Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Белотти - Шевченконинг биринчи издоши

Баҳо:
+ | -

Италия «А» серияси деганда ҳамманинг ёдига биринчи навбатда «Ювентус», «Милан», «Интер» ёки «Рома» каби жамоалар тушади. Бироқ, бу ерда гап мазкур грандлар ҳақида бормайди. Италиялик футболчиларни тарбиялаб, вояга етказишда бошқа клублар ҳам фаол иштирок этишади. Мисол тариқасида, бир қатор юлдузларни келтириб ўтса бўлади, аммо уларнинг кўпчилигини шундоғам бутун дунё танийди. Жорий мавсумда эса улар сафини яна битта ўйинчи тўлдираётгандек...

Ҳар ҳолда, «Торино» сафидаги ёрқин ўйинлари орқали Андреа Белотти шундай фикр билдиришга мажбур этаяпти. Ушбу ҳужумчи ёш бўлишига қарамай, серия тўпурарлари руйхатида бормоқда. Яна уни «Торино»дек ўртамиёна коллективда ўйнаётганини инобатга оладиган бўлсак, буни ажойиб кўрсаткич дейиш мумкин. Шу ёшда ҳамма ҳужумчи ҳам Европанинг топ чемпионатларидан бирида қобилиятини унга ўхшаб кўрсатиб беролмайди. Ваҳоланки, Италия олий дивизионида гол уриш осон иш эмас. Шунинг учун «Торино» аъзосини Европадаги мавсум кашфиётларидан бири десак адашмаган бўламиз.

Қаердан пайдо бўлди?

Италия шимолида жойлашган Ломбардия маъмурий вилоятида кичик шаҳарча - Альбино жойлашган бўлиб, у мамлакат терма жамоасига ҳужумчиларни тарбиялаб бериш орқали машҳурлик даражасига эришди. Бу ишлар маҳаллий клуб - «Альбинолеффе»да амалга оширилади. Бу ерлик одамлар унинг таркибида Жузеппе Синьори, Филиппо Индзаги каби юлдузларни кўришган. Яқинда эса улар орасига Италия терма жамоасининг янги ҳужумчиси Андреа Белотти ҳам қўшилди. Яна шуни айтиш керакки, Индзаги аслида «Пьяченца»да тарбияланган. Россига келсак, гарчи у «Интер» мактабини ўтган бўлсада, биринчи клуби айнан «Леффе» бўлган. Юқоридаги ўйинчилардан фарқли ўлароқ, Альбино яқинида туғилган Белотти «Палермо»га ўтишидан олдин ўн уч ёшидан бошлаб «бинафшарангли»лар шарафини ҳимоя қилган. Дастлабки мавсум Андреа учун  қуйи лигадагикелишилган ўйинлар орқали эсда қолди ва бунинг оқибатида «Альбинолеффе» жазога тортилган. Бироқ шунга қарамай, у тажриба тўплаб борди. Белотти кейинчалик ҳужумкор хавбек ва вингер позициясидан ҳужум  марказига ўтади. С1 сериядаги кетма-кет голлари оқибатида уни «Палермо»дагилар жанубга олиб кетишади. Сицилияликлар сафида ҳам у ўз ишини яхши бажаришда давом этди. Шунга қарамай, ўша пайтларда уни самарали марказий ҳужумчи дейиш қийин бўлган. Бироқ «Палермо» таркибида «А» сериядаги биринчи мавсумидаёқ тўпурарлик қобилиятини кўрсатиб қўйди. 20 ёшли Белотти 24та беллашувда рақиблар дарвозасини 10 марта аниқ нишонга олди. Аслида, янги клубдагилар Андреадан кўра Паоло Дибала ҳақида кўпроқ ўйлашар ва аргентиналикни қимматроққа сотиш мақсадида асосан унга ўйнаш имконини беришарди. Хатто Паоло кетганидан сўнг ҳам Белотти Сицилия клубининг асосий таркибига киролмади. Натижада, «Торино» уни сотиб олишдан чўчимади. Туринликлар эса юқори савиядаги ўйинларда ҳали синалмаган ёш иқтидорли футболчи учун 7,5 миллион евро тўлашга жазм қила олишди.

