Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Чегара билмас Зе Роберто

Баҳо:
+ | -

«Бавария»нинг собиқ юлдузи ёш бўйича аллақачон бешинчи ўнталикни «майдалай» бошлаганига қарамай, ҳамон майдонда ва мўъжизалар намойиш этишдан сира чарчамаяпти.

Гап бразилиялик 43 ёшли (!) ҳимоячи|ярим ҳимоячи  Зе Роберто ҳақида кетяпти. Унинг еврофутболда қандай кароматлар кўрсатгани ёдингиздадир...

Зе Роберто қандай ўйинчи эди?

«Реал» шу йил баҳорда Винисиус Жуниорни харид қилиш билан трансферлар масаласида «портлаш»­ни юзага келтирди. Зеро, «қаймоқранглилар» бразилиялик 17 ёшли ўсмир учун нақ 45 млн. евро тўлашди. Тарихга назар солсак, «Мадрид» бундан 20 йилча олдин шунга ўхшаш ишга қўл урганди. Яъни нотаниш чап қанот ҳимоячиси Зе Робертога эга бўлиш йўлида ўша вақт ўлчови бўйича жуда кўп маблағ сарфлаганди - 10 млн. евро. Яна шундай тахмин ҳам борки, ўшанда уругвайлик агент Хуан Фигер солиқ тўловларини камайтириш мақсадида ўзига хос трансферлар схемаси ёрдамида келишув баҳосини сунъий равишда туширган. Демакки, «Реал» Зе Роберто учун 10 «лимон»дан ҳам кўпроқ тўлаган бўлиши мумкин. Бироқ юксак ишончга қарамай, йигитча Испанияда ўзини намоён қилолмади. Бунинг асосий сабаби шуки, «Реал»да чап қанот ҳимояси бутунлай Роберто Карлос ихтиёрида эди. Хуллас, орадан бир йил ўтгач, ёш бразилияликни ортга қайтаришди. Натижада «Фламенго» сафига қўшилган Зе Роберто кейинчалик ЖЧ-98да ёрқин нур сочди ва яна еврофутболга юзланди. Бу сафар унга «Байер» ўз эшикларини очди. Ҳа, таркибида Михаэль Баллак, Бернд Шнайдер, Карстен Рамелов ҳамда ёшгина Димитар Бербатов кабилар барчани ҳайратга солган ва «Неверкузен» номини олган ўша клуб. Дарҳақиқат, Леверкузенда ажойиб таркиб йиғилган, жамоа шунга яраша мўъжизавий футбол намойиш этарди, бироқ ҳар сафар иккинчи бўлиш билан чекланарди. Мисол учун, Зе Роберто «Реал»га қарши кечган ЧЛ финалини дисквалификация туфайли ўтказиб юборганди. Ким билади, «Байер»га ҳал қилувчи баҳсда балки айнан бразилиялик етишмагандир...

Умуман олганда, Зе Роберто Леверкузен жамоасида вингер сифатида кўзга ташланди. Аммо соврин ютишни кутишдан чарчаб, охир-оқибат, «Бавария»га йўл олди. Мюнхенда эса бирданига таянч ярим ҳимоячиси ролига ихтисослашиб, ҳам шахсий савияси, ҳам совринлар масаласи бобида чинакам олтин даврни бошдан ўтказди. Мураббийлик курсиси «темир» Феликс Магатга топширилишига қадар ҳаммаси зўр кечди. Аммо кейин... Мисли кўрилмаган зўриқишларга 2 йилча чидаган Зе Роберто шундан сўнг матбуот орқали очиқ-ошкора нолишни бошлади. Иш шу даражага бориб етдики, «Бавария» раҳбарияти 2006 йили 32 ёшли ярим ҳимоячини ички муҳитни бузаётганликда айблади ва таркибдан четлаштирди. Унга тезда даъвогарлар ҳам топилди. Дейлик, Сергей Фурсенко ва Константин Сарсания деярли 2 миллион еврога тенг йиллик маош ваъда қилиб, Зе Робертони «Зенит» томон оғдиришга уринишди. Бразилиялик Питер клуби тарихидаги биринчи қора танли футболчи бўлишга яқин келганди ҳам. Зеро, унинг ўзи трансферга розилик билдирди, аммо хотини Россияда яшашга кўнмади.

«Бавария»дан кетгач, нима қилди?

