Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Обамеянгнинг яширин сирлари

Баҳо:
+ | -

Дортмунднинг «Боруссия»сида тўп сураётган Пьер-Эмерик Обамеянг шубҳасиз, сайёрамизнинг айни дамдаги энг кучли ҳужумчиларидан бири саналади. У бундеслиганинг 15 ўйинида рақиблар дарвозасига нақ 16 та гол урди. Бу эса табиийки, Пьерни «Олтин бутса»нинг навбатдаги танловида етакчилар сафида бўлишини таъминлайди. Демак, Обемеянг билан яхшироқ танишиб олиш вақти келди, бизнингча...

«Гавдани қўлда кўтариш»

Шу йилнинг 19 ноябрь куни «Боруссия» ўз майдонида «Бавария»ни қабул қилди. Обамеянг эса ўйиндаги ягона голни урганидан сўнг майдонга юзтубан ётиб олиб, халқ орасида «гавдани қўлда кўтариш» деб ном олган машқни уч марта бажарди ва кейин трибуна томон чопиб бориб, у ердаги қайсидир бир мухлисга ишора қилди. Ҳужумчининг айтишича, бу ҳаракатлар Обемеянгнинг яқин дўсти, франциялик таниқли рэпер Градурга аталган экан. Ўзи умуман олганда, Обамеянг голни нишонлаш борасида унча-мунча ҳамкасбларига «сабоқ» беришга қодир. Масалан, у «Сент-Этьен»да тўп суриб юрган кезларидаёқ голларидан бирини юзига машҳур киноқаҳрамон - Ўргимчак-одамнинг ниқобини кийиб олиб нишонлаганди. Айтишларича, бу қилиқ Пьернинг дўсти, собиқ дарвозабон Жереми Жанога аталган бўлиб, голкипер мазкур картинани жуда яхши кўраркан. Қизиғи шундаки, Обемеянг «Боруссия»га келганидан кейин ҳам дарров ўз услубига содиқ қолиб, 2014 йили «Бавария»га қарши ўтган Германия суперкубогидаги голини яна ўша «Ўргимчак-одам» ниқобида нишонлади. Орадан бир йил ўтгач у «Шальке» дарвозасига киритилган тўпни Бэтмен, жамоадоши Марко Ройс эса Робин қиёфасида нишонлаганди.

Бутсалар

Обемеянг Франция чемпионатида тўп суриб юрган пайтлардаёқ бош­қаларга ўхшамасликка интиларди. Масалан, у «Лион»га қарши ўйин олдидан машғулотларга кийиб чиққан бутса ҳаммани бирдек ҳайратга солганди. Тўғрида, ахир тўқ яшил рангдаги, бунинг устига уч мингта «Сваровски» кристаллари билан безатилган пойафзалда тўп тепиб бўлармиди?! Айтишларича, бундай матоҳнинг нархи уч минг евродан ортиқ экан. Тўғри, Пьер мазкур бутсаларда расмий ўйинларда майдонга чиқмади. Лекин у шунақа ялтироқ кийимларга қизиқиши рост. Масалан, Пьер-Эмерик дўстининг тўйига оқ шим ва тилларанг камзулда ташриф буюрган. Обемеянгга тушликни ўз вақтида қилгандан кўра, сартарош қабулида ўтириш кўпроқ ёқади. Мисол учун, у яқинда Габон терма жамоасининг навбатдаги ўйинидан сўнг Дормунд­га қайтаётиб, шартта Парижга бурилиб, таниқли сартарош ҳузурига йўл олди. У эса табиийки, қайчи ва тароғини ишга солиб, футболчининг бошига юлдузлар суратини чизди. Хуллас, Омемеянг - мана шунақа инсон.

