Муҳтарам Биринчи Президентимиз ёшларга қарата “Маррани доимо юқори олинг. Зеро, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди” деган сўзлари кун сайин ўз исботини топяпти. Шу маънода, галдаги қаҳрамонимиз бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби, икки карра Осиё чемпиони, “Олтин Мангуст” халқаро мукофоти совриндори, “Олимпиада-2016”нинг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер Кубоги соҳиби Ҳасанбой ДЎСМАТОВ. "Даракчи" газетаси ютуқларни янада кўпайтириш ниятида Германияда юрган боксчимиз билан интернет орқали боғланиб, эксклюзив суҳбат уюштирди...
— Билишимча, сиздаги спортга бўлган илк қизиқишни бувангиз Дўсматжон ота, бувингиз Буойшахон ая уйғотган. Беш ёшида қишлоқдаги каратэ ва кикбоксинг тўгарагига олиб боришган. Ўша вақтлардаёқ мушти тугилиб турадиган кичкинагина Ҳасанбой кейинчалик нега каратэни давом эттирмади?
— Тўғри, бувам ва бувим менда спортга бўлган меҳр, катта қизиқишни уйғотган. Худди кечагидек ёдимда, 2006 йил бувим Андижон олимпия захиралари коллежига олиб борганлар. У ерда кикбоксинг спорт тури йўқлиги боис танловим боксда тўхтаган.
— Ўша вақтдаги танловингиздан бугун мамнунлигингиз шубҳасиз. Ё каратэда ҳам юқори марраларга чиқа олармидингиз?
— Албатта, танловимдан бугун мамнунман! Боиси кикбоксинг олимпиа спорт турига кирмаган. Лекин спортнинг бу тури билан шуғулланганимда ҳам чемпион бўлишим мумкин эди. Бироқ тан олиб айтаман, худди ҳозиргидек машҳур боксчи бўлолмасдим. Шу маънода боксни танлаганимдан сира афсус қилмайман.
— Қизиқишларингиз шунчаки болаларча инжиқлик эмаслигини англаган бувижонингиздан бугун беҳад миннатдор бўлсангиз кераг-а?
— Ҳақсиз! Чемпион бўлишимнинг асосий сабабчиси бувим! Доим “менинг набирам Муҳаммадқодир Абдуллаевга ўхшаб чемпион бўлади”, деб орзу қилган. Бувимни йиллар давомида қилган эзгу истагига сазовор қилганимдан бугун беҳад шодман. Ва албатта, бувижонимнинг менга бўлган эътибори, келажагимни кўра билгани, дилига туккан юксак ишончи учун раҳмат айтаман!
— 2000 йили Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида ҳамюртимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс бўйича мусобақада барча рақиблари устидан зафар қучиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганини кўриб, худди бувингиз сингари “мен ҳам Олимпия чемпиони бўламан”, дея ният қилгансиз. 7 ёшли болакайнинг орзуси рўёбига бува-бувингиз, ота-онангиз меҳнатини юзага чиқариш истак кучлилиги сабабми ё машҳур боксчи бўлиш истаги?
— Тўғри, ўзимда ҳам қизиқиш бор эди. Энг муҳими, бу қизиқишимни оила аъзоларим вақтида пайқаб, тўғри йўналтира олишди. Ҳозиргидек ёдимда, телевизорда каратэ бўйича чемпионатни кўриб, отамга “Мен ҳам Ўзбекистон чемпионати бўламан”, дедим (мириқиб кулади). Отам эса “Ўзбекистон чемпионати эмас, чемпиони бўламан, дегин”, дея гапимни тўғирлаганди. Орзуим албатта ота-онамнинг меҳнатларини юзага чиқариб, юртимиз байроғини юқори кўтариш эди.
— Ҳасанбой Дўсматов замонамизнинг чинакам қаҳрамонига айлангунига қадар ҳафсаласини пир қилган ҳолатлар ҳам бўлгандир, ҳаёт бир текис эмас, ахир?
— Албатта, бу даражага етиш осон бўлмади. Ёдимда, бундан аввал ўтган иккита Жаҳон чемпионатида ҳакамларнинг хатоси билан чемпионлик баҳсларидан чиқарилгандим. 2015 йил Қатарнинг Доха шаҳрида озарбойжонлик рақибимни мағлуб қилганимда ҳам уни ғолиб, дея эълон қилишган. Сира унутмайман, ўшанда рингдан йиғлаб чиқиб кетгандим. Очиғи, бу ноҳақликлар сабаб спортдан бироз ҳафсалам пир бўлди, бездим. Ҳатто “қайтиб бокс билан шуғулланмасаммикан?” деган хаёлга ҳам бордим. Шунда мураббийим Зиётдин Тайганбоев “Сен ҳаммадан кучлисан, албатта чемпион бўласан! Бунга ишон ва сабр қил”, деб менга руҳий томонлама катта куч берди. Кўриб турганингиздек, бари ортда қолди ва болаликдаги орзуимга етдим (самимий кулади).
— Онангиз Дилноза Ҳайитбоева болалигингизда сиз билан машқ қила туриб, “Ҳасанбой, машҳур бўлганингда “биринчи устозинг ким?” дейишса, “онам дегин-а!” деганида “Эээ, ая”, дея жавоб қайтарганингиз ёдингиздами? Бугун онангизнинг ўша саволига қандай жавоб берасиз?
— Шубҳасиз, чемпион бўлишимда онамнинг меҳнати жуда катта. Онамнинг отаси — бувам боксчи бўлган ва фарзандларини бокс билан шуғуллантирган. Шу боис оз бўлса-да, онамнинг боксдан хабари бор. Буни билганим учун 5-6 ёшимда онамнинг қўлига “бокс-бокс”, деб урардим (кулади). Онамнинг сабри ва камолим йўлидаги меҳнати учун бениҳоя миннатдорман.
