Кириш Регистрация
15/05 00:00 Тоттенхэм 0-2 Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид 5-0 Алавес
15/05 01:00 Жирона 0-1 Вильярреал
15/05 22:30 Севилья 0-1 Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано 2-1 Гранада
15/05 23:45 Брайтон 1-2 Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас - Бетис
17/05 00:30 Альмерия - Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад - Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи

«Реал»: Қоқилишга ҳаққи йўқ. Чемпионлар лигаси ўйинлари анонси

Баҳо:
+ | -

Бугун, 1 октябрь оқшомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари доирасида 8та ўйин бўлиб ўтади.

"А" гуруҳи

Зиданга ўзини оқлаш учун имкон

Реал — Брюгге
Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 1 — 21.40)
Йўқотишлар
«Реал»: Асенсио, Ф.Менди (иккиси — жароҳат), Иско, Марсело (иккиси — сўроқ остида)
«Брюгге»: Баланта, Рицца (иккиси — жароҳат)
Ҳакам: Кабаков (Болгария).

Галатасарой — ПСЖ
Истанбул. «Турк Телеком» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 3 — 23.45)
Йўқотишлар
«Галатасарой»: Эмре Акбаба (жароҳат)
«ПСЖ»: Неймар (дисквал), Дракслер, Кавани, Керер, Шупо-Мотинг (барчаси — жароҳат), Дагба (сўроқ остида)
Ҳакам: Марчиняк (Польша).

1976 йилда, Чемпионлар лигасига ҳали асос солинмаган вақтда — қитъанинг энг яхши клублари Европа чемпионлари кубогида мусобақалашарди. Турнирларда гуруҳ босқичлари бўлмас — барча клублар биратўла плей-офф босқичида иштирок этарди. Ўша мавсумда ноябрь ойида 1/8 финал доирасида «Реал» «Брюгге» билан тўқнашган. 1970-йилларда мадридликлар клуби доимий равишда Испанияда чемпион бўлар, аммо халқаро майдонда омади юришмасди. Пушкаш ва Ди Стефано даражасидаги юлдузлар ўшанда «Реал»да эмасди — «Брюгге»га қарши ўйинда Камачо, Брайтнер, Сантильяна ва дель Боске каби футболчилар майдонга чиқишганди. «Қироллик клуби» ўшанда икки ўйинда бельгияликлар дарвозасига битта ҳам гол ура олмаган, иккита гол ўтказиб юборганди.

Шундан кейин «Брюгге» ва «Реал»нинг йўллари кесишмади, бугунги ўйин эса икки жамоа учун ҳам тарихий ўйинга айланади. Албатта, ҳозирда кучлар нисбати 43 йил аввалгидан бутунлай бошқача. Аммо ўхшашликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, икки жамоа ҳам ўз ички чемпионатида пешқадамлик қилмоқда ва икки жамоа ҳам ўз таъқибчиларидан узоқлашиб кета олмаган — бир очколик фарқ. Шунингдек, «Реал» ҳам, «Брюгге» ҳам — ўз лигаларида ютқазмаган ягона жамоа мақомида.

Тўғри, Чемпионлар лигасида вазият бошқачароқ. «Брюгге» биринчи турда «Галатасарой» билан голсиз дуранг қайд этди, «Реал» эса Парижда йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Примерода Зинедин Зидан жамоаси барқарор вазиятда, аммо еврокубокда ниманидир ўзгартириш керак. Сешанба кунги ўйинда ютқазишга рухсат йўқлиги аниқ.

«ПСЖ»да эса ишлар бутунлай бошқача. Чемпионатда бу жамоа икки марта ютқазишга улгурди, лекин Чемпионлар лигасида — осмон мусаффо. Лекин «Галатасарой»га қарши ўйин арафасида жамоада муаммолар бор — ички чемпионатдаги сўнгги ўйинларда гол уриб жамоага очко олиб келаётган Неймар ҳали дисквалификациясини ўтаб бўлгани йўқ, у ўтган мавсумда «Манчестер Юнайтед»га қарши нимчорак финал доирасидаги мағлубиятли ўйиндан кейин асаблари дош бермасдан ҳакамни ҳақоратлагани учун уч ўйинга четлатилганди.

