3та турда 6та гол, бунга нима дейсан, Лео Месси? «Боруссия» Д. ва «Аугсбург» клублари футболчилари Бундеслига 7-туридан ўрин олган «Сигнал Идуна Парк»даги ўйинда голлар отишмасини намойиш этишди.
Якунда мезбонлар Пако Алькасер томонидан қайд этилган «хет-трик» эвазига 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишди. Испаниялик футболчи охирги голини ўйиннинг 90]6-дақиқасида нишонлади - ўта завқли ғалаба, қиёси йўқ хурсандчилик.
Умуман, ўтган мавсум «Барселона»да ўзини сира кўрсатолмаган ҳужумчининг Бундеслигадаги статистикаси ҳайратланарли: у охирги 4та ўйинда «сариқ-қоралар» учун 7та гол урди. Ҳа, Алькасер «Барселона» захира ўриндиғида беҳуда кетган мавсумлар ўрнини тезда қоплаш ҳаракатига тушган кўринади.
«Барса»да нега ўйнолмади?
Пако Алькасер Испания чемпионатининг 2016|2017 йиллар мавсумида «Барселона» сафида 20 марта майдонга тушди. Ўйин вақтига нисбатан олганда, статистикаси ҳам чакки бўлмади: 847 дақиқада 6та гол ва 3та самарали узатма. Ла-лиганинг ўтган мавсумида эса, ҳужумчи «кўк-анорранг» футболкани 17 марта кийди, ўйин вақти ҳам бироз камайди - майдонда жами 693 дақиқа ҳаракатланди. Пако шунга қарамай, 4та гол ва 3та самарали узатма асносида эффект берди. Бироқ унинг «Валенсия»да бир неча мавсум қойилмақом даражада ўйнаганини ҳисобга олсак, Каталония суперклубидаги кўрсаткичлари жуда-жуда паст кўринади. Ҳар ҳолда, Алькасер 2016 йилнинг ёзида «Месталья» билан чин қаҳрамон сифатида хайрлашганди. Тўғри, ўша вақт «Валенсия»ни бош-қарган чўрткесар мураббий Пако Аестаран футболчи ва оммани алоҳида огоҳлантирганди: «Бу ўтиш ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди, Алькасер Каталонияда шунчаки, захира ўриндиғига «михланиб» Лионель Месси ва Луис Суарес ижросидаги ўйинларни кузатиш билан чекланади». Бироқ ёш ҳужумчи бу каби маслаҳатларга қулоқ тутмади ва тез орада хато қилганини тан олди. Хуллас, Пако «Барса»да кучли рақобатни кўтаролмади. Оддий айтганда, у икки мавсум давомида асосан захирада ўтириб, 2 ёш улғайди. Ҳа, мураббийлар ёш иқтидорга миллий кубок ва ЧЛ доирасидаги баҳсларда етарлича имконият беришди. Аммо энг масъулиятли ўйинларда унга қиё ҳам боқишмади. Ахир рўпараларида аргентиналик даҳоча турганида, Пако кўзларига кўринармиди? Алькасернинг ўзи охир-оқибат, ҳаттоки, Эрнесто Вальвердега мурожаат қилиб, унга кўпроқ ўйин амалиёти тақдим этишини ҳам сўради. Лекин бефойда. Бинобарин, ҳеч қайси ақлли мураббий захира вакилига қўшимча дақиқалар бериш туфайли жамоа етакчиси билан алоқалари бузилишини истамаса керак. Июнь ойида испан журналисти Хорхе Мориэль Marca нашрида айни ҳақиқатни ёзди: «Алькасер - ажо-йиб ҳужумчи, лекин унга вақт керак, ўзига муносиб клуб сафига қўшилиши ҳам муҳим. Бордию, Антуан Гризманн «Барселона»га ўтса, Паконинг кетишига тўғри келади, барибир. Германия ёки Франция - Пако учун идеал вариант. Ҳар ҳолда, ўйин услуби бўйича айни шу мамлакат чемпионатларига жуда мос тушади». Қарангки, Мориэль яқин келажакни тўғри тахмин қилган бўлиб чиқди: Алькасер «Боруссия»да ижара шартномаси асосида ўйнаш вариантини танлади ва бир уринишда Люсьен Фавр жамоасида бош роллардан бирига кўтарилди. Ўз навбатида, нисбатан «ғариблашган» Бундеслига ёрқин ижрочига эга бўлди.
