Жорий йилнинг 16 июнь куни Дэви Классен 27 млн. евро эвазига «Эвертон»га кўчиб ўтди. Ливерпулликлар «Аякс» сардори билан 5 йиллик шартнома имзолашди. Хўш, бу футболчи ким ўзи? У шундай ишончни оқлай оладими?
Муқаддима
Дэви Голландия шимолидаги Хилверсюм провинциясида туғилган. 11 ёшигача у «Де Зебрас» ва «Васмере» сингари маҳаллий клубларда ўйнади, сўнгра «Аякс» скаутлари унга эътибор қаратишди. «Де Тукомст» (голланд тилида - «Келажак») академиясига кириш осонмас - у ерда ўйинчилар жиддий қоидалар асосида сараланади, шу боис кўпчилик дастлабки йиллардаёқ ушбу таълим масканини тарк этишади. Аммо Классен Амстердамга тезда мослашди, ўсмирлар термасидан таклиф олди, турли ёш тоифаларида миллий чемпионат ғолибига айланди.
Дэвининг юлдузли онлари Nextgen Series-2011|2012 турнирига тўғри келиб, иқтидорли футболчи форвард позициясида тўп суриб, 5та гол урди. Айнан ўшанда унга Франк де Бур эътибор қаратди.
Кройфф
2011 йилнинг ноябрида Дэви асосий жамоадаги дебютини нишонлади - 18 ёшида, боз устига, Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Лион»га қарши кечган баҳсда. Яқин бир ҳафтадан сўнг Классен илк бор чемпионат доирасидаги учрашувда ҳам майдонга тушди - захирадан ўйинга қўшилганига 42 сония бўлиб улгурмай, НЕК дарвозасига дебют голини урди.
Оғир жароҳат Дэвининг фаолиятига нуқта қўйиши ҳам мумкин эди, аммо Йохан Кройфф ёш футболчининг халоскорига айланди: голландиялик афсона Барселонадан зарур мутахассисни олиб келиб, Классеннинг тикланиш жараёнини шахсан назорат қилди, мунтазам шифохонага бориб, уни йўқлади.
«Бундай футболчиларни соғинаман», - деганди Кройфф унинг салоҳиятини («майдонда позиция танлаш ва ўйинни синхронлашда ақл билан иш тутади») алоҳида эътироф этаркан, феъл-атворини ҳам мақтади («менга пулни танламай, бор эътиборини ўз устида ишлашга қаратадиганлар ёқади»).
Классен 2014 йили Йохан Кройфф номидаги мукофотга лойиқ кўрилди - эредивизияда мавсумнинг энг ёрқин иқтидорига айланди. Тақдирлаш маросимида, албатта, Кройфф ҳам қатнашди (ахир, у ҳайъат аъзоси эди). Унинг тадбирда айтганлари эса Дэви ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун етарли эди: «Ёш эканлигига қарамай, Классен зиммасига қандай масъулият юкланганини билади. У шу қадар кўп тажриба тўпладики, аксарият навқирон футболчилар олдида фахрийга ўхшаб кўриниши муқаррар». Афсонадан шундай эътироф эшитиш - бу ҳақиқий сифат белгиси.
Бергкамп
Ўша йили Классен илк бор сардорлик боғичини тақди - бу воқеа ЕЧЛ доирасидаги «ПСЖ»га қарши баҳсда кузатилди. Мазкур баҳсда ҳам гол урди. Келгуси ёзда Дэви тўлақонли сардорга айланиб, эредивизиянинг энг яхши футболчиси номига лойиқ кўрилди. Ушбу мукофотни унинг тақдирига алоқадор яна бир муҳим шахс - Деннис Бергкамп топширди. «Аякс» ва «Арсенал» афсонаси Классен билан футболчи U-16 жамоасида ўйнаб юрган кезлариёқ астойдил шуғулланганди. Дэвини ҳаттоки, «иккинчи Бергкамп» деб аташарди.
«У тўпга кўнгилдагидек зарба бериш, турли ҳудудларга очилиш бўйича кўплаб фойдали тавсиялар берарди. Денниснинг маслаҳатлари ўсиш жараёнида менга кўп асқотди», - дейди Классен. Бергкамп эса ёш иқтидорни ўзига ўхшатишларини маъқулламасада, барибир, ижобий фикр билдирди: «Бизни солиштиришлари нотўғри - у ярим ҳимоячи, мен эса ҳужумда тўп сурганман. Дэвининг ўсиш жараёнидан мамнунман, у қисқа муддатда жамоа етакчиси ролини қабул қилиб олди».
Классен «Аякс» сафида жами 180та ўйин ўтказиб, 55та гол урди. Клуби билан учта чемпионлик «лагани»га эга чиқиб, Голландия суперкубогида зафар қучди, Европа Лигаси финалида ўйнади. Ва энг асосийси - ишқибозлар ҳурмати ва муҳаббатига сазовор бўлди. Унинг феъл-атвори, ҳозиржавоблиги ва соддалиги кўпчиликка маъқул келди.
2013 йили «Амстердам-Арена»да «Барселона»га қарши кечган баҳсда нохуш воқеа рўй берди - «Аякс» мухлисларидан бири трибунадан бетон устига қулади. Классен бундан хабар топгач, жабрланувчи жойлаштирилган шифохонани топиб, ўйинда кийган либосини унга совға қилди. Бундай хайрли ишлар ишқибозлар, айниқса, «Аякс»нинг инжиқтабиат фанатларида ҳам меҳр туйғусини жўш урдириши турган гап.
