Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Одил Аҳмедов: «Виллаш Боаш ҳаммага ҳам шахсан қизиқавермайди»

Баҳо:
+ | -

Кўп йиллардан бери Россия чемпионатида тўп суриб, аввалига Махачқалъанинг «Анжи», кейин эса Краснодарнинг «Краснодар» клублари шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз, терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубига кўчиб ўтганидан хабарингиз бор, албатта. Қишнинг биз учун энг шов-шувли мазкур трансфери ҳақида мунозаралар ҳали тўхтагани йўқ. «ИнтерФУТБОЛ» газетаси ўз анъаналарига содиқ қолиб, воқеалар ривожига аниқлик киритиш мақсадида Одил Аҳмедов билан батафсил суҳбат уюштирди. Ўйлаймизки, қуйидаги эсклюзив интервью орқали ўзингизда тўпланиб қолган бир қатор саволларга муфассал жавоб оласиз.

- Одил, авваламбор сизни 2017 йилда ҳам «ИнтерФУТБОЛ» газетаси таснифи бўйича бешинчи марта йилнинг энг яхши футболчи бўлганингиз билан табриклаймиз...

- Эътироф учун каттакон раҳмат! Албатта, юртимизда нуфузи юқори бўлган нашр томонидан энг яхши деб топилиш - жуда ёқимли. Ўз нав­батида, InterFutbol газетасининг келгуси ишларида омад тилаб қоламан.

- Айтингчи, 2016 йил сиз учун қандай ўтди?

- Мен учун 2016 йил қониқарли ўтди, дея оламан. Жанубий Кореядаги кўнгилсиз мағлубиятни инобатга олмаганда, қолган ўйинларда яхши натижаларга эришдик. Бу фикрни клубимга нисбатан ҳам, терма жамоага нисбатан ҳам ишлатишим мумкин.

- Терма ҳақида сўз очиб қолдингиз: бош жамоа сардори сифатида термамизнинг бу йилги натижаларига 10 баллик тизимда неча балл қўйган бўлардингиз?

- Очиғини айтсам, шахсан мен натижаларимизни 7 баллга лойиқ деб биламан. Бироқ шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керак, янги, 2017 йилда бу кўрсаткични 10 балл кўринишига олиб келамиз.

- «Краснодар» клубининг натижаларига қандай баҳо берасиз? Айтганча, собиқ жамоадошингиз Фёдор Смолов Россияда «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб тан олинди...

- Собиқ клубимга ҳам худди шундай, яъни 7 балл қўйган бўлардим. Смоловга келсак, у ҳозир жуда яхши формада ва чиндан ҳам, эътирофга лойиқ. Аминманки, Фёдор шу зайлда давом этса, тез орада Европанинг кучли чемпионатларидан таклиф олишига шубҳа қилмайман.

- Одил, тўғрисини айтинг, сиз миллий термамиз ҳамон ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиши учун яхшигина имконият сақланиб турибди, деган фикрга қўшиласизми?

- Албатта, қўшиламан. Чунки йўлланма учун кураш охиригача давом этаверади. Ҳа, биз ҳамон яхши имкониятга эгамиз ва насиб қилса, бу имкониятдан унумли фойдаланамиз.

- Эрон ва Ж.Корея термаларига қарши ўйинларда мағлубиятга учрадик. Бу - жамоамизнинг ҳақиқий кучимизни кўрсатиб бердимадимикан? Бошқача айтганда, бутун терма жамоанинг ўйини фақатгина Одил Аҳмедовга боғлиқ бўлиб қолиши сизни хавотирга солмайдими?

- Биласизми, менимча, жамоадаги барча футболчилар ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишса, ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг ўйнаш мумкин. Қолаверса, футбол - жамоавий ўйинлигини ҳамма яхши билади. Демак, терма жамоамиз натилари фақат менга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Агар биз ҳар бир ўйинда ўзимизга тўла ишониб, майдонга ҳақиқий «жанг» қилиш учун чиқсак, натижалар ўз-ўзидан келаверади.

