Футбол табиатан шунақа ҳунарки, ўхшаб турса — маҳорат, санъат, ўхшамаса, падарига минг лаънат. Кези келганда, Месси ҳам танқид-у маломатлар тошбўронида қолганини кўрганмиз. Моуриньо “Челси”дан ҳайдалади, деб ким ўйлаганди? Улар олдида Одил Аҳмедов, Бабаянга йўл бўлсин. Кимлардир, биздаги футбол савияси Европа, Американинг олди мамлакатлари сингари бўлсайди, бир ютқазиб қолдик, кейинги ўйиндаёқ ўзимизни ўнглаб олишимиз ҳам, жаҳон биринчилигига боришимиз ҳам аниқ, бунга қудратимиз етади, дея стадионни тўлдириб, футболчилар-у мураббийларимиз шаънига далда сўзларни ашула қилиб айтардик, нега тушунмайсиз, таги чатоқ, шунга куйиб кетяпмиз, эътирозини билдиришлари мумкин. Ўшаларга айтар сўзимиз: ҳа, яшанг, ана шу тагини, негизини муҳокама қилайлик, аза тутиш, айбдор қидириш беҳуда!
Футбол — бу катта сиёсат. ФИФАнинг неча йиллик “чинорлари”ни ағдарган ҳам, катта давлатлар ўртасини таранглаштириб турган ҳам футболдир. Нега шундай бу футбол, бу қурмағурнинг сири нимада?
Миллий футболимиз негизини яратиш жараёни бошланишида янгиси ҳали йўқ шароитда маъмурий-буйруқбозлик, коммунистик мафкура ва давлат иқтисоди ҳукмрон, эгалик ҳисси, шахсий манфаатдорлик ва эркинлик йўқ режимда туғилиб, илдиз отган, шаклланган совет футболи яроқсиз эканлиги, самара бермаслигини тарихнинг ўзи исботлаб қўйган эскисини қўллаб туриш, айтганимиздек, ўткинчи иложсизликдан эди. Шу билан бирга, фурсатни бой бермасдан, бу борада энг ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳар томонлама ўрганиб ва, албатта, ўз хусусиятларимизни ҳам инобатга олган ҳолда янгисини яратиш лозим эди. Фикри ожизимизча, бугунги ўзбек футболининг пойдевори мустаҳкам бўлмай, мураббий, омад ёки қандайдир мўъжизага боғлиқ бўлиб қолаётганлигининг бош сабаби янгисини эскича дунёқараш ва ёндашувлар асосида барпо этишга уриниб келаётганимиз билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ўтган йиллар ичида яратиб берилган барча шарт-шароит, ёшларимизнинг янгилик, энг юксак марра ва тажрибага интилувчанлиги, уларни сингдира олиш қобилияти мавжудлигига қарамай футболимизнинг сифат даражаси кўнгилдагидек эмаслиги яққол кўриниб турибди. Биз ҳам барча қатори жаҳон биринчилигига бориш тарафдоримиз. Бироқ орзуларимиз ушалган тақдирда ҳам мазкур ҳақиқат ўзгармас бўлиб қолаверади. Вақтинчалик ютуқ туғдирган димоғчоғлик ўтгач, узил-кесил ҳал этилмаган муаммолар яна чиқиб келаверади. Улар нималардан иборат?
Биринчиси, футбол клубларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва фаолияти замонавий эмаслигидадир. Бозор муносабатларига ўтдикми, бошқа тармоқлар қатори футбол тизими ҳам мазкур қоидаларда росмана яшашга ўрганиши керак. Яъни, аввало ҳар бир клубнинг ўз қонуний эгаси бўлсин, ҳоҳ якка шахс, хоҳ акциядорлик тартибида. Клубларимиз шундоқ ҳам акциядорлик жамияти шаклида тузилган-ку, эътирозини қабул қилолмаймиз. Чунки, улар асосан ҳомийлик йўли билан тириклигини яхши биламиз. Ҳомийлик — еб кетарга бериладиган ҳар қандай маблағ, ҳатто тоғдек бўлсин, ўпқонга тушгандек йўқ бўлиб кетаверади. Ваҳоланки, мазкур каттадан-катта маблағлар, нисбатан оз туюлса-да, аслида умумий қозонимиз — миллий иқтисодиётимизнинг бир бўлаги. Ҳозирги ҳолатда натижа бўйича ҳеч ким жавобгар эмас: на клуб, на футболчи, на мураббий. Клубнинг ҳақиқий, пули куяётган эгаси (эгалари) бўлса, қандай талаб қилиб олишни ҳам, ишни ташкил қилишни ҳам ўзи билади.
