Жанубий Корея терма жамоаси 15 ноябрь куни қандай қилиб бўлмасин терма жамоамизга қарши ўйинда ижобий натижага эришиш учун барча чораларни кўрмоқда.
Куни кеча Жанубий Корея терма жамоасига жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий тайинланди. Ушбу вазифага яқин-яқингача корейслар таркибида ўнг қанот ҳимоячиси бўлиб ўйнаган Ча Ду Ри тайинланди. Ча Ду Ри мураббийлик ҳужжатлари йўқлиги туфайли фақат амалдагина жисмоний тайёргарлик ишлари билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоа мураббийи бўлиш учун “А” лицензияси керак бўлади. Ча Ду Рида эса УЕФАнинг “B” лицензияси бор, холос.
Шунингдек, Ча Ду Ри футболчилар руҳияти бўйича ҳам иш олиб боради. Эсингизда бўлса, корейслар бош мураббийи, германиялик Ули Штилике: “Сафимизда Себастmян Сориядек футболчи йўқ”, - деб терма жамоа футболчиларининг руҳиятига жуда катта салбий зарба берган эди. Бир неча йиллар давомида Германия Бундеслигасида тўп сурган Ча Ду Ри футболчиларга немис дунёқараши ва ғояларини сингдириши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, корейс матбуотида тарқалган хабарларга таянадиган бўлсак, Ули Штилике терма жамоа ўнг қанот ҳимоясида муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирда корейсларнинг энг заиф нуқтаси дея айнан ўнг қанот ҳимояси кўрсатилмоқда.
Жанубий Кореря футбол ассоциацияси Ча Ду Рининг терма жамоа мураббийлар штабига жалб этилишини жамоада таназзул юзага келганлиги билан эмас, Ули Штиликени жуда яхши тушуниши билан изоҳлашга уринди. Агар Ўзбекистонни енга олмаса, Ули Штилике истеъфога чиқарилиши, Ча Ду Рининг 2017 йил февралида “А” лицензияси учун ўқиши ва мартда бўладиган Хитойга қарши ўйинга Ча Ду Ри бош мураббий сифатида корейсларни олиб чиқиши ҳам назардан соқит қилинмаяпти.
Хуллас, 15 ноябрь куни корейс футболининг ЖЧ саралаш босқичидаги тақдири ҳал бўлади. Жанубий Корея терма жамоаси Ўзбекистон билан ўйинга тайёргарликни 7 ноябрдан бошлайди. 11 ноябрь куни корейслар Канада терма жамосига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиши режага киритилган.
Корейс ОАВлари маълумотлари асосида Отабек Йўлдошев тайёрлади.