Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бельгия терма жамоаси сафида ўйнайдиган почтачини танийсизми?

Баҳо:
+ | -

«ПСЖ» клуби ҳамда Бельгия термасининг иқтидорли ҳимоячиси Тома Меньенинг фаолият йўли касбдошлариникидан деярли фарқ қилмайди.

Аҳамиятли жиҳати шуки, миллий жамоадан таклиф олишидан атиги 3 йил аввал у футболга умуман алоқаси бўлмаган касб - почтачилик билан кун кўраётганди.

Менье ЖЧ-2018 бошланишидан аввал хорижлик ҳамкасбларимиз билан суҳбатда ўтмиши қандай кечганини тўлқинланиб сўзлаб берди.

«Почтачининг меҳнати сиз ўйлаганчалик осон эмас. Шу боис, уйингизга яқинлашаётганига кўзингиз тушса, унга табассум ҳадя қилинг. Балки бир пиёла чойга таклиф этарсиз?! Ҳар ҳолда, у машаққатли иш кунини ўтказмоқда.

Дарвоқе, нега энди бу йигит футбол эмас, почта ҳақида гапиряпти, деб ажабланманг: терма жамоадаги дебютимдан 3 йил муқаддам мен айнан шу касб вакили эдим - футболчи Менье эмас, почтачи Менье.

18 ёшга чиққанимда, фақат футболнинг ўзи билан кун кечириш қийин бўлиб қолди. Шу сабаб почтага ишга кирдим. Тонг отмасидан ишга отланардим. Агар Лондон ёки Нью-Йоркда бўлганимда, эҳтимол, иш куни анча енгил, қувноқ ўтиши мумкин эди.

Бироқ мен Бельгиянинг овлоқ бир қишлоғида яшардим, зил-замбил қопни орқалаб олганча, у уйдан бунисига чопишга мажбур эдим. Ҳар эллик метрда почтани саралашим, керакли қутиларга жойлаб, қўшни уйга ўтишим талаб этиларди.

Кўпинча бу ишларни кучли жала шароитида бажаришга тўғри келарди. Бахтимга, икки ойдан кейин автомобиль деталларини йиғиш фабрикасидан иш топдим. Тўғри, бунга анча бўлди, орадан 8 йил ўтди. Ҳозир ЖЧда майдонга тушишга тайёрланяпман.

Аксарият касбдошларим каби, менинг футболга келишимга ҳам отам сабабчи бўлган. У ҳаваскорлар даражасида тўп сурар, якшанба кунлари мен, опам ва ойим унинг ўйинларини томоша қилишга борардик. Хуллас, оиламиз футболни хуш кўрарди.

Қолаверса, 2000 кишилик қишлоғимизда футбол билан гимнастикадан бошқа спорт тури йўқ. Кўпчилик қатори, мен ҳам футбол билан вақт ўтказардим. Лекин отам талабчан инсон эди.

У машғулотларимни кузатар, керакли маслаҳатлар ва танбеҳлар берарди. 12 ёшимда ота-онам ажрашишди, опам иккимиз онам билан қолдик. Оилани таъминлаш учун у соат 12гача ҳамширалик қилар, кейин меҳмонхона ва ресторанда ишларди. Унинг тинимсиз меҳнати туфайли рўзғоримиз бут эди.

13га чиққанимда, онамнинг ҳаракати билан Бельгиянинг энг йирик академияси - «Стандарт» тарбияланувчилари сафидан жой олдим. Қишлоғимиз олисда жойлашгани боис, академия ёнидаги мактаб-интернатига кетишимга тўғри келди.

Аввалига осон бўлмади. Лекин янги дўстлар билан танишгач, ҳаммаси изга тушиб кетди. У ерда ўтган 2 йил ҳаётимда чуқур из қолдирди.

Кутилмаганда мураббий ойим иккимизни офисига таклиф этди ва мен билан хайрлашишини маълум қилди. Биз бу янгиликни кутмагандик. Ҳаётим яна эски изига қайтишини, жонажон мактабимга қайтиб, ҳамқишлоқларим каби ҳаёт кечиришим ҳақида ўйлай бошладим.

Аммо ойим қатъий қаршилик билдирди: «Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Футбол - сенинг ҳаётинг. Сен ўйнашинг керак!» У мени камтарин «Виртон» клубига олиб борди ва «Стандарт»да ик-ки йил таҳсил олганимни, талаб даражасида тўп сура олишимни баён этди.

Тез орада онамнинг ҳақ эканлиги исботланди: «Виртон» ёшлари сафида машғулот беллашувида майдонга тушиб, 10та гол урдим. Жамоамиз 15:3 ҳисобида зафар қучди. Шундан кейин мураббий менга яқинлашди ва қайси рақам остида ўйнамоқчи эканлигимни сўради.

Эътиборлиси, «Стандарт» мендан воз кечганидан кейин отам ўйинларимга келмаслигини маълум қилганди. Бироқ бир куни «Виртон»нинг асосий таркибида майдонга тушганимда, унинг трибунада ўтирганини кўриб қолдим.

«Виртон»даги 400 евро атрофидаги ойлик маош тирикчилик учун камлик қиларди. Шу сабабли бир неча ой почтада, кейин автомобиль заводида ишладим.

