Кириш Регистрация
28/06 03:00 Панама 2-1 АҚШ
28/06 06:00 Уругвай 5-0 Боливия
28/06 20:00 Сўғдиёна 4-2 Динамо
28/06 20:00 Қизилқум 1-0 ОКМК
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай - Бразилия
29/06 21:00 Швейцария - Италия
30/06 00:00 Германия - Дания
30/06 05:00 Канада - Чили
30/06 05:00 Аргентина - Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия

Суперлига–2018: Адолатсиз миллий чемпионатга марҳабо(ми?)

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон профессионал футбол Лигаси ижроия қўмитасининг қарорига кўра, футбол бўйича Олий лига мусобақаси келаси мавсумдан бошлаб «Ўзбекистон Суперлигаси» деб аталадиган, Биринчи лига эса «Ўзбекистон ПРО-лигаси» деб номланадиган бўлди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар берди.

Расмий хабарга кўра, Ўзбекистон Суперлигасида жами 12та жамоа иштирок этади. Тўртта даврадан иборат мусобақада жами 38та тур ўйинлари бўлиб ўтади. 12та жамоа уч даврада 33 та тур ўтказгач, икки гуруҳга бўлинишади. Яъни 1–6 ўринларни эгаллаган жамоалар чемпионлик учун, 7–12 ўринни эгаллаган жамоалар эса Суперлигада қолиш учун яна 5та тур ўтказишади.

38-турдан сўнг очколар бўйича 1-ўринни эгаллаган жамоа чемпионликка эришади. 12-ўринни эгаллаган жамоа ПРО-лигага тушиб кетади. 11-ўринни эгаллаган жамоа эса ПРО-лигада 2-ўринни қўлга киритган жамоа билан иккита плей-офф учрашувини ўтказади. Ғолиб жамоа Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ўзбекистон ПРО-лигасида 16та жамоа иштирок этади. Иккита даврадан иборат мусобақада жами 30 учрашув бўлиб ўтади. 1-ўринни эгаллаган жамоа Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. 2-ўрин эгаси эса Суперлиганинг 11-ўриндаги жамоаси билан уй-сафар тизимида иккита плей-офф учрашувини ўтказади.

Бир қарашда ҳаммаси оддий ва тушунарли. Лекин чуқурроқ ёндашилса, Ижроия қўмита 12талик чемпионат ўтказишнинг мавжуд тажрибаларидан фойдаланмасдан, энг адолатсиз йўлни танлаганини англаб олиш қийин эмас. Буни худди тўғри ва текис йўл турганда, «бетонка»ни айланиб келишга менгзаш мумкин. Бундан муддао не? «Текис йўл»даги светофорларнинг «қизил» чироғига чап беришми?

Очиғи, бундай тарзда ўтказиладиган миллий чемпионатда ташкилотчиларда қайсидир жамоага ён босиш ва коррупцион схемалар вужудга келиш учун яхшигина шароит бор.

Келинг, бу ҳолни доимо юқори мақсадларни кўзловчи «Пахтакор» клуби мисолида тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрай.

Айтайлик, 1-2 давраларда уй-сафар тизимида 22та учрашув ўтди. «Пахтакор» 11 марта ўз уйида, 11 марта сафарда тўп сурди.

3-даврада яна 11та учрашув бўлиб ўтади. Уларнинг айримлари уйда ва айримлари сафарда бўлади. Гарчи Ж.Кореяда чемпионат шу тарзда ташкиллаштирилаётган бўлса-да, бунда ҳам тенглик принципи йўқ аслида. Чунки мисолимиздаги «Пахтакор» 3-даврада 6та марта ўз уйида, 5 марта сафарда тўп суради, ва айтайлик, юқори олтиликдан жой олади.

