Голланд футболининг энг номдор жамоаси 16 йиллик танаффусдан сўнг яна ҳаммани ўзига қаратмоқда. Жамоа 2003 йилдан бери илк бора ЕЧЛнинг чорак финал босқичига етиб келди.
Шубҳа йўқки, шу давр ичида дунёдаги энг сермаҳсул футбол дорилфунуни ҳам тараққиёт йўлидаги изланишларини давом эттирди, ўқув-машғулот тизимини такомиллаштириш учун янги воситаларини жорий этди. Натижада ана шу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, «Аякс» академияси ҳамон турдош билим масканлари орасида етакчилик мақомини сақлаб қолди. Нимчорак финал «дуэли»да «Реал»нинг маҳв этилишида ҳам иқтидорлар чашмасининг муносиб ҳиссаси бор. Қуйидаги материал билан танишиб чиқсангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз.
2018 йилнинг ёзида «Аякс» академиясининг энг сара 7 нафар тарбияланувчилари жамоа машғулот базасига ташриф буюришди. У ердаги махсус жиҳозланган хонада ёш иқтидор соҳибларини клуб бош директори Эдвин ван дер Сар ва спорт директори Марк Овермарслар қарши олдилар. Голланд футболининг таниқли арбоблари бўлажак юлдузлар билан дилдан суҳбатлашиш ва уларни махсус тайёрланган видеоролик билан таништиришни режалаштиришганди.
Видеоматериалда тадбирга таклиф этилган ҳар қайси бўлажак футболчига мос келадиган жамоа афсоналари танлаб олинганди. Дарвозабон Андре Онана учун намуна сифатида Эдвин ван дер Сар, ҳужумчи Каспер Дольберг учун Златан Ибрагимович, Жастин Клюйвертга отаси - Патрик, Френки де Йонгга Кристиан Эриксен, Маттейс де Лигтга эса 70-йилларнинг афсонавий ҳимоячиси Барри Хюльсхоффлар ибрат бўлишлари кўзда тутилганди.
Ван дер Сарнинг таъкидига кўра, шу йўл орқали бўлажак юлдузларда қай тариқа «Аякс» ва голланд футболи афсоналарига айланиш мумкинлиги ҳақида тушунча пайдо бўлади. Фильм клубнинг бебаҳо жавоҳирларини порлоқ келажакка ишонтириш, уларни Англия, Испания ёхуд Италияга йўл олиш истагидан қайтариш, 1-2 йил биргаликда ўз маҳоратларига сайқал берган ҳолда тўп суриб, совринларга сазовор бўлиш ва шундан кейин етакчи чемпионатларда ўз фаолиятларини давом эттиришга даъват этарди.
Улкан тажрибага эга бўлган малакали мутахассислар томонидан пухта ўйланган ва муваффақиятли ўтказилган тадбир тезда ўз самарасини кўрсатди. Таклиф этилган иштирокчининг 6 нафари бу мавсумни «Аякс»да ўтказишга аҳд қилишди ва «Реал» тўсиғидан ўтиш учун бор имкониятларини сафарбар этишларини маълум қилишди. Фақат Жастин Клюйверт жамоа билан шартномани узайтиришни истамади. Оқибатда жамоа «Рома»нинг Жастинга оид таклифини қабул қилди. Албатта, Клюйвертнинг кетиши айрим норозиликларга сабаб бўлди: унинг кетгани учун эмас, балки айрилиқнинг жуда тез юз бергани учун. Қолганлар эса шижоат билан тер тўкишда давом этишди ва ЕЧЛнинг чорак финали йўлланмасини «Реал»дан тортиб олишди.
Бундан бир ой муқаддам «Аякс» ижодкорлари яна битта ибратли видеороликни яратишди. Бироқ уни нафақат жамоа мухлислари, балки ер юзидаги миллионлаб футбол ишқибозлари ҳам томоша қилишди. Атиги 1 дақиқага мўлжалланган ролик ёзда 75 млн. евро эвазига «Барселона» сафига қўшиладиган 21 ёшли Френки де Йонгга бағишланган. Ярим ҳимоячининг салоҳияти шубҳалардан холи, ватандошлари уни Йохан Кройффга тенгламоқдалар. Амстердамликлар бу йўқотишни ҳам тўғри қабул қилишди - Френки ҳар жиҳатдан топ-клубда муносиб тўп сура оладиган савияга кўтарилганди.