B гуруҳи

Коутиньо Англияга қайтди

Тоттенҳэм — Бавария
Лондон. «Тоттенҳэм» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 1 — 23.50)
Йўқотишлар
«Тоттенхэм»: Ло Чельсо, Сессеньон (иккиси — жароҳат)
«Бавария»: Горецка (жароҳат), Эрнандез, Перишич (иккиси — сўроқ остида)
Ҳакам: Бастьен (Франция).

Црвена Звезда — Олимпиакос П
Белград. «Райко Митич» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2 — 00.00)
Йўқотишлар
«Црвена Звезда»: Йовичич (жароҳат)
«Олимпиакос» П: Фортунис (жароҳат)
Ҳакам: Тюрпен (Франция).

«Тоттенҳэм» сўнгги ўйинларни жуда ёмон ўтказмоқда: «Олимпиакос» билан ўйинда ғалабанинг бой берилиши, Англия лигаси кубогида тўртинчи дивизион вакилига мағлуб бўлиб турнирни тарк этиш, Премьер-лигада «Лестер»га қарши ўйиндаги мағлубият, Орье ва Ллориснинг аҳмоқона ҳаракатлари туфайли «Саутҳемптон»га қарши ўйинда очко йўқотишга бир бахя қолиши. Балки «авлиёлар» устидан қозонилган ғалаба ўтган мавсумда Чемпионлар лигасида финалчи бўлган жамоа ўз изига қайтишида ёрдам берар.

Аммо «Тоттенҳэм» ўз изига тушиб олиши учун «Бавария»ни мағлуб этиши керак, бу жамоада эса Филиппе Коутиньонинг ўйини очилмоқда. «Барселона»да қийин даврларни бошдан кечирган бу бразилиялик футболчи Бундеслиганинг сўнгги икки ўйинида иккита гол уриб икки голга узатма берди. Қолаверса, Роберт Левандовски ҳам юқори спорт формасини намойиш этмоқда, у жорий мавсумда деярли ҳеч бир ўйинни голсиз тарк этмаяпти, фақат мавсум арафасида Германия Суперкубоги учун  «Боруссия»га қарши ўйинни (0:2) ҳисобга олмаса. Бундеслиганинг олти ўйинида Левандовски 10та гол уришга улгурди — бу эса жуда кўп.

Польшалик ҳужумчи икки ҳафта муқаддам «Црвена Звезда» дарвозасини ҳам ишғол қилган эди (3:0), «Тоттенҳэм» эса биринчи турда дуранг ўйнади, шундай экан очко кўпроқ «шпорлар»га керак. Лондонликлар учун яна бир стимул — жамоа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичида илк марта янги стадионида ўйнайди. Ўтган мавсум кузида «Тоттенҳэм» рақибларини «Уэмбли»да қабул қиларди, янги аренага эса фақат шу йил бошида ўтилди. Плей-офф босқичида ушбу арена «шпорлар»га омад келтирди, кўрамиз гуруҳ босқичида қандай бўларкин?

C гуруҳи

Гвардиола: ҳимоя марказида муаммо билан

Манчестер Сити — Динамо З
Манчестер. «Этиҳад» стадиони. 23.55 (Матч Игра — 23.45)
Йўқотишлар
«Манчестер Сити»: Ляпорт, Сане, Стоунс (барчаси — жароҳат), де Брюйне (сўроқ остида)
«Динамо» З: —
Ҳакам: Сердар Гезубуюк (Туркия).

Аталанта — Шахтёр
Милан. «Сан-Сиро» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 2 — 21.40)
Йўқотишлар
«Аталанта»: Муриэль (сўроқ остида)
«Шахтёр»: Бутко, Майкон, Малишев, Тотовицкий, Хочолава (барчаси — жароҳат)
Ҳакам: Штилер (Германия).

