Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Ўлим жанги арафасида». Жанубий Кореядан биз кутаётган 5та хавф

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатига йўл олиши учун ҳар доимгидек сўнгги тургача имконият сақлаб қолмоқда. Ҳар доимгидек тақдирнинг ўзи бизга имкониятларни сақлаб қолишда ёрдам бераверарди. Бу сафар шу даражага бориб етдики, Ўзбекистон терма жамоасида саралашнинг 5та учрашувини (ярмидан кўпи!) бой берган бўлишига қарамай тўғридан-тўғри йўлланма учун имконият мавжуд. Яна қачон учрашувларнинг ярмини бой берган жамоа йўлланма учун курашган, очиғи эслай олмадим. Хуллас, бугун ана шу имкониятдан фойдаланиш учун биринчи навбатда Жанубий Корея терма жамоасини мағлуб этиш керак бўлади. Уёғини биласиз...

Жанубий Корея терма жамоаси қанчалик жиддий ва бизга ноқулай рақиб эканини футболга оз бўлсада қизиқадиган исталган мухлис билади. Статистикага назар ташлайдиган бўлсак ҳам икки терма жамоа ўртасидаги учрашувларда Корея 14 марта, Ўзбекистон терма жамоаси эса фақат бир марта, уооқ ўтмишга айланиб бўлган учрашувда (1994 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида) ғалаба қозонган. Шунинг ўзи ҳам бир кутилаётган хавф дейиш мумкин. Кореянинг биз учун яна қандай хавфли томонлари бор? Буни санаб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Юлдузлар

Сонг Ҳёнг Мин. Биргина шу номнинг ўзи катта хавфдан дарак бериб турибди. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси терма жамоада клубдагидек ўйнай олмаётганини тан олиб турган бўлсада, ўша ўйнай олмаган ҳолида ҳам у биз учун энг хавфли рақиб бўлиб қолаверади. Саралаш босқичи доирасида 7та гол киритишга улгурган Сонг Ўзбекистон терма жамоасига қарши Осиё кубоги доирасидаги чорак финал учрашувида иккита гол киритган. Бир сўз билан айтганда Сонг учун Ўзбекистон қулай рақиб. 

Яна бир юлдуз бу Ки Сунг Ёнг.

Англия премьер-лигасидаги ўйинлари орқали бизга таниш бўлган Ки Эронга қарши учрашувда жароҳат олганди. Аммо мураббийнинг айтиши бўйича унинг жароҳати жиддий эмас. Ўзбекистонга қарши учрашувда у жамоани майдонга сардор сифатида олиб тушиши кутилмоқда. Икки футболчининг ўзи зарур пайтда ўйин тақдирини ҳал қилиб кета олиши мумкин.

В план

Жанубий Корея терма жамоаси биринчи даврадаги ўйин орқали ҳам кўрсатиб қўйдики, Ўзбекистонга қарши ўйинларда жамоанинг олдиндан режа қилган услуби ўхшамаса, В планни ишга солган ҳолда мақсадга етишиш мумкин. Кореяда бўлиб ўтган учрашувда Марат Бикмаевнинг голидан сўнг мезбонларнинг дастлабки режалари ўхшамаган ва кейинчалик улар ўша учрашув учун мўлжаллаган захирадан фойдаланиш орқали мақсадга эришиб кетишганди. Ўша тактика биз кутаётган кейинги хавфда.

Меҳмонча услубга мос «жокер»

Юқорида тилга олиб ўтган алоҳида учрашув учун В план бу асосан ҳаволатиб етказиб бериладиган тўпларни бўйдор футболчи ёрдамида голга айлантириш ёки голли вазиятни яратиб берувчи «скидка»ларни амалга ошириш эди. Айнан шу мақсадда ҳужумчи Ким Шин Вук захирадан туширилган, ҳаттоки бўйдор Анзурни иккинчи қаватдаги курашларда осонликча мағлуб этган Ким ҳал қилувчи голга режа қилинган услубдаги сўнгги пасни берганди. Жанубий Корея терма жамоаси меҳмонда унчалик ўйини қовушмаслиги ва бугунги мезбон жамоанинг иштиёқи сабаб ҳам асосан қарши ҳужум тактикасини танлашини кутиш мумкин. Қайсидир маънода «Лестер»ни АПЛ чемпиони қилган бу усул узоқ масофага тўпни ҳаволатиб етказиб бериш орқали вазиятларни яратиш ва бўш зоналардан унумли фойдаланиш эди. Бу учрашувда агар Корея худди шу услубдан фойдаланса, Ким Шин Вук каби бўйдор рақиб қанчалик хавфли эканини биз кўриб бўлганмиз.

Карвонсарой ўнг қанот

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужум чизиғини йўқ деб ҳисобласак, қолган ўринларда энг муаммоли ҳудуд айнан ўнг қанот бўлиб қолмоқда. Бабаян соф марказий ҳимоячи бўлиб ўйнаб келган Тўхтахўжаевда ўнг қанот ҳимояси учун қандай қобилиятни кўрган билмадикку, лекин сўнгги вақтларда рақиблар айнан мана шу чизиқ бўшлигини билиб ҳужумларни фақат ва фақат шу қанот орқали уюштиришга ҳаракат қилиб келишмоқда. Узоққа бормайлик Хитойга қарши сўнгги ўйин бунга яққол мисол бўла олади. Энг ёмон эса бу сафар рақиб Хитой эмас ва чап қанотда тўп сурадиган футболчи ҳам қайсидир номи ёддан чиқадиган хитойлик футболчи эмас, балки Сонг Ҳёнг Мин бўлади.

Тасдиқланмаган манбаларга кўра, Бабаян Акмал Шораҳмедовга жавоб бериб юборган.

Бунинг сабаби бизга қоронғу. Бу учрашувда ўнг қанотда Даврон Ҳошимовнинг ҳаракат қилиши кутилмоқда. Қўпол ўйнашни яхши кўрадиган Ҳошимовга, финтлар билан рақибни ортда қолдиришни яхши кўрадиган Сонгга қарши ўйинда қизил карточка ишлаб олмаслиги тилаб қоламиз.

Мураббий

Ҳа, айнан шундай. Мураббий бугунги Ўзбекистон терма жамоасига солиштирганда катта хавф туғдиради. Жамоа исталган ҳолатда, қийин вазиятга тушиб қолганда, ўйинга қараб, барчасини ўзгартириб ташлай оладиган, ўйиндан келиб чиқиб натижага таъсир қила олиши мумкин бўлган мураббий рақиб жамоа бошқарувида бугун майдонга чиқиб келади. Бизда эса ҳозирча бирорта учрашувда юқорида саналган хусусиятларга эга мураббийни кўрмаяпмиз.

Яна бир жиҳат, айтганча, бу икки мураббийнинг ўзаро ўйинларида ҳам кореялик мутахассис Бабаянни мағлуб этишга улгурган. Олимпия терма жамоаси бош мураббийи сифатида ҳам.

Ишқилиб, биз санаган хавфларнинг барчаси шунчаки фараз ва хато бўлиб чиқсин.

Азамат Муродов

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 15:31, 05.09.2017.
Ўқилди: 13064 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.