— Болалигингизда қариндошлар билан ўтказиладиган маросим ва тўйлар ҳам машқлар билан тенг келиб қолса, шубҳасиз, машқ қилиш учун залга кетар экансиз. Бу натижага етиш учун ўйин-кулги ва эркаликлардан воз кечгансиз. Ўшандаги қатъиятингиз дунёни қойил қолдиришингизга асос бўлди. Бугун янада юқори марраларни забт этишда нималардан воз кечяпсиз?
— Спорт билан шуғулланган киши кўп нарсалардан кечиши керак. Тўғри, болалигимда машғулотлар билан тўй ёки бошқа маросимлар бир вақтга тўғри келиб қолса, ҳеч иккиланмай спортни танлаганман. Ҳозир ҳам бу одатимга содиқ қолганман. Чунки бугунги кунда мен учун спорт биринчи ўринда! Қолган нарсаларга кейин ҳам улгурса бўлади. Ахир “бир нарсага эришиш учун бошқасидан воз кечиш керак”, деб бежиз айтишмаган.
— Болаликда олдингизга қўйган маррага етдингиз. Бугун-чи, қандай янги маррага эришишни ният қилдингиз?
— Албатта, кўзлаган маррамга етдим. Лекин бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Олдимда Жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари ва Токио олимпиадаси турибди. Демак, маррани янада кенгроқ олиб, тинимсиз меҳнат қилишим керак. Бу йўлни ҳам босиб ўтиб, профессионал боксда Жаҳон чемпионати камарларини қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг довруғини бутун дунёга таратишни ният қилганман.
— Одатда жангда рақибингизнинг қандай камчиликлари ғалаба қозонишингизда сизга қўл келади?
— Рақибимни биринчи ўринда руҳан енгсам, у кўп хато қила бошлайди. Ва мен бундан фойдаланаман.
— Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, таниқли ижодкорлар Нодир Жонузоқ ва Ориф Толиб муаллифлигидаги сизнинг ҳаёт ва фаолиятингизга бағишланган китоб чоп этилиши 24 ёшли боксчининг тарихдан мустаҳкам ўрин эгаллашига бир замин. Сиз учун кутилмаган совға бўлгандир?
— Шубҳасиз! Бу катта воқеа бўлди ва тарихга муҳрланди. Мендан кейин фарзандларимиз аждодлари қандай инсон бўлганини ҳис қилиб, улар ҳам янги чўққилар сари интилишади. Фурсатдан фойдаланиб, китоб муаллифларига ўз миннатдорлигимни билдираман, эътиборларини қадрлайман!
— Кўплаб учрашувларда иштирок этдингиз, хусусан Андижон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да ҳам сизни интизор кутган жажжи спортчилар билан ҳам кўришдингиз. Уларнинг умидли кўзларига қараб, ўз болалик хотираларингиз кўз олдингизда гавдаланган бўлса, ажабмас...
— Албатта, болажонларни кўрсам, ўз болалигим худди кинотасмадек кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошлайди. Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг ортидан югурганларим сира ёдимдан чиқмайди. Ўйлайманки, болажонларимиз ҳам ўз устида ишлаб, ўқиб-ўрганиб, биз эгаллаган марралардан-да юқори чўққиларни эгаллашади. Бунинг учун юртимизда барча шарт-шароитлар бор, унумли фойдаланилса, бас.
— Спорт билан шуғулланаётган баъзи ўсмирлар зўравонга айланишяпти, натижа эса аянчли якун топяпти. Бу вазиятда спорт вакили сифатида қандай маслаҳат берасиз?
— Ҳақиқий спортчи кўчада кучини кўрсатмайди. Номдор спортчиларимиз ҳам шу вақтгача бирор марта кўчада уришмаган, зўравонлик қилмаган. Зўравон “спортчи”ларнинг эса олдига қўйган аниқ мақсади йўқ. Ундайлар ўзини кўрсатиш учунгина спорт залларига боришади. Ишончим комил, бизнинг ютуқларимизни кўриб, зўравонлик қилаётган ёшларимиз тўғри хулоса чиқаради ва бизнинг издошларимизга айланишади.
— Келажакда фарзандларингизни ҳам спортчи қиласизми ё бошқа соҳа вакили бўлишлари тарафдоримисиз? Сиз ота-онангизга тортиқ қилган бахтни келажакда фарзандларингиз ҳам сизга тортиқ қилишини истарсиз балки?
— Фарзандларим спортга қизиқса, истеъдоди бўлса, албатта спорт билан шуғуллантираман.
— Қатор-қатор ютуқлар, мукофотлар эгасисиз. Буларнинг бари сизга билдирилган ишонч ва масъулият. Ишонч ва масъулият юки оғирлик қилмаяптими?
— Ютуқларим меҳнатларим эвазига берилган рағбат. Ва бу олға қадам босишда менга янада куч бағишлайди. Қайси соҳада фаолият юритишимиздан қатъи назар бари меҳнатларимизга яраша бўлади.
Хорижда бўлсангиз-да, Мустақиллик байрамини нишонлаганингиз шубҳасиз. Ўтган йилги ютуғингиз байрамга муносиб туҳфа бўлганди. Истагимиз, шундай зафарларингиз давомий бўлсин!
— Раҳмат, бунга бор кучим билан ҳаракат қиламан! Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини энг азиз байрамимиз билан муборакбод этаман. Тинчлигимиз, иноқлигимизга кўз тегмасин!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди