«Реал» ҳаётида чуқур из қолдиган бразилиялик Каземиро El Chiringuito de Jugones нашрига берган интервьюсида илк марта нега «МЮ»га кетишни хоҳлагани хусусида ошкора гапирди.
Яна «Қироллик клуби» билан хайрлашиш масаласида уни роса иккилантирган лаҳзага алоҳида тўхталди.
- «Реал»га хос ДНК». Жамоа сафида катта йўлни босиб ўтган футболчи сифатида буни қандай тушунтира оласиз?
- Очиғи, буни тушунтириб беришим қийин. Оддий мисол, «Реал» ҳар сафар ЧЛнинг муҳим палласида мутлақо ўзгаради. Дейлик, Холанднинг зарбасидан сўнг тўп нари борса, тўсинга тегади... Қисқаси, жамоа энг зарур вазиятда ақлга сиғмас ишларни уддаламоқда. ДНК - бу ғалаба қозониш мажбурияти. Агар клуб фақат Ла Лигада ғолиб чиқса, ҳамма ЧЛ ҳақида сўрайди. «Мадрид»да ҳамиша шундай. Асосийси, юқори талаблар жамоа футболчиларини асло чарчатмайди, аксинча, завқлантиради. Умуман, «Реал»да ҳар куни кучли босим баробарида завқ туйғусини ҳам туясиз.
- «Реал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги охирги ўйинни қандай томоша қилдингиз?
- Тўғриси, агар мадридлик бўлганимда, қаттиқ азобланардим. Ҳа, «Реал» катта тўсиқдан ўтди, аммо ўз мухлисларини таҳликада ушлаб турди, жумладан, мен ҳам бутун вақт давомида қандайдир хавотирда ўтирдим. «Сити»нинг ўта кучли таркиб ва майдонда нималар бўлаётганини теран тушунадиган ақл бовар қилмас мураббийга эгалиги ҳаммага аён. Шундан бўлса керак, «Мадрид» ҳимояланди, ҳимояланди ва фақат ҳимояланди. Якуний натижадан эса жуда хурсандман, айниқса, собиқ жамоадошларим учун.
- Англияда ҳаёт тарзи қандай экан?
- Ҳаммаси яхши, жуда зўр. АПЛ - тенгсиз турнир ва унда ўйнаш ажойиб. Оилам ҳам янги муҳитга яхши мослашди.
- Криштиану Роналду ва Лионель Месси рақобати ҳақида икки оғиз...
- Ҳаммамиз ҳар иккиси ўйинидан роса завқландик, албатта. Аммо Лео ва Криш футбол учун нечоғли катта хизмат қилишганини ҳали ҳам теран англамадик. Қаранг, Роналду ҳамон эътибор марказида. Ҳар ҳолда, ўтган йили 50тадан ортиқ гол урди. Хўш, бундай футболчи ҳақида нима дейиш мумкин? Таъриф ортиқча!
- Роналду ва Месси вориси сифатида кўрсатилаётган Килиан Мбаппе ҳақида нима дейсиз?
- Ҳа, Килиан бугун дунёдаги энг яхши футболчилардан бири, эҳтимолки, энг яхшисидир - жуда тезкор, ақлли ва чинакам «йиртқич». Килиан менга кўпроқ Криштиануни эслатмоқда. Дейлик, майдонда бўлса, рақиб дарвозасига ҳар дақиқада таҳдид солади. Криштиану ҳам худди шундай эди, гол исини дарҳол оларди. Бугунги Мбаппе ҳар қандай рақиб учун даҳшатнинг ўзгинаси. Ҳа, у «Барса»га қарши баҳсда яхши ўйнамади, аммо 2та гол урди, барибир!
- «Реал»дан кетишингиз осон бўлмагандир?
- Жамоа билан имкони бор барча совринларни ютдим. Лекин ғалабага тўйганим эмас, шунчаки, янги тажрибани синаб кўришни хоҳлаганим ортидан кетишга қарор қилдим. Албатта, «Мадрид»дан кўнгил узиб кетиш осон эмасди, лекин янги чемпионатда ўйнаш, янги тил ўрганиш иштиёқи тинчлик бермади. Қолаверса, «МЮ»нинг муносабати илк кунданоқ жуда яхши эди. Шу тариқа ЧЛда навбатдаги ғалабани нишонлаганимиздан кейин фурсати келганини англадим. Яъни фаолиятимнинг «Мадрид»даги босқичи тугаганини. Бинобарин, бошқа клубга бориб, ўсишда давом этиш учун муносиб ёшда эдим. Якуний тўхтамга келишда роса қийналганим рост, ахир «Реал»да мени чинакамига яхши кўришарди. Жамоадаги охирги кунлар ҳеч эсимдан чиқмайди. Трансфер учун ҳаммаси тайёр эди, фақат тиббий кўрикдан ўтиб, шартномага имзо чекишим қолганди. Анчелотти билан гаплашиш учун унинг ёнига бордим. Хонасига кирсам, йиғлаб ўтирган экан. Дон Карло кетишимни асло истамаслиги, мени ниҳоятда қадрлашини айтди. Айни ўша лаҳзада кетиш борасида қаттиқ иккиландим. Бироқ бу вақтда аллақачон «МЮ»га сўз бергандим ва ваъдамга хилоф иш тутолмасдим.
М. ПЎЛАТОВ тайёрлади