Кириш Регистрация
07/11 01:00 Бавария 1-0 Бенфика
07/11 01:00 Фейеноорд 1-3 Зальцбург
07/11 01:00 Црвена Звезда 2-5 Барселона
07/11 01:00 Интер 1-0 Арсенал
07/11 01:00 ПСЖ 1-2 Атлетико
07/11 01:00 Спарта 1-2 Брест
07/11 01:00 Штутгарт 0-2 Аталанта
07/11 13:00 Сидней 0-1 Санфречче Хиросима
07/11 15:00 Себу 2-9 Муангтонг Юнайтед
07/11 15:00 Чонбук Моторс 1-0 Селангор
07/11 16:00 ОКМК 2-2 Олимпик
07/11 17:00 Истерн 1-2 Кая-Илоило
07/11 17:00 Лион Сити Сэйлорс 2-3 Персиб
07/11 17:00 Жечжианг 1-2 Порт
07/11 18:15 Динамо 1-2 Локомотив
08/11 00:45 Женоа - Комо
08/11 18:15 Бунёдкор - Металлург
09/11 00:45 Лечче - Эмполи
09/11 01:00 Райо Вальекано - Лас-Пальмас
09/11 16:00 Навбаҳор - Пахтакор
09/11 17:00 Насаф - Сўғдиёна
09/11 18:00 Реал Мадрид - Осасуна
09/11 18:15 Сурхон - Нефтчи
09/11 19:00 Венеция - Парма
09/11 20:00 Кристал Пэлас - Фулхэм
09/11 20:00 Вест Хэм - Эвертон
09/11 20:00 Вулверхэмптон - Саутгемптон
09/11 20:00 Брентфорд - Борнмут
09/11 20:15 Вильярреал - Алавес
09/11 22:00 Кальяри - Милан
09/11 22:30 Брайтон - Манчестер Сити
09/11 22:30 Эспаньол - Валенсия

Антуан Гризманн: «Ўша пенальти бир умрлик доғ»

Баҳо:
+ | -

2016 йил 28 май. Европа Чемпионлар Лигаси финали. «Реал» - «Атлетико». «Матрасчилар»нинг ишонган ҳужумчиси Антуан Гризманн 11 метрли нуқта ёнида. Бироқ унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегди.

Якунда «Атлетико» «шалпангқулоқ» кубокни бой берди. Гризманн эса орадан кўп ўтмай, яна бир йирик финалда мағлублик қисматига кўнди - Франция миллий жамоаси Евро-2016нинг ҳал қилувчи баҳсида Криштиану Роналдусиз қолган португалларга бас келолмади.

Алоҳида қайд этиш керак, Антуан жорий мавсумни ҳам анча омадсиз бошлади ва ҳаттоки, ўткир танқидларга юз тутди. Муҳими, у худди қуш қанот қоққандек бир силкиндию, яна аввалгидек хавфли ҳужумчи қиёфасига кирди.

Франция термаси вакили айни пайт ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда ва мухлислар ЖЧ-2018да ҳақиқий Гризманни кўришлари хусусида ваъда бермоқда. Қисқаси, у Россияга энг яхши спорт формаси ва кўтаринки кайфиятда келмоқчи.

Ҳужумчи L`Equipe нашри мухбирлари билан суҳбатлашар экан, бу борада баралла гапирди: «Майдонда доимо кулиб тўп сурадиган ўша Антуан Гризманни кўришга шайланинг!».

- Бошида ёқимсизроқ савол: Евро-2016 финалида Португалия термасидан қабул қилинган мағлубият шахсан сизга нечоғли оғир ботди?

- Очиғи, бирин-кетин 2та финални бой бериш жуда аламли: аввалига ЧЛда ғолиб бўлиш имкониятини қўлдан чиқардик, кейин Евро-2016нинг ҳал қилувчи баҳсида, боз устига, мухлисларимиз кўз ўнгида ожиз қолдик.

Тушунарлики, бундай омадсизликни худди даҳшатли тушдек имкон қадар тезроқ миядан чиқариб ташлаб, келажакка қараш керак. Бироқ ҳаммаси айтишга осон, амалда эса... Ўзимда синаб кўрдим, бу каби мағлубиятлар аввало, руҳий зарба ҳисобланади. Ахир соврин шундоқ ёнингда турганида, уни четлаб ўтиш осонми?

