Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Суюкли гўша соғинчи ёки Дидье Дрогба йўли

Баҳо:
+ | -

Олис Африканинг Абиджан шаҳридаги қашшоқ кварталлардан бирида ўсиб-улғайган озғин йигитча барча қатори ўзига яраша орзу-умидлар билан яшагани аниқ.

Лекин у тарих учун саноқли йиллардан сўнг бутун бир авлоднинг кумири - ёқимтойига айланишни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Чунки болакайни қуршаб турган муҳит мутлақо ўзгача эди, ўша вақтдаги воқеликлар юксак марраларни кўзлашга унча мос келмасди. Хуллас, ёш Дидье лоақал отаси каби оддий банк хизматчиси сифатида сокин ҳаёт кечиришни ўйлагандир, эҳтимол.

Зеро, Кот-д~Ивуардаги турмуш тарзи мезонларига кўра, Дрогбалар оиласи ночорлар тоифасига кирмасди. Лекин 7 нафар фарзанди бор оилада рўзғор тебратиш осон эмасди.

Шу боис, катта Дрогба аёли билан маслаҳатлашиб, тўнғич ўғил - Дидьени Францияда истиқомат қиладиган амакиси ҳузурига жўнатади. Анчадан буён Европада яшаётган Мишель Габо серғайрат киши бўлиб, футбол ўйнашга ҳам вақт топарди. Унинг «Брест» жамоаси сафидаги ўйинлари ёш Дидье учун тарихий туртки бўлади. 

***

Дрогба аввалига камтарлик билан ҳимоячи позициясини танлайди. Бироқ Габо жиянида ҳужумчиларга хос алоҳида фазилатлар ва лаёқат борлигини жуда тез пайқайди. Натижада Дидье айнан унинг қистови билан амплуасини ўзгартиради. «Левалуа» - бу клуб Франциянинг ўзида ҳам танилмаган, кенг доира ҳақида эса гапириш ортиқча. Хуллас, мухлисларга умуман нотаниш жамоа. Лекин факт шуки, Дидьега катта футбол йўлланмасини айнан шу ҳаваскорлар клуби берган. Оддий айтганда, африкалик ёш иқтидор соҳиби «Левалуа» тизимида 5 йил таҳсил олди, сидқидилдан ишлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, орадан бир неча йил ўтгач, Франция чемпионатини бутунлай «маҳв» этган Дрогба «Марсел»дан «Челси»га ўтди ва трансфери учун тўланган деярли 40 млн. долларнинг маълум қисми «Левалуа»га тегди. Қисқаси, камтарин жамоа африкалик тарбияланувчиси трансфери эвазига бир қатор муаммоларини бир ёқли қилди. Кейинчалик жамоа раҳбарияти миннатдорлик белгиси сифатида янги стадионни Дрогба шарафига унинг номи билан аташга қарор қилди.

Тўғри, Дрогба бошланғич таълимни «Левалуа»да олган бўлсада, кейинги клубларидан бири - «Марсел»да футболнинг бор фусункор жиҳатларидан тўла-тўкис баҳра ола бошлади. Ўз ишини аъло даражада уддалаган спортчи тинимсиз меҳнати самарасини кўришга, тотли мевасини олишга мутлақо ҳақли. Хуллас, Дидье еврофутбол эътиборини тортгач, янада кўпроқ пул топадиган бўлди. Ажойиб кунлардан бирида тақдир ёш ҳужумчини кимсан Жозе Моуриньо билан юзлаштирди. Аниқроғи, «Марсель» - «Порту» учрашуви танаффусида португалиялик мураббий Дидьенинг маҳоратига қойил қолганини таъкидлади. Айтишларича, ўшанда мураббий ва футболчи ўртасида қисқача мулоқот ҳам бўлган:

- Агар етарли маблағга эга бўлганимдами, сени дарҳол ўз жамоамга таклиф этардим.

- Хафа бўлманг, тез орада сизда шундай имконият туғилади ва айнан қўл остингизда майдонга тушаман.

