Жозе Моуриньо ёзда трансфер рекордини янгилашини айтди. “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти эса жамоани кучайтириш учун пулни тайёрлашмоқда. Биз эса жамоанинг охирги 10 йил ичидаги энг омадсиз трансферларини кўриб чиқамиз.
Бебе
Мавсум: 2010/2011
Қаердан: “Витория Гимарайнш”
Нархи: 9 млн евро
“МЮ”даги фаолияти: 7 та ўйин, 2 та гол
Бебенинг ҳаёти эртак каби тарихга кириши мумкин эди. Бир неча йил деганда уйсиз болакай Англия чемпионатини ва Португалия терма жамоасини забт этиши керак эди.
Ҳеч ким танимайдиган футболчига Фергюсон ўз ёрдамчисига ишонган ҳолда 9 млн евро беришга рози бўлди. “Эштрел” жамоаси бош мураббийи Жорже Пакшаё Бебенинг техникаси ва тезлигини мақтаб, унинг ўйин услубини эскича кўча ўйинига ўхшатди. Ҳатто Сер Алекс биринчи машғулотдан сўнг Бебеда талант борлигини айтиб ўтган. “У техникаси жуда юқори ва тезкор ўйинчи. Икки оёғи билан бир хил ўйнай олиш қобилияти бор. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат”, – деганди Фергюсон.
Бебенинг Манчестердаги фаолияти бошқа клубдаги фаолиятига ўхшаб омадсиз кечди. Ҳозир ўйинчи 26 ёшда ва Испаниянинг камтарона “Эйбар” жамоасида тўп сурмоқда
Оуэн Ҳаргривс
Мавсум: 2007/2008
Қаердан: “Бавария”
Нархи: 25 млн евро
“МЮ”даги фаолияти: 39 та ўйин, 2 та гол ва 2 та голли узатма
Канаданинг Калгари шаҳрида туғилган Оуэн хоккей спорт турини танлаши мумкин эди. Ахир хоккей Канадада 1-рақамли спорт тури ҳисобланади. Аммо Ҳаргривс футболни танлади. Ёш ўйинчининг биринчи омадли ўйинларидан сўнг “Бавария” скаутлари дарров пайқаб қолишади ва ўйинчини сотиб олишади.
Оуэн 16 ёшида ўзига мутлақо бегона бўлган шаҳарга тушиб қолади. Мана шу бегона шаҳарда 7 йил ҳаракат қилиб, жамоа билан бирга Германия чемпиони ва Чемпионлар лигаси соҳибига айланади. Англия терма жамоасига чақирилади. Кейинчалик терма жамоа сафида 40 та ўйинда майдога чиқади.
Немислар сафида 200 та ўйинда майдонга тушгандан сўнг, Оуэн ўз ватанига қайтишга аҳд қилади. “Қизил иблислар” ярим ҳимоячи учун 25 млн еврони аяшмайди. Бироқ манчестерликлар адашишди.
Биринчи мавсумдаёқ футболчини тизза жароҳати безовта қила бошлади. Шундай бўлса-да, у 30 та ўйинда майдонга тушиб, Чемпионлар лигасини ютишда ҳисса қўшди. Бу унинг фаолиятидаги охирги ўтказган яхши мавсуми бўлди. Шундан кейин 2 мавсум ичида атиги 3 маротаба майдонга тушди.
Фаолиятини тиклаш учун Ҳаргривс Манчестернинг бошқа клубига ўтади. У ерда ҳам 1 марта кўпроқ майдонга тушади, холос.
Ник Пауэлл
Мавсум: 2012/2013
Қаердан: “Крю Александра”
Нархи: 7,5 млн евро
“МЮ”даги фаолияти: 9 та ўйин, 1 та гол
Ник Пауэл — истеъдодли ва қалтис характерга эга ўйинчи. Биринчи хислати унинг Лига 2 дан Премер лигагача бўлган йўлни босиб ўтишига ёрдам берган бўлса, иккинчи хислати мана шу меҳнатларини чипакка чиқарган.
“Манчестер Юнайтед”га ўтган пайтида ван Перси ва Кагава каби ўйинчилар тўп суришарди. Мана шу таркиб билан “МЮ” АПЛни қўлга киритди. Никнинг дебют ўйини ёмон кечмади. Дебют ўйинидаёқ гол урди ва мана шу гол “Қизил иблислар” сафидаги ягона голи бўлиб қолди.
Анхел Ди Мария
Мавсум: 2014/2015
Қаердан: “Реал Мадрид”
Нархи: 75 млн евро
“МЮ”даги фаолияти: 32 та ўйин, 4 та гол ва 12 та голли узатма
“Реал” (аниқроғи, президенти Флорентино Перес) ҳамиша ҳар мавсум катта трансфер амалга ошириб туриши керак. Ди Марияга рақобатчи сифатида Бейл, Хамес ва Иско каби ўйинчиларни йиғади. Натижада “Қизил иблислар” таклиф қилган пулга рад жавобини бера олишмайди.
Ди Мария “Реал”да Роналду билан бирга ажойиб тандем уюштирган бўлса, “МЮ”да айнан Роналду ўринбосари сифатида қабул қилиб олишди ва 7 рақамни беришди. Аммо ҳаммаси омадсиз кечди. Бунда унинг айби йўқ. Чунки ван Гал фалсафасини кўпчилик футболчилар тушунишмади.
Мемфис Депай
Мавсум: 2015/2016
Қаердан: “ПСВ”
Нархи: 34 млн евро
“МЮ”даги фаолияти: 56 та ўйин, 7 та гол ва 7 та голли узатма
Депай бир мавсум ичида Голландиянинг энг яхши ўйинчиси номидан заҳира ўйинчиси номига тушиб кетди. Охир-оқибат на ван Галга, на Моуринёга керак бўлиб қолди. Ҳар доимгидек техника ва дриблинглари боис уни “янги Роналду” дея аташиб, 7 рақамни беришди. Аммо фаолияти омадсиз кечди.
Депай ва ниҳоят “қизил иблислар”ни тарк этган ҳолда “Лион” жамоасига йўл олди. Ҳали 22 ёшда. Унинг фаолияти энди бошланмоқда. Ҳамма нарса ўзига боғлиқ.