Алькасер қандай ўзгарди?
«Боруссия» раҳбарияти баҳорда ва ёз аввалида клубнинг трансфер сиёсати ўзгараётганини бот-бот таъкидлади: «Эндиликда фақат ёш футболчиларга таянамиз. Ҳа, тажрибали ўйинчиларни ҳам таклиф этишимиз мумкин, шарт шуки, уларнинг трансфери катта маблағ талаб қилмаслиги керак». Дортмундликлар шу сиёсат таъсирида қимматбаҳо Миши Батшуайидан воз кечишди ва Пако Алькасерни ижара асосида олишди. Муҳими, испан йигити немислар диёрида қуёш нурига зориқиб турган ва бирданига очилган куртакни эслатди. Тўғри, инсоф юзасидан айтиш керак, Дортмундда унга шунчаки, муносиб рақобатчининг ўзи йўқ. Қисқаси, Люсьен Фавр испан ҳужумчисига дарҳол асосий таркибдан жой ажратди. Муҳими, футболчи мураббий кўрсатмасига асосан, ўйин услубини ҳам бироз ўзгартирди. Оддий тушунтирганда, Алькасер эндиликда тўпни олдинда кутиб турмаяпти, балки марказгача ортга қайтмоқда, гоҳ-гоҳида ҳаттоки, қанотга ҳам кўчмоқда. Энди Алькасернинг Дортмундда чиндан ҳам, тараққиётга эришганини тасдиқловчи бир неча статистик фактларга эътибор қаратинг:
* Пако Алькасернинг «Валенсия» ва «Барселона»даги ҳар 90 дақиқалик ўйин вақти билан таққосласак, Германияда нақ 51 фоиз кўп югурмоқда. У шунинг баробарида қанотлар бўйлаб тез-тез олдинга интилмоқда, баъзан «9-рақам» ролини бажармоқда.
* Испан ҳужумчисининг ҳар 30 дақиқалик ўйин вақтига тўғри келувчи зарбалари сони «Барса»даги даврига нисбатан 0,7тадан ...3,8тага ошди.
* Пако Алькасер Бундеслига тарихида илк 3та ўйинида 6та гол урган иккинчи футболчи бўлди (узоқ 1963 йили Герт Дерфель худди шундай натижа қайд этганди).
* Алькасер «Борус- сия»даги илк 3та голига атиги 50 дақиқа сарфлади. Бу Дортмунд клуби учун рекорд кўрсаткичдир.
* Пако ўтган мавсум 1та гол уриш учун 3,75та зарба йўллаганди («Барса» футболчилари учун Ла-лига-2017|2018даги энг яхши кўрсаткич). Эндиликда ҳужумчи 1та гол уриш йўлида дарвоза томон 3,01 марта зарба бермоқда.
Хулоса шуки, Каталонияда имконият берилишини кутиб чарчаган Алькасер янги клуб ва шаҳарга муаммосиз мослашди ҳамда бош мураббий фалсафасини тезда тушунди. Люсьен Фавр ҳам ҳужумчидан ҳайратда: «Табиатан универсал футболчиларни қадрлайман. Пако тез ҳаракатланиб, рақибларидан ўзиб кетишга ҳам, ўзи ва жамоадошларига бирдек яхши вазият яратишга ҳам уста. Ўйлашимча, у яқин вақт оралиғида бемалол «Борус- сия»нинг энг муҳим футболчисига айланиши мумкин». Дарвоқе, ҳужумчи учун белгиланган трансфер баҳоси 23 млн. еврога тенг. Унинг «Боруссия» ҳужумини тўлиқ белгилаб бераётганини ҳисобга олсак, бу сумма анча паст...
мавсум кашфиётлари
* Пако Алькасер - испан футболининг охирги йиллардаги энг иқтидорли ҳужумчиларидан бири. Вақтида уни Давид Вилья ва Рауль меросхўри сифатида эътироф этишган. Бироқ «Барселона»даги фаолияти ўхшамагач, истиқболи шубҳа остига олинганди.