Услуби
Классен - универсал. Фаолияти бошида ҳужумга яқин чизиқда тўп сурди, ҳаттоки, форвард ролини бажарди. Аммо унинг ҳақиқий иқтидори сўнгги мавсумда, яъни Петер Бош футболчини «бокс-ту-бокс» позициясига қайтаргач (ушбу факт терма жамоада ҳамон эътибордан четда қолаётгани боис, Дэви ҳамон етакчиликни эгаллай олмаяпти) намоён бўлди. Қолаверса, унда таянч нуқтаси ва «алдамчи тўққизлик» позицияларида ўйнаш тажрибаси бор.
Меҳнатсеварлиги сабабли Классен ҳам ҳужум ташкил этиш, ҳам «қора ишлар»да самарали ҳаракат қилади (тўғри, жорий йил у ўз жарима майдончасида айрим хатоларга йўл қўйди). Унинг асосий «кўзир»ларидан бири - чаққонлиги: Дэвига бир ўйинда ўртача 11-12 километр масофани босиб ўтиш чўт эмас. Бу хусусияти Англияда асқотиши тайин. Боз устига, «Эвертон» бош мураббийи Роналд Куман, катта эҳтимол билан, унинг прессинг ишлатиш ва прессингга қарши туришдаги сифатларини юқори баҳолайди. Аммо чидамлилик бобида ҳали ишлаши керак: Европа Лигаси финали кўрсатдики, бир пайтнинг ўзида узоқ масофани босиб ўтишга Классеннинг кучи етмаслиги мумкин.
У ҳужумларга яхши қўшилади: ўтган мавсум хавбек ролини бажаргани туфайли аксарият голларини жарима майдончаси ташқарисидан урди. Классенда самарадорлик юқори, шунингдек, барқарорликка эга: сўнгги икки мавсумда барча турнирларда камида 15та тўп киритди, 9та ассист кўрсаткичини эса уч йилдан буён сақлаб келмоқда. Умуман, аксарият узатмаларини қанотдан уюштириладиган кросслар ёки стандартлар орқали эмас, балки ўйин жараёнида амалга оширган.
Бўйи унчалик узун бўлмасада (179 см.), Дэви ҳаводаги курашда яхши ҳаракатланади, бу хусусиятидан стандартлар пайти унумли фойдаланади: «Аякс»да урфга кирган комбинация - Классен томон узатма йўлланади, у эса боши ёрдамида тўпни шеригига оширади. Туманли ўлкада бу ҳам асқотиши мумкин.
Бундан ташқари, мустаҳкам соғлиғи, шерикларига бўш ҳудудлар яратиши ҳамда муҳим голларни уришини (ўтган мавсумда 6та ғалаба тўпини киритган) ҳам «плюс»лар жамғармасига қўшсак бўлаверади.
Классеннинг ихтиёридаги алоҳида кучли жиҳатларни (тўпни олиб қўйиш, эгаллаб олиш, ўткир узатмалар ва шунга ўхшаш нарсалар) ажратиб кўрсатиш қийин, аммо голланд мазкур ҳолатга универсаллиги билан жавоб қайтариши аниқ. Сўнгги йилларда кўплаб индивидуал ва жамоавий ютуқларга эришган бўлсада, агар ундаги сермаҳсулликни четга суриб турсак, статистик барқарорлик бўйича Дэви ўзининг эредивизиядаги энг яхши мавсумини уч йил аввал ўтказганди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, кўплаб жиҳатлар бўйича ҳали ишлаши лозим (мисол учун, узатмалар аниқлиги - 80 фоиз ва бу Англия учун камлик қилади), АПЛда тўп суриш имконияти эса - ажойиб мотивация.
Келажак
Сўзсиз, «Эвертон»га ўтиш - Классеннинг фаолиятига жорий йил ёзида ижобий таъсир этиши мумкин бўлган энг яхши инвестиция. Куман бу футболчининг қандай сифатларга эга эканлигидан хабардор, шу баҳорда «Аякс»нинг айрим ўйинларига ташриф буюриб, шартнома имзолангач, Дэви манзилига мақтовлар йўллади (дарвоқе, «ирислар» устози ҳам 2014 йили Голландия чемпионатининг энг яхши ўсмирини танлаган ҳайъат аъзоларидан бири эди).
Голландия футболидан яхши хабардор, керак пайтда иккинчи (балки учинчи) имкониятни тақдим этиши мумкин бўлган ҳамюрти қўл остида янги чемпионатга кўникиш - бунданда қулайроқ шароит бор эканми? Қолаверса, Классен янги чақирувга ижобий жавоб қайтариш учун тўғри вақт танлади: 24 ёшгача ўйинчи сифатида шаклланди, «Аякс» сафида ички чемпионат ва еврокубокларда кўп ютуқларга эришди, ортида катта футболнинг олтита мавсуми қолди, асосий фаолияти эса ҳали олдинда. Дэви «Эвертон»да Росс Барклига муносиб ўринбосар (ёки қўшимча куч) бўлиши турган гап - ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумда. Агар ўсишда давом этса, янада юксакроқ муваффақиятларга эришиш тайин.
Ҳозир Классенни жаҳон даражасидаги юлдузга қиёслаш нотўғри бўлади. Аммо эрта кунда порлаган аксарият голландиялик юлдузчалардан фарқли равишда унда ўзини кўрсатиб, Европанинг топ-чемпионатларида узоқроқ қолиш имконияти мавжуд. Кройффнинг адашмаганига ишонгимиз келади. Ким билади дейсиз, балки Классен фаолиятни тўғри режалаштириш муваффақиятга етаклашини исботлашда голландиялик ёшларга намуна бўлар?!