Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мурувватингизга тасанно, жаноблар!!!

Баҳо:
+ | -

Тан олайлик, камтарлиги билан ажралиб турадиган футболчилар кўп эмас. Йирик миқдорда маош оладиганларнинг аксарияти ичкиликбозлик, ножўя қилиқлари билан можароларга ўралашиб қолишади. Шунга қарамай, нафақат ўзи, балки бошқаларни ўйладиганлар ҳам топилади. Қуйидаги мақолада 2018 йилда хайрли ишларга қўл урган футбол вакиллари ҳақида сўз боради.

Раҳим СТЕРЛИНГ

Англияда «Манчестер Сити»нинг иқтидорли футболчисига бўлган муносабат бироз ғалати: бу футболчининг шаънига доғ тушириш мақсадида ёзилган хабар ва мақолалар бисёр. Нега, нима сабабданлиги ҳамон ноаниқ, зеро Раҳим олийжаноб инсонлигини бир неча маротаба исботлаган. Мисол учун, ўтган йилнинг ноябрида Лондондаги шифохонада саратонга қарши курашаётган 12 ёшли Дамари Доукинсни йўқлади. Стерлингнинг мақсади аниқ эди: у Африка-Карибдаги барча потенциал донорларни ёрдамга чорлади.

Лейкемияга қарши кураш трасти асосчиларидан бири Беверли Де-Гейл ҳолатга шундай изоҳ берди: «Раҳимнинг келганини кўрган Дамарининг қувончи чексиз эди. Сен даволанаётган палатага АПЛ чемпиони келиб, кўмак қўлини чўзса - бу байрамга тенг. Стерлинг Франциядаги ўйиндан кейин келиб, гаплашиб, ёрдам бермоқчи бўлганига бемор болакайнинг ишонгиси келмаётганди». Бундай воқеа биринчи марта кузатилмаяпти: Раҳим «Сити»нинг хайрия ишларига тез-тез кўмаклашади. Шунингдек, бойлигини яқинлари билан баҳам кўради - жумладан, ўтган йилнинг февралида опасига уй сов-ға қилди. Аввалроқ онасини ҳам шу тариқа хурсанд қилганди. 

Муҳаммад САЛОҲ

«Ливерпуль» тўпурари ҳозирги даражага етиш учун қандай қийинчиликларни бошдан кечирганидан хабардормиз. Унинг ўзи ҳам ҳаётда бошқалардан камроқ омадга эришганларнинг қийналаётганини жуда яхши билади. Апрелда Салоҳ Мисрдаги Нагриг қишлоғида булоқ сувларини тозалайдиган дастгоҳ ўрнатилиши учун 450 минг доллар ажратди. Мисрлик футболчи ватанида ҳаёт тарзини яхшилаш учун кўп ишлар қилди ва натижада «Бахт сабабчиси» тахаллусини олди.

У шунингдек, уйидаги ҳолатдан тез-тез хабар олиб туради, эски дўстларини йўқлайди. «Бу биз учун нечоғли аҳамиятли эканини тасаввур қилолмайсиз. Салоҳнинг Миср аҳолиси учун нималар қилганини таърифлаш мушкул. Буни ўйлаганимдаёқ кўзимга ёш келади, - дейди ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Матрави Абу Хабса. - У ҳамиша қишлоғимизга келганида, уйимизга ташриф буюради. Ҳеч қачон ётсирамайди, ҳамиша шундай бўлиб қолади. Юлдузлик касалидан йироқ юради, кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратиш фикридан йироқ». 

Хуан МАТА

Мата «жаҳондаги энг ёқимли футболчи» сифатида танилган. Уни яхши кўрмай бўларканми? Испаниялик ярим ҳимоячи бу мақомни мустаҳкамлашда давом этяпти. Мисол учун, апрелда Хуан ўйиндан сўнг клуб ишчиларига астойдил ёрдамлашаётгани аниқланди. «У оддий ходимларга кўмаклашади, сафар ўйинлари бўйича суҳбатлашади - бу осон иш эмас. Жуда ёқимли, аммо Мата учун оддий ҳол - у шунчаки, жаҳоннинг энг ёқимтой футболчиси!» - деб ёзганди The Daily Mail мухбири. 

НГоло КАНТЕ

Яхши кўрмаслик мумкин бўлмаган яна бир шахс. Н~Голо Канте «Кардифф»га қарши кечган ғалабали ўйиндан сўнг Парижга олиб борадиган поезддан қолиб кетгани сабаб газеталар эътиборига тушганди. У «Кингс Кросс» вокзалидаги масжидга кирганда, «Арсенал» мухлиси Бадлур Раҳмон Жалил уни таниб қолди. Юлдузни кўриб, меҳмонга чақирди ва... Канте рози бўлди. Натижада Н~Голо кейинги икки соатни Жалилнинг уйида ўтказди. «Ислом дини меҳмоннавозликка ўргатади, мен шунга кўра иш тутдим. Канте қаршилик қилмади - унинг айтишича, у якка ўзи бўлган ва барибир, уйга кетаётган экан. FIFA ўйинида укам иккимизнинг таъзиримизни берди, сўнгра футбол ўйинлари шарҳини томоша қилдик. Бу унутилмас ажойиб оқшом бўлди». 

