«Бавария» ярим ҳимоячиси Тиаго Алкантара Испания терма жамоаси сафида ЖЧ-2018да иштирок этиш имкониятига эга. Тиагони тўп билан бирга улғайган, деса ҳам бўлаверади. Унинг отаси Мазиньо Бразилия терма жамоаси сафида 1994 йилги жаҳон чемпионатида бош совринга эга чиққан.
Эътиборли томони, Тиаго Испания термасида, укаси Рафиня Алкантара эса Бразилия миллий жамоасида тўп суради. Отасининг муваффақияти Тиагонинг айнан футболчилик касбини танлашига замин яратгани аниқ.
У болалигидан отаси билан бирга ўйнаган футболчилардан нималарнидир ўзлаштирган. Айтайлик, Мазиньо «Валенсия»да ўйнаганида, Предраг Миятовичга ўхшаб сақич чайнарди.
Шунингдек, россиялик Александр Мостовой ҳам Алкантаранинг футболчи бўлишига ҳисса қўшган. 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Тиаго жароҳат туфайли иштирок этолмаганди. Энди Россияда отаси сингари жаҳон кубогини боши узра кўтариш имкониятига эга.
Тиаго Испания ўсмирлар термаси билан 2008 йили, ёшлар термаси билан эса 2011 ва 2013 йилларда Европа чемпиони бўлган. 2013 йилги чемпионатда испанлар финалда Италияни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратишган, ўшанда Алкантара «хет-трик» қайд этганди.
Эътиборли томони, ўшанда жамоани Хулен Лопетеги бошқарарди. Айни пайт ушбу мутахассис Испания миллий терма жамоаси бош мураббийи ва у Алкантаранинг қандай салоҳиятга эга эканлигини яхши билади.
Яқинда ФИФА расмий сайти Тиаго билан суҳбат уюштирди.
- Айни пайт ўзингизнинг энг яхши футболингизни намойиш қиляпсиз. ЖЧ-2018 эса айни шу паллага тўғри келмоқда. Ўз навбатида, Хулен Лопетеги ихтиёридаги асосий футболчилардан бирисиз. Мундиалда қатнашиш сиз учун қандай аҳамият касб этади?
- Бу ҳар бир футболчининг орзусидир. Ўйлайманки, биз катта ютуқлар ҳақида ўйласак бўлади.
- Мақсад чемпион бўлишми?
- Иложи борича юқори ўринлар учун курашамиз. Имкониятларимиз қандайлигини яхши биламиз. Италиядек жамоани гуруҳда қолдириб кетдик, кучли термалар билан ўртоқлик учрашувларини ўтказиб, ғалабаларга эришдик. Натижалар қандай кучга эга эканимизни кўрсатиб турибди. Лекин олдиндан бир нима дейиш ноўрин.
- 2013 йили Лопетеги қўл остида ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиққансиз. Ўшанда жамоа сафида айни пайт миллий термада фаолият олиб бораётган Дэвид де Хеа, Иско, Коке ва Альваро Мората каби футболчилар ҳам бор эди. Шу авлод вакилларининг олдинга қадам ташлаш вақти келдими?
- Бизда рақобат ўта кучли. Шу боис ҳам юқори марраларни забт этдик. «Олдинга қадам ташлашимиз керак», демаймиз, балки буни амалда рўёбга чиқарамиз. Йиллар давомида катта турнирларда қатнашиб келяпмиз.
- Лопетеги қўл остида анчадан буён тўп сурасиз. Мураббий сифатида у қанчалик ўсди?
- Биз ҳаммамиз ўсяпмиз. Чунки ўрганишни истаймиз ва энг яхши бўлмоқчимиз. Шунингдек, Хулен ҳам мураббий сифатида бунга эришди. У ҳар томонлама ўсди. Лопетеги жамоани ўйинга тайёрлаётган пайт майда-чуйда нарсаларга ҳам эътибор беришидан буни ҳис қилса бўлади.
- Унинг футболчиларга муносабати ўзгардими?
- Хуленнинг иккита устунлиги бор. Биринчидан, Лопетеги собиқ футболчи сифатида ўйинчиларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини яхши билади. Иккинчидан, у мулойим инсон ва нимани истаётганини тўғри тушунтиради.
- ЖЧ-2014да кўплаб жамоалар 5 ҳимоячи тактикасини танлашганди. Россияда ҳам шундай ҳолат кузатиладими?
- Ўйлайманки, ўртамиёна жамоалар кучли термаларга қарши айни усулдан фойдаланишади. Ҳаттоки, кучли бўлган Германия термаси ҳам кўпинча беш ҳимоячи билан ўйнайди. Бу немис футболида энг кўп қўлланиладиган усул.
Улар уч ҳимоячи ҳақида гапиришади, лекин ўша вазиятда мудофаа чизиғи вакиллари беш футболчидан иборат бўлади. Гвардиола «Бавария»ни бошқарганида уч ҳимоячи билан ўйнаган. Айни пайт «Жирона» шундай усулда ҳаракат қилмоқда.
- Жаҳон чемпионати ҳақидаги илк хотираларингиз қандай?
- ЖЧ-1994ни эслайман. Унда отам зафар қучган. Уч ёшли болакай эдим. Тўғри, ўйинлар қандай ўтганини эслай олмайман, аммо унинг уйга қайтгани хотирамга муҳрланиб қолган. Оиламизнинг барча аъзолари бирга бўлишган.
- Мундиаллардаги қайси ўйинни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
- ЖЧ-2010 финалидан ўрин олган Испания - Голландия учрашуви ва Андрес Иньестанинг голи. Бу испан футболидаги муҳим воқелик. Биз ўшанда U-19 аъзоси эдик.
Коке, Родриго, Бартра, Каналес... барчамиз бирга томоша қилганмиз. Андрес гол урганидан сўнг тўс-тўполон бошланиб кетганди. Ҳаттоки, телевизорни ҳам ағдариб юборгандик. Ўйиннинг қолган дақиқаларини ҳеч ким томоша қилмаган.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.