Бирлашган Араб Амирликлари футбол ассоциацияси 19 ноябрь куни бўладиган Осиё чемпионлар лигасининг дастлабки финал учрашувини бошқа муддатга кўчиришни сўраб, ОФКга мурожаат қилди.
Гап шундаки, финалда иштирок этадиган "Ал-Айн" клубининг бир неча нафар футболчилари, жумладан, жамоа етакчиси Умар Абдулраҳмон 15 ноябрь куни БАА терма жамоаси сафида ўйинда иштирок этишади.
Амирлик терма жамоаси 15 ноябрь куни ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Ироқни ўз майдонида қабул қилса, Жанубий Корея Сеулда Ўзбекистонга қарши баҳс олиб боради. ОЧЛнинг дастлабки финал баҳси эса орадан 4 кун ўтиб Чжонгжу шаҳрида бўлиб ўтади. Натижада "Ал-Айн" ОЧЛ финалига етарлича тайёргарлик кўра олмасликдан ва футболчилар Корея иқлимига мослаша олмасликдан хавотир олмоқда. Аксинча, "Чжонбук Хёндэ Моторс" клуби аъзолари бу борада устунликка эришади, деб ҳисобламоқда БАА томони.
Шунингдек, БАА футбол ассоциацияси раҳбари Ироқдан ЖЧ-2018 саралаш баҳсни бир кун аввал ўтказишни сўради, аммо бу таклифга рад жавобини олди. Шундан сўнг БААликлар ОФКга мурожаат қилиб, ОЧЛнинг дастлабки финал учрашувини 2 кун кейинга кўчиришни сўради.
ОФК ҳали бу таклифга расман жавоб қайтармади. Катта эҳтимол билан ОФК таклифни қабул қилмайди. Боиси, телевизион ва маркетинг ҳуқуқлар юзасидан ОЧЛ финал учрашуви ўтадиган сана аллақачон тасдиқланган ва уни ўзгартиришнинг иложи йўқ.