Кириш Регистрация
02/05 00:00 Боруссия Д 1-0 ПСЖ
02/05 20:30 Ироқ 2-1 Индонезия
02/05 23:30 Челси 2-0 Тоттенхэм
03/05 20:30 Япония - Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза - Монпелье
03/05 23:45 Торино - Болонья
04/05 00:00 Лутон - Эвертон
04/05 00:00 Ланс - Лорьян
04/05 00:00 Хетафе - Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико

АПЛнинг янги вакили «Ҳаддерсфилд» ҳақида нималарни биламиз?

Баҳо:
+ | -

Молиявий имкониятлари ҳаминқадар, ҳали оммага унчалик танилишга улгурмаган «Ҳаддерсфилд Таун» жамоаси «Ньюкасл» ва «Брайтон» қатори Англия премьер-лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Bombardir.ru шу муносабат билан чемпионшипда шов-шув кўтарган клуб ва унинг асосчиси Давид Вагнер ҳақида сўз юритишга қарор қилди. Дарҳақиқат, бу шахс туманли ўлкада кичик «Боруссия»ни яратди.

Ўтган мавсум бошида Дортмунднинг «Боруссия» клуби захира таркиби собиқ мураббийи «Ҳаддерсфилд Таун»да иш бошлаб, жамоани чемпионшипдан янги босқичга олиб чиқди. Энди «терьерлар» АПЛда қатнашишади. Вагнернинг ниятини анг­лаш қийин эмас: у «Ҳаддерсфилд»дан кичик «Боруссия» яратмоқчи. Германиялик мутахассис бу йўлда турли услубларга мурожаат этмоқда. Ҳаттоки, шогирдлари ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш учун уларни Швециядаги ёввойи шарт-шароитларда синади.

Давид Вагнер Юрген Клоппдан фарқли ўлароқ, жамоаси ўйинига «хэви-метал» атамасини қўлламайди. Мураббийнинг бу борада ўз қарашлари мавжуд: «Энди биз ўз ўйинимизни терьер услуби, деб атаяпмиз». Вагнер ўзини Клопп билан солиштираверишларини хоҳламайди, ваҳоланки «Ливерпул»нинг бугунги кундаги устози Давиднинг фаолиятида катта роль ўйнаган. Улар биргаликда «Майнц»да тўп суришган, дўстлашишган ва айнан Клопп уни мураббийлик фаолиятини бошлашга кўндирган. «Бу айнан мен ёқтирган услуб - терьерлар каби ўйнаш. Биз итларнинг энг йирик зотидан эмасмиз. Кичкинамиз, аммо ҳамиша тажовузкормиз, ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Катта итлар билан рақобатлашишни хоҳлаймиз, тезкормиз, сабр-бардошлимиз. Ҳеч қачон таслим бўлмаймиз. Жанговар руҳ бизга ҳамиша ҳамроҳ», - дейди Вагнер.

Англаганингиздек, «Ҳаддерсфилд»­нинг лақаби - «терьерлар» (ит зоти). Давид Вагнерни бу клубда кутишаётганди. Клубнинг барча совринлари ўтган юз йилликнинг 20-йилларида қўлга киритилган, ўша кезлари жамоа­ни буюк Герберт Чэпмэн бошқарганди. У «Арсенал»га кетгач, «Ҳаддерсфилд» яна бир неча йил Англия футболи элитасида қатнашди, сўнгра уруш йилларидан кейин ҳам бир-икки марта улкан натижалар қайд этди. Премьер-лигага асос солинган паллада эса назардан четда қолганди.

Чемпионшипнинг бу галги мавсумида дастлабки 11та ўйиндан сўнг «Ҳаддерсфилд» чемпионатнинг асосий фаворитлари - «Норвич» ва «Ньюкасл»ни очколар бўйича ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаб турганди. «Терьерлар» бешта уй учрашувида муваффақият қозонишди, иккинчи турдаёқ сафарда «Ньюкасл»ни мағлубиятга учратишди, бу пайтга қадар эришилган саккизта ғалаба эса битта гол фарқи билан қўлга киритилганди - 1:0 ёки 2:1. «Рединг» ва «Брайтон»га ҳам 0:1 ҳисобида ютқазишди.

Ҳаддерсфилдда Клаудио Раньери тактикасига таянган ҳолда премьер-лига ҳақида оғиз очишмади. 1962 йилдан сўнг илк марта мусобақани принципиал рақиб - «Лидс»дан юқорироқда якунлаш ҳам жамоа учун катта натижадек туюлди. Давид Вагнер рўй бераётган воқеалардан роҳатланарди: «Олдимга мақсад қўймайман, чунки улар баъзан чекловга етаклайди, биз эса чегара бўлишини хоҳламаймиз. Мен хаёлпараст эмас, ишчиман».

