Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Исмоил Маликов: “Биз аввал футбол ўйнардик, кейин пул сўрар эдик”

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, “Андижон” футбол клуби матбуот хизмати тарихга назар ташлагана ҳолда, жамоанинг Олий лигадаги учрашувлар статистикасини йилма-йил эътиборингизга ҳавола этиб келмоқда.

Энди матбуот хизмати нафақат Олий лигадаги иштирокларни, балки, чемпионатимизга энди асос солинганидан буён “Наврўз” (“Андижон”) жамоаси таркибида ўйнаган футболчилар билан интервью уюштиришни ҳам ўз режамизга киритди.

Бугунги “меҳмонимиз” чап қанот ҳимоясида ажойиб ҳаракатлари билан мухлислар эътиборини қозонган, тўп учун курашларда қўрқмай курашган, сочларини елкасигача ўстириб олиб майдонда ҳаракат қилган Исмоил Маликов!

Исмоил Маликов

Ф.И.О:  Исмоил Махаммаджонович Маликов

Туғилган йили: 19.01.1973 йил.

Туғилган жойи: Қирғизистон Республикаси.

Амплуаси: Ҳимоячи.

“Андижон” (ўша пайтда жамоа номи “Наврўз” деб аталар эди) жамоаси таркибида 1991 йилги мавсумда 47 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 8 маротаба ишғол этишга муваффақ бўлган.

1992 йилги мавсумда 27 та ўйин, 3 та гол;

1993 йилги мавсумда 28 та ўйин, 5 та гол;

 1994 йилги мавсумда 27 та ўйин, 2 та гол;

1995 йилги мавсумда 4 та ўйин, гол йўқ;

1997 йилги мавсумда 4 та ўйин, гол йўқ.

Исмоил Маликов “Андижон” жамоасидан ташқари Қирғизтоннинг “Спартак” (Токмак), “Семетей” (Ўш), “Жаштик Оқ Олтин” (Қорасув) ва “Динамо Олой” (Ўш) жамоаларида ўйнаган.

Исмоил Маликов

- Ассалому алейкум, Исмоил ака! Андижонлик мухлислар Сизни унутишгани йўқ.

- Ва алейкум ассалом. Мен ҳам Андижонни, андижонлик мухлисларни унутганим йўқ, унутмайман ҳам!

- Фаолиятингизни қачон якунладингиз?

- Футболчилик фаолиятимни 2010 йили “Жаштик Оқ Олтин” жамоасида ўйновчи мураббий сифатида якунладим. Аниқроқ қилиб айтганда, якунлашга мажбур бўлдим. Сабаби, Ўшдаги воқеалар сабабли, фаолиятимни якунлаб, Россияга кетдим.

- Россияда нима ишлар билан шуғулланмоқдасиз?

- Россияда нима иш қилишим мумкин? 2010 йили Россиянинг Мурманск шаҳрига келганман. Келган пайтларимда Россия фуқаролиги йўқлиги учун катта омбор бор эди, ўша ерда ишлаб турдим. Тасодифни қарангки, мен ишлаётган омборнинг раҳбарлари футболни севишаркан. Шундан сўнг, турли хил турнирларда иштирок этдик. Шу йилдан эътиборан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига келдим ва болалар мураббийи бўлиб ишлашни бошладим. “Невский фронт” футбол мактабида фаолият юритяпман. Ушбу футбол мактаби “Зенит” клубига тегишли.

Европа Лигаси доираси бўлиб ўтган "Зенит"-"Бордо" учрашувида

- Андижон ҳақидаги хотираларингизни эслаб турасизми?

- Албатта! Андижон менинг иккинчи Ватаним ҳисобланади. Мен у ерда спорт интернетда таҳсил олдим, футболга илк қадамимни қўйиб, 1989 йили Қўрғонтепанинг “Савай” клубида ўйнашни бошладим. Шу сабабли, Андижонни умуман унутмайман. 1993 йил эса умуман унутилмас йил бўлиб қолади. Сабаби, жамоамиз жуда кучли эди, Жуковский мураббий эди. Маматказин энг катта ўйинчимиз ҳисобланарди. Жамоанинг ички муҳити эса шунчаки супер эди.

- Ўша даврдаги жамоадошларингиз билан алоқа бўлиб турасизми?