Биз финал йўлида қанчадан-қанча куч сарфлагандик, якун эса... Дейлик, Евро-2016дан сўнг бутун ҳафта давомида финал ўйини ҳақида ўйладим, миямда унинг вазиятлари тинмай чарх урди. Шу аснода мағлубият қандай юзага келганини англашга уриндим.

Ахир мен бош билан 2та гол уришим мумкин эди, кейин Жиньякнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегди. Боз устига, аввалроқ «Реал»га қарши кечган ЧЛ финалида пенальтидан фойдаланолмагандим. Ҳалигача ўша зарбам ва тўсин кўз ўнгимда. Бу мен учун бир умрлик доғ...

- Умуман, охирги 2 йилда ҳам Франция термасини етарлича танқид қилишди. Танқидлар адолатлими?

- Йўқ. Ҳар ҳолда, терма жамоамиз «Атлетико»га нисбатан яхшироқ ўйнамоқда (кулади). Албатта, ҳамма биздан чиройли футбол талаб қилади, ахир терма жамоамиз таркибида номдор ўйинчилар кўп.

Шундай экан, мухлислар жамоамиздан доимо янада кўпроғини кутишлари табиий ҳол. Лекин шахсан мен учун асосийси - натижа. Футбол чиройи эса иккинчи масала ҳисобланади. «Атлетико»даги ўйинимга қаранг: агар клубимиз 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган бўлса, орқада соф ҳимоячидек тер тўкаман.

- Лекин амплуа бўйича ҳужумчи саналасиз. Бошида бундай усулга кўникишингиз қийин кечгандир...

- Ҳа, ҳаммасига мослашишим учун ярим йил кетди. Мана, энди ушбу тактикани ҳаттоки, ёқтириб қолдим. Ҳозирда ҳимоявий ҳаракатлардан шунчаки, завқ оламан. Кўникиб қолганим учунми, терма жамоада ҳам тез-тез орқага ўтаман.

Бу борада мураббийлар ҳаттоки, алоҳида огоҳлантиришгача боришди: «Ҳимояга қайтишда меъёрни ушла. Сенинг асосий вазифанг - олдинда шай туриш». Бироқ ўз-ўзидан таянч зонасига ёрдам беришга ошиқавераман. Бу Симеоненинг кучли таъсири самарасидир.

- Евро-2016да чемпион бўлмадинглар, шунга қарамай, янада танилдингиз. Машҳурлик халақит бермаяптими?

- Ўзингизни катта эътиборга тайёрлаб бормасангиз, бошида роса қийналасиз. Турли фотосессиялар, суратга олиш жараёнлари... Гоҳида нима қилишни ҳам билмай қоласиз. Лекин инсон ҳаммасига кўникиш хусусиятига эга.

Яхшиямки, майдон четидаги ишларим билан опам (Мод Гризманн) шуғулланади. Унинг ёрдамисиз анча қийналишим турган гап. Мана, жаҳон чемпионатидан кейин кўплаб ҳомийлар билан тузилган шартномалар муддати тугайди ва енгилроқ нафас олиш имкониятига эга бўламан (кулади).

- Ҳа, охирги вақтларда шахсий ишларингизни қариндошларингизга топшириб қўйдингиз. Хусусан, опангиз ва отангизга. Бу принципиал аҳамиятга эга қарорми ёки...?

- Бошида барча ишларимни Эрик Ола назорат қиларди, бироқ кейинчалик орамиздан қандайдир «мушук югуриб ўтди» ва ҳамкорликни тўхтатишдан ўзга илож қолмади.

Шу лаҳзаларда оилавий кўмакка эҳтиёж сездим. Зеро, яқинларимга тўлиқ ишонаман. Улар дарҳақиқат, аввало, менинг манфаатимни ўйлашади.

- Айни пайт биргина футбол билан чекланиб қолмаяпсиз. Мисол учун, Lego Batman фильми қаҳрамони - Суперменга овоз бердингиз. Шундай тиғиз паллаларда ортиқча юклама олиш шартми?

- Очиғи, кино соҳасида айтарли тушунчага эга эмасдим. Кинолойиҳага таклиф этишганида эса, дабдурустдан ижобий жавоб бердим: «Бу зўр-ку, розиман, албатта!» Чунки табиатан янгиликларга ўчман.

Қолаверса, кино олами жуда қизиқарли. Мана, овоз бериш жараёнида бевосита қатнашиш орқали бу борада муайян тажриба ҳосил қилдим.