Африка

2015 йил якунларига кўра Обамеянг Африканинг энг яхши футболчиси деб топилди. Айни пайтда эса у Габон миллий терма жамоасининг сардори. Пьер-Эмерикнинг отаси катта Пьер Обамеянг ҳам ўз вақтида профессионал футболчи бўлиб, у Габон термаси таркибида тўп сурган. Айтганча, унинг акалари Вилли ва Катилинлар ҳам терма либосини кийишган. Энг қизиғи, улар худди Пьер-Эмерик сингари, ўз вақтида «Милан» клуби шарафини ҳимоя қилишган. Пьер-Эмерикнинг онаси Маргарита Креспо - испаниялик. Пьер-Эмерик эса 1989 йилнинг 18 июнида Францияда дунёга келган. У француз тилидан таш­қари, итальян ва инглиз тилларида ҳам эркин сўзлаша олади. Паспортлари сони учта: отаси туфайли - Габон, онаси сабабли - Испания, туғилган жойи туфайли Франция фуқаролигига эга. Обамеянглар оиласи ҳеч қачон молиявий муаммоларга дуч келмаган. Пьер-Эмерик эса мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун футбол ҳақида ортиқча ўйламас, келажакда йирик бизнесмен бўлиш ҳақида орзу қиларди. Бироқ у отасининг хоҳиши ва қатъий талаби туфайли спорт мактабига келиб қолди.

Машиналар

Обемеянг Франция чемпионатида ўйнаб юрган кезлари унинг гаражида AstonMartin (620 от кучи) ва AudiQ7 уловлари турарди. Кунларнинг бирида бу гаражга ўғри тушиб, машиналар олиб қочилди. Обемеянг эса бу вақтда Франция Лига кубоги финалида жамоаси учун тер тўкаётганди. Яхшики, ўша вақтда полиция жуда устамон бўлган шекилли, орадан кўп ўтмай, машиналар топилиб, эгасига қайтарилди. Ҳужумчи Дортмундга кўчиб ўтганидан кейин уни кўчада қизил Ferrariда, тилларанг Lamborghini Аventadorда, Porsche Panameraда ва AudiR8 V10 plus русумидаги автоуловларда кўришди.

Европа

Биламизки, Обамеянг айнан мана шу қитъада дунё юзини кўрди ва фаолиятини ҳам фақат Европа клубларида ўтказмоқда. Франциянинг турли ёшдаги болалар ва ўсмирлар жамоаларида тўп сурганидан сўнг у 2007 йили «Милан» клубининг ёшлар жамоасида пайдо бўлиб қолди. Кейин эса «Дижон», «Лилль» ва «Монако» клубларида ўтган ижара даври бошланди. 2011 йилнинг январида Пьер «Сент-Этьен» клуби аъзосига айланди. Декабрда эса футболчига узоқ муддатга мўлжалланган тўлақонли шартнома таклиф қилишди. Шу тариқа, у 2012Ғ13 йиллар мавсумида олий дивизионда 37 ўйин ўтказиб, уларда 19та  гол урди. Бундан кўп натижага фақат «ПСЖ» форварди Ибрагимович эришганди, холос. Табиийки, бундай сермаҳсуллик Пьер-Эмерикни кейинги мавсумда Дортмунд клубига таклиф этилиши билан якунланди.

Ямайка

Барчага яхши маълумки, бу мамлакатда дунёнинг энг чопағон инсони - Усэйн Болт яшайди. Аммо буюк спринтернинг Дортмундда яхшигина рақобатчиси бор. Дейлик, ямайкалик спортчи 100 метрлик масофани 9,58 сонияда босиб ўтиб, дунё рекордини ўрнатганида, дастлабки 30 метр учун 3,78 сония вақт сарфлаганди. Обамеянг эса бу масофани 3,7 сонияда босиб ўтганига гувоҳлар бор. Афтидан, бу икки тезкор спортчилар яқинда яшил майдонда кўришиб қолишса ҳам, ажабмас. Зеро немис ва инглиз нашр­ларида айтилишича, болалигида футболга астойдил қизиққан Болт «Боруссия»нинг бир нечта машғулотларида иштирок этганмиш. Бу қанчалик ҳақиқат билмадигу, аммо Обамеянгнинг ўта юқори тезлигини биз ЧЛнинг «Реал»га қарши ўтган ўйинида ҳам кўрдик. Ёдингизда бордир, «сариқ-қоралар» қарши ҳужумга ўтишганида, Обемеянг тажрибали Рамосни осонгина ортда қолдириб, Ройсга голли узатма берди. Қолаверса, тезлик - Обамеянг мақтана оладиган ягона устунлик эмас: у тўп билан муомалада мушукдек чаққон, майдонни кўриши ҳам аъло даражада. Айтганча, Пьерда ҳужумчилар учун ноёб яна бир хислат бор - у тўпни шерикларидан асло қизғанмайди.