Вазифам - цехда тайёрланган машинанинг олд ойналарини Хитой, Франция ёки Руминияга қатнайдиган юк машиналарига ортиш эди. Корхонадаги танишларим менинг ўйинларимни кузатиб боришар, жамоа мағлубиятга учраган паллаларда мириқиб калака қилишарди.

Кутилмаганда ҳужум чизиғида ўйнаб, ғайритабиий тарзда голлар ура бошладим. Оёқларимдан ташқари бош билан ўйнашда ҳам чакки эмасдим. Мен учун масофанинг ортиқча аҳамияти йўқ эди.

Мухлислар секин-аста голларимни YouTubeга жойлайдиган бўлишди. Тез орада 3-дивизион вакилининг фантастик голлари бутун Бельгияга тарқалди. Табиийки, ўша пайт заводда ишлашимни кўпчилик билмасди.

Ўйинимдаги ижобий ўзгаришнинг асосий сабаби шунда эдики, мутлақо эркин шароитда тўп сура бошлагандим, ҳеч қандай мажбурият менга халал бермасди. Кўп ўтмай номдор клублардан «совчилар» кела бошлашди. Чунки мени атиги 100 минг еврога баҳолашганди.

Тез орада агентим қўнғироқ қилиб, «Брюгге»дан таклиф борлигини маълум қилди. Мамлакатнинг энг номдор жамоаси эътиборига тушганлигим мени шошириб қўйди. Албатта, хавотир ҳам йўқ эмасди. Лекин шу заҳоти ўзимга-ўзим далда бердим: «Ишончни оқлай олмаслигинг мумкин, аммо кучинг етганича ўйнаш ўзингга боғлиқ-ку».

Шартномага имзо чеккач, отамдан табрик олдим. Бу мен учун муҳим совға эди. Шунингдек, бобомнинг муносабати ҳам: у бутун умри давомида «Брюгге»га мухлислик қиларди.

Шу боис, аввало, у билан кўришишга ошиқдим: «Бобожон, топинг-чи, қайси клуб мен билан шартнома имзолади?» У худди олдиндан билгандек хотиржам жавоб қайтарди: «Брюгге».

Жамоанинг асосий таркибида майдонга тушгач, ўз ўрнимни ҳеч кимга бермадим. Дастлабки икки йил ҳужумчи позициясида ўйнадим, кейин ўнг қанот ҳимоясига ўтдим. 2013 йилда Бельгия термасида дебютимни нишонладим.

Онамнинг айтишича, мени ТВ орқали кўрсатишганида, барча ҳам-қишлоқлар табриклашибди. Миллий жамоанинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши биламан. ЖЧ-2002да Марк Вильмотс Бразилия дарвозасига гол уриб, жамоамизни олдинга олиб чиққанди. Бироқ ҳакам хатоликка йўл қўйиб, голни ҳисобламаганди. Ўшанда роса йиғлагандим.

Таажжубки, айнан жаноб Вильмотс мени илк йирик мусобақага таклиф этди. Евро-2016 иштирокчилари эфир орқали эълон қилинаётганда оила аъзоларимиз ТВ қаршисида жам бўлишди.

Ниҳоят, биз кутган ибора янгради: «Тома Менье рўйхатда!» Бундай лаҳзалар умрбод хотирада қолади. Тўғри, биз чорак финалда енгилдик. ЖЧ-2018да олисроққа боришимиздан умидворман. Чунки бу - оиламиз учун дастлабки мундиал.

2015 йилнинг декабрида тўнғич ўғлим дунёга келди, мен «Брюгге» сафида чемпион бўлдим. Кейин Евро-2016да майдонга тушиб, «ПСЖ»дан таклиф олдим. Париж кўчаларида сайр қилганимизда, ўғлим жамоа логотипини кўрса, «Ана дадам, ана дадам», дея чуғурлайди.

Демак, у нима билан шуғулланишимни билади. Бир-икки йилдан кейин «Менинг отам футболчи», деса ажабмас. Лекин ўзимдан қай тариқа футболга кириб келганимни сўрамаслигига умид қиламан. Чунки буни ўғлимга тушунтириб беролмайман. Эришган натижаларимни ўзим ҳам тўлиқ тасаввур эта олмайман.

Баъзан диванда ўтирган ҳолда рафиқамни саволга тутаман: «Дебора, «ПСЖ»да, терма жамоада тўп сура олишимни ҳеч тасаввур қилганмисан?» Хаёлим олисларга олиб кетади. Тўғри, қаерда ўйнаган бўлсам, «Бу йигит, албатта, профессионал футболчи бўлади», деган гапларни эшитганман.

Лекин ушбу воқеанинг шунчалик тез юз бериши хаёлимга ҳам келмаган. Қолаверса, мен билан ёнма-ён тўп сурган йигитларнинг ҳеч бири ҳозир футболчи эмас. Нега шундай? Нима учун фақат мен? Бу каби саволлар тинчлик бермайди. Ўйлай-ўйлай, энг тўғри жавобни топгандек бўламан - бу тақдир!»

Наҳотки, кеча заводда юк ташиб юрган йигит бугун Неймар билан ёнма-ён тўп сурса? Наҳотки, бугунги ҳаётда ҳам мўъжизалар юз бериши мумкин бўлса? Кўриб турганингиздек, у замон ва маконни тан олмас экан.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 18:02, 02.07.2018.
Ўқилди: 4400 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.