Гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоасига имкониятни бой бериб, чорак финалда Уммонга қарши баҳс олиб борган КХДР ўсмирлар терма жамоаси пенальтилар серияси орқали Осиё чемпионати ярим финалига йўл олди.
Биринчи бўлимда жамоалар тенг ўйин намойиш қилишди. Баҳснинг 24-дақиқасида ҳиндистонлик ҳакам Уммон дарвозаси томон пенальти белгилади. Шшимолий кореялик футболчи 11 метрли зарбани голга айлантира олмади. Ўйинчининг зарбасидан сўнг тўп устунга тегиб, ён томонга кетди.
Иккинчи бўлимда ташаббус кўпроқ КХДР томонида бўлган бўлса-да, ўйин тугашига 6 дақиқа қолганида уммонликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас кореяликлар сардори бош билан дарвозани ишғол қилди.
Регламентга кўра, плей-офф босқичида дуранг қайд этилган ҳолатда навбат пенальтилар сериясига берилади. Сериянинг бошида дарвозабонлар бир мартадан зарбани қайтаришди. Ўйиндан гол урган уммонликлар футболчиси жамоасининг тўртинчи зарбасини голга айлантира олмади. Тўп тўсинга тегиб қайтди. Кореялик футболчи якуний зарбани аниқ йўллади ва жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқди.
Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати, чорак финал
УММОН - КХДР - 1:1.
Пенальтилар серияси — 4:2.