 

Голларга хўрознинг алоқаси йўқ

Маълумки, 2017 йил - хўроз йили. Буни қарангки, Андреа ўз голларини тирсагини пешонасига қўйиб шу ҳайвонга ўхшаб нишонлаб келаяпти. Бу билан у тожни кўз-кўз қилмоқда.  Аммо шунга қарамай, футболчига «Хўроз» лақаби берилмади, аксинча, унинг ўзи «Галло»ни танлади. Бунга қисман дўстининг фамилияси ва қисман ўсмирлигидаги соч турмагини сабаб сифатида кўрсатиб ўтиш мумкин. Аслида, гоҳ аҳмоққа, гоҳ мағрурга ўхшайдиган бу ҳайвон билан унинг ҳеч қандай умумий жиҳатлари йўқ, негаки Белоттига жисмонан кучли, чидамли ва камтарин йигит сифатида қарашади.  

 

Андреа қандай тарбияланган?

Ўйинчининг атрофидаги одамлар уни баркамол ҳужумчи бўлиб етишишига таъсир қиларкан. Агар даданг меҳнатсеварлик ҳақида гапирганида унга яхшилаб қулоқ солсанг, Белоттига ўхшаб ҳаракатчан ҳужумчига айланасан. Агар онанг билан бувинг футболчи бўласан дея ишониб қўллаб туришса, ҳаттоки омадсиз ўйинлардан сўнг ҳам ўзингга ишонишда давом этасан. Андреани яна йиғлоқи деб ҳам аташади. У ўсмирлик ёшида амалга оширилмаган  пенальтилар ва мағлубиятлардан сўнг бир неча бор йиғи-сиғи қилган. Белотти бувиси билан жуда иноқ. Бобоси эса у роса кичкина бўлган пайтда оламдан ўтган, шунга болани бувиси зерикиб қолмаслиги учун ёнига юбориб туришган. Ҳозир бу аёл унинг асосий мухлиси. Набирасининг машғулотларига болалигиданоқ бери озиқ-овқатлар (бутерброд) ташиб, оч қолишига йўл қўймасди. Отаси қурилишда тер тўкар, онасининг иши ҳам оғир эди. Кичик шаҳарчадаги оддийгина меҳнаткаш оила. Белотти ўз иши орқали оиласини таъминлади ва энди онасининг тинмай ишлашига ҳожат йўқ. Айниқса, отаси Миландаги қурилишда жароҳат олгач, масъулияти янада ортди.  Тўғрида, ахир, ота-оналар қарийдилар ва ўз-ўзидан Андреа энди улар учун ҳам жавобгар. Ҳужумчининг ўзига эса сицилиялик Жоржия исмли қорасоч хоним ғамхўрлик қилиб келаяпти. Гўзал қизнинг гапларига қараганда, Андреа ўта тўғри ва зерикарли инсон эмиш.

 

Белоттининг устунлиги. Меҳнатсеварлик

Оддийгина йигитча бўлиб юрган пайтида Андреа отасининг яхшигина маслаҳатини эслаб қолган. «Агар ўйиндан кейин ўзингни лимонга ўхшаб сиқиб олгандек хис этмасанг,  демак ўзингни юз фоиз ўйинга бахш этмагансан». Белотти жуда меҳнатсевар ҳужумчи ва унинг ўйин услуби Турин шаҳри рамзига роса мос тушади - «Милан»нинг собиқ аъзоси ва Италия терма жамоасининг 20 ёшгача бўлган мураббийи Эвани у ҳақда шундай дейди: «У бизнинг биринчи ҳужумчимиз ва биринчи ҳимоячимиз». Белотти доим ўйинда тўп учун охиригача кураш олиб боради. Қисқаси, меҳнатсеварлик - унинг асосий устунлигидир.