Замонавий футбол аллақачон катта ишбилармонликка айланиб бўлганига бежиз урғу бермадик. Бугунги футбол стадион — ўйин — телевизордан иборат томоша эмас. Мюнхеннинг “Бавария” жамоасининг даромадида чипталар 21, телетарқатув 23, тижорат фаолияти эса 53 фоизни (!) ташкил этади. Мазкур рақамлар орқали жаҳон профессионал клубларининг 33-38 миллиард долларлик йиллик даромадлари қандай шаклланаётгани ва иш ҳам шунга яраша йўлга қўйилаётганини илғаб олиш қийинмас.
Дунёнинг олди жамоалари ўз ишқибозлари уюшмаси — фан-клублари билан яқиндан ва ранг-баранг иш олиб боради. Мисол учун, арзимаган йиллик аъзолик бадали эвазига навқирон ишқибозларга рамзлар, чипталар сотиб олишда чегирмалар, турли тадбирлар, жумладан жамоа машғулотларига бепул таклиф этиш имтиёзларини тақдим этиш орқали тарафдорлари сафини тарбиялаб, кўпайтириб боради.
Буни ва яна кўп нарсаларни биз ҳам биламиз, лекин бизга ҳали бор, тайёр эмасмиз, дегучилар диққатига: ҳадеб “велосипед ихтиро қилавермасдан”, ўзимиз каби, аммо замонавий ёндашувларга дадил киришган мамлакатлар тажрибасига разм солайлик. Масалан, ўтган ҳафта ютганимиз Қатар (аҳолиси 1,9 миллион киши) футбол лигасининг 2010 йилги даромади 100 миллион долларни ташкил этгани ҳолда 2013 йилда 260 миллион долларгача ўсган бўлса, ушбу рақамлар Европа футбол тизимидаги Озарбайжонда (аҳолиси 9,5 миллион) 12-30 миллион, Арманистонда (аҳолиси 3,2 миллион) 1,2-3,5 миллион, Грузияда (аҳолиси 3,7 миллион) 2,7-20,7 миллион, Қозоғистонда (аҳолиси 17,5 миллион) 45-115 миллион долларга тенг бўлган. 2009 йили 0,5 миллион доллар даромад топган Таиланд (аҳолиси 70 миллион) лигаси уч йил ўтиб 30 миллион долларлик даражага, яъни 78 фоизлик ўсишга эришгани кишини ўйлантириши керак-ку, ахир!
Иккинчи муаммо — футболчи ва мураббийларни тайёрлашдек оғир масалага тегишлидир. Ушбу ўта жиддий, балки энг асосий йўналишда мамлакатимизда ҳамон эски мактаб услублари устуворлигига шубҳамиз йўқ. Шу маънода мустамлака замонида Минскнинг “Динамо” жамоаси гуркираган қисқа муддатда унинг мураббийси Э.Малофеевнинг намунавий машғулотларига бағишланган кўрсатув эсга тушади. У футболчиларга шундай кўрсатма берганди: тўп билан олдинга бордингми, албатта теп, сўнг тезда орқага қайт! Ҳозир ҳам майдонда тинмай югуриш, қарсиллатиб тепиш, босим ўтказиш асосий омиллар саналишига оид шахсан гувоҳ бўлган ҳолатлар етарлидир. Тўғри, улар ҳам даркор (айниқса жисмоний чидам), мазкурларни энг пешқадам жамоаларда ҳам кузатиш мумкин (дуч келган ёққа тепишдан ташқари, албатта). Бироқ футболчилар етиштиришдаги энг катта камчилик борки, уни неча йиллар бурун “Ювентус” жамоасига таклиф қилиниб, катта шов-шувга сабабчи бўлган, ҳозирда ушбу жамоада ёшларга мураббийлик қилаётган Илёс Зейтуллаев очиқлаб берди. Маълум вақт муқаддам қурган суҳбатида, Ўзбекистон ва Италияда футболчиларни тарбиялашдаги энг асосий фарқ нимада, саволига унинг жавоби шундай жаранглади: бизда болаликдан алдашга (яъни рақибни алдаб ўтишга), бу ерда эса майдонда ўйинни қандай уюштириш бўйича фикрлашга ўргатилади!
