Сарлавҳани ўқибоқ «мажбурий обуна» бирикмаси хаёлингиздан ўтдими? Шундай бўлиши табиий. Мажбурий обунанинг тақиқланиши - бугунги кун мавзуси. «Ёш китобхон» Республика танлови Наманган вилояти босқичи натижаларини муҳокама қилар эканмиз, ҳамкасбим - «Репетитор» газетаси бош муҳаррири Гулчеҳра Муродова «Хўш, InterFutbolга 2019 йил учун обуна қандай бўлмоқда?» деди қувлик билан.
Жавобимиз ҳам шунга яраша янгради: «Мухлислар InterFutbolни қадрлашади. Мажбурий обуна йўқ. Жисмоний маданият фани ўқитувчилари, футбол мухлислари газетамизни ихтиёрий обуна орқали ёки сотиб олиб ўқишади. Ҳамма гап - бўлажак футболчилар ва ёш мухлисларнинг «Репетитор»га обуна бўлишларида.
Футболимиз - «Репетитор» газетаси шакллантирадиган билим ва тафаккурга муҳтож!» Гулчеҳра мулоҳазамизни маъқуллаб, «Бу сафар қайси мавзуда мақола ёзмоқчисиз?» дея қизиқсинди. Ардоқли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг «Сарлавҳа қўйилса, шеър ёзилади!» деган сўзларига ишора қилиб, ҳазиллашдик: «Зўр сарлавҳа айтсангиз, бас!»
«Мажбурий мағлубият!» - ҳамкасбимиз сарлавҳа айтдию, кулиб юборди. Биз эса баралла кулолмадик. Аччиқ кулимсирадик, холос.
Мажбурий мағлубият... Футболимиздаги ҳозирги ҳолатни бундан ортиқ қисқа ва мазмундор таърифлаш мумкинми?! Зукко мухлислар Софоклнинг «Шоҳ Эдип» трагедиясини яхши билишади. Ҳақиқатга айланган тақдир башоратлари қошида чорасиз фарёд чеккан шоҳ Эдип ва малика Иокаспанинг аянчли қисмати - мажбурий мағлубиятнинг буюк факти!
Ўзи яшаган муҳит ақидаларига қарши боролмай, аниқроғи, мустабид мафкура занжирларини узолмай, суюкли рафиқаси Ферузага қарата «Сева-сева талоқ қиламан!» деган Мирзо Улуғбекнинг изтироби мажбурий мағлубиятнинг мангу ёниқ гулхани эмасми?! Кўҳна ва навқирон тарих бу каби мажбурий мағлубиятларнинг қанча-қанчасини кўрди. Ўжар тарихий фактлар - ҳар биримизга сабоқ, тасалли, умид!
Муҳратам мухлис! «Пахтакор» - «Металлург» учрашувидан сўнг яна шу руҳда мақола ёздик, «Келишилмаган бойкот»ни давом эттирдик. Бугун бундан бошқача ёзиб бўлмайди. Совуқ ва тунд, қоп-қора булутлар қоплаган само бағрига яширинган қуёшни ҳар қанча мадҳ этмайлик, барибир, замин исимайди, футбол майдонлари яйраб-яшнамайди.
Қуёш порламаса, барчаси бекор! Тўғри, аввалги мақолаларимизда ҳам футболимиздаги муаммолар хусусида танқидий мулоҳазалар билдирганмиз. Бироқ уларнинг ҳар бирида қандайдир ёруғлик мавжуд эди. Ҳаттоки, футболимиз устидан куладиганларга, унга «қора кўзойнак» билан қаровчиларга қарши чиққанмиз. Энди эса ҳувиллаб ётган стадионларни кўриб, юрак орқасига тортиб кетяпти.
Эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани сари футболимиз савияси пасайиб, мухлисларнинг стадионлардаги томошадан кўнгиллари совимоқда. «Нефтчи», «Дўстлик», МҲСК ва «Навбаҳор» чемпионликка эришган вақтлардаги қайноқ муҳит қани?