8 ёшидан жамоа тизимида улғайган Маттейс де Лигт навбатдаги қалдирғоч сифатида учирмага шай турибди. Унинг ўйинларини томоша қилиш учун энг сара клублар вакиллари келишмоқда.
Жамоанинг амалдаги бош мураббийи Эрик Ден Хаг энг сара шогирдларидан жудо бўлиш жуда оғриқли эканини таъкидлар экан, шундай юксак маҳорат соҳибларига устозлик қилгани билан фахрланишини яширмади: «Ҳа, биз улар билан мақтанишга ҳақлимиз. Уларни мактабимизга олиб келган скаутлар ҳам мамнун эканликларига шубҳа йўқ, Марк Овермарс ўз фаолиятидан хурсанд эканлигини ҳам биламан. Йигитларимизнинг гранд жамоалар таркибидан жой олишгани меҳнатларимиз самарасидир».
Бу кўринишдаги клуб тараққиёти «Аякс» учун янгилик эмас. Шонли анъана бир неча 10 йилликлардан бери давом этмоқда. Масалан, 1973 йилда Йохан Кройфф айнан Каталонияга йўл олганди. Кейин унинг ортидан Йохан Неескенс, Марко ван Бастен, Франк Райкаард, Кларенс Зеедорф, Эдгар Давидс, Патрик Клюйверт, Уэсли Снейдер, Рафаэль ван дер Варт, Кристиан Эриксен, Златан Ибрагимович, Ян Вертонген, Луис Суарес каби кўплаб афсоналар қитъанинг номдор жамоалари сафини тўлдиришди. Энди уларнинг портретлари «Аякс» базасидаги кабинетлар ва ўқув хоналарини безаб турибди. Шарафли анъанага эса 90-йилларда амстердамликларни қитъа футболининг чўққисига олиб чиққан афсонавий Ринус Михельс ҳамда фақат академия тарбияланувчиларидан ажойиб жамоани шакллантирган Луи ван Галлар тамал тошини қўйишганди.
Юқорида зикр этилган афсоналар юксак стандартларни ўрнатишди, клуб эса улардан андоза олган ҳолда самарали фаолиятини давом эттирмоқда. Бунинг учун тарбияланувчиларга илк кунлардан бошлаб тактика сабоқлари ва 4-3-3 схемасининг ўзига хос жиҳатлари билан биргаликда масъулият, ташаббускорлик, шунингдек, керакли пайтда эҳтирослардан фориғ бўлиш ва самарали меҳнатдан сўнг мириқиб ҳордиқ чиқариш хусусида йўл-йўриқлар бериб борилади.
Шу тариқа иқтидорлар конвейери тўла қувват билан самарали фаолиятини давом эттирмоқда. Профессионал клубларни малакали кадрлар билан таъминлашда Европанинг ҳеч қайси ўқув маскани «Аякс» мактаби билан тенглаша олмайди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, 16 ёшгача академия сабоқларини олган тарбияланувчиларнинг 86 фоизи клубда ўз фаолиятини бошлаб, кейин қитъанинг номдор жамоаларига ўтиб кетадилар.