Ўз мураббийларимизни ерга уришдан мутлақо йироқмиз. Улар шахсий савия ва имкони даражасида астойдил тер тўкаётганидан яхши хабардормиз. Шу билан бирга, чет эллик илғор мактаблардан, машҳурларини эмас, индамай ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиш қон-қонига сингиб кетган мутахассисларни таклиф қилиб, болаларни ўшаларга топшириш керак, деб ишонамиз. Йиллар ўтиб, натижа бўлишига шубҳа йўқ. Шу маънода 1998 йилги жаҳон биринчилигида чорак финалдан чиқолмаган, 2000 йилги Европа биринчилигида гуруҳда бир очко ололган немислар ушбу муваффақиятсизлик-фожиани холис ва ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келганлар: футболчиларни тайёрлаш ишини тубдан ўзгартириш! Шу тариқа мамлакат футбол федерациясининг ёш қобилиятларни топиш ва парваришлашга қаратилган кенг кўламли “Истеъдод истаб” (“Talentforderung”) дастури ишлаб чиқилган ва 2002 йилдан ҳаётга татбиқ этила бошланган. 2014 йили эса мевасини ҳам олдилар — ярим финалда мезбон Бразилияни 7:1, финалда Месси Аргентинасини 1:0 ҳисобида енгиб, жаҳон чемпиони бўлдилар.
Яна бир гап. Бир пайтлар “Спорт” телеканали “Бунёдкор”да тўп сурган машҳур Ривалдўдан, Ўзбекистон ва Бразилияда болалар учун бу борада яратилган шароитларга муносабати ҳақида сўраганида, “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасдан” мана бу ҳақиқатни айтганди: мен ўта камбағал оилада туғилганман, мактабга боришга пулимиз йўқ эди, ўзимни футболга бағишладим, ўз устимда тинмай ишладим, шу тариқа машҳур футболчи бўлиш ва оиламни қашшоқликдан қутқариш орзусида тақир ерларда тер тўкдим ва бунга эришдим, сизларда эса ёшларга барчаси муҳайё, мактаблар текин, тўгараклар, майдонлар, стадионлар уларга мунтазир, менингча, шу нарса уларни бамайлихотирроқ қилиб қўйган бўлса керак!..
Албатта, бу ишлар бирдан бўлмайди, лекин киришиш ҳам керак-ку. Ўтган чорак аср қандай ғизиллаб ўтиб кетган бўлса, буёғи ҳам шундай бўлиши муқаррар. Тайёргарлик кўриб, кенг муҳокамадан сўнг узил-кесил ҳал қилиб, футбол саноатимизни замонавий йўлга солиб юбориш лозим. Соҳа қонунчилигини яратиш, имтиёзлар бериш, давлат ва жамоатчилик назоратини қаттиқ ўрнатиш сингари ташкилий-ҳуқуқий қадамлар ҳам зарур бўлади. Бирдан натижа бўлмаслиги, хатолар, қоқилишлар юзага чиқиши турган гап. Бироқ яқин йилларда жараён қолипга тушиб кетиши, янгича тизим ишлай бошлашига ишончимиз комил.