- Россиялик ҳамкасбларимизнинг иддао қилишларича, бир қатор футболчилар қатори, сизнинг ўйинингизда ҳам пасайиш кузатилмоқда. Дейлик, улар бунга асос сифатида «Краснодар»да кўпроқ  захирадан майдонга тушганлигингизни кўрсатишган. Бундай ёндашувларнинг сабаби нимада, сизнингча?

- Маълумки, футболда психологиянинг ўз ўрни бор... Очиғи, «Краснодар»нинг ёзги тайёргарлик йиғинларида тўлиқ иштирок этдим, барча ўртоқлик ўйинларида асосий таркибда ҳаракат қилдим. Янги мавсум арафасида бош мураббий билан гаплашганимда, у мендан умиди катталигини, асосий таркибда ўйнашим шартлигини айтганди. Аммо мавсумга старт берилгач, вазият кескин ўзгариб кетди: мен захирага «михланиб» қолдим, мураббийни эса мен билан гаплашгиси келмайди... Бу ҳолат мени жуда ҳайрон қолдирди. Тўғри, кейинчалик ҳужумчи сифатида майдонга тушдим, лекин унутмаслик керакки, ҳар бир футболчининг ўзига яраша кучли томонлари бўлади. Масалан, мен ярим ҳимоя чизиғида ўзимни эркин сезаман, тўпни ҳимоячилардан олиб, янги ҳужумлар ташкил этишни ёқтираман. Ҳужум чизиғида эса табиийки, тўп билан камроқ муомала қиласиз. Шу боис, ўйинингиз ҳам унча кўзга ташланмай қолади.

- Тушунарли... Келинг, энди келажак ҳақида фикр юритайлик: мана, куни кеча Хитой суперлигасида иштирок этувчи жамоа футболчисига айландингиз. Лекин мазкур трансфер ишлари озгина чўзилиб кетгандек туюлмоқда...

- Ўйлашимча, гап трансфер вақтида эмас, унинг қандай якунланишида. Шу маънода айтсам, ўзаро келишув бир-биримизни тушунган ҳолда амалга ошди ва энг муҳими, ҳаммаси мен учун ижобий якунланди.

- Қизиқ, «Шанхай СИПГ» нимаси билан сизни ўзига жалб қилди?

- «Шанхай» таклифига рози бўлишимга асосий сабаблардан бири шуки, айни пайтда Хитой чемпионатига бирин-кетин кучли легионерлар ташриф буюрмоқда. Боз устига, менинг янги клубимда кучли мутахассис ва маҳоратли легионерлар фаолият юритмоқда. Виллаш Боашдек мураббийнинг шахсий қизиқиши эса ҳар бир футболчи учун «сюрприз» бўлса керак. Шунинг учун мен фаолиятимнинг кейинги босқичи сифатида «Шанхай»ни танладим. Бу жамода қанча ўйнашимни эса вақт кўрсатади.

- Хитой чемпионатида сизни қайси рақамда кўрамиз?

- Ҳар доимгидек, 25-рақам остида.

- Худди Махачқалъада ўтган давр каби, «Шанхай»да ҳам Халк, Оскар сингари бразилиялик «мегаюлдузлар» билан бирга тўп сурасиз. Бу сизга алоҳида масъулият ҳиссини юклайдими?

- Табиийки, таниқли юлдузлар билан бирга ҳаракат қилишнинг ўзига яраша масъулияти бор. Чунки уларнинг қаршисида уялиб қолмайдиган даражада тўп суришингиз талаб қилинади. Аммо шу билан бирга, бундай маҳорат соҳиблари билан машғулот ўтказиш, елкама-елка тўп суриш ҳар қандай футболчи учун фойдадан холи бўлмайди.

- Дарвоқе, Хитой чемпионатига йўл олишингиз «Проспортменежмент» компанияси орқали амалга ошди. Бу компания билан қачон шартнома тузгандингиз?