Таъкидлаш жоизки, «Аякс» академияси узоқ йиллар давомида бир қолипда иш олиб боряпти, деган фикрдан йироқмиз. Ижтимоий тараққиёт футболни ҳам четлаб ўтмаган, тўхтовсиз равишда олға интиладиган вақт бу соҳага тегишли ўзгаришларни киритишга мажбур этмоқда. 2011 йилда Кройфф қайтганидан кейин клуб тизими тубдан ўзгарди. Яъни, жамоа ўз таркибига катта иш ҳақи талаб қиладиган етук футболчилар ва машҳур юлдузларни жалб этиш усулидан воз кечиб, асосий эътиборини маҳаллий иқтидорларга қарата бошлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, академия учун тарбияланувчиларнинг натижаларидан кўра уларнинг ҳар томонлама мукаммал билим олишлари, футболчи ва шахс сифатида талаб даражасида ривожланишлари муҳимроқ. Бундан ташқари, ҳозирда маҳоратли футболчиларни иложи борича барвақтроқ вояга етказиш давр талаби эканлигини академия раҳбарияти тушуниб етди. Авваллари ёш иқтидор соҳибларининг 23-24га чиққанда етукликка эришишлари барчани қониқтирган бўлса, замонавий футбол академиялардан иқтидорларнинг «эртапишар навлари»ни етиштиришни талаб қилмоқда. Бунинг учун тарбияланувчи 18-19 ёшда мукаммалликка эришиши лозим бўлади. Шунда футболчи 20-21 ёшида ҳар қандай грандда талаб даражасида тўп сура олади. Натижада «Бўрининг тўқлиги, қўчқорнинг омонлиги» таъминланади. Яъни, клублар савияли футболчига, «Аякс» эса мўмай даромадга эга бўлади.
Жамоанинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга молик: тарбияланувчилар ўрта мактаб таълимини академия ҳудудида оладилар, шу тариқа вақт тежалади. Бундан ташқари, амстердамликлар гуруҳлардаги ёш тоифаларидан имкон қадар воз кечишган - барча кўрсаткичлари талаб даражасида бўлса, 13 ёшли болакай 17 ёшли йигитча билан ёнма-ён тўп суриши мумкин. Бу усул ёш футболчида илк кунлардан бошлаб босим ва рақобатга кўникма ҳосил қилади.
Албатта, мукаммал тизим сермаҳсуллигини таъминлаш улкан харажатларни талаб этади. «Аякс» эса ёш иқтидорларни тарбиялайдиган инкубатор мақомига рози эмас. Молиявий жиҳатдан Европа грандлари билан рақобат қила олмагани боис, ўз жангчиларини узоқроқ ушлаб қолишнинг иложи йўқ. Чунки у Англия, Испания, Италия ва Германиядаги маошларни ваъда қила олмайди. Аксинча, жамоа иш ҳақини имкон қадар қисқартиришга, тижорат орқали тушадиган даромадларни эса кўпайтиришга интилади. Бу борада жамоа АҚШ ва Хитойдаги мавқеини оширишга интилмоқда.
Де Йонг, де Лигт ва бошқа маҳорат соҳиблари эвазига «Аякс» 13 йиллик танаффусдан сўнг ЕЧЛнинг «плей-офф» босқичига кўтарилди. «Шалпангқулоқ» совринни қўлга киритиш имконияти жуда оз бўлсада, мана шу савияни сақлаб қолиш - жамоанинг асл мақсади. Бунинг учун Амстердамни тарк этган юлдузлар ўрнини футбол Олимпи сари дадил интила оладиган янги қаҳрамонлар билан тўлдириш лозим бўлади.
«Биз клуб ва жамоа келажагини бир неча қадам аввалроқ кўра олишимиз шарт. Футболчиларнинг жамоада узоқ ушланиб қолмасликлари муҳим аҳамиятга эга. У ҳолда кейинги авлод вакиллари ўз салоҳиятини намойиш этишга улгурмай қоладилар. Натижада ҳаммаси барбод бўлади», - дейди ван дер Сар.
Дарҳақиқат, бундан бир неча йил муқаддам Дэви Классен билан юз берган воқеа бош директорнинг фикрини тўла тасдиқлайди. Ўшанда «Аякс»нинг собиқ сардори 24 ёшда бўлиб, навқирон Донни ван де Бек унинг ўрнига даъвогарлик қилганди. Аммо Классен ўрнини бўшатишга ошиқмади, де Бек асосий таркибга чиқа олмади. Мутасаддилар бундан тўғри хулоса чиқариб, Классенни 27 млн. евро эвазига «Эвертон»га сотиб юборишди. Шундан кейин Донни «Аякс» ярим ҳимоясининг асосий ижрочиларидан бири бўлиб олди. Бироқ у ҳозир 21 ёшни қоралаб улгурди. Демак, 1-2 йил ичида Амстердамни тарк этади. Навбатдаги юлдуз қаёққадир парвоз қилади, аммо улар камайиб қолмайди - «Аякс»да ўзгача бўлиши мумкин эмас!