«Арсенал»нинг чехиялик дарвозабони Петр Чех мавсум якунида профессионал футбол билан хайрлашишини маълум қилди.
Бундан хабар топган football.ua сайти мухбирлари 36 ёшли фахрий киперни дарҳол алоҳида суҳбатга чорлашди. Натижада Перт 20 йиллик ёрқин ва самарадор фаолиятида давомида кузатилган баъзи воқеаларни эсга олди.
***************
- Шуни таъкидлашим лозим, ЕЧЛ-2011|2012 финали («Челси» - «Бавария» қарама-қаршилигида «кўклар» пенальтилар сериясига кўра, ғолиб чиқишган)ни ҳеч қачон қайта томоша қилган эмасман. Тўғри, ўша учрашувнинг муайян қисмини кўрганимни инкор этмайман. Аниқроғи, ўйинни ўғлим томоша қилаётган паллада кадрларга кўзим тушган. Шунингдек, «Челси» ўйинчилари билан меҳмонхонада кечки таом чоғи телевизорда ЧЛга бағишланган шоуни кўрганман. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Фрэнк Лэмпард, Эшли Коул ва Жон Терри билан бирга эдим. Биз ўйиннинг айрим лавҳаларини томоша қилганмиз. ТВда фақат охирги пенальтилар қайта-қайта намойиш этилгани эсимда. Лекин такрор бўлсада, айтаман, ўйиннинг тўлиқ видеоёзувини бирор марта кўрмаганман. Шунингдек, 2008 йилги финалга ҳам («МЮ» - «Челси» беллашувида ҳам ғолиб пенальтилар сериясида маълум бўлган, фақат омад «қизил иблислар» томонида) қиё боққан эмасман...
***************
- Ўзи ўйинлардан олинган айрим лаҳзаларни қайта томоша қилишга тоқатим йўқ. Чунки табиатан бугунги кун билан яшайман. Ўтмишга тез-тез нигоҳ ташлайдиган киши реал воқеалар ҳақидаги тасаввурини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Агар ўтмишдан куч олишни истасангиз, янглишасиз. Вазиятни ўнглаш имкониятини бугунги воқеликлардан излаш лозим. Шахсан мен ҳамиша шундай қиламан. Лекин фаолиятим якунига етганидан кейин исталган учрашувни бемалол такроран кўриб чиқишим мумкин.
***************
- 2006 йил «Рединг»га қарши кечган баҳсда орттирилган жиддий жароҳат? Дубулға? Майдонда мўлжални аниқроқ олишим учун тез-тез ортга бурилишга мажбур бўла бошладим. «Рединг» билан ўйиннинг менда ягона таъсири шу. Ахир 3 кун кома ҳолатида ётдим. Бу омадим келганидан далолат, менимча. Чунки ўша оқшом айнан қандай фалокат юз берганини умуман эслолмайман. Кўпчилик шундан сўнг мавсум охирига қадар майдонга тушишдан тийилишим зарурлиги хусусида маслаҳат берди. Аввалига бунга амал ҳам қилдим. Лекин кейинчалик машғулотларда қатнаша бошлагач, фикрим бирданига ўзгарди: «Қани, ҳаракат қилаверайчи, бундан нима чиқаркин?»
***************
- Очиғи, ўшанда ўз олдимга қандайдир мақсад қўймагандим. Бош суягим шикастланганидан кейин орадан 3 ой ўтгач, машғулотларда қатнашишга рухсат беришди. Тез орада ўзимни яхши ҳис эта бошладим ва майдонга туша олишимни сездим. Майдонга қайтишимда, маълум даражада таваккал ҳам бор эди. Муҳими, ўйиндан-ўйинга ўзимни бахтиёр ҳис эта бошладим. Ҳа, баъзи муаммолар йўқ эмасди. Улардан фориғ бўлишда эса айнан футбол катта ёрдам берди.
***************
- «Арсенал» сафига ўтишим? Роман Абрамович билан унинг уйида учрашдик ва ўз қароримни дангал айтиб, сабабларни ҳам келтирдим. Шунда клуб соҳиби бироз асабийлашди, аммо менда бошқа йўлнинг ўзи йўқ эди. Қисқаси, Абрамович қароримдан роса ранжиган бўлсада, клуб учун қўлдан келганича хизмат қилганим туфайли жиддий эътироз билдирмади. У шунчаки, кўзларини юмган ҳолда, якуний қарорини маълум қилди: «Яхши, кетишинг мумкин». Аслида турли жамоалардан таклифлар олгандим, аммо ихтиёримда «Б» режаси йўқ эди. Фақат ҳар қандай ҳолатда ҳам, АПЛда қолишни истаганим рост. Зеро, энг яхши ўйинчилар энг кучли лигада ўйнашлари лозим.
***************
- Яқинда «Челси»дан таклиф олганим рост. Жамоа мутасаддилари мени Майкл Эменало эгаллаб келган лавозимда кўрмоқчилар. Эшикларим ҳамма учун доимо очиқ. Тафсилотларга тўхталмоқчи эмасман, фақат ўзим учун энг яхши кўринган вариантни танлайман.
***************
- Халқ ҳикматига кўра, агар барабанчи хатога йўл қўйса, ҳаммаси барбод бўлади. Дарвозабонни айнан барабанчига ўхшатиш мумкин: тўпни қўлингдан чиқариб юбордингми, тамом, сени пойлаб турган рақиб бундан фойдаланади. Сенда бошқа йўл йўқ. Дарвозабон ва барабанчи ўртасидаги асосий ўхшашлик ана шу...