- «Проспортменежмент» компания­си билан «Анжи»га ўтган пайтлардан буён ҳамкорлик қиламан. Қисқача айтганда, мазкур компаниянинг фаолиятимда тутган ўрни жуда юқори. Зеро менинг Россияда узоқ вақт тўп суришимга компания раҳбари Герман Тканчеко катта ҳисса қўшган. Хитойдаги ишларимни эса «Беджинг Джинг Джисаксес Спортс  Менежмент» компанияси орқали амалга ошираман. Бу фирманинг раҳбари хитойлик жаноб Ли Фенг эса бундан буён менинг Хитойдаги ҳуқуқларимни ҳимоя қилади. Ўз ўрнида таъкидлаб ўтишим зарур, жаноб Ли Фенг Чин юртида катта ҳурмат-эътибор қозонган кучли футбол менежери ҳисобланади.

- Самвел Бабаян, Сулейман Каримов ва Сергей Галицкий... Бу шахсларнинг ҳаётингизда тутган ўринлари қандай?

- Сиз санаб ўтган одамлардан бир умр миннатдордан. Чунки «Пахтакор»да ўз ўрнимга эга бўлишимда Самвел Бабаян муҳим рол ўйнаган. «Анжи» ва «Краснодар» клубларида эса Керимов ҳамда Галицкийлар яхши кутиб олишди, ҳар томонлама ёрдам беришди. Шу боис, уларга нисбатан ҳурмат қалбимда абадий сақланиб қолади.

- Биздаги маълумотларга қараганда, сизнинг трансферингиздан «Пахтакор», «Анжи» ва «Краснодар» клублари ҳам тегишлича улуш олишган. Бу омил сизга қандайдир қўшимча мотивация берадими?

- Дарҳақиқат, йирик миқдордаги трансфер нархи футболчига қўшимча масъулият бағишлайди. Лекин мен айни пайтда хотиржамман. Чунки мазкур трансфер  туфайли собиқ клубларим ҳам оз бўлса-да, моддий наф олишди.

- Эътиборлиси, сиз ҳозир ўзбек футболида трансфер нархи ва молиявий шароитлар бўйича етакчи бўлиб  турибсиз. Эҳтимол, бу ортиқча ноқулайликлар яратар?..

- Йўқ, бу менга босим ўтказмайди. Аксинча, ўзимга нисбатан ишончим аввалигидан ҳам анча ошди. Хизматларимни шунчага баҳолашибдими, демак, меҳнатларим бекор кетмабди. Кимлардир менинг ёрдамимга умид боғламоқда.

- Айтингчи, сизнинг имиджингиз, яъни ташқи кўринишингиз, кийинишингиз ва ҳоказолар билан ким шуғулланади?

- Кўпроқ ўзимга ёққан либосларни кияман. Лекин ёнимдаги инсонлар ҳам доим ташқи кўринишим борасида маслаҳат бериб туришади. Қисқаси, ўзимга нима ярашса, шуни кияман (кулади).

- Одил, сиз санъат оламига беъэтибор бўлмаган кишилар тоифасидансиз. Бинобарин, туғишган акангиз - актёр, режиссёр ва продюссер Ёқуб Аҳмедовнинг ишларига қандай баҳо берасиз?

- Акамнинг фаолиятини жуда қадрлайман. У киши ўз ишини яхши кўради, етарлича мухлисларга эга.

- Укангиз Азим Аҳмедов ҳам «Пахтакор»да ўз ўрнини топиб олди. Айниқса, ўтган мавсумда, «шерлар» сафида бир-биридан чиройли голлар муаллифига айланди...

- Азимжон учун хурсандман. Лекин ишончим комил, у ҳозиргидан-да яхши ўйинлар кўрсатишга қодир. Ўз устида ишлашдан тўхтамаса, мендан ҳам кучлироқ футболчи бўлиб етишишига ишонаман. Фақат бунинг учун тинимсиз меҳнат килиши керак.

- Оилангиз сафи кенгайганлиги, кўп болали ота мақомини олганлигингиз барчамизни хурсанд қилмоқда. Айтишларича, қиз фарзанд - оилага барака келтирар экан. Хўш, ўғилларингиз ота изидан бориб, футболни танлашармикан?