Виржил ВАН ДЕЙК

Ноябрда Виржил ван Дейк Голландиянинг Германияга қарши ўйинида ҳисобни тенглаштирувчи голга муаллифлик қилгач, унинг жамоаси Миллатлар Лигаси финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Виржил эса муваффақиятни нишонламай, қайғуга тушган рефери Овидиу Хацеганга ҳамдардлик билдириш мақсадида унинг ёнига шошди. «Ўйин пайти ҳакамнинг онаси вафот этди. У кўз ёшларини тутиб туролмади. Ундан кучли бўлиши кераклигини айтиб, ажойиб ишлаганини қўшимча қилдим. Балки бу оддий нарсадир, аммо рефери бироз енгил тортган бўлса, ажабмас», - деди ван Дейк. 

Гарет САУТГЕЙТ

Бу мураббий пенальтидан фойдалана олмаслик нима эканлигини жуда яхши билади. Шу боис, колумбиялик футболчи Урибе «нуқта»дан тўп тепишда адашгач, Саутгейт уни ўзига хос тарзда юпатди. 

Жеймс МАККЛЕЙН

«Сток Сити» клуби ва Шимолий Ирландия термаси ярим ҳимоячиси - супер юлдуз эмас, бироқ ўзининг намунали хулқ-атвори орқали танилган. Макклейн яқинда ёш болакайнинг дафн маросими учун пул ажратди, Дерридаги ўспириннинг операция харажатларини тўлади ва бемор қизалоққа велосипед совға қилди. Декабрда Жеймс олти нафар бошпанасиз кишиларга бир неча кунга меҳмонхонадан жой буюрттирди, ҳаттоки, озиқ-овқатидан ҳам хабар олиб турди. 

Эндрю РОБЕРТСОН

Мартда етти ёшли мухлис Алфи Рэдфорд Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Ливерпуль» - «Порту» ўйинини кўриш учун стадионга кетаётганда, бор пулини озиқ-овқат банкига хайрия қилгани Эндрю Робертсонга етиб борди. Шунда шотландиялик ҳимоячи саховатпеша болакайга хат ёзиб, уни Роберто Фирмино имзоси туширилган футболка билан биргаликда жўнатди. Мактубда шундай сўзлар ёзилганди: «Тан олайлик, Алфи - ҳеч ким чап қанот ҳимоячисининг либосини кийишни хоҳламайди. Шунингдек, сен қилган иш бошқаларга ўрнак бўлиши мумкинлигини айтмоқчиман. Муҳтожларга ёрдам бериш чиндан ҳам муҳим», - деб ёзганди Робертсон. 

Садио МАНЕ

Сентябрда Мане «Лестер» дарвозасини ишғол қилди ва жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучди. Аммо у муваффақиятни нишонламай, масжидга йўл олди. У ерда фаррошлик қиладиган дўсти билан гаплашгач, кўмаклашиш нияти борлигини билдирди. Садио дарҳол махсус қўлқопларни кийиб, пол артишга тушиб кетди. Табиийки, уни кўриб қолганлар воқеани дарҳол тасвирга олишди. Футболчига эса бу ёқмади: «Мане видеоёзувни тарқатмасликни сўради, эътибор марказида бўлишни хоҳламади - унинг ёрдамлашишдан мақсади ўзини реклама қилиш эмасди», - деди маҳаллий имом. 

Найалл МАКГИНН

Сентбярда Кэмерон Делгарнонинг онаси Интернет тармоғи орқали 7 ёшли ўғли тенгдошлари мазах қилаверишгани сабабли футболни ташламоқчи бўлаётгани ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай болакай «Абердин» фанатларининг дил изҳорлари битилган юзлаб мактубларни олди.

Улар орасида жамоа футболчиси Найалл Макгинндан ҳам нома бор эди: у нафақат Делгарнони қўллаб-қувватлади, балки «Мотеруэлл»га қарши баҳсда ўйинчилар билан бирга майдонга тушишни таклиф қилди. «Уни фикридан қайтаришда «Абердин» ишқибозларининг ҳиссаси катта бўлди.

Футболчидан мактуб олганида эса қувончи ичига сиғмади. Бундай қўллаб-қувватлаш унинг учун катта воқеа эди. Кэмероннинг кумирларидан бири бўлган Найаллга раҳмат. Кўплаб болакайлар футболчиларга меҳр қўйишади - бундай мурувват кўрсатадиганлар эса уларга хурсандчилик улашадилар», - деди болакайнинг онаси. 

Килиан МБАППЕ

Англия термаси аъзолари 2007 йилдан буён миллий жамоа орқали келадиган даромадни хайрия мақсадида сарфлаб келишмоқда, аммо Францияда бундай эмас. Мбаппе футбол майдонида қадрдон ватани шарафини ҳимоя қилиш учун маош олишни мақбул иш деб билмайди. Вундеркинд жаҳон чемпионатида топган пулларининг барини муҳтожларга тарқатди. 2018 йилнинг ёзида ўтказилган мундиалдаги чемпионлик учун Килиан 400 минг фунт ишлаб топди ва уларнинг ҳаммасини хайрия қилди. У эндигина 20 ёшга тўлди, лекин саховатпешалик бобида манаман деган акаларига ўрнак бўлса арзийди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 17:50, 16.01.2019.
Ўқилди: 1983 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.