Нима, ҳамма тирикчилик ташвиши Ўзбекистондами? Мамлакатимиздаги мухлисларда футбол томошаси учун имкон ва хоҳиш йўқми? Баралла айтамиз, хоҳиш ҳам, имкон ҳам керагидан ортиқча. Фақат бунинг учун футболимизга яна ўша шонли дамлар шукуҳини қайтариш керак. Мухлисларга бегона, халқдан узилган футболдан нима фойда?
Уларни алдаган, халқнинг кўзига сурбетларча боқиб, риёкорликни режалаштирадиган футбол охир-оқибат инқирозга маҳкум ахир. Ўтган жума куни Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида «Ёш китобхон» танловининг вилоят босқичида ҳакамлар бир иштирокчи баҳосини сунъий равишда кўтаришди.
Ҳамманинг жони ҳалқумига келди. Томошабинларни назар-писанд қилмай, адолат истаётган нигоҳлардан уялмай-тортинмай, шунга жазм қилишди-я... Фикримизча, ҳакамлар ўша палла қайси замонда яшаётганларини унутишди. Улар янги давр кишиси адолатсизликларга, ҳавойилик ва юзакиликларга жим қараб туролмаслигини ўйлаб ўтиришмади.
Аммо Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши вакили бошқача йўл тутди. Унинг талаби билан ҳакамлар ўша иштирокчи ҳисобидан ортиқча баллни олиб ташлашди. Бу иш томошабинлар кўз ўнгида рўй берди. Ҳавойилик ва юзакилик эса жон талвасасида ташқарига югурди.
Хўш, нима учун футболимизда шундай қилиш мумкин эмас?! Аввал ҳам айтганмиз, яна такрорлаймиз, бугун футболимиздаги аччиқ ҳақиқатларни Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов каби нуронийлар, Миржалол Қосимов ва Азамат Абдураимов каби залвори бор мураббийлар сўзлашлари даркор. Чет-четда туриб, «уфф» тортиш, ғижиниш билан ўзимизни юпатамиз, гўё. Лекин ёлғон юпанчлар футболимизни ривожлантирмайди.
«Озоди»даги ОЧЛ финали жавоб учрашувини томоша қилган минг-минглаб юртдошларимизнинг юраклари ўртангани аниқ. Шундай финал қачон Тошкентда ўтади? Туянинг думи ерга теккандами? «Локомотив», «Пахтакор», АГМК ҳозирги аҳволда ОЧЛ баҳсларида юртимиз шарафини, футболимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодирми? Шота Арвеладзедан бошқа ким ишонади бунга? Яна қанча давом этади алдовлар? Оғриқли саволларга қачон шифобахш жавоблар топилади?
Сезилиб турибдики, футболимиз узоқ вақт бу каби муҳитда яшай олмайди. Бир куни ҳақиқат вулқони отилади, барибир. Гарчи Рўзимбой Аҳмедовнинг овози зудлик билан бўғилган бўлсада, бу ҳаракат қўрқув ичидаги талвасанинг сўнгги илинжи ҳисобланади. Ўзбек футболида бор гапни айтадиган битта Рўзимбой Аҳмедов эмас.
Мардлар ва адолатпарварлар топилади футболчиларимиз орасида, албатта. Вазият шундай ўзгарадики, «Металлург» таркибида тўп сураётган йигитлар аввалдан ёзилган «сценарий» бўйича ўйнашдан бош тортишади, шодиёна куни «Қўқон-1912»дан енгилган АГМК вакиллари аслида юксак тақдирлашга муносиб эмасликларини мардона тан олишади.
Майли, совға-мукофотлар уларга буюрсин, муборак бўлсин! Афсуски, футболимизни бу йўл билан янги босқичга кўтариб бўлмайди. Бошқача айтганда, мажбурий мағлубиятдан қутулиш чораси топилмай қолаверади...
Муҳаммад ВАЛИ