Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Яқиндагина бу кўримсиз йигитча Сенегалнинг овлоқ харобаларида тўп тепиб юрганди

Баҳо:
+ | -

Яқиндагина бу кўримсиз йигитча Сенегалнинг овлоқ харобаларида тўп тепиб юрганди.

Энди эса АПЛдек дунёнинг энг сара лигасида барчанинг эътиборини ўзига қаратмоқда. Bombardir.ru «Ливерпул»да порлаётган Садио Мане ҳақида сўз юритади.

Скаут келмаса, ким пайқайди?

«Доимо яқинларингга ғамхўрлик қил ва атрофингдагиларга ёрдам бер. Шуни унутмагинки, яхшилик, албатта, қайтади!» - Садио Маненинг отаси навбатдаги ўгитини шундай якунлаганди. Сенегалнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Бамбали шаҳридаги масжид имоми фарзанди тарбиясига катта аҳамият берарди. Садио эса болалигида анчайин ўжар эди. Бу хусусияти илк марта отаси уни масжид хизматига тайёрлаётганида намоён бўлди: номзод маълум даражада диний билимга эга бўлишдан ташқари, мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиши шарт эди.

Диний билим борасида Садио муаммога йўлиқмади. Мактабдаги машғулотларни тез-тез ўтказиб юрарди: «Дарс пайтида кўпинча футбол ҳақида ўйлардим, кўзимга тўпдан бошқа нарса кўринмасди.

Сабрим чидамай қолганида, кўчага чиқиб, болалар билан тўп тепардим». 90-йилларда Бамбали футбол учун етарли шароитларга эга эмасди. Чунки Сенегал аввалги Сенегамбия иттифоқидан ажралиб, иқтисодий тангликни бартараф этиш билан овора эди.

Мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида юзага келган тартибсизликлар иқтисодиётга қирон келтираётган пайтда футбол ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди.

Шу боис, Мане дуч келган ерда тўп суришга мажбур эди: «Қумлоқ ерларда, дабдаласи чиққан асфальт устида, вайроналарда ўйнардик. Мен шунчаки, тўп билан кўпроқ муомала қилишни истардим».

Шундай мураккаб шароитда эришган маҳоратини кейинчалик болалар ўртасидаги мусобақаларда қўллай бошлади. Мане тенгқурларидан яққол ажралиб турарди.

Шунда ҳам яқинлари унинг профессионал футболчи даражасига кўтарила олишига ишонишмасди. «Биз Дакардан 300 км. узоқликда яшаймиз. Бу ерларга ҳанузгача бирор-бир скаутнинг қадами етган эмас.

Шундай экан, маҳоратингни ким ҳам қадрларди?» - Садио тоғасидан доимо шундай гапларни эшитарди. Тез орада Мане ўз қариндошининг қаттиқ янглишганини исботлади.

2010 йил у мамлакатнинг ўйдим-чуқур йўллари орқали бир амаллаб маҳаллий турнирлардан бирига етиб келиб, йиртиқ-ямоқ футболка-ю, шалоғи чиққан бутсада туп суришига қарамай, ҳамманинг эътиборига тушди.

У ердаги селекционерлар эса ўша заҳоти «Мец»даги касбдошларига қўнғироқ қилишди. Шу тариқа Садио кўрикдан ўтиш учун Францияга жўнатилди. Орадан бир неча йил ўтган бўлсада, Бамбали аҳолиси Маненинг ёшлигини яхши эслайди.

Айниқса, унинг ювинишга вақт тополмай қолган пайтларини - қаҳрамонимиз шундай тиришқоқлик ва иштиёқ билан шуғулланардики, ҳатто чўмилишга ҳам вақтдан қизғонарди. «Ҳечқиси йўқ, катта пул топганда ювиниб оларман», - дерди кулиб.

У билан ишлаш роҳат

«Мец»даги дастлабки машғулотлар арафасида африкалик легионерни беўхшов ташқи кўриниши боис роса калака қилишганди. Лекин у ишга киришиши ҳамоно ҳамма жим бўлиб қолди.

Садионинг тўп билан муомаласини кузатган бош мураббий Доминик Бижота яна 1-2 машғулотдан кейин 18 ёшли йигитчани жамоага қабул қилди. «Мец» академиясининг донғи бутун қитъага етган.

У футбол оламига Робер Пирес, Миралем Пьянич, Эммануэль Адебайор, Луи Саа каби бир қатор юлдузларни тортиқ этган. Мане иккинчи дивизиондаги ёрқин ўйинлари билан ана шу шонли анъанани давом эттиришга киришди.

Бироқ «Мец»­да узоқ тўп суришнинг иложи бўлмади - 2011|2012 йиллар мавсумида жамоа омадсизликка учраб, 3-лигага (ўз тарихида илк марта) тушиб кетди, Доминик Бижота ишсиз қолди.

Франциянинг собиқ колониялари бўлмиш Сенегал, Мали ва бошқа давлатлардан келган юзлаб касбдошлари қатори Садио ҳам қуйи лигалар тутқунига айланиши ҳеч гап эмасди.

Ана шу нозик паллада Рожер Шмидт ёш иқтидор соҳибининг жонига оро кирди - Манени ўзининг «РБ Зальцбург» клубига таклиф этди. Боиси, Садио мураббийнинг ҳужумкор тактикасига жуда мос тушарди.

«Шмидтдан бир умрга қарздорман. Чунки у фаолиятимни бутунлай ўзгартириб юборди. Унинг раҳбарлигида тактик маҳоратимни маромига етказиб олдим», - дейди сенегаллик ҳужумкор ярим ҳимоячи.

«Зальцбург»ни у Австрия чемпиони ва кубоги соҳиби сифатида тарк этиб, «Саутгемптон»га йўл олди.

«Авлиёлар» таркибида Лаллана ва Шоу каби тезкор ижрочилар етарли бўлишига қарамай, Мане ҳам ишсиз қолмади - у билан жамоанинг олдинги чизиғи янада кучайди.

«Садионинг асосий фазилатларидан бири шуки, у ҳар қандай мураккаб масалани жуда тез тушуна олади. Бундай шогирдлар билан ишлаш - роҳат, Мане - мураббийлар орзуси!», - деганди Рональд Куман.

Голландиялик мутахассис даврида сенегаллик футболчи қайд этган натижа нафақат АПЛ, балки футбол тарихида ҳам тенгсиз саналарди. 2015 йил майида Садио «Астон Вилла» дарвозасини 3 марта ишғол қилиш учун 2 дақиқа-ю 58 сония сарфлади, холос!

Ҳали кўп ишлаши керак ДАВОМИ

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:15, 09.12.2017.
Ўқилди: 7762 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.