Дубай шаҳрида Осиё Кубогига тайёргарлик авжида. Бугунги кун воқеларга бой бўлди. Дастлаб, ОФК вакиллари йиғилиш ўтказиб, мусобақа тартиб-қоидаларини ипидан-игнасигача тушунтирди.
Кейин эса Осиё Кубогида инструктор сифатида таклиф этилган ўзимизнинг Фарҳод ака Абдуллаев футбол қоидаларига киритилган жузъий ўзгаришлар ҳақида мураббий ва футболчиларга маълумот бериб, ҳакамларнинг жазоларига йўлиқмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги ҳақида айтиб ўтдилар. Купердан тортиб барча футболчилар, айниқса, ҳимоячилар Фарҳод аканинг сўзларини диққат билан тинглади.
“Чорак финалдан бошлаб Осиё Кубогида VAR тизими ишга тушади. Бу тизим қандай ишлаши ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтаман. Худо хоҳласа, чорак финал йўлланмасини қўлга киритганингиздан кейин яна учрашамиз”, - дедилар Фарҳод ака Абдуллаев.
Кейин ОФК вакиллари миллий терма жамоамиз аъзолари иштирокида фото ва видеосессия уюштиришди. Ушбу жараён анча қувноқ тарзда ўтди. Айниқса, футболчилардан гол урилгандан кейинги ҳолатни акс эттириш сўралганда, кўпчилик бу талабни бажараётганда қийналди.
Футболчилар актёр эмас, тўғри тушуниш керак. Уларда ҳиссиётларнинг ҳаммаси табиий бўлади. Гол урилган пайтдаги ҳиссиётларни фақат гол урилган пайтда кўрсата олишади. Бундай ҳиссиётларни Осиё Кубоги давомида кўп бор кўриш насиб қилсин!
Кечқурун навбатдаги машғулотлар бўлиб ўтди. Машғулот пайтида қизиқарли воқеа рўй берди. Майдон ишчиларидан бири Эктор Куперни таниб қолди.
-Купер?! Терма жамоангиз бош мураббийи Эктор Куперми?
-Ҳа, шундай.
-Купер. Салоҳ. Миср.
Ҳозирча Купер деганда кўпчиликнинг кўз олдига Муҳаммад Салоҳ ва Миср терма жамоаси келади. Насиб қилса, миллий терма жамоа Осиё Кубогида чиройли ўйинлар намойиш қилиб, яхши натижалар қайд этадиган бўлса, бу иборалар “Купер.Одил.Ўзбекистон!”га ўзгариши аниқ.
Машғулот анча жиддий тарзда ўтди. “Мистер” (Бош мураббийни футболчилар шундай чақиришади) футболчиларга дарвозага зарба йўллашни машқ қилдирди. Зарбалари голга айланмаган футболчиларга эса жазо тайинлади: 25тадан “отжимания” қилиш.
Қайси футболчилар бундай “жазо”га лойиқ топилганини эса айтиб ўтирмайман. Бу жамоанинг ички сири бўлиб қола қолсин. Энг муҳими ўйин пайтида мана шу “жазоланган” футболчиларимизнинг зарбалари голга айланса бўлгани.
Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Дубай, БАА.