Бошқа соҳалардаги каби миллий футболимизда ҳам ўз ечимини кутиб турган муаммолар сони кундан кун ошиб бормоқда. Профессионал лига савияси, футбол академиялари, келишилган ўйинлар, молиявий муаммолар шулар жумласидандир.
Хўш бу каби муаммоларни келиб чиқишига сабаб нима? Муаммоларга ечим топиб бўладими ўзи? Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қачон ўз профессионаллигига эришади?
Фалсафада – инсоннинг бирор ишни амалга ошира олиш имконияти уч хил даража билан баҳоланади. Яъни, бажарилиши лозим бўлган вазифанинг фақат инсоннинг ўз хохиш-иродасига боғлиқлигига (юқори имконият), ижтимоий қонунларга боғлиқлигига (ўрта даража) ва табиат қонунларига боғлиқлигига (энг паст имконият) қараб ушбу ишни бажара олиш имконияти таснифланади. Бу фалсафий қараш бизнинг миллий футболимизга тўлақонли мос келади. Сабаби ўзбек футболидаги камчиликлар замирида юқоридаги уч омил билан боғлиқ муаммолар ётибди.
Агар чет эл футболига назар ташлайдиган бўлсак, идеал даражадаги лига ўйинлари борлигини кўриш мумкин. Айниқса, Ғарбий Европа мамлакатлари олий лигаларининг савияси, таркиби, қонуний ва ҳуқуқий асослари, молиявий таъминланганлик жиҳатидан дунё бўйича юқори ўринда туради. Ўзбекистонда-чи?Бизда аҳвол умуман бошқача...
Аввалига Ўзбекистон Олий лигаси кейин Суперлигага айланган лигани ҳатто Англия ёки Испания уёғда турсин, футболда унчалик танилмаган мамлакат қуйи лигаси билан ҳам солиштириб бўлмайди. Албатта, буларни исботлашга керакли асослар етарли.
Биринчидан, “профессионал” сўзи аввал бошидан ортиқчалик қилган Профессионал футбол лигаси регламентлари жуда саёз тузилган. Энг ачинарлиси, ПФЛ регламентлари Суперлигада амал қилиши мумкин, лекин кези келганда қуйи лигаларда ушбу регламент ва қоидалар унутилиб ҳам қўйилади.
Биргина мисол: ўтган 2018 йилги Про-лига ўйинларида ўйнайдиган жамоалар ҳеч қандай ўтиш ўйинларисиз эълон қилинди. Энг қизиғи, қуръа ташлаш вақти келганда аввал номи эълон қилинган “Хотира-79” жамоаси ўрнига “Норин” жамоаси пайдо бўлиб қолди. ПФЛнинг 2-даражадаги лига сифатида қараладиган Пролигасида аҳвол шундай бўлгач, яна бошқа қуйи лига ўйинлари ёки клубларини тасаввур қилаверинг.
СУПЕРЛИГАДАГИ МУАММОЛАР
2018 йил ЎФА ҳамда ПФЛ келишган ҳолда Суперлигада 14 та жамоа қатнашиши керак эканлигига қарор қилган эди. Орадан бир йил ўтган бўлсада ПФЛ ўз сўзида турди ва Суперлигадаги жамоалар сонини 14 тага етказди. Фақат ҳеч қандай қонун қоидага амал қилмаган ҳолда.
Яъни ПФЛ регламентига кўра Суперлигада қуйи ўринларни эгаллаган 3 та жамоа янги мавсумда “Пролигадаги 3 та жамоа билан ўрин алмашиши керак. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Суперлигада 12-ўринни эгаллаган жамоа Пролигада 1-ўринни эгаллаган жамоа билан ўрин алмашиши ва ўз навбатида қолган 4 жамоа лигадаги ўринларига қараб плей-офф баҳсларини ўтказишлари керак эди. Қисман шундай бўлди ҳам.
2018 йил мавсум якунида Суперлигада 12-ўринни эгаллаган “Нефтчи” жамоаси Про-лига ғолиби “Андижон”га ўрнини бўшатиб берди. Юқорида айтганимиздек, 2019 йилги мавсумда Суперлигада 14 та жамоа ўйнаши керак эди. ПФЛ масаланинг ечимига ўзгача ёндошди ва ҳеч қандай асоссиз Сурхондарёнинг “Сурхон” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоаларига Суперлига эшикларини очиб берди.
Шу ўринда қизиқ бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов “Футбол Экспресс”га берган интервюсида ПФЛнинг форматини янгилаш, 12 та жамоа эмас 14 та жамоа қатнашиши кераклиги хусусида тўхталиб, шундай дейди: “Масалан, мен Андижон халқи ўз жамоасини Суперлигада кўришини хоҳлайман. Чунки улар бунга муносиб, ёки Самарқандни олайлик. Самарқандда ҳам албатта футбол бўлиши керак”. Бизнингча Умид Аҳмаджонов ЎФА биринчи вице-президенти бўлиши билан бир қаторда яхшигина башоратчи ҳам... Хуллас, хулоса ўзингиздан.
ПФЛДА ЯШИРИН ВА ТУШУНАРСИЗ ҲОЛАТЛАР КЎП...
Ортда қолган мавсум доирасида кучли олтиликка пешқадамликни бой бермаган ва мавсум сўнггида 3-ўринни егаллаган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси қишки трансфер ойнасида қарийиб 10 нафар футболчисини йўқотди. Нега йўқотди деётгандирсиз?
Сабаби ҳеч қайси клуб мавсумда омадли қатнашиб туриб ўз таркибидаги асосий ўйинчиларни бошқаларга “подарка” қилиб юбормайди. Агар эътибор билан қарасангиз ушбу трансфер ортида нимадир борлигини кўришингиз мумкин. Чунки жамоалар бир йил мобайнида 3-4 нафаргача футболчи сотиб, кейин 5-6 тагача трансфер харид қилганларига гувоҳ бўлганмиз.