 

Кумири - Андрей Шевченко

Ўйин темпераменти бўйича Белотти кўпроқ Варди ёки Карлос Тевеснинг ёшлигига ўхшаб кетади. Гоҳида Кристиан Вьерига таққослашади, аммо «бобо» унга қараганда йирикроқ. Жанлука Виаллига ҳам қиёслашади. Лекин Андреанинг энг севимли ҳужумчиси шак-шубҳасиз Андрей Шевченкодир. У «Милан» ҳужумчисига болалигидан мухлислик қилиб келган. Хўш, Белотти нимаси билан «рассонери»лар афсонасига ўхшаб кетади? Ҳужумда тезкор қарор қабул қилиши, зарба бериш услублари, ҳар қандай ҳолатдан туриб чап, ўнг оёғи ва боши билан зарба бера олиши украиналик юлдузни эслатиб юборади. Агар елкаси чиққанлиги бўлмаганида, умумий планда уларнинг ташқи кўринишини адаштириб юбориш ҳам мумкин бўларди - тахминан бир хил бўй ва комплектацияга эга ўйинчилар. Ҳаттоки Белотти Шевченкога қараганда камроқ йиқилади. Тўғри, унинг қадамлари кумириникига ўхшаб у қадар кенг бўлмаслиги мумкин, аммо чопишга келганда ундан қолишмайди. Гарчи, улар бир-бирига тубдан ўхшашмасада, Гаттузо ва бошқа италиялик мутахассислар Андреанинг ўйинида айнан Шеванинг ҳаракатларини кўришмоқда. Ҳужумчини шуғуллантирган Женнаронинг фикрича, у Шевченко давридан бери машғулотларда бундай совуққонлик билан кўп гол ура оладиган одамни кўрмаган экан. Дарвозадан узоқда Белотти ўз ўйин услубига эга, лекин олдинда ҳаракат қилиш бобида айнан Андрей Николаевичдан кўп нарсаларни ўргана яхши бўларди. Устига-устак, Белотти шу даражада Шеванинг фанатики, ҳатто ўзининг тармоқдаги саҳифасида украиналик собиқ голеадорни туғилган куни билан доимий равишда табриклаб келади.

 

Италияда Буффондан кейин иккинчи

Яқинда «Ювентус» дарвозабони Жанлуиджи Буффон Италия терма жамоасининг 2016 йилдаги энг яхши ўйинчиси учун аталган «Мовий тўп» совринини қўлга киритди. Бу мукофот ишқибозлар томонидан тақдим этилади. Иккинчи ўринни эса 27 фоиз овоз билан Евро-2016да ҳатто ўйнамаган Белотти эгаллади.

Ғолиб бўлган Буффон 37 фоиз жамғарди. Ўз навбатида «Торино» вакили 19 фоиз олган Леонардо Бануччидек ўйинчини ортда қолдирди. Терма жамоадаги дебютини бор-йўғи 2016 йилнинг сентябрь ойида ўтказган ёш йигит учун бу ҳайратомуз юксалиш бўлди. ЖЧ-2018 саралаш ўйинларининг бештасида у учта гол уришга ҳам улгурди. Ҳужумчи яхши спорт формасида, фанатлар эса уни дарҳол ёқтириб қолишди. Ваҳоланки, терма жамоада овоз бериш учун қаҳрамонлар етарли эди. Аммо дарвоза олдида бундай ишонч билан ўйнайдиган марказий ҳужумчи Италия термасида анчадан бери пайдо бўлмаётганди. Масалан, Германия термаси менеджери Оливер Бирхофф, унинг жамоаси ўз таркибида айнан шунга ўхшаган марказий ҳужумчига эга бўлишни орзу қилаётганини маълум қилиб ўтганди.