«Манчестер Сити» биринчи турда «Шахтёр» меҳмони бўлиб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо бу жамоа ҳозирда гуруҳ етакчиси эмас. Биринчи ўринда кутилмаган ном — Загребнинг «Динамо» клуби футболчилари биринчи турда Хорватияда «Аталанта»ни яксон қилишганди - 4:0.

«Бу тезкор футболчиларга эга бўлган агрессив жамоа, бу жамоа қарши ҳужумларда жуда яхши ҳаракат қилади. А Серия — жуда-жуда мураккаб лига, «Динамо» эса «Аталанта»ни тор-мор этди. Бу биз учун огоҳлик қўнғироғи», дея рақибга баҳо берди ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Пеп Гвардиола.

Каталониялик мутахассис «Манчестер Сити»га Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш учун келгани ҳақида гаплар юради. Аммо Гвардиола журналистларнинг бу ҳақидаги саволига табассум билан шундай жавоб қайтарди: «Мен бу турнирни ютишни истайман, аммо агар буни уддалай олмасак, ўзимни ўлдирмайман. Ваъда бераман».

Чемпионлар лигаси финали ҳақида гапиришга, албатта, ҳали эрта. Лекин Англия чемпионлари гуруҳ босқичинидан осонлик билан чиқишига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Лекин «Манчестер Сити»да муаммолар ҳам бор. Марказий ҳимоячилардан бири Ляпорт ярим йилга сафдан чиққан, яна бири — Стоунс — кейинги ойда сафга қайтиши мумкин. Кадрлар муаммоси туфайли ёши ўтган таянч яримҳимоячиси Фернандиньо марказий ҳимоячи ролини бажаришга ўргатилди, шундай экан «Сити»га гол уриш мумкин. Загребликлар эса биринчи турдаги муваффақият тасодиф эмаслигини исботлаши керак бўлади.

D гуруҳи

Сёмин vs Симеоне. Палич 1:8 учун қасос оладими?

Локомотив — Атлетико
Москва. «РЖД-Арена» стадиони. 23.55 (Матч ТВ)
Йўқотишлар
«Локомотив»: Борис Ротенберг, Антон Миранчук, Жефферсон Фарфан (жароҳат)
«Атлетико»: Шиме Врсалько, Витоло (жароҳат)
Ҳакам: Орель Гринфельд (Исроил)

Ювентус — Байер
Турин. «Ювентус» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2 — 23.40)
Йўқотишлар
«Ювентус»: Данило, Маттиа Де Шильо, Жоржо Кьеллини, Дуглас Коста, Марко Пьяца, Эмре Жан (жароҳат)
«Байер»: Леон Бэйли (жароҳат)
Ҳакам: Уильям Коллам (Шотландия).

«Атлетико»да мавсум старти кутилганидек кучли ўтмаяпти. Ҳужум чизиғидаги трио — Мората, Коста ва Фелиш рақибларга даҳшат сола олмаяпти, бу учлик биргаликда Испания чемпионатининг 7 турида жами 4тагина гол урди.

Агар Жоау Фелишнинг статистикасини алоҳида кўрадиган бўлсак, унда мавсум бошидан буён барча турнирлар доирасидаги 8та ўйинда икки гол ва бир голли узатма бор. Рақамлар кўнгилдагидек эмас, ахир клуб ушбу португалияликни ўзи учун рекорд нархда харид қилганди. Масалан, Мадрид дербисида Фелиш фақат дастлабки 20 дақиқаликда фаол бўлди, кейин майдонда унинг борлиги сезилмади ва у иккинчи бўлимда алмаштирилгунича уни ҳеч ким эсламади ҳам.