Қарангки, «Марсель» ҳужумчисининг башорати кутилганидан ҳам тезроқ рўёбга чиқди: Моу ва Дидье атиги 1 йилдан сўнг «Челси»да юзлашишди. «Беназир» мураббий ва худди шундай футболчи. Фақат Моуриньо ушбу юксак мақомга Лондонда иш бошлашидан аввал эришган бўлса, Дрогба «Стэмфорд Бриж»даги ўйинларидан кейин шунга лойиқ кўрилди. Айтганча, ивуарлик ҳужумчи фаолиятидаги энг кучли мураббий сифатида айнан Моуриньони эътироф этади. Бунинг салмоқли сабаблари бор, албатта. Чунончи, Дидье португалиялик мутахассис билан ҳамкорлик даври АПЛда 2 марта чемпионлик нашидасини сурди. Аммо «Беназир мураббий асосий вазифа - «Челси»ни Европа ЧЛда шоҳсупага олиб чиқишни бажаролмади ва Лондондан кетишига тўғри келди. Дрогба эса жамоада қолди ва 8 йил давомида етакчи ҳужумчи мақомида тўп сурди ва ҳақли равишда Жон Терри, Петр Чех, Фрэнк Лэмпард каби афсоналар сафидан жой олди. Хусусан, ички мусобақаларда барча совринларни қўлга киритган, бир йиллик хизмати учун 13 миллион еврогача маош олган суперюлдуз бўлди. Бир қарашда, Дидье барча орзуларига эришди, аммо фақат ЧЛ ҳамон бўйсунмас чўққи бўлиб қолаверди... Дейлик, 2008 йили Москвада ташкиллаштирилган финалдан олдин «кўклар»ни фаворит сифатида тилга олишганди. Бироқ ўша ўйин «Челси», айниқса, Дрогба учун нохушлик тақдим этди. Яъни Дидье қизил карточка туфайли майдондан барвақт чиқиб кетди, пенальтилар сериясида эса, Жон Терри ўз фаолияти давомидаги энг муҳим зарбани кўнгилдагидек ижро этолмади. Африка футболи юлдузи сардорнинг қандай сирпаниб кетганини кийиниш хонасида алам билан кузатганди. Карло Анчелотти даврида ҳам «шалпангқулоқ» кубок «Челси»га армон бўлиб қолаверди. Ниҳоят, 2012 йилга келиб, лондонлик «аристократлар» ЧЛ маррасини забт этишди. Асосийси, «Бавария»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда айнан Дрогба бош қаҳрамон бўлди: у 88-дақиқада жавоб голини урди, қўшимча бўлимларда асосан ҳимояда ҳаракатланди ва якунда охирги пенальтини мукаммал амалга оширди - ғалаба голи. Ўша мавсум Дрогба томонидан «пиширилган» мазали тортнинг устига қўйилган қаймоқли гул бўлди. Шу тариқа ҳужумчи «Стэмфорд Бриж» билан чинакам ғолиб мақомида хайрлашиш имкониятини ҳосил қилди. Бироқ унга миллий терма жамоасидаги фаолиятини юқори нотада якунлаш насиб этгани йўқ. Тўғри, Дидье ҳали-ҳамон Кот-д~Ивуар бош жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди, аммо Европада катта шуҳрат қозонган футболчи ўз қитъасида чемпионлик унвонига эришолмади. Ваҳоланки, у жонажон мамлакати жамоаси сафида Африка Миллатлар кубоги финалида 2 марта майдонга тушди. Бироқ ўхшамаса, қийин-да, барибир. Зеро, Дидье миллий жамоадан кетгач, «филлар» кейинги мавсумдаёқ Африка қитъасининг асосий турнирида бош совринни қўлга киритишди. Ҳа, дунёнинг ишлари қизиқ...

Кот-д~Ивуар терма жамоасидан фарқли ўлароқ, «Челси» кейинчалик Дрогба хизматига яна эҳтиёж сезиб, уни ўз таркибига қайтарди. Тўғрироғи, 36 ёшли ҳужумчи Лондон клубини иккинчи марта бошқаришга кўнган қадрли устози Жозе Моуриньо таклифини рад этолмади. Бу вақтда португалиялик мутахассис африкалик футболчи учун нафақат мураббий, балки энг яқин дўст мақомида эди. Биродарнинг истагини бажо келтириш - мардларга хос хислат! Қолаверса, ҳужумчини айнан «Челси» чинакам юлдуз даражасига олиб чиққан, шон-шуҳратга буркаганди ва Лондонда уни даҳо сифатида қабул қилишарди. Шу асослар бир бўлдию, Дидье суюкли жамоасига қайтиш имкониятидан воз кечолмади.