- ЖЧ-2018 сиз учун иккинчи мундиал ҳисобланади. Тушунарлики, Россияда Гризманндан кўп нарса кутишади. Ҳар ҳолда, Бразилия-2014дагига нисбатан яхшироқ ўйнашингиз талаб этилади.

- Масъулият ҳамиша босим юклайди. Лекин футболчи умумий муносабат ва четдан янграйдиган фикрларга енгилроқ қараши керак. Демоқчиманки, аввало, футболдан шунчаки, завқ олишга уринсангиз, ҳаракатларингиз ўз-ўзидан яхши чиқаверади.

Бордию, миянгизни турли хаёллардан тозалай олмасангиз, унда ҳеч вақога эришолмайсиз. Ваъда бераман: Россияда ҳамма доимо юзида табассум билан тўп сурувчи ўша Гризманни кўради.

- Ҳозир бор эътиборингиз бўлажак мундиалга қаратилган бўлса керак...

- Ҳа, майдонда аслида нималарга қодирлигимни тўла-тўкис намойиш этмоқчиман! Тайёргарликка келсак, машғулотлардан сўнг тикланиш муо-лажаларига кўпроқ вақт ажратяпман, хусусан, массажчи билан кучайтирилган режа асосида ишлаяпман. Зеро, жаҳон чемпионатигача энг яхши спорт формасига киришим шарт.

- Франция терма жамоасини турнир фаворити сифатида тилга олиш мумкинми?

- Умид қиламанки, биз фаворит эканлигимизни амалда кўрсатамиз. Ҳозирча ҳамма Германия, Испания, Аргентина ва Бразилия терма жамоаларини асосий фаворитлар қаторига қўшаверсин. Шунингдек, бўлажак жаҳон чемпионатида «сюрприз»­ларга гувоҳ бўлишимиз ҳам тайин. Бунга шубҳа қилманг.

- Бундай йирик форумлар одатда трансферлар бозорига катта таъсир қилади. Айтинг-чи, Россияга йўл олишдан олдин «Атлетико»даги келажагингизга ойдинлик киритиш масаласи сиз учун нечоғли муҳим?

- Клубда қолиш ёки қолмаслигимни мундиал стартигача ҳал қиламиз, албатта. Чунончи, ортиқча ўй-хаёллар турнир давомида халақит беришини асло хоҳламайман.

Агар кейинги тақдирим мавҳумлигича қолса, хотиржам тўп суролмаслигим мумкин. Чунки дуч келган киши саволга тутади: «Фалон клубга ўтиш вариантига қандай қарайсан? Бунисига нима дейсан?» Қолаверса, матбуот ҳам жим турмайди - турфа хил хабарларни тарқатаверади...

- Евро-2016да энг яхши тўпурар бўлгандингиз. Хўш, ЖЧ-2018да ўша вақтдагидан ҳам кучлироқ ўйнай оласизми?

- Ҳаракат бор. Шуниси аниққи, мундиалга тажрибалироқ футболчи сифатида бораман.

- Ўйин сифати масаласида-чи?

- Билмадим. Лекин тажриба муайян вазиятларда сифатни оширишга имкон берса керак. Ҳозирча фақат бир гапни дангал айтаман: Гризманн Россияга энг яхши ҳолатда йўл олади.

- Демак, ҳозир энг юқори спорт формасидасиз, аммо мавсум бошида бундай эмасди...

- Тушунарлики, ёзги баёнотим («Манчестер Юнайтед»га ўтиши эҳтимоли ҳақида) ва унга боғлиқ воқеалардан кейин фақат футболга эътибор қаратишим қийин бўлди. Умуман, зўр иштиёқда ўйнай олмадим. Кейин мавсумолди йиғинларида бинойидек ишладим, аммо...

Дейлик, назорат ўйинларида негадир голсизликка учрадим. ҳаттоки, машғулотларга келишим билан мендан қачон гол уришим ҳақида сўрайдиган бўлим қолишди. Мавсум бошлангач эса, «Жирона»га қарши учрашувда қизил карточка олдим.

Аслида ҳакам менга нисбатан қоида бузилганини кўриб, пенальти белгилашга чоғланган эди, бироқ нима бўлдию, фикрини ўзгартирди (рефери ҳужумчига аввалига симуляция учун сариқ, кейин ҳақоратлагани туфайли дарҳол қизил карточка кўрсатганди).