Лекин бирданига 10 нафар футболчининг трансфер бўлиши ҳар қандай одамда шубха уйғотади. Ушбу трансфернинг яна бир шубҳали томони шундаки, 10 футболчининг 8 нафари Суперлигага эндигина жалб қилинган “Сурхон” жамоасига, 1 нафари “Динамо ”, яна бир нафари эса “Пахтакор” жамоасига ўтганилигидир.
Хулоса: ҳаёлингизда фақат бир савол гавдаланади – бу мажбурий трансфер эмасми? ПФЛ Суперлигада ўзининг илк одимларини ташлаётган жамоалар савиясини ошириш мақсадида ушубу трансферни амалга оширганлигига ким кафолат беради? Шундай бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас деб бизга ким айта олади?
ПФЛ ФУТБОЛЧИЛАР ҲАЁТИГА ЭЪТИБОРСИЗ
Бу ҳолатни бир футболчи мисолида исботлашга ҳаракат қилмоқчимиз. 2018 йил мавсум якунида кўплаб можаролрга сабаб бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзоси Азиз Турғунбоевнинг иши футбол мухлисларининг эътиборидан четда қолмади.
Маълум бўлишича футболчи бир вақтнинг ўзида иккита – “Навбаҳор” ҳамда “Пахтакор” футбол клублари билан шартнома имзолаган. ЎФАрасмий сайтининг хабарига кўра, воқеа бундай бўлган: Турғунбоевнинг “Навбаҳор” футболчиси сифатида ПФЛ рўйхатидан ўтказилган шартномаси 2018 йилнинг 30 ноябрь куни ўз якунига етган.
ЎФА регламентларига кўра футболчи шартномаси якунига 6 ой вақт қолганида бошқа клублар билан музокаралар ўтказиши мумкин. Бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган “Пахтакор”2018 йилнинг 5 сентябр куни Турғунбоев билан 2 йиллик шартнома имзолаган (бу шартнома 2019йилнинг 1январидан кучга кириши мўлжалланган эди).
Шу орада қизиқ ҳолат рўй беради. “Навбаҳор” футболчининг Тошкент клуби билан шартномаси борлигини билса-да, 2018йилнинг 29ноябрь куни Азиз Турғунбоевни янги шартномага имзочекишга ундайди. Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, “Навбаҳор” футбол клуби 30ноябрь куни якунига етадиган шартномани узайтирмасдан янги шартнома имзолатган. Қўшимчасига, Турғунбоевга бўлаётган вазиятни силлиқ ҳал этишга ишонтирган.
Мавсум якунига келиб эса ПФЛ Азиз Турғунбоевни 2019йил 9июлгача футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан дисквалификация қилиниши тўғрисида қарор қабул қилди. Тўғри кўриб турганимиздек, юқоридаги икки клуб ҳамда футболчининг айби билан бу ишлар содир бўлди, лекин шу пайтгача ПФЛнинг кўзи қаёқда эди? Футбол клубларининг кичик турдаги фаолиятигача аралашадиган ПФЛнинг кўзи наҳот шу можароли ишни кўрмаган?
КЛУБЛАР МОЛИЯВИЙ МУСТАҚИЛЛИККА ЭГА ЭМАС
Миллий футболимиз ривожига тўсқинлик қилаётган омиллардан яна бири – бу футбол клубларининг молиявий мустақилликка эга эмаслигидир. Футболи ривожланган ҳеч бир давлатда кузатилмайдиган ушбу ҳолатни бизнинг футболимизда етарлича топиш мумкин.
Маълумотларга қараганда, ЎФА ҳамда ПФЛ клубларнинг сметасига, қайси футболчига неч пул тўлаши-ю, кимга қанча кўтарма пули беришигача аралашар экан. Бу қайси жиҳатдан тўғри? ПФЛнинг изоҳлашича, бу каби аралашувларнинг сабаби клублар пулларни тўғри сарфлаши, ўзаро келишган ҳолда футбол учун берилган пулларни талон-тарож қилинмаслигини назорат қилиб туриш экан.
Тасаввур қилинг, ПФЛ футбол клубларнинг трансфер ишларига, футболчига қанча маош тўлаш, кўтарма пуллари каби ҳар қандай молиявий масаласига аралашса, бу футболчини арзон сотибсан, бу футболчини қиммат сотиб олибсан деб турса, энг ачинарлиси, футболчига ёки футбол клубига сарфланган (давлат томонидан сарфланган пулларнинг) пулларнинг тўғри сарфланиши ҳамда унинг фойдасидан манфаатдор бўлса, “Профессионал” деб аталган футбол лигаси қачон ўз номини оқлайди?
Бизнингча, ҳар бир футбол клуби ҳар томонлама мустақил бўлиши керак. Шундаривожланиш бўлади. Ўзбек футболи билан солиштириш ноўрин бўлса-да, Испания футболидан мисол келтиришни жоиз деб топдик. Яқинда Испанияда футболнинг ЯИМдаги улуши ҳамда мамлакатга қанча даромад олиб келаётгани ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Албатта, идеал футбол жамиятида давлат футбол учун пул сарфламайди, аксинча, футбол давлатга даромад келтиради. Тўғри, ҳозирча биз бундай аҳволда эмасмиз. Лекин юқоридаги каби хатолар, мавжуд муаммолар бартараф қилинса қачонлардир Ўзбекистонда ҳам футбол худди Испания, Англия, Германиядагидек ривожланади.
Жасурбек ТОЖИБОЕВ, ЎзДЖТУ, халқаро журналистика факультети талабаси