У шогирдларида ҳам худди шундай меҳнаткашларни кўради. «Ҳаддерсфилд»даги илк кунлариданоқ Вагнер қўшалоқ машғулотларни йўлга қўйди, ҳаттоки, жамоа эртасига кундузи соат учда ўйнаши лозим бўлса ҳам енгиллик яратишни ўйламади. Футболчиларнинг унга қарши норозилик билдиришлари кутилганди, аммо Вагнер ўзи учун керакли одамларни топа билди: «Бу мен учун ажойиб сюрприз ва энг катта ёрдам бўлди - ўйинчилардан ҳеч бири эътироз билдирмади, айниқса, Дин Уайт­хэд ва Марк Хадсон сингари тажрибали футболчилар ўзларини ижобий томондан кўрсата олишди. Уларни профессионал билиб, мазкур омил янада куч бағишлашини исботласангиз, шогирдларингиз ҳар бир гапингизга қулоқ тутишади. Жамоада омадимнинг келгани ҳам шундан - улар янги марраларни забт этишга тайёр эдилар».

Вагнер ўтган мавсум келганди, шу заҳоти «Ҳаддерсфилд»нинг натижалари яхшилана бошлади, аммо чемпионат якунида клуб бироз енгил тин олгани панд бериб, «Бристоль» (0:4) ва «Брентфорд» (1:5)га ютқазди. Вагнер дастлабки мавсумолди тайёргарлик улкан аҳамият касб этишини биларди. Боз устига, у ёзда 13 нафар ижара ўйинчиларини олиб келди, улар орасида ўзи туғилиб-ўсган Германиядан тўрт ҳамюрти бор эди. «Ҳаддерсфилд» илк бор шундай географик ўзгаришларга дуч келди. Биринчи марта жамоани британиялик бўлмаган мутахассис бошқарди, таркибдагиларнинг ярми чегара ортидан келган. Қайиқ аста-секин жойидан жила бошлаганди. Экстремал вазиятда Вагнер ностандарт йўлни танлашга қарор қилди: «Сафимизда кўплаб янги футболчилар борлиги, улардан юз йилдан кўпроқ тарих ва анъанага эга клубга келишганини англаш талаб этиларди. Швецияга тўрт кунлик саёҳат уюштирдик, ўзимиз билан тўп олмадик. Ёввойи шароитларда яшадик - электр, ҳожатхона, кровать, мобил телефон ва интернет йўқ эди. Қорин очдими - ана, қармоқни ол-да, балиқ тут. Чанқадингми - кўлга бориб, идишни сувга тўлдир. Совуқ қотсанг, гулхан ёқ».

Жамоага махсус гидлар ёрдам беришди, лекин барибир, футболчилар шу тариқа тезда бир-бирлари билан танишишди, улар ўртасида ҳамжиҳатлик пайдо бўлди. Вагнернинг мазкур саёҳатдан кўзлаган асосий мақсади ўзаро муносабатларнинг ижобий тус олишини таъминлаш эди. «Ишончим комилки, жамоадошингизни қанчалик яхши билсангиз, у билан майдонда шунча тез тил топиша оласиз. Шу тўрт кун ичида ҳар қандай тўсиқлар олиб ташланди. Орадан уч ой ўтган паллада айтишим мумкинки, мавсум стартидаги муваффақиятимиз 100 фоиз шу саёҳат билан боғлиқ», - деди у.

Шунга қарамай, Вагнерни ўта қаттиққўл мураббий дейиш қийин. Машғулотлар пайти унинг юзида тез-тез табассум пайдо бўлади, ишга тўғри ёндашишга уринади. Мисол учун, мутахассис клубга диетолог танлашни назорат қилди, қолаверса, янги ўйинчилар шартномасига янги бандлар киритди: улар яшаётган хонадон ва машғулот базаси ўртасидаги масофа 15 милдан ошмаслиги шарт, зеро машқлардан сўнг узоқ йўл юриш тикланиш жараёнига салбий таъсир ўтказади. Давид биология ва спортдаги билимларни Дармштадт университетида олган, у ерни 2005 йили якунлаган. «Қайсидир паллада футболга иштиёқим йўқолгандек туюлди, шу боис миллионлар ўйинидан муайян фан сифатида кўпроқ тушунча олиш мақсадида ўқишга қарор қилдим, - дея эслайди Вагнер. - Бу ҳойнаҳой, ҳаётимдаги энг оғир беш йил бўлди, аммо барибир, ниятимга етдим. Тахминан икки йилдан сўнг яна футболга қайтиш истаги туғилди».