Жазо

Тезлик - Обеменгнинг устун тарафларидан бири. Аммо шуниси ҳам борки, тезликка интилиш баъзида футболчи билан қўпол тарзда ҳазиллашиб ҳам туради. Мисол учун, автомобилларни олайлик: Bild нашрининг маълум қилишича, футболчи 2013 йилнинг июлида Дормунднинг юқори тезлик соатига 60 километргача чегараланган ҳудудини 117 км|соат тезликда босиб ўтади. Ўша йил октябрида эса 30 км тезлик белгиланган жойдан 77 км тезликда ўтиб, полиция қўлига тушади. Албатта, футболчини қоидабузарлик учун жаримага тортиб, иккинчи бор тезликни оширгани учун икки ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинди. 2015 йилнинг октябрида эса у тилларанг «Ламборжини»сини ногиронлар учун мўлжалланган жойга тўхтатиб қўйди. Яхшиямки, машинани эвакуаторда олиб кетиб қолишмади. Лекин бу воқеалар шу йил октябрь ойи охиридаги ҳодиса олдида ҳеч нарса эмас. Чунончи, Обемеянг «Шальке»га қарши ўйиндан кейин ҳеч кимнинг рухсатисиз шартта Миланга кетиб қолди. Ушбу ноўрин қилиқ форвардни ЧЛнинг «Спортинг»га қарши ўйинидан маҳрум қилибгина қолмай, 40 минг евролик жаримага ҳам сабаб бўлди. Гамбург майдонидаги ярашиш ўйинида эса Пьер-Эмерик рақиб дарвозасини 4 марта аниқ нишонга олиб, («Боруссия» ўша ўйинни 5:2 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилганди) ўзини Томас Тухелнинг қучоғига отди ва шу тариқа, устозидан кечирим сўради. Дарвоқе, жамоа бош мураббийи ўйиндан сўнг айтдики, «Боруссия» ўз мақсадларига фақат Обамеянг билан бирга эриша олади, холос.

Голлар

Пьер-Эмерик жорий мавсумнинг расмий ўйинларида 20 марта ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Жумладан, Мадриднинг «Реал»и дарвозасини ЧЛ доирасида уйда ҳам, сафарда ҳам ишғол қилишни уддалади. Биз бу икки голни бежизга алоҳида кўрсатмаяпмиз. Негаки, футболчининг Мадриддан атиги 100 км. узоқликда яшаган бобоси «Реал»нинг ашаддий мухлиси бўлган. 2014 йили бобоси бу ёруғ олам билан хайрлашаётган вақтда Пьер-Эмерик унга қачонлардир албатта, «Қироллик клуби» ўйнашини айтиб, ваъда берганди. 7 декабрь куни бўлган ўйинда Обамеянг «Реал» дарвозасига гол уриб, яна бир голга ҳаммуаллифлик қилгач, Instagramдаги саҳифасида шундай ёзув қолдирди: «Умид қиламанки, сен голимни кўрдинг, буважон». Боз устига, Пьер-Эмерикнинг ўзи ҳам болалик чоғларида фақат шу клубга мухлислик қилган. Мана, бугунга келиб ўша орзулар ушалиш арафасида турибди. Зеро дормундликлар миш-мишларни қанчалик рад қилишмасин, Пьерга «Реал» томонидан жиддий қизиқиш бор. Шунингдек, унга «Манчестер Сити», «Арсенал» клублари ҳам харидор саналишади. Футболчининг тахминий баҳоси 70 - 90 миллион евро атрофида экан. Агар дормундликлар Обамеянгни «Сент-Этьен»дан атиги 13 миллионга харид қилишганини эсласак, унинг трансфери туфайли клуб анча-мунча фойда кўриши аниқ. Бироқ «Боруссия» шундай сермаҳсул ҳужумчини сотадими-йўқми, ҳамма гап ана шунда...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 19:16, 18.01.2017.
Ўқилди: 10193 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.