероуз» қандай каромат кўрсатишини билиб олишимиз учун кўп вақт қолмади.