Юрген Клопп ушбу иштиёқнинг қайтишида асосий сабабчилардан бири бўлган. «Сўнгги имтиҳонимни топширишимдан бир неча кун аввал Юрген шундай деганди: «Сен профессионал футболчи бўлгансан, шундай экан, ўқиш якунлангач, УЕФА лицензиясини ҳам олишни унутма. Шу тариқа миллионлар ўйинига кириш эшигини очиқлигича қолдиришинг мумкин».

Вагнер имтиҳондан сўнг айнан шундай йўл тутди. Икки йил «Ҳоффенҳайм» ўсмирлар жамоасида ишлагач, яна мактабга қайтди. УЕФАдаги таълим олиш жараёнида Вагнер ўқитувчилик ҳам қилди, курс якунланиши арафасида эса Клопп уни Дортмундга келишга кўндирди. Давид бу ерда захира жамоасига мураббийлик қилди. Кейинги тўрт йил мобайнида у Дортмундга хос услубга таяниб, «Боруссия II»ни учинчи бундеслигага олиб чиқди. Мазкур услуб «Хаддерсфилд» раҳбари Дин Хойлда ёрқин таассурот қолдиргач, Вагнерга Йоркширда «кичик «Боруссия»га асос солиш таклифи билан чиқишди.

«Албатта, услубимиз асоси «Боруссия»дан олинган, - дейди Вагнер. - Аммо кўп жиҳатлар бўйича Англия муҳитига кўникишимизга тўғри келди. Масалан, ҳакамлар бу ерда кам ҳуштак чалишади, шу боис ўйинда танаффуслар кам, футболчилар 70-дақиқадаёқ чарчаб қолишади. Балки ғалаба қозонаётганимизда иккинчи голни уришга интилмай, тўпни ўзимизда сақлаб туриш маъқулдир, лекин мазкур масалада шогирдларимга тақиқ қўёлмасдим».

Умуман, «Ҳаддерсфилд» худди гирдоб каби тўп суради. Жамоанинг мафтункор ўйин услуби ёзда 15 мингта абонемент сотилишига сабаб бўлди («Жон Смит Стэдиум» эса жами 24500 кишига мўлжалланган). Ўтган йилнинг августида томошабин ташрифи бўйича энг яхши кўрсаткич қайд этилиб, мавсум очилишини стадиондан 18479 мухлис кузатди.

Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келадиган дастлабки халқаро танаффус пайтида Вагнер шогирдларини «Ливерпул»нинг Мелвуддаги базасига олиб бориб, ўртоқлик баҳсида Клопп шогирдларини мағлуб этди. Мерсисайдиклар сафида терма жамоага чақирилмаганлар тўп суришганини алоҳида таъкидлаш лозим. Балки, германияликлар муваффақиятни такрорлаб, буни анъанага айлантиришар, аммо ўша паллада кўпчиликни бошқа савол ўйлантирарди: «Ҳаддерсфилд» кейинчалик ҳам етакчилар қаторида бориб, жиддий синовларни енга билармикан?

Вагнер эса ўша паллада шундай деди: «Хавотирга асос йўқ. Муҳими, машғулотлардаги қизғинлик ва ўйинчилар тикланиш жараёнида ўртадаги мувозанатни сақлашимиз лозим. Бу борада менда муаммо йўқлигини ҳамма билади. Умуман, ўсиш ва ривожланиш лозим бўлган жабҳалар кўп ва ҳозир биз айнан йўл бошида турибмиз».

«Ҳаддерсфилд» чемпионшипни бешинчи ўринда якунлаб, «плей-офф» ярим финали жавоб учрашувида пенальтилар сериясида «Шеффилд Уэнсдей»ни таслим қилди. Яп Стамнинг «Рединг»ига қарши кечган финалда эса Вагнер бошчилигидаги жамоа учрашув бошидаёқ ўта қулай вазиятни кўкка совурди: Браун бўш қолган дарвозани яқин масофадан ишғол қила билмади. 120 дақиқа гол кузатилмади, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида дастлаб «Хаддерсфилд» 2:3 ҳисобида ортда бораётганди. Аммо якунда рақибнинг асаблари дош бермади - «Рединг»нинг кейинги икки зарбаси ноаниқ бўлди. «Хаддерсфилд» ўйинчилари эса ўз имкониятларидан унумли фойдаланиб, серияни 4:3 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишди. Шу тариқа «терь­ерлар»нинг кейинги мавсум АПЛда қатнашишлари ойдинлашди.

 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:49, 14.06.2017.
Ўқилди: 3957 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.