Бразилия терма жамоаси устози Тите Goal нашрига эксклюзив интервью берди.
Терма жамоа билан 8 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган Тите бунақанги дебютни орзу қилмаган бўлса ҳам керак. 2016-йилда Бразилиянинг “Копа Америка”даги омадсиз иштирокидан кейин истеъфога чиқарилган Дунганинг ўрнига келган Тите ҳозирча юқори нотада фаолият юритмоқда. 56 ёшли мураббий қўли остидаги терма жамоа Россияда бўлиб ўтадиган Мундиалга аллақачон йўлланмани нақд қилиб қўйган.
Неймар клубдаги каби термада ҳам айни позицияда
77 учрашувда 52 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган Неймар терма жамоасини олға бошлаб бормоқда. Ўтган йили Рио де Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида терма жамоасининг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшган 25 ёшли ҳужумчи Тите жамоасининг муҳим бўлагига айланган. Пентакампеонлар устози у ҳақида қуйидаги фикрларини билдириб ўтди: “Неймар бизга Олимпиададан кейин келиб қўшилди. Ўшанда терма жамоа устози сифатида ундан нималар кутаётганимни тушунтириб бердим. Мен унга термада ҳам клубдаги каби ўз позициясида ўйнашини аниқ қилиб айтдим. Бу унинг позицияси, шу позиция учун етиштирилган.”
Тактик жиҳатдан, Тите Виллиан, Коутинё, Дуглас Коста ёки Неймар каби вингерлардан унумли фойдаланишни яхши кўради. « Биз 4-3-3 схемасини такомиллаштирмоқдамиз, аммо бу вазиятга қараб 4-4-2 га ўзгариши мумкин. Бунда Неймар иккинчи ҳужумчи вазифасини бажариб беради. Мен шогирдларимга мажбуриятларини тақсимлаб бераман. Неймар бутун босимни ўзига олиши керак эмас, айниқса омадимиз чопмаган пайтларда. »
Габриэл Жезус Мундиалда асосий таркибда ўйнайдими ?
Терма жамоа устозлигига тайинланганидан бери Тите бутун Бразилия ва Европани лол қолдириб келаётган ҳужумчини кузатиб бормоқда. Қишки трансфер бозорида « Манчестер Сити »га 32 миллион евро эвазига келиб қўшилган 20 ёшли ҳужумчи 2 ой жиддий жароҳат олиб майдондан ташқарида қолиб кетганига қарамай ўзининг ажойиб иқтидорини намойиш эта олди. Габриэл Жезус 2018-йилги Мундиалда Фирминё билан мувозанатни ушлаган ҳолда галма-гал асосий таркибда жой олиши керак. Албатта буни футболчиларнинг Мундиалга қандай спорт ҳолатида етиб келишига боғлиқ бўлади.
Бразилия бир йилдан кейин қандай мақомда бўлади?
Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилиб қўйган Тите олдида яхши тайёргарлик кўриши учун етарлича вақт бор. Мураббийнинг тан олишича жамоа ҳали тўлиқ тайёр эмас ва қилинадиган ишлар ҳали кўп. Бу ҳақида қуйидагича изоҳлади: “Биз бир-биримизни яхши билиб олишимиз ва ўйинчиларга имконият беришимиз керак бўлади. Мен бу таркибдан хурсандман. Шунингдек, Алекс Сандро, Давид Луис, Жемерсон, Дуду, Густаво Скарпа ва бошқа футболчиларни синовдан ўтказишим мукин бўлади.”
Тиаго Силва жамоадошларини саралаш босқичида яна тўртта учрашув кутиб турибди. Терма жамоа Эквадор ва Чилини ўз уйида қабул қилса, Боливия ва Колумбияга қарши баҳсларни меҳмонда ўтказади. Ундан аввал бўлиб ўтадиган Конфедерациялар Кубоги жамоа шаклланиши учун ажойиб синов вазифасини ўтаб беради.