- Албатта. Жуда кўплаб жамоадошларим билан алоқани узмаганмиз. Масалан, 1993 йили дарвозамизни қўриқлаган Владислав Франк билан доим алоқадамиз. Ҳозирги кунда у Янги Зеландияда истиқомат қилмоқда. Адашмасам, Франк фаолиятини яқинда якунлади. Аввалига у Германияга кетганди, кейинчалик Янги Зеландияга ўтди.

- Ўша пайтдаги таркибни эслай оласизми?

- Келинг 1993 йилни эслаб кўрамиз. Дарвозага Владислав Франк эди. Ҳимоя марказида Андрей Шипилов ва Фазлиддин Шойимқуловлар ўйнашарди. Ўнг қанот ҳимояда Маматказин, чап қанотда эса мен ўйнардим.  Гоҳида Маматказин билан ўрнимизни алмаштириб ҳам ўйнардик. Қанот ярим ҳимоясида Фарҳод Қодиров ва Рустам Собиров ўйнарди. Майдон марказида ким ўйнарди? (Узоқ ўйланиб) марказий ярим ҳимоячиларни эслай олмадим. Ҳужумда Отабек Қиличев заҳирадан майдонга тушарди. Карен Сафаров асосий таркибда ўйнарди. Шунингдек, Баҳодир Каримов ҳам асосийда ўйнарди. Рустам Абдиев ўйнарди.

- Ўша йилларда Сизга қарши ўйнаган ҳужумчиларнинг энг кучлиси деб қайси бирини кўрсатган бўлардингиз?

- Улар кўпчиликни ташкил қилишарди. 1993 йиллари Олег Шацких ҳужумчиларнинг қироли эди. Игорь Шквиринга қарши ўйнаш ҳам жуда қийин эди. “Навбаҳор” таркибида Рустам Забиров бор эди. Асад ака Дўрмонов бор эди “Нефтчи” таркибида. Равшан Бозоровни ҳам алоҳида кўрсатган бўлардим. Ўша пайтларда ҳужумчилар кучли бўлган. Ўша пайтлар футбол савияси жуда юқори эди ҳозиргига қараганда. Биз катта пул олмас эдик, биз футбол ўйнар эдик. Аввал футбол ўйнардик, кейин пул сўрардик. Ҳозир эса аксинча бўлиб қолган. Мен Ўзбекистон футболини мунтазам кузатиб бораман. Ҳозирги кунда ҳали ҳеч қандай каромат кўрсатмасдан туриб катта-катта кўтарма пуллар сўрашади. Биз кўтарма пули сўрагани уялардик. Ҳали чемпионат бошланмасдан туриб, ҳали бирор ёрқин ўйин намойиш этмасдан туриб кўтарма пули талаб қилишни ҳеч бир футболчи ҳазм қила олмас эди у йилларда.

- Фарзандларингиз футбол билан шуғулланадими?

- Йўқ! Фарзандларим футбол билан шуғулланмайди. Биринчи оиламдан ўғлим бор. У ҳам Россияда. Иркутск шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланади. Иккинчи оиламдан эса қизим бор. Қизим мен билан Питерда истиқомат қилади, набирамни тарбияси билан шуғулланади.

(Шу орада Исмоил Маликовга ҳозирги кунда “Андижон” футбол клубида дарвозабонлар мураббийи лавозимида ишлаб келаётган Қобил Олимжоновни расмини юбордим ва “Эсладингизми” деган саволни бердим)

- Буни қандай танимай бўлади? Қобил Олимжонов-ку! У энди футболчилик фаолиятини  бошлаганида “Шаҳрихон”да бирга ўйнаганмиз. У пайтда анча ёш бўлган эди. Қобил Олимжонов билан охирги маротаба 2007 йили Қорасув шаҳрида кўришгандим. Ўшанда у “Жалолобод” жамоасида бизга қарши ўйнаганди.

- Андижонлик футбол мухлислари ва Андижон ҳалқига тилакларингиз

- Андижонлик барча мени таниган футбол мухлисларига алангали саломимни йўллайман! Андижон ҳалқига эса тинчлик-омонликни тилаб қоламан! Андижонлик мухлисларни ва Андижонни соғиндим...!

Кейинги "меҳмонимиз" қисқа муддат ичида андижонлик мухлисларнинг ёқимтойига айланиб улгурган Сергей Дуб бўлади. Бизни кузатишда давом этинг!

 “Андижон” футбол клуби матбуот хизмати

Манба: Андижон матбуот хизмати
Киритилди: 12:53, 20.09.2019.
Ўқилди: 3152 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.