Футболда энг нуфузли индивидуал совринга жорий йилда ким эга чиқишини тахмин қилишга ҳали жуда эрта бўлишга қарамасдан, терма жамоалар ўйинлари учун очилган танаффус дастлабки уч ой учун хулосаларни чиқаришга энг қулай вақтдир.
Goal нашрининг 10 нафар журналисти «Олтин тўп»га овоз бериш тизимидан фойдаланиб, жорий йил учун энг яхши футболчилар бешлигини тузиб чиқди. Бунда ҳар бир журналист ўзи биринчи ўринга муносиб кўрган футболчи учун 5 очко, 2-ўринга 4, 3-ўринга 3, 4-ўринга 2 ва 5-ўринга 1 очко берган. Эътиборингизга бу рейтингни тақдим этамиз.
5-ўрин. Криштиану Роналду (8 очко)
Айни пайтда 2016-йилги «Олтин тўп» соҳибининг 2017-йилда ҳам бу совринни қўлга киритиш учун имкониятлари юқори эмас. «Реал» билан Чемпионлар Лигасида, Португалия билан Европа чемионатида ғолиб чиққан, Чемпионлар Лигасида бир мавсумда 16 гол уриб рекорд ўрнатган Роналду 2016-йилни ўта юқори нотада ўтказиб, ҳақли равишда ўзининг тўртинчи «Олтин тўп»ини қўлга киритган эди. Аммо бу мавсумда унга осон бўлмаяпти.
Статистикага қаралса, Роналду «Реал» сафидаги ўзининг энг ёмон мавсумини ўтказяпти. У барча мусобақаларда ўтказган 39 ўйинида «атиги» 25 та гол урган. Ла Лига тўпурарлари баҳсида Месси ва Суаресдан ортда бораётган Роналду Чемпионлар Лигасида ҳозирча иккита гол билан чекланган. Жисмоний жиҳатдан ҳам яхши формада бўлмаган Ронладу бешинчи «Олтин тўп»га даъвогарлик қилиш учун мавсум охирини жуда юқори тарзда ўтказишига тўғри келади.
4-ўрин. Н'Голо Канте (11 очко)
Бу ўринда кутилмаганда пайдо бўлганига қарамай, Франциялик ярим ҳимоячи шунга арзийдиган ўйин намойиш этяпти. «Челси» сафида Англия чемпионлиги сари одимлаётган Канте Премер Лиганинг ушбу мавсумдаги энг яхши футболчиси бўлиш учун ҳам энг асосий номзодлардан саналади. У Эден Азардек истеъдодли, Коутинйодек томошабоп, Златан Ибраҳимовичдек машҳур бўлмаса ҳам, майдонда бу футболчиларнинг ҳар биридан кўпроқ ишни амлага оширади.
Конте мураббийлигида Канте ушбу мавсумда «Челси»нинг ўйин услубини тубдан ўзгартиришга катта ҳисса қўшди ва ҳаттоки баъзи муҳим ўйинларда, масалан, Англия Кубоги чорак финали доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда ҳал қилувҳчи голни ҳам урди. Уч йил ичида Франция учинчи дивизионидан Англия чемпионлигигача сакраган ва Франция терма жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланган Кантедан «Олтин тўп» учун ҳам даъвогарликни кутиш мумкин.
3-ўрин: Антуан Гризманн (23 очко)
2016-йилги «Олтин тўп» пойгасида Роналду ва Мессидан кейин биринчи бўлган Франциялик ҳужумчи жорий йилда бу натижани яхшилай оладими? «Реал Соседад»нинг собиқ футболчиси ушбу мавсум бошини кўнгилдагидек ўтказмган бўлса-да, янги йилда яна ўзининг аввалги ўйинини топиб олиб, «Атлетико»нинг қатор ғалабаларига катта ҳисса қўшди.
Гризманн 2017 йилда барча мусобақаларда 13 та гол уришга ва 3 та голга ҳаммуаллифлик қилишга улгурди. Бу «Атлетико»нинг ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам Ла Лигадаги иштироки учун муҳим таянч бўлмоқда. Испания чемпионлиги учун курашга қўшилиш энди жуда қийин бўлса ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳали имкониятлар юқори ва бу мусобақадаги муваффақиятда айнан Гризманнинг хизматлари улкан бўлади.
2-ўрин: Неймар (40 очко)
«Барселона»нинг «ПСЖ»га қарши жавоб ўйинидаги қаҳрамони, 7 дақиқа ичида иккита гол уриб, битта голга ассистентлик қилган бразилиялик футболчи айни пайтда ўта юксак даражадаги ўйин намойиш этмоқда. Мавсум бошини кутилганидек ўтказа олмаганига қарамай Неймар ҳам янги йилда ўз ўйинини топиб олди ва «ПСЖ»га қарши ўйин бунинг яққол исботи бўлди. Чемпионлар Лигасида энг яхши ассистент бўлиб турган ҳужумчи ҳозирда «Барселона»нин янги марралар сари етаклай оладиган даражага чиққан.
Неймар ҳозирда тўп билан Мессидан кўпроқ муомала қилиб, жамоаси ўйинида кўпроқ қатнашяпти. Кучли бешлик чемпионатларида иштирок этувчи футболчилар орасида барча мусобақаларда энг кўп ассистентлик қилган (19 та) Неймар ҳозирча 35 та ўйинда 14 та гол уришга ҳам эришган. Бир неча йиллардан буён Месси ва Роналдунинг издоши сифатида кўрилаётган Неймар ниҳоят 2017-йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун жуда яхши имкониятга эга.
1-ўрин: Лионел Месси (41 очко)
«Валенсия»га қарши сўнгги ўйинда дубл қайд этган Месси ушбу мавсумдаги ўзининг барча мусобқалардаги 40 ва 41-голларини урди. Бу билан у кетма-кет саккиз мавсум давомида 40 тадан ортиқ гол ураётган илк футболчига айланди. Аргентиналик футболчи ҳам мавсумни яхши бошлай олмаганди, бироқ ҳозирга келиб ҳам Чемпионлар Лигасида, ҳам Ла Лигада тўпурарлар пойгасида яққол етакчилик қилмоқда.
«ПСЖ»га қарши иккала ўйинда ҳам порлай олмаганига қарамай, Месси «Атлетико» 2:1 ҳисобида мағлуб этилган ўйинда иккала голга ҳам муаллифлик қилди, умуман у Ла Лигада жамоани «тортиб» юрган футболчидир. Шу йўсинда давом этса, Месси ўзининг олтинчи «Олтин тўп»ини айнан 2017 йилда қўлга киритиш учун яхши имкониятга эга бўлади.
Рейтингга кирган бошқа футболчилар: Дрис Мертенс (7 очко), Килиан Мбаппе (6 очко), Эден Азар (6 очко), Серхио Рамос (3 очко), Тиаго Алкантара (3 очко), Роберт Левандовски 1 очко ва Ража Наингголан (1 очко).