 

Белотти «Арсенал» ва АПЛга тўғри келади

«Торино» спорт директори Жанлука Петраккининг маълум қилишича, яқинда туринликлар «Арсенал»дан 65 миллион евролик таклиф олишган. Бироқ унинг гапларига қараганда, бу сумма ўйинчининг нархига асло тўғри келмайди. Яқинда эса унинг ўзи 40 миллион ҳақида сўз юритганди. Маълум бўлишича, «Торино» ҳужумчи билан шартномани узайтириб, унинг пунктига 100 миллион евролик суммани киритиб қўйди. Ўз-ўзидан тушунарли, туринликлар нархни жуда осмонга кўтариб юборишган. Шундай бўлсада, агар Арсен Венгер футболчи учун шу пулни беришга жазм қила олса, демак унда ниманидир кўра олган.

«Арсенал»нинг унга қизиқиб қолгани ҳам тушунарли, чунки ўтган ёзда «Лестер» ҳужумчиси сўнги паллада Венгерга рад жавобини берган.

Инглизлар сафида Белотти чилилик Санчес билан яхши жуфтлик бўла олиши мумкин ва ҳаттоки, Алексис жамоадан кетгудек бўлса унинг ўрнини эгаллаши ҳам ҳеч гап эмас. Аввалроқ «канонир»лар уругвайлик Луис Суаресни қўлга киритишга уриниб кўришганди, бироқ уни кўндира олишмади. Буни қарангки, Белотти айнан унинг «парода»сидаги ҳужумчи. Хуллас, сермаҳсул ўйинчи кўпчиликка керак, шунинг учун ҳам «Торино» қўрқмасдан катта суммаларни эълон қилаяпти. Айтиш лозимки, «Арсенал» унга ягона харидор эмас ва Белоттини катта клубда кутиб қоламиз. Италияда кучли ҳужумчи етишиб чиққан ёки чиқмаганини ўшанда кўрамиз. Ҳозирча эса, шу мақсад йўлида жудаям қаттиқ ҳаракат қилаётган йигитни кўриб турибмиз.

 

Андреани ким қўлга киритиши мумкин?    

Агар тўғри ёндашув бўлса бундай йигит ҳеч қаерда ўзини йўқотиб қўймайди. «Олтин тўп»нинг ўтмишдаги соҳиби Паоло Росси бекорга уни Луис Суаресга ўхшатмаяпти. Жисмоний куч ва ҳужумларни аниқлик билан якунлаш борасида чиндан ҳам улар бир-бирларига ўхшаб кетишади. «Арсенал»дан ташқари, Белоттига АПЛнинг бошқа бир вакили - «Манчестер Юнайтед» ҳам қизиқиб келаяпти. Ҳар қолди манбаларда шундай миш-мишлар юрибди. Италиянинг ўзида эса «Наполи» биринчи рақамли даъвогар саналади.

Белоттининг ўзига нима керак? Пул эмаслиги аниқ. Боиси, унинг янги улуши мисол учун, «Зенит»даги Роберт Макники билан тенг ва шикоят қилишига ўрин йўқ. Лекин шунга қарамай, Андреа бу борада хавотир олмаса ҳам бўлаверади. Агар инглизлар унда бўлажак юлдузни кўришаётган бўлишса, майдондаги муваффақиятлар билан маблағ ҳам келаверади.

Маълумот учун

 

Андреа Белотти

Ёши: 23да (20 декабрь 1993 йил)

Позицияси: марказий ҳужумчи

Клуби: «Торино» (2021 йилнинг ёзигача)

Трансфер нархи: 65 миллион евро (товон суммаси 100 миллион)

Даъвогарлар: «Арсенал», «Наполи», «Манчестер Юнайтед»

«А» сериядаги статистикаси: 19та ўйин, 14та гол, 3та голли узатма

Италия терма жамоасида: 5та ўйин, 3та гол

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:04, 15.02.2017.
Ўқилди: 5016 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.