Шу ҳолат ҳам салбий таъсир қилди. Қисқаси, маълум муддат фақат миллий жамоада кўтаринки руҳда ўйнадим, чунки термада ҳеч ким босим ўтказмасди.

- Хусусан, Болгария (1:0) ва Беларусь (2:1) терма жамоаларига қарши баҳсларда муҳим голларга муаллифлик қилганингиздан қанчалик илҳомландингиз?

- Ўзи айнан термада ўзимга мутлақо ишониб тўп сураман - зарур пайт гол ура олишимни биламан. Зеро, жамоада алоҳида муҳит шаклланган ва футболчи ўйиндан чинакамига баҳра олади. Оддий айтганда, биров ортингиздан пичирламайди.

- Хўш, жорий мавсумдаги қайси лаҳза бурилиш нуқтасига айландию, «қора» кунларга барҳам бердингиз?

- Инқироз ҳолатидан чиқиб кетишимда аввало, миллий жамоа мураббийларининг менга ишонишда давом этишгани муҳим роль ўйнади.

Бундан ташқари, «Атлетико»да ҳам ишлар ўнгланди ва Диего Симеоне хоҳлаганимдек ҳаракатланишимга тўсқинлик қилмади. Январда эса Диего Коста сафимизга қайтди. Муҳими, у билан бирга ўйнашда алоҳида енгиллик сездим.

- «Севилья» дарвозасига 3та, «Леганес»никига 4та гол... Охирги 10та ўйинда 11та гол! Бундай самарадорликни давом эттира оласизми?

- Юқори маромни сақлаб қолиш жуда қийин, тўхтамасдан барқарор гол уриш фақат Роналду ва Мессига хос. Муҳими, ҳозирги ўйинимдан хурсандман.

Тўғри, гоҳида шундай ўйин-лар бўладики, энг оддий вазиятларда ҳам тўпни йўқотаверасан, уни бўйсундиролмайсан. Демоқчиманки, ўйинимга боғлиқ минус жиҳатларни яхши биламан. Шундай экан, улар устида ишлашим керак.

- Мисол учун...

- Ўйинга киришиб кетишим қийин, бошида ҳаттоки, кетма-кет 3-4 марта хатога йўл қўйишим мумкин. Шунингдек, баъзан тўғри позиция танламаслик оқибатида зўр узатмани кўкка совураман.

- Роналду ва Месси анчадан буён «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатининг олдинги икки қаторидан жой олишмоқда. Сиз эса бир йил ичида 3-ўриндан 18-поғонага тушдингиз. Бунчалик «қулаш» оғир эмасми?

- Йўқ, ҳарқалай, билинмади. Жиддий гапирсам, аввалги мавсумда ўзимни кўрсатолмадим. Шундай экан, ранжишга асосим йўқ.

- Лекин «Олтин тўп» - футболдаги бош мақсадингиз, шундайми?

- Яна йўқ. Асосийлари 2та - жаҳон чемпионати ва ЧЛда ғолиб чиқиш. «Олтин тўп»ни эса навбатим келса, қўлга оларман. Табиатан худбинликни ёқтирмайман, доимо жамоа манфаатини биринчи ўринга қўяман. Индивидуал кўрсаткичлар - иккинчи масала.

Тан оламан, Европа чемпионати бош тўпурари мақомини олганим ўзгача ҳиссиёт уйғотди. Ахир бу ҳақда 10 йилдан кейин ҳам гапиришлари мумкин. Лекин мен тўпурар бўлмасам ҳам, жамоамиз Европа чемпионига айланганида, яхшироқ эди...

Маълумот учун

АНТУАН ГРИЗМАНН

Туғилган санаси ва манзили: 1991 йил 21 март, Макон (Франция)

Амплуа бўйича: ҳужумчи, «Макон» ва «Реал Сосьедад» клублари тар-бияланувчиси

Ўйнаган жамоалари: «Реал Сосьедад» - 2009-2014; «Атлетико» - 2014-...

Ютуқлари: Испания суперкубоги соҳиби - 2014; ёшлар ўртасида (U-19) Европа чемпиони - 2010; ЕЧЛ финалчиси - 2016; Европа вице-чемпиони - 2016

Франция терма жамоасидаги статистикаси: 51та ўйин, 19та гол

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:41, 16.04.2018.
Ўқилди: 14570 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.