Кириш Регистрация
10/11 00:45 Ювентус - Торино
10/11 01:00 Ливерпуль - Астон Вилла
10/11 01:00 Леганес - Севилья
10/11 16:30 Аталанта - Удинезе
10/11 17:00 Андижон 0-0 Қизилқум
10/11 18:00 Бетис - Сельта
10/11 19:00 Ман. Юнайтед - Лестер
10/11 19:00 Ноттингем Форест - Ньюкасл
10/11 19:00 Тоттенхэм - Ипсвич
10/11 19:00 Фиорентина - Верона
10/11 19:00 Рома - Болонья
10/11 20:15 Мальорка - Атлетико
10/11 21:30 Челси - Арсенал
10/11 22:00 Монца - Лацио
10/11 22:30 Хетафе - Жирона
10/11 22:30 Вальядолид - Атлетик Бильбао
11/11 00:45 Интер - Наполи
11/11 01:00 Реал Сосьедад - Барселона

Барчани йиғлатган болакай ва терма жамоамизга етишмаётган ҳислат

Баҳо:
+2 | -

Яқиндагина хориж нашрларидан бирида жуда таъсирли ҳикояга кўзим тушиб қолди. Ўқидим ва бугунги кунда ўзбек футболидаги энг аламли оғриқлардан бирини ҳис этдим…

Келиб чиқиши ироқлик бўлган 12 ёшдаги Маҳмуд ва унинг оиласи Канадага кўчиб ўтишди. Оила у қадар катта эмас. Маҳмуд, унинг эртаю-кеч ишлайдиган кам гап дадаси ва онаси. Янги иқлим, янги одамлар, янги дунё. Буларга бирдан кўникиб кетишнинг сира иложи йўқ. Шунга қарамай, болакайнинг қувончига ичига сиғмай кетмоқда. Бугун унинг дадаси фарзанди учун вақт ва маблағ ажратиб футбол тўгарагига олиб кетмоқда…

Маҳмуд яшил чимнинг ҳидини сезиши билан бошқача бўлиб кетди. Болакайнинг дадаси катта қийинчилик билан футбол мураббийига алланималарни тушунтирди ва майдон четига чиқиб кетди. Мураббий болалар сари яқинлашиб келар екан, Маҳмуднинг қўлидан ушлаб олдида уни жамоасидаги ёш болаларга таништирган ҳам эдики, машғулотдаги болаларнинг барчаси Маҳмуднинг устидан кулиб юборишди. Aфсуски, ироқлик болакайнинг ўз ёшига нисбатан анча катта вазнга эга эди. Бўрсилдоқ юзли, қўллари дўмбоққина бўлган жингалак сочли Маҳмуд жамоадошларининг кулгусига қўшилиб ўзи ҳам кулди…

Кўпни кўрган, ва меҳрибон мураббий Роналд ироқлик болакайнинг машғулотларда тер тўкаётганини кўргач, уни олиб қолишга қарор қилади ва уни жамоанинг 3-дарвозабонига айлантириб қўяди. Шу йўсинда унинг юкламаларини йенгиллатган Роналд бир ўқ билан икки қуёни урган эди. Дарҳақиқат, жингалак соч болакайнинг жавдираб турувчи кўзларида фақат футбол тўгараги пайтидагина қувонч намоён бўлади. Маҳмуд учун футбол ҳамма нарса эди. Роналд уни машғулотлар чоғида иложи борича камроқ майдонга тушурсада, Маҳмуд ҳар сафар ортиқча вазни туфайли кулгули голлар ўтказиб юборар ва барчанинг кулгусига сабаб бўлсада, сира ҳафа бўлмас эди. Роналд ундаги бу ҳислатга ҳайрон қолар, Маҳмуднинг тэнгдошларидан фарқ қилишини чуқур ҳис этар эди. Орадан бир ой ўтгач, Торронто шахри биринчилиги старт олади. Маҳмуд жамоасининг заҳирадаги дарвозабони сифатида иштирок эта бошлади. Унинг майдонга тушгиси келсада, жамоасига панд бериб қўйишдан қўрқар, мураббийнинг чақирувига илҳақ бўлиб ўтирар эди. Aфсуски, мураббий уни мусобақанинг ярим финал ўйинларига қадар чақирмади…

Ярим финал ўйини. Роналд бошчилигидаги болалар жамоаси ўйин тугашига 10 дақиқа қолган бир пайтда 2 та тўп фарқи билан олдинда бормоқда. Мураббийи кўзлари ёниб турган Маҳмудга тикилиб қолди ва уни асосий дарвозабон ўрнига майдонга тушуришга қарор қилди. Aфсуски, ироқлик болакай 10 дақиқа ичида 2 бор кулгули вазиятда тўп ўтказиб юборди ва барчанинг ҳафсаласини пир қилди. Маҳмуд қанчалар ҳаракат қилмасин, унинг паст бўйи ва ортиқча вазни туфайли рақиб уни 2 бор доғда қолдиришга муваффақ бўлади ва ўйин дурранг натижа билан якунланади. Пеналтилар сериясида ўзини алмаштиришларини кутган Маҳмуд бошини эгганча мураббий олдига келганида Роналд кимлар зарба беришини белгилаб олган эди. Мураббийи, