Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш ҳақида сўз борганида шубҳасиз, энг аввало, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор ва бу борада қўлга киритилаётган натижалар кўз олдимизга келади.
Хусусан, 2002 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан бу соҳага миллиардлаб маблағ сарфланаётгани, энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари ишга туширилиб, миллионлаб фарзандларимиз турли мусобақа ва турнирларда Она-Ватанимиз байроғини баланд кўтараётгани бунга мисол бўлиши мумкин.
Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури талаблари асосида жорий этилган уч босқичли спорт ўйинлари тизими – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари эса ёш авлодни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида тарбиялаш, болаларнинг спортга қизиқишларини, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини оширишда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада Ўзбекистон ва дунёнинг айрим давлатларида болалар ва ўсмирлар спортига қай даражада эътибор қаратилаётганини қиёслаш орқали мавжуд вазиятни баҳолашга ҳаракат қилдик.
Тарихга назар
Илк бора мактаб таълими тизимига спортни олиб кириш Англияда кузатилган бўлиб, Регби шаҳридаги коллеж директори, педагог Томас Арнольд (1755-1842) асосий фанлардан ташқари дарс соатларига сузиш, гимнастика, сакраш каби жисмоний машғулотларни қўшади. Қолаверса, у таълим тизимида илк бора спорт машғулотларига профессионал спортчилар ва мураббийларни жалб этади. Ушбу коллеж кейинчалик футбол ва крикетга доир спорт машғулотларини кенг йўлга қўйиш мақсадида каттагина ер сотиб олгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Дунёнинг бир қатор давлатларида болалар спортига бўлган муносабатни таҳлил қилар эканмиз, биронта мамлакатда ҳам Ўзбекистондагидек болалар спортига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмаганини, спорт турлари ва иштирокчиларнинг барча ёш тоифалари бирдек қамраб олинмаганини қайд этиш жоиз.
Масалан, Германияда ҳар йили мактаб болалари учун “Ёшлар Олимпиадага тайёрланади” мусобақаси ташкил қилиниб, унда ўқувчилар спортнинг 10 тури бўйича ўзаро белллашишар экан.
Австрияда эса ҳар йили мактаб ўқувчилари учун “Ёзги спорт ҳафталиги” ташкил этилади. Лекин ушбу давлатда мактаб баскетболини ривожлантиришга қаратилган алоҳида тизим яратилган бўлиб, ҳар йили спортнинг ушбу тури бўйича “Олтин жом” Кубоги ташкил этилади.
Францияда ҳам мактаб ёшидаги болаларнинг оммавий эстафетаси уюштирилади. Россияда эса 1991 йилдан бошлаб ўқувчилар учун қишлоқ ёшлари ўйинлари ва спартакиадалар ташкил қилинмоқда.
Янги Зеландияда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган – “Киви-Спорт” дастури ишлаб чиқилганини айтиш жоиз. Унда болаларнинг спорт машғулотлари орқали нафақат жисмоний, балки руҳий-ижтимоий ривожланишига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Австралияда болалар спортини ривожлантириш бўйича “Австралия спорти” тарғибот дастури амалиётга жорий қилинган бўлиб, унга кўра, 5-6 ёшли болалар учун ўзида мамлакат спорт тарихига оид маълумотларни жамлаган 37 та плакатдан иборат тўпламлар чиқарилади. Катта ёшдаги болалар учун уларнинг ёшига қараб 6 турдаги спорт ўйинлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
Канада Олимпия Ассоциацияси эса болаларни 40 турдаги анъанавий, шу жумладан, олимпиада спорт турларига мослаштириш учун махсус Дастур ишлаб чиққан.
Швейцария футбол мураббийлари Уюшмасида асосий эътибор футболга қаратилганини кўриш мумкин. Масалан, бу мамлакатда 6 ёшдан бошлаб болалар учун футболнинг техник элементларини ўқитиш методикаси ишлаб чиқилган. Мазкур услуб ёрдамида тўп билан ишлаш, тўғри югуриш, дарвозага зарба йўллаш, тўпни қабул қилиш ва узатиш, бош билан зарба бериш каби дастлабки кўникмаларни ўзлаштиришга эътибор қаратилади.
Халқаро тажриба
Болалар спортини ривожлантириш жараёнларини дунё миқёсида таҳлил этсак, илк бор 1968 йилдан бошлаб ўқувчилар учун халқаро спорт ўйинлари ташкил қилинганини кўриш мумкин. 1991 йилдан эса Европада ёш спортчилар учун Олимпия ўйинлари ўтказила бошланган.