 

h h h h h 

Табиийки, Дрогбанинг «кўклар» сафидаги такрорий фаолияти аввалгисига нисбатан бошқачароқ чиқди. Бинобарин, жамоа ҳам уни энг яхши тўпурар эмас, маънавий раҳнамо, руҳий етакчи ролига таклиф этганди. Янада аниқроқ ифода этганда, Дидьега бу сафар худди ўйновчи-мураббийдек қарашди. Хуллас, 2015 йилнинг майида «Челси» яна шоҳсупага кўтарилди. Ким билади, балки ўша паллада «Беназир» ўзи каби беназир ҳужумчига яшил майдондаги эмас, мураббийлик ўриндиғидаги ёрдамчи лавозимини таклиф этган, шогирд эса уни мамнуният билан қабул қилган, аммо бунинг учун яна бирозгина сабр билан кутиш лозимлигини айтгандир? Ҳар ҳолда, Дрогба яшил майдон билан хайрлашиш ниятидан йироқ эди.

Дидье Дрогба ва «Челси» - бу бир умрга татигулик муҳаббат. Умумий йўлнинг охирида Лондон жамоаси мухлислари ивуарлик ҳужумчини «аристократлар» тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида алоҳида эъзозлашди. Дрогбанинг ўзи эса томирларида қизил эмас, балки кўк қон оқишини баралла айтди. Бу албатта, «Челси»нинг расмий рангига ишора. Айтиш керак, Дидье «Стэмфорд Бриж» билан батамом хайрлашгач, «Челси» деярли ҳар бир янги ҳужумчисида кетган етакчи сиймосини кўришни истади, истамоқда. Фернандо Торрес, Демба Ба, Самуэль Это~О, Ромелу Лукаку, Диего Коста, Андрей Шевченко, Альваро Мората - бу йигитларнинг ҳар бири савияли футболчи, чинакам юлдуз. Бироқ «Челси» ҳозирга қадар «Янги Дрогба» - ҳужумнинг чин қиролини топганича йўқ. Ўз навбатида, Дидье ҳам янги «Челси» топиш ишқида анча-мунча изланди, навбати билан Хитой, Туркия ва Шимолий Америкада ўйнаб кўрди. Лекин қидирганини тополмади, барибир. Охир-оқибат, ҳафсаласизликка тушган 40 ёшли ҳужумчи тақдир олдида ожиз эканлигини тан олди, бутсаларини расман михга илди. Аммо негадир унинг «кўклар» дарёсида учинчи марта жавлон уриб сузишига ишонгимиз келади. Тўғри, энди футболчи ролида эмас, балки мураббий сифатида. Воқеаларнинг айни шундай ривожи мантиқли ва тўғри ҳисобланарди, ҳарқалай. Шундан тақдирда «Челчи» - Дрогба муҳаббати ҳеч муболағасиз ҳақиқий «хэппи энд» билан тугарди. Ахир Голливуд фильмининг гўзал сюжетини олинг: эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғалаба қозонади ва чарчаган мусофир якунда жонажон гўшасига бахтиёр ҳолатда қайтади. Яна ким билади, дейсиз...?

 

маълумот учун

Дидье ДРОГБА

Тўлиқ исм-шарифи: Дидье Ив Дрогба Тебили

Асосий лақаби: DD

Туғилган санаси ва манзили: 1978 йил 11 март (40 ёш), Абиджан (Кот-д~Ивуар)

Фуқаролиги: Кот-д~Ивуар, Франция

Бўйи: 189 см. Вазни:91 кг.

Амплуа бўйича: ҳужумчи

Професссионал фаолияти

1998—2002 - «Ле-Ман» (Франция), 64та ўйин, 12та гол

2002—2003 - «Генгам» (Франция), 45та ўйин, 20та гол

2003—2004 - «Марсель» (Франция), 35та ўйин, 19та гол

2004—2012 - «Челси» (Англия), 254та ўйин, 104та гол

2012 - «Шанхай Шенхуа» (Хитой), 11та ўйин, 8та гол

2013—2014 - «Галатасарой» (Туркия), 37та ўйин, 15та гол

2014—2015 - «Челси» (Англия), 28та ўйин, 4та гол

2015—2016 - «Монреаль Импакт» (Канада), 39та ўйин, 22та гол

2017— 2018 - «Финикс Райзинг» (АҚШ), 22та ўйин, 14та гол

-------------------------------------

2002—2014 - Кот-д~Ивуар миллий жамоаси, 104та ўйин, 65та гол

Манба: InterFutbol
Киритилди: 08:49, 30.11.2018.
Ўқилди: 2686 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.