Трансфер амалга ошгунича ҳам, ундан кейин ҳам турли экспертлар ушбу португални мақташди, у «Атлетико»нинг мавсумолди йиғини доирасидаги ўртоқлик учрашувларида ёрқин ўйин намойиш этди, аммо расмий ўйинлар бошланганида мухлисларни ва жамоани хурсанд қилишдан тўхтаб қолди. Ҳа, у зарбалар бермоқда, аммо ҳамиша ҳам аниқ эмас, у ҳаракат қилмоқда, аммо ўзи учун сарфланган 126 миллилон еврони оқлаш учун етарли даражада эмас. Португалиялик фтуболчи деярли барча ўйинларда захирага олиниши эса — Симеоне ҳамиша ҳам унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаётгани ва у 90 дақиқа давомида майдонда бир хил ҳаракат қилишга кучи етмаётганини кўрсатади. Фелиш ҳали ёш, ҳар уч кунда бир хил спорт формасида ўйнай олмаслиги тушунарли, у ҳали жамоани ўз ортидан эргаштириб юра олмайди. Унинг таланти борлиги шубҳасиз, аммо испан матбуоти унга таъриф беришда бироз ошириб юборгани аниқ. Ҳозирча Фелиш рақибларга қўрқув сола олмаяпти ва клуб фанатларининг ишончидан мосуво бўлмоқда.

Энди билдирилаётган танқидларга қарамай у сешанба оқшомида Москвада «Локомотив»га қарши ўйинда майдонга тушиб, ўзини кўрсатиши ва мухлислар ишончини қайтариши ҳам мумкин.

Юрий Сёмин шогирдлари эса биринчи навбатда 2017-18 йилги мавсумдаги каб жуда кўп гол ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади, 2017 йил кузида Европа Лигасида мадридликлар москваликларни ўз майдонида 3:0 ҳисобида мағлуб этган, 2018 йил баҳорида эса Москвада 1:5 ҳисоби қайд этилганди. Мезбонларнинг икки асосий футболчиси - Алексей Миранчук сафдан чиққан бўлсада, Сёмин Мурильони таянч яримҳимоясига қўйиб, Криховяк ва Бариновни олдинга чиқариб, унга эркинлик тақдим этмоқда. Биринчи турда жамоа Германияда «Байер»ни мағлуб этди, кейин ички чемпионатда «Оренбург» (3:2) ва «Зенит» (1:0) устидан зафар қучилди.

«Ювентус» иккинчи турда «Байер»ни қабул қилмоқда. Ички чемпионатда туринликлар 6 турда 16 очко жамғаришди, лекин бу очколар биринчи ўрин учун етарли эмас, «Кекса синьора» «Интер»дан 2 очко ортда. Маурисио Сарри шогирдлари «Фиорентина»га қарши ўйинда очко йўқотишган (0:0). Жамоа ЕЧЛнинг биринчи турида ҳам дуранг ўйнади, Мадридда «Атлетико»га қарши кечган баҳсда меҳмонлар 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олишмаганди (2:2). Шундан кейин жамоа ички чемпионатдаги учта ўйинда кетма-кет ғалаба қозонди: «Верона» (2:1), «Брешия» (2:1) ва СПАЛ (2:0) мағлуб этилди.

«Ювентус» Сарри келгач ўйин услубини ўзгартирди ва прагматик ўйин ўрнига ҳужумкор ўйин пайдо бўлди. Жамоа қайта қуриш даврида қийинчиликка дуч келаётган бўлсада натижага эришмоқда, таркибдаги футболчиларнинг савияси очколар келтирмоқда.

Криштиану Роналду жароҳат туфайли «Брешия»га қарши ўйинни ўтказиб юборган бўлса ҳам, бошқа футболчилар голлар уришди. Криштиану «Верона»га ҳам, СПАЛ дарвозасига ҳам биттадан гол урди. У «Атлетико»га гол уролмаганди, лекин ўша ўйинда ҳам унда голли вазиятлар бўлганди. «Байер»нинг ҳимоя чизиғи кучли эмас, «Локомотив» сафарда бу клубга иккита гол уролди. Роналду эса Чемпионлар лигасида голлари ҳисобини очиши керак, бу ўйинда барча жарима зарбалари, агар бўлса пенальти Роналдуга берилади.

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 16:08, 01.10.2019.
Ўқилди: 8662 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.