Халқаро Ёшлар Олимпиадасига илк бор Москвада – 1998 йилда асос солинган бўлиб, ўшанда дунёнинг 130 дан ортиқ давлатларидан 2418 нафар ёш йигит-қиз спортнинг 15 тури бўйича ўзаро беллашган. Таъкидлаш жоизки, мазкур олимпиада иштирокчиларининг ўртача ёши 15,5 ни ташкил этган.
Германияда 1972 йилда ўтказилган Ёзги Олимпиада ўйинлари давомида илк бор болалар ўртасида “Спорт – менинг мамлакатимда” мавзусида расмлар танлови ташкил қилинган.
Ўша танловга дунёнинг 67 та давлатидан 18 мингдан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган. Улар орасидан сараланган 700 та расм ва ижодий ишлар асосида махсус кўргазма ҳам ташкил этилган.
Ушбу тадбир 1988 йилда ҳам уюштирилиб, мамлакат бўйлаб “Олимпия ўйинлари – менинг нигоҳимда” расмлар танлови ташкил қилинади. Ўша танловда 14 мингдан ортиқ 6-12 ёшли болалар қатнашган эди.
Спорт – тарбия воситаси ҳамдир
Болалар онгида Олимпия ғоялари ва анъаналарини тўғри шакллантириш, мақсад фақат ғалаба эмас, балки бу ғоялар замирида юрт шаъни, ор-номус тушунчалари мужассамлашганини уқтириш, рақибни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат қилиш, ҳалол ўйнаш, ғирромликдан қочиш каби хусусиятларни шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади. Бошқача айтганда, жисмоний машғулотлар билан узвий ҳолатда тарбиявий ишлар ҳам олиб борилади.
Масалан, Германия, Канада ва Швейцарияда болалар ва ўсмирлар ўртасида “Ҳалол ўйин” тамойилини тушунтириш ва мазкур тушунчага нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилган алоҳида таълим дастурлари ишлаб чиқилган.
Бу масалада ҳам миллий тажрибамиз ҳар жиҳатдан устун эканини ва бугунга келиб ундан кўплаб давлатлар ўрнак олаётганини кўриш мумкин. Биргина спортнинг кураш турини олайлик: мазкур спорт тури ор-номус, ҳалоллик, ватанпарварлик, олийжаноблик, бағрикенглик фазилатларини ўзида мужассам этгани билан ҳам кўплаб хорижлик мутахассислар эътиборини тортаяпти. Ўзбекона самимийлик, ор-номус ҳисси сингдирилган ушбу спорт тури ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, мазкур йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ўзбек спортчилари ўзларининг нималарга қодир эканликларини яққол намоён қилдилар. Спортчиларимиз, нафақат жисмонан, қолаверса, маънан, руҳан етук инсонлар эканини бутун дунёга кўз-кўз қилдилар.
Ўзбекистонда кейинги йилларда ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларида 12 та, “Баркамол авлод” спорт ўйинларида 16 та, Универсиада спорт мусобақаларида эса 15 та спорт тури бўйича беллашувлар ташкил этилганини қайд этиш жоиз. Бу жараёнда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Чунки мазкур жамғарма шарофати билан ёш спортчиларимиз учун энг замонавий спорт мажмуалари бунёд этилмоқда.
Жамғарма ташкил топган кундан бугунга қадар 2474 та замонавий иншоот, шундан 2173 та спорт мажмуаси бунёд этилиб, ёшлар ихтиёрига топширилгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Мазкур спорт мажмуаларида қанчадан-қанча чемпионлар етишиб чиқдию, яна қанчаси улкан муваффақиятлар сари олға интилмоқда.
Лобар ТАНГРИЕВА,
“Болалар сопрти” газетаси мухбири
Даврон Файзиев янги Futbol TV телеканали ҳақида маълумот берди [5169]
"Барселона" Рэшфордни фақат бир шарт билан сотиб олади [3477]
Файзуллаев "Монако"дан қизиқишларга жавоб берди [3159]
"Барса" икки юлдузига: Шартномангни узайтир ёки кет [2795]
Аббос Файзуллаев Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ўз фикрларини билдирди [2627]
"Реал" Крооснинг ўрнини босадиган мукаммал футболчини топди [2487]
Файзуллаевга катта пул керак эмас [2437]
"Реал Мадрид"нинг асосий трансфер мақсадлари маълум бўлди [2341]
«Барселона» ёзда бир қатор футболчиларни сотади [2047]
Алькарас: "Анчелотти менга "Реал Мадрид"да жой топишини айтди" [1789]