“Андижон” жамоаси дастлабки турни ўз майдонида ўтказиши керак эди. Бироқ стадиони таъмирда экани сабаб, ПФЛ “Қизилқум” билан ўйинлар кетма-кетлигини алмаштириб берди.
Бироқ 3-турда ҳам “Андижон” шундай қила олмайди. 5 апрель куни “Локомотив” андижонликларни ўз майдонида қабул қила олмайдики, чунки шу куни “Пахтакор” ҳам ўз уйида “Насаф”ни қабул қилади. 1 та шаҳарда икки учрашув мумкин эмас. На “Пахтакор” ва на “Локомотив” ўйинини суриб бўлади. Улар Чемпионлар лигасида ўйнайди. Демак, “Андижон” ўзи истаган бошқа стадионда ўйнаши мумкин. Истаса Фарғонада, келиша олса АГМК ёки “Металлург” майдонида. Агар мутахассислар майдон тайёр бўлиб улгурмайди деяётган бўлса, уларни эшитиш шарт.
“Навбаҳор” 1-турда ўйинини ўзгартира олмади. Чунки унинг рақиби “Қўқон-1912”да ҳам стадионда иш бор эди. Бахтга қарши, “Навбаҳор”нинг яна бир рақиби “Бунёдкор”да ҳам вазият шундай, стадиони таъмирда. Демак, Наманган клуби яна майдон топиши керак бўлади. Спорт-ТВ аллақачонлар учрашувлар вақтини сўраб ётибди.
Вазият чигал, бироқ олдинда яхши ўйинлар, текис майдонлар кутиб турганини инобатга олиб, сабр қилсак арзийди.
***
Айтганча, Шота Арвеладзе машғулот ўтказиши учун камида 3 та футбол майдонига эга. Аммо куни кеча шу масалада жиғибийрон бўлиб юрганди. Боиси, мавжуд майдонларни яхши ҳолатда сақлаш ва вазиятдан чиқиб кетиш учун мутахассисни буни кам деб ҳисоблайди.
Европа футболи ҳавосини кўрган мураббийларнинг бизнинг футболга бериши мумкин бўлган энг катта ёрдами ҳам аслида шу. Улар шароитлардан тинимсиз нолийди ва яхши шароитни талаб қилаверади. Бизда раҳбариятдан жиддий талаб қилинмаса, ўзидан келиб чиқиб бирор иш қиладигани кам.
Энди эътибор беринг, бугун майдонларини яхшилаётган клублар ҳақида ёзяпмиз, ваҳоланки уларда ҳали захира майдони йўқ. Тушуняпсизми биз қайси босқичда турибмиз? Аслида Суперлиганинг ҳар бир клубида камида 4-5 талаб сифатли майдонлар бўлиши керак. Бу эса асосий майдон яхши ҳолатда бўлишини таъминлайди. Ҳафтасига икки расмий учрашув битта футбол майдони учун етарли, қолгани ортиқча.
Май ойида ишлаб чиқиладиган 2020 йилги мавсум учун лицензиялаш талабига ҳар бир клуб маълум гектор ерга майса экиши ва уни соҳа мутахассислари назорати остида ўстириши масаласи киритилади. Бунинг учун 100 миллион сўм ҳам кетмайди, эвазига янги мавсумда навбатдаги яхши чимни 3-4 миллиард сўмга сотиб олиш чиқими йўқолади. Нима демоқчиман, биз футболни ривожлантириб ташлашдан ҳам олдинроқ футбол ўйнаса бўладиган майдонларга эга бўлишимиз керак IMHO
Диёр Имомхўжаев