Узоқ муддатли танаффусдан сўнг Туркияда Европа Чемпионлар Лигаси иштирокчиларига муносиб рақобат тақдим эта оладиган яна бир жамоа шаклланди.
Бугун «кўҳна қитъа»нинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирида шов-шув кўтараётган «Бешиктош» ҳақида суҳбатлашамиз.
Жорий йил ёзида Истанбулнинг «қора-оқлар»га ишқибозлик қилувчи ҳудудида фаолиятини якунлаш арафасида турган яқин ўтмишнинг айрим юлдузлари тўпланишди.
Уларнинг аксарияти ҳисобдан чиқиб улгуришган, турли сабабларга кўра, йирик жамоаларда бошқа ўйнамасликлари тахмин қилиниб, барчаларини Туркияга кузатиб қўйишганди.
Кимдир йирик даромад орттиришига қарамай, буни сўнгги йўл деб билиши мумкин эди. Аммо бу йигитлар барчага нималарга қодирликларини кўрсатиб, Европанинг бир «четида» ҳам порлашлари мумкинлигини исботлашди.
Туркия термаси билан ушбу мамлакат тарихидаги энг яхши натижа - жаҳон чемпионати бронза медалларини қўлга киритган Шенол Гунеш ҳам шу ерда эди. 2002 йили турклар айнан шу мутахассис билан мундиал ярим финалигача бориб, ҳаттоки, бразилияликлар билан ўйинда ҳисобда олдинда боришганди.
Бироқ Роналдо ва Ривалдо тандеми бўлажак чемпионларга ғалабани тақдим этганди. Орадан икки йил ўтиб, Ҳоқон Шукур ва Эмре Белизўғлининг маҳорати ҳам Туркия миллий жамоасининг Евро-2004 финал босқичига чиқиши учун камлик қилди.
Ассоциация раҳбарияти ва қизиққон ишқибозлар аввалги муваффақиятларни унутиб, Гунешни истеъфога чиқаришди. Мураббий «Трабзонспор»га қайтиб, фаолиятининг қолган тўққиз йилини шу жамоа бошқарувида ўтказди.
Оғир-босиқ Шенол клуб учун мос эди. У қайсар Бурак Йилмазнинг феъл-атворини ўзгартира билди, Волкан Шенни кашф этди, фахрий Халил Олтинтўпнинг очилмаган қирраларини намоён қилди. Гунешнинг асосий қоидаси - жамоага пойдевор ясаб, уни шошилмасдан, босқичма-босқич қуриш.
Икки йил аввал Шенол «Бешиктош»да Шарқнинг нозик маданиятига мослаша олмаган Славен Биличнинг ўрнини эгаллаб, ҳаммасини бошидан бошлади. Тактик схемани севимли 4-2-3-1га ўзгартирди, режали ўйинни шакллантирди.
«Галатасарой» ва «Фенербахче»дан фарқли ўлароқ, «Бешиктош» катта бюджетга эга эмасди, шу боис эътиборни Европа топ-клубларига керак бўлмай қолган ўйинчиларни жалб этишга қаратди.
«Порту»даги меҳнат сафаридан сўнг Рикарду Куарежма Туркияга қайтди, «Бенфика»дан «Бавария»да ишлари қовушмаган Андерсон Талиска чақирилди, арзимаган пулга «Барселона»дан Адриано сотиб олинди.
Ва, ниҳоят, таркиб Пепе, Альваро Негредо ҳамда Гари Медель ҳисобига кучайтирилди. Шунингдек, Гунеш қўл остида кўпчиликка яхши таниш Жанер Эркин, Гокхан Тўра ва Арас Озбилиз ҳам тўп суришди. Аммо ушбу трансферлар орасида энг самаралиси Райан Бабель бўлди.
Ўз вақтида, «Ливерпуль» вингерига Европанинг энг иқтидорли футболчиларидан бири сифатида қаралган, бироқ у бошқа юлдузлар соясида қолиб кетганди. Кейинчалик Бабель Германия, Голландия, Испания ва ҳаттоки, БААда ҳам омадини синаб кўрди.
Лекин уринишлар бесамар якунланаверди. Натижада, 30 ёшни қаршилаган Райан озод агент сифатида Истанбул сафарига отланди, фаолиятида илк марта мураббий унга тўлиқ эркинлик берди ва... энг барқарор ўйинларини кўрсата бошлади.
Бир йил ўтар-ўтмас, Бабелнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ЕЧЛ баҳсларида «Порту» ва «Лейпциг» мағлубиятга учратилди. Сўнгги олти йилда илк марта ушбу футболчи Голландия термасидан чақирув олди.
Умуман, қанот ўйинчиларининг тўлиқ эркин тўп суришлари - Гунеш амал қиладиган қоидалардан бири. Айнан шу сабабли Рикарду Куарежма «Бешиктош»га ўзгача меҳр қўйган. Айнан шу сабабли қанот ҳимоячилари Адриано ва Генулдаги самарадорлик ошган.
Уларнинг сафига мудофаа чизиғида мустаҳкам девор ўрнатадиган Пепе ва Меделни ҳамда бор эътибори рақиб дарвозасини ишғол қилишга қаратиладиган Женк Тосун ва Огузхон Озякупни ҳам қўшсак, ЕЧЛ «плей-офф» босқичи ўйинларига шай жамоа ҳосил бўлади.
Муҳими, Гунеш ёш иқтидорлар ва бутсаларини михга илишга шайланаётган юлдузларни ягона мақсад йўлида бирлаштира олди.
Талиска бош билан кўнгилдагидек ўйнашни ўргатгани учун мураббийдан миннатдор, Жанер Эркин кийиниш хонасидаги ажойиб муҳит ҳақида гапирди, Куарежма эса четдан келадиган ҳар қандай таклифни рад этишга тайёрлиги, фаолиятини «Бешиктош»да якунламоқчилигини билдирди. Тўғри-да, бундай ишқибозлар қаршисида тўп суришдан ҳам ёқимлироқ юмуш бор эканми?
Яна бир қадам ташланса кифоя - «Бешиктош»нинг ўз тарихида илк бор ЕЧЛ гуруҳ босқичидан чиқиши эскирган двигателга сифатли ёқилғи қуйилгандек таъсир қилиши мумкин.
Шунда кўпчиликнинг наздида яроқсиздек туюлган «поршен»лар янгича куч билан ҳаракатланади. Бу «Бешиктош» кўпчиликнинг муҳаббатига муносиб. Худди 2002 йилги Туркия термаси сингари.
Ў.УМАРОВ тайёрлади