Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Флорентино Перес: "Тарихда қолмоқчи бўлсанг, «Реал»ни танла"

Баҳо:
+ | -

«Реал Мадрид» президенти Флорентино Перес жамоанинг АҚШ бўйлаб мавсумолди сафари давомида Fox Deportes нашрига махсус интервью берди.

Ўша суҳбат матни «Қироллик клуби» Мадридга қайтиб, расмий ўйинларга киришганидан кейин чоп этилди.

Унда жаноб Перес асосан юқори ва масъулиятли лавозимда ўтган 14 йиллик фаолияти, юлдуз футболчилар трансфери ва «Қироллик клуби» сиёсатига тўхталган.

«Галактикос» ғояси

- Эсимда, 2000 йили «Мадрид»нинг буюклигини тасдиқловчи сара юлдузлар етишмасди. Сир эмас, футболда имиджни айнан номдор ижрочилар белгилашади. Хуллас, умумий ҳолатни эътиборга олиб, Луиш Фигу, Зайниддин Зидан, Роналдо ва Дэвид Бекхэм каби юлдузлар ёрдами билан клуб сиймосини шакллантиришга киришдик.

Ҳозир ҳам улар айнан «Мадрид» вакили сифатида гавдаланишда давом этишларини истардим. Кейинроқ муайян даражани ушлаб туришга уриниб, Криштиану Роналду, Кака, Карим Бензема, Гарет Бэйл ва бошқаларни сафимизга қўшиб олдик. Ўйлайманки, бу ғоямиз самарасиз кетмади.

Фигунинг трансфер баҳоси

- Очиғи, харид масаласида музокара жараёнини бошлаганимда, Фигу трансфери учун белгиланган баҳога ҳеч ким ишонмаганди. Ахир бунгача ҳеч қайси клуб футболчига 60 млн. тўлаган эмасди. Аввало, Луишнинг ўзи билан гаплашиб, уни «Мадрид»га кўчиб ўтишга кўндирдим. Ваҳоланки, Фигу ўша вақт «Барселона»да чин етакчи эди ва Вальдано айтганидай, унинг «Мадрид»га ўтиши жамоа юрагини суғуриб олиш ҳисобланарди. Менимча, португалияликка битта гапим маъқул тушган: «Ишон, сенинг атрофингда буюк «Реал Мадрид»ни барпо қилмоқчимиз». Натижада футболчи таклифга ижобий жавоб берди.

Трансферлар бозори ва нархлар

- Йирик келишувларга қўл ура бошлаганимда, кўпчилик мени аҳмоққа ҳам чиқарди: «Бу қанақаси? Ахир шунча маблағга 5 нафар футболчи сотиб олиш мумкин». Лекин танланган йўлдан қайтмадим. Масалан, Зидан 2001 йили 75 млн. еврога баҳолангач, ҳамма мени ошкора айблашга ўтди: «Ақлдан озибсан, шунча пулга бутун жамоани харид қилса бўлади-ку».

Муҳими, чалғимадим ва қатъийликни сақлаб қолдим: «Йўқ ва яна йўқ, бизга айнан Зизу керак, ахир у дунёдаги энг яхши футболчи-ку». Роналдо трансферида ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Ўзи бозорда ғалати вазият юзага келганди: одамлар 100 млн. ўрнига 300 млн. тўлашса, сен 30 млн. йўқотиш ўрнига 50 млн. фойда кўрардинг... Бу менинг сармоям эди ва агарда умумий ҳолат яна катта харажатни талаб этса, худди шундай йўл тутаман. Демакки, афсусланиш ҳисси йўқ.

Ёш иқтидорларга эътибор

- Бугун футболда мисли кўрилмаган рақобат ҳукмрон ва кўплаб клублар бизнинг изимиздан боряпти. Айни пайт бошқа жамоалар ихтиёрида аъло даражадаги ўйинчилар жуда  кўп, шунинг учун бўлажак юлдузларни эрта кунда ўз томонимизга оғдириш ҳаракатини кучайтиришимиз шарт.

Дарҳақиқат, ҳозирги жамоада ёш иқтидорлар сафи кенг ва айнан улар келажагимиз ҳисобланишади. Айтишим керак, кўз остимизда яна бир қатор йигитлар борки, уларни 18 ёшга тўлишганида жамоамиз сафига қўшиб оламиз.

Клуб танлаш бўйича маслаҳат

- Футбол оламида яхши жамоалар кўп эканлиги барчага маълум. Аммо бу борада битта гапим бор - агар тарихга киришни истасанг, унда «Реал Мадрид»ни танлашинг мақсадга мувофиқ.

Футбол келажаги

- Орадан яна бир неча йил ўтгач, Европада битта катта лига юзага келади, АҚШ ва Хитойда ҳам шундай бўлади.

АҚШ футболи

- АҚШда туғилган ва клубимиз даражасида тўп сурадиган футболчига эга бўлишдан бағоят манфаатдормиз. Қаранг, ҳозир таркибимизда турли миллат вакиллари бор - инглиз, немис, француз, хорват... Ишончим комил, АҚШ яқин йиллар ичида йирик футбол салтанатига айланади.