Энди тўртинчи даврада ҳам 5та тур ташкиллаштирилиши назарда тутилмоқда. Дейлик, «Пахтакор» уларнинг 3тасини яна ўзида, 2тасини сафарда ўтказди. Қайсидир жамоа, айтайлик, «Бухоро» 3-даврада 5 марта ўзида (6та сафарда) ўйнаб, олтиликка илиниб, яна 2 марта ўзида ўйнаши мумкин (3та ўйин яна сафарда).

«Бухоро»нинг 3-4-давраларда ўз стадионида ўтказган учрашувлари 7та, сафарда ўтказганлари 9та бўлади. «Пахтакор» эса аксинча — 9 марта ўзида ўйнаб, 7 марта сафарга чиқади. Хўш, қани бу ерда тенглик?

Яна, клублар 3-даврада сафарда ўйнаб келган жамоаларни 4-даврада ўз уйида қабул қилади, деган ўта кулгили вариантни ҳам ўйлашаётган бўлиши мумкин қўмитадагилар. Юқоридаги мисолимиздагидек, айтайлик, «Бухоро» сафарда 6та жамоага қарши ўйин ўтказди ва 5та ўзида ўйнади. «Бухоро» ўз майдонида қабул қилган жамоаларнинг бешови ҳам юқори олтиликдан жой олди (назарий жиҳатдан шундай бўлиши мумкинку?) Энди 4-даврада «Бухоро» нуқул сафарда ўйнайдими шунақада?

Модомики, чемпионатда 4 давралик тизим, боз устига, юқори олтилик ва қуйи олтиликка бўлиш жорий этилаётган экан, нега шуни 1-2-давраларда 22та тур уй-сафар тизими, 3-4 давраларда 10та тур уй-сафар тизими жорий қилиб, текисгина ўтказиш мумкин эмас? Айрим жамоаларга ўз майдонидаги учрашувлар сонига имтиёз берувчи бундай «велосипед» кашф қилишдан ким манфаатдор?

Қолаверса, сўнгги даврадаги 5тагина тур чемпионлик ва «ПРО-лигага» тушиб кетувчиларни аниқлаб бериш учун мутлақо етарли эмас. Бу кундек равшан-ку? Боз устига, чемпион аниқланадиган сўнгги даврада тенглик принципи «ялт» этиб бузилиб турган бўлса…

Яна бир жиҳатга урғу бермоқчиман: «ПРО-лига»га ҳам «Суперлигадан битта жамоа тўғридан-тўғри тушириб юборилиши жуда кам. Мақсад — юртимизнинг турли гўшаларида футболни ривожлантириш, ҳамма ёққа катта футбол ҳавосини олиб кириш экан, «ПРО лига» деб аталувчи Биринчи лигага қўйи олтиликдан 2та жамоа тўғридан-тўғри тушириб юборилиши шарт. 10-ўринни олган жамоа «ПРО-лига»даги учинчи ўринни эгаллаган клуб билан уй-сафар тизимида ўтиш ўйинида майдонга тушиши керак. Ана шундагина чинакам адолат ўрнатилган, чемпионат ҳам қизиқарли тус олган бўлар эди.

Ҳали янги чемпионатнинг тўлиқ шакл-шамойили тузиб бўлинганича йўқ. Ўйлаймизки, мутасаддилар билдирилаётган таклифларга қулоқ тутишади ва бутун дунёга кулги бўлишдан ўзларини асраб қолишади.

Таъкидлашни истар эдимки, миллий чемпионат деганлари ҳеч кимга ён босмасдан, мавсум бошида белгилаб қўйилган ва давралар оралиғида ҳеч қандай таҳрирга муҳтож бўлмаган тақвим асосида, муросасиз тарзда, очиқ, аниқ регламент асосида бўлиб ўтиши керак. Ҳеч қайси жамоага имтиёз қолдирмаслик керак. Ниҳоят, спорт принципларига тўлиқ амал қилиниши шарт.

Шуҳрат Шокиржонов.

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 09:41, 21.11.2017.
Ўқилди: 11338 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.