* 2003 йилнинг кузида Оскар Рубен Вальдес (Валенсия яқинидаги шаҳарча) футбол мактабига аргентиналик машҳур «Матадор» - Марио Кемпес («Валенсия» тарихидаги энг яхши футболчи) ташриф буюради ва маҳаллий болалар жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилади. 12:4 ҳисобида якунланган ўша ўйинда бўйи тенгдошлариникидан анча паст ва шалпангқулоқ болакай - Пако Алькасер 9та гол урганди. Кемпес якунда доимий тарзда шундай маҳсулдорлик кўрсатадиган иқтидор билан бирга суратга тушиб, уни ёрқин келажак кутаётганини тахмин қилганди. 10 ёшли Пако ўша учрашувдан шундай таъсирланадики, ҳалигача афсонавий Марио қўлини қандай сиқиб қўйганини тўлқинланиб гапириб беради.
* Катта Пако Алькасер, яъни футболчининг отаси ҳам аввалига миллионлар ўйини билан шуғулланган, лекин кейинчалик қишлоқ хўжалиги ўтиб кетган. У тупроқшунос мутахассислигини олиб, валенсияликлар миллий ғурури ҳисобланган апельсин етиштиришга қизиқади. Лекин футболга нисбатан муҳаббатининг иккинчи тўлқини таъсирида 5 ёшли тўнғич ўғлини «Монте-Сион» мактабига олиб боради. Бўйи анча паст болакай бу даргоҳда ўзидан 2 ёш катта тарбияланувчилар гуруҳида шуғулланади ва кейинчалик Оскар Рубен Вальдес мактабига ўтиб, маҳаллий «Торрент» жамоасида тўп суради. «Валенсия» тизимида эса 12 ёшида пайдо бўлганди.
* Қаҳрамонимиз «кўршапалаклар» академиясида айниқса, Хуан Бернат билан яхши чиқишади. Улар 2010 йили ёзда Лихтенштейнда ташкиллаштирилган U-17 тоифасидаги Европа чемпионатида муносиб ўйнаб, Испания термасининг кумуш медаль ютишига катта ҳисса қўшишади. Хусусан, Пако 6та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурарига айланганди.
* Мавсум-2010|2011. «Валенсия» устози Унаи Эмери «Логроньес»га қарши кубок баҳсида бирданига икки иқтидор - Иско ва Пакога асосий таркибда дебют қилиш имконини беради. 2010 йилнинг 11 ноябрь куни бўлиб ўтган ўша баҳсда «кўршапалаклар» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишади. Андалусиялик Иско 2та гол уриб, дарҳол «Месталья» ёқимтойига айланади, валенсиялик Пако ҳам олқишлардан бенасиб қолмайди.
* Пако кейинчалик Руминияда ўтказилган Европа чемпионати (U-19)да миллий қаҳрамон даражасига чиқди. Зеро, чехларга қарши кечган драматик финалда айнан у ҳал қилувчи ролни бажарди - қўшимча бўлимларда аввалига ҳисобни тенглаштирди, кейин ғалаба голига муаллифлик қилиб, испаниялик ёшларнинг «олтин» ютишларини таъминлади.
* Катта Пако (Франсиско) Алькасер 44 ёшида инфаркт миокарди туфайли ҳаётдан кўз юмди. Футболчи U-19 белгиси остида Эстонияда ташкиллаштирилган кейинги Европа биринчилигида қўлга киритилган ёрқин ғалабани айнан отасига бағишлаганди. Бироқ Эснотиядаги муваффақиятдан сўнг Пакони «Хетафе»га юборишди - ижара. Барча аламларини ичига ютган ёш ҳужумчи шу-шу Примеродаги ҳар бир голини қўлини кўкка кўтарган ҳолда нишонлашга одатланди: «Қара, ота, бу сенга!»
* 20 ёшида «Валенсия»га қайтган Пако 3 мавсум давомида клуб ғурурига айланди. Мисол учун, «кўршапалаклар» ЕЛ-2013|2014 чорак финалида «Базель» билан тўқнашиб, илк ўйинни 0:3 ҳисобида бой беришди ва ўз майдонларида Алькасернинг 3та голи эвазига керакли натижа қайд этишди - 5:0.
А.ИСРИЛХОНОВ тайёрлади