Табиийки, америкаликлар ҳам бизни севишларини истайман. Мақсадларимиздан бири - уларнинг юракларини забт этиш.

Бунинг энг тўғри йўли - Чикагода MLS юлдузлари терма жамоасига қарши ўйин сингари алоҳида учрашувлар ташкил қилиш. Кимлардир клубларни сотиб олишади, аммо бизнинг ниятимиз бошқа - АҚШдаги мухлислар юрагига кириб бориш.

6та кубок сари

- Сўз бераман, «Реал» барча кубоклар учун курашади. Тўғри, битта мусобақа тарихи алоҳида муҳаббат қиссасига арзийди - бу Чемпионлар Лигаси. Агар клуб ва турнир ўртасида ҳеч нарса бўлмаганида, унда 12 марта зафар қучолмасдик, шунча марта ярим финалда ўйнамасдик.

Бу алоҳида аҳамият касб этувчи турнир. Қолаверса, Ла-лига, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Европа ва Испания суперкубоги ҳамда мамлакат кубогига ҳам бепарво қарамаймиз. Аммо шахсан менга оламшумул шуҳрат келтирадиган ЧЛ кўпроқ ёқади, барибир.

Азалий ва ҳозирги рақиблар

- «Мадрид»ни ҳисобга олмасак, Чемпионлар Лигасида энг кўп ғалаба қозонган клуб - бу «Милан». Аммо ҳозирда унинг ишлари кўнгилдагидай эмас. Айни пайт «Барселона», «Манчестер Юнайтед» ва «Бава-рия»га асосий рақиблар сифатида қарамоқдаман.

Чунончи, шу 3та жамоа бизга бошқаларга нисбатан муносиб қаршилик кўрсатади. Ҳарқалай, менга шундай туюлади. Ҳа, албатта, «Ювентус», «Манчестер Сити» ва яна бир қатор буюк клублар, жумладан, «ПСЖ»ни ҳам унутмаслик керак.

«Мадрид»га нисбатан муҳаббат ва нафрат

- Жамоамизни севадиганлар кўп, барибир. Гап фақат ижтимоий тармоқдаги саҳифамизга аъзо бўлганлар ҳақида кетмаяпти. Бизни нақадар яхши кўришларини дунёнинг турли нуқталарида бўлганимизда, яққол сезяпмиз. Албатта, ҳамма ҳам «Мадрид» тарафдори эмас, аммо ҳазил тариқасида доимо бир гапни такрорлашни хуш кўраман: «Деярли ҳар бир мухлис «Мадрид»ни ёқтиради, аммо баъзи фанатларнинг ўзлари ҳали буни билишмайди». Ҳа, кимларгадир клуб шаънига танқид ёғдирмай яшаш оғир, аммо бу ҳам «мадридчилик» дунё даражасига етганидан далолат.

Илҳом манбаи

- Ўта муҳим қадриятни мерос қилиб олганман - 2000 йили «Мадрид»га келганимда, клуб ФИФА таснифига кўра, XX асрнинг энг яхши жамоаси сифатида тан олинганди. Бир муддат буюк Бернабеу йўлидан юрдим, у 1947 йили шундай деганди: «Мен стадионни кенгайтираман, албатта». Ваҳоланки, ўша вақт чипталар сотуви айтарли фойда келтирмасди. Клуб президенти эса стадионни катталаштиришга кўпроқ даромад олиш ва кучлироқ футболчиларни сотиб олиш имконияти сифатида қараган.

Муҳими, у Альфредо ди Стефанони харид қилди ва бу қадам нафақат «Мадрид», балки футбол тарихини ўзгартирди. Ўз навбатида, мен ҳам оғир иқтисодий аҳволда қолган «Мадрид»да иш бошлаганим ҳамоно шундай йўл тутдим: «Клубга энг кучли футболчиларни олиб келаман ва улар бюджетни ўзгартиришади». Айнан шундай бўлгани эса қарорнинг тўғрилигига исбот.

«Мадрид» позицияси

- Ҳозирги ҳолатда жаҳон футболида ўз ўрнимизни банд этиб турибмиз. Бунинг учун менга миннатдорчилик билдириш шарт эмас, шундай буюк клубга раҳбарлик қилиш насиб этганининг ўзиёқ катта бахт.

«Реал Мадрид» Бернабеу ва ди Стефано синоними саналади. Зеро, клуб номи айнан уларнинг меҳнатлари эвазига дунёга ёйилди. Мен эса шу буюклар бажарган ишни шунчаки, давом эттирдим - клубга кучли футболчилар ва ҳомийларни жалб этдим. Иқтисодий ва спорт соҳасидаги бундай сиёсат 2000 йилдан буён чексиз завқ бағишламоқда.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:36, 03.09.2017.
Ўқилди: 9333 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.