«Бавария» Зе Робертони «Насьональ» клубига юборди. У ўша пайт ҳам Бразилия терма жамоасининг асосий таркибида муқим жойга эга эди. Бироқ янги клуби сафида ло-ақал бир марта ҳам майдонга тушгани йўқ. Тўғри, «Сантос»даги ижара муддати анча самарали бўлди - 29та турда 11та гол урган футболчи уйга эртароқ қайтганини тушуниб, яна Мюнхенга йўл олди. Эътиборлиси, Зе Роберто бу сафар ижара келишуви асосида тўлиқ 2 мавсум бинойидек тўп сурди. 35 ёшли фахрий шу қадар яхши ҳолатда эдики, ижара муддати тугагач, «Гамбург» унинг трансфер ҳуқуқи учун «Насьонал»га 4 млн. евро тўлашдан тийилмади. Зе Роберто айнан Гамбургда бундеслигада энг кўп майдонга тушган хорижлик футболчи мақомини олди. Бунгача гвардиячи легионерлар рўйхатини Сергей Барбарез бошқариб турганди. Рекорд ўрнатилгач, фахрий футболчи нафақага чиқишдан олдин озгина жамғарма тўплаш учунми, «Ал-Гарафа» таклифини қабул қилди. Аммо Қатар футболида узоқ вақт қолмади. Хуллас, «Осиёда менга чинакам рақобат руҳи, эҳтирослар тўлқини, босим етишмади. Ҳар 3 кунда майдонга тушмаслик осон эмас, аксинча, жуда қийин экан»,-дея беҳад зерикканини таъкидлаган 38 ёшли футболчи ўз ватанига қайтишни маъқул кўрди. Чунончи, Бразилияда унинг олдида интилиш учун марра йўқ эмасди. Ҳар ҳолда, бунгача миллий футболда ҳеч нарса ютмаганди. Қаҳрамонимиз шу тариқа «Гремио» сафига қўшилди ва 3 йиллик шартномаси муддати тугагач, уни узайтиришни истамай, «Палмейрас»га ўтди. Бу вақтда 40 ёшни қоралаб қўйганди. Оддий айтганда, шу ёшида, яъни «Палмейрас»даги дебют мавсумида илк марта миллий кубок соҳибига айланди, кейингисида эса Бразилия «А» серияси олтин медалини бўйнига тақди. Ваҳоланки, «Палмейрас» нақ 20 йил давомида чемпионлик мақомига етолмаганди. Қолаверса, Зе Роберто клубда ёш иқтидор Габриэль Жезуснинг ўсишига катта ёрдам берди.

43 ёшида қандай ўйнамоқда?

Зе Роберто «Палмейрас»да яна ҳимоянинг чап томонига кўчди. Диққат қилинг, суперфахрий чемпионлик мавсумида 38та ўйиндан 27тасида қатнашди ва уларнинг ҳар бирида ўртача ҳисобда 82 дақиқа ҳаракатланди. 43 ёшини қаршилашидан 1,5 ой олдин эса Либертадорес кубогида гол урди. Хуллас, у турнир тарихида рақиб дарвозасини ишғол қилган энг ёши катта футболчидир. Янги мавсум арафасида «Палмейрас» яна 2 нафар таниқли фахрийни сотиб олди - Мишель Бастос ва Фелипе Мелони. Лекин улар Зе Робертодан деярли 10 ёш кичик. Қолаверса, бунгача Зе Роберто билан рақобатда устун келолмаган Эгидио ҳам чап қанот ҳимояси учун асосий номзод сифатида таклиф этилди. Бастосга эса иккинчи номзод ўрнида қаралди. Шунга қарамай, Зе Роберто жорий мавсум доирасидаги ўйинларнинг ярмида майдонга тушди. Тўғри, у учрашувларнинг 30 фоизидагина бошланғич таркибдан жой олди ва атиги 4тасида тўлиқ вақт тўп сурди. Айтганча, Зе Роберто 90 дақиқа ҳаракатланган учрашувлардан 3таси «Палмейрас» ғалабаси билан тугади ва фақат меҳмонда қудратли «Фламенго»га қарши кечгани салбий натижа тақдим этди. Муҳими, Зе Роберто бу учрашувда жорий мавсум ҳисобидан биринчи самарали ҳаракатини амалга ошириб, «яшил-оқлар» таркибидаги энг фаол футболчи бўлди. Хуллас, Виллиан айнан 43 ёшли «қария»нинг кескин тўп оширишидан сўнг ҳисобни тенглаштирганди. Қаҳрамонимиз аввалги ҳафта 10-марта майдонга тушиб, ўз номига яна самарали «пас» ёзиб қўйди. Дейверсон урган гол эса «Палмейрас»га «Ботафого» устидан ғалаба келтирди.

Хўш, Зе Роберто ниманинг эвазига спорт фаолиятини шу қадар чўзмоқда? Ҳаммаси оддий - у ўзига нисбатан ўта талабчан ва соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилади. Мисол учун, умуман чекмайди, алкоголь яқинига ҳам йўламайди, овқатланиш қоидаларига тўлиқ риоя этади ва ҳаттоки, ухлашда ҳам белгиланган тартибни бузмайди.

«Палмейрас» декабрь ойидаёқ Зе Роберто билан амалдаги шартнома муддатини узайтирди. Янги келишув жорий йил охиригача мўлжалланган. Ушбу тарихнинг давом этиш-этмаслиги фақат футболчининг ўзига боғлиқ. Муҳими, бразилиялик фахрий ҳамон чидамли ва ташқи қиёфаси бўйича сира 43 ёшли кишига ўхшамайди. Дарвоқе, Зе Робертонинг ўзи яқинда берган интервьюларидан бирида 50 ёшга қадар профессионал футболда қолишга қарши эмаслигини таъкидлади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:22, 22.08.2017.
Ўқилди: 4618 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.