- Биласизми, мен табиатан ёш болаларни яхши кўраман. Айниқса, ҳозир янги туғилган қизалоғимнинг олдидан сира кетгим келмайди... Илоҳим, улар умри узоқ, баракали, иймонли фарзандлар бўлишсин! Ўғилларимга келсак, улар негадир футболга қизиқишмаяпти. Каттаси амакисига ўхшаб, киноактёр бўлмоқчи. Кичигига эса ҳозирча фақат мазали таомлар бўлса, бас (кулади).

- Сўнгги пайтларда сизнинг номингиз «Навбаҳор» жамоаси билан боғлиқ ҳолда тез-тез тилга олинмоқда. Қолаверса, Илҳом Мўминжонов ҳам айнан сиз туфайли Наманганга келганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди...

- Чиндан ҳам жамоа бошқарувига Илҳом Мўминжонов номзодини мен тавсия қилдим. Кейинроқ «Навбаҳор»ни олий лигада олиб қолиш учун биргалашиб, маслаҳатлашган ҳолда иш тутдик. Лекин айни дамда Илҳом ака жамоани мустақил бошқармоқда. Мен эса агар лозим топишса, қанақадир маслаҳатлар беришим мумкин, холос. Айтмоқчиманки, жамоа таркиби ва натижалар учун фақат Илҳом ака масъул.

- Сизнингча, «Навбаҳор»ни яна чемпионатимизнинг кучли жамоалар сафига қайтариш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак?

- Менимча, болалар футболига эътибор бериш керак. Шунда йиллар ўтиб, амалга оширилган меҳнатлар ўз самарасини бериши мумкин. Биласиз, ҳозирги кунда аксарият клубларимиз футболчилар билан бир йиллик шартнома тузишади. Ўйлашимча, бундай келишувлар фақат зиён келтиради. Чунки ҳар йили янги ўйинчилардан янги жамоа тузиш керак. Ҳолбуки, барқарор натижага эришиш учун жамоани йиллаб шакллантириш зарур.

- Барчамизга маълумки, сиз нафақат футболчи, балки яхшигина «меценат» ва тадбиркор ҳам ҳисобланасиз. Шахсий ташаббусингиз ва меҳнатларингиз туфайли ишга тушиши кутилаётган футбол академия­си, аллақачон фаолиятини бошлаб юборган тиббий клиника ва шифохоналарда ўнлаб янги иш ўринлари очилиб, уларнинг хизматидан элимиз хурсанд бўлмоқда...

- Шукрки, футбол туфайли мана шу даражага етишдим. Режаларим халққа наф бераётганидан, мамлакатимиз ривожига оз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман. Ишонаманки, кейинги авлод спортчилари, футболчилари бундан-да эътиборлироқ ишларни амалга оширишади.

- Тадбиркорлик борасида 2017 учун қандай режалар тузгансиз?

- Бу масалада режаларимиз жуда кўп. Жумладан, яқин келажакда йирик спорт комплекси бунёд қилишни кўзлаяпмиз. Шуниси қувонарлики, Президентимиз ҳам ишбилармонлар учун кўплаб имкониятлар, шароитлар яратиб беряптилар. Лекин биласиз, тадбиркорлик ишлари билан акам шуғулланади. Мен эса у кишига ўзимга ишонгандек ишонаман. Хуллас, юртимизнинг равнақи учун қўлимиздан келганча, ўз ҳиссамизни қўшамиз.

- Одил, 2016 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб кимни эътироф этган бўлардингиз? Футболчилардан-чи?..

- Шахсан мен энг яхши мураббийлар сирасига Самвел Бабаян, Мирко Еличич ва Рўзиқул Бердиевларни киритган бўлардим. Футболчилардан эса Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов ва Элдор Шомуродовларга овоз бераман.

- «ИнтерФУТБОЛ» газетаси орқали мухлисларга тилакларингизни йўллаш имконига эгасиз...

- Бизни энг қийин паллаларда ҳам қўллаб-қувватлаб турадиган жонкуяр мухлисларимиз доим соғ-омон бўлишсин! Юртимиз тинч бўлсин, осойишталигимизга асло кўз тегмасин! «ИнтерФУТБОЛ» газетасига омад ёр бўлсин! Доим биринчилардан бўлиб юришингларни тилаб қоламан!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:20, 05.01.2017.
Ўқилди: 15308 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.