Мана, Уэйн Руни футболдаги самарали юришининг охирги йилларини яна «Эвертон»га бағишлашга қарор қилди.
Дарҳақиқат, катта юлдузлар учун охирида илк қадамларига гувоҳ бўлган қадрдон клубларига қайтиш энг гўзал вариант ҳисобланади.
Ахир мухлислар йиллар давомида ўз кумирларини яна севимли жамоалари либосида кўришни орзу қилишади. Ҳа, «Реал Сосьедад» фанатлари Хаби Алонсони кута-кута чарчашди, Тьерри Анри эса футбол билан узоқ Нью-Йоркда хайрлашиб қўя қолди...
Аммо буюк футболчининг фаолияти якунида қадрдон клубига ёрдам беришни хоҳлаганига далолат бўлувчи таъсирсан тарихлар етарли. Охирги ёрқин мисол - айнан Уэйн Руни.
Вақтида «Эвертон»дан иқтидорли ўсмир сифатида кетган «шрек» жамоага бутун Англия футболининг тирик афсонаси мақомида қайтди.
Football.ua сайти ижодкорлари Уэйнга омад тилаган ҳолда, барчасига илк клубларида хотима ясашни маъқул кўрган энг машҳур футболчилар тарихини ёдга олишди.
Хенрик ЛАРССОН - «Хегаборг»
Фаолияти аввалида: 64та ўйин, 23та гол
Фаолияти охирида: 2та ўйин
Камтарин «Хегаборг» буюк Хенрик Ларссонни тарбиялагани билан эътибор қозонди. Швед тўпурари сермаҳсул фаолиятининг илк 4 йилини айнан шу клубда ўтказганди. Диққатга сазовор томони шуки, «Хегаборг» ярим профессионал мақомига эга эди ва Ларссон футболдан бўшаган вақтда бошқа ишлар билан ҳам шуғулланарди. Умуман олганда, швед ҳужумчиси анча кеч «очилди», шунга қарамай, фаолиятининг якуний босқичида «Барселона» ва «МЮ» каби топ-жамоаларда ўйнади. Орадан нақ 21 йил ўтгач, Ларссон «Хегаборг» сафида яна 2 марта майдонга тушди. Бу вақтда у 42 ёшни уриб қўйганди. Хуллас, тан олинган голеадор футболдаги сўнгги ўйинларини камтарин жамоа либосида ўтказиб, кенг жамоатчилик учун нотаниш саналган клублар устидан қозонилган ғалабаларни тантана қилди.
Факт. Охирги 2та ўйиндан бири Хенрик учун алоҳида аҳамиятлидир. Зеро, швед юлдузи унда ўз ўғли - Жордан билан бирга тўп сурган.
Хуан Роман РИКЕЛЬМЕ - «Аргентинос Хуниорс»
Фаолияти аввалида: -
Фаолияти охирида: 18та ўйин, 5та гол
Рикельме ҳақида гап борганида, кўпчилик асосан 2та клуб - «Бока Хуниорс» ва «Вильярреал»ни эсга олади. Ҳар ҳолда, аргентиналик ҳужумчи улардан биринчисида фаолиятининг катта қисмини олиб борди, иккинчисида эса футболдаги энг яхши дамларини бошдан кечирди. Ўсмирлик чоғи эса «Аргентинос Хуниорс» сафида шуғулланганди. Тўғри, Хуан Роман бошида бу жамоанинг бирор расмий ўйинида иштирок этган эмас. Факт шуки, у фаолияти уфққа яқинлашган пайт «Аргентинос»га қайтиб, роса бир мавсум тўп сурди.
Факт. 18та ўйин ва 5та гол - Рикельме хайрлашув мавсумида анча муносиб натижа кўрсатиб (албатта, ўз ёшига нисбатан олганда), футбол билан хотиржам хайрлашди.
Даниэль АГГЕР - «Брондбю»
Фаолияти аввалида: 34та ўйин, 5та гол
Фаолияти охирида: 43та ўйин, 2та гол
«Ливерпуль» мухлислари Аггерга ҳар доим катта ҳурмат билан қарашган. Чунончи, даниялик ҳимоячи «қизиллар» сафида ҳамиша жонкуярлик қилди, юксак садоқат намунасини кўрсатди. Аниқроқ айтсак, Даниэль «Ливерпуль» таркибида 8 йил тўп сурди. 30 ёшга тўлгач эса, «Брон-дбю»га қайтди ва яна 2 йилдан сўнг бутсасини михга илди. Аггернинг ўзи футболдан эртароқ кетиш қарорини жароҳатлар билан боғлади. Яъни оғриқлар ҳаддан ортиқ қийнагач, у бундан бошқа чора тополмаган...
Факт. «Брондбю» Дания футболида совринларга доимий даъвогарлардан бири саналади. Бироқ Аггернинг қайтиши кутилган самарани бермади. Хуллас, фаолияти стартида Дания кубоги ва суперкубогини ютган фахрий ҳимоячи охирги мавсумда бирор соврин ютолмади.
Руи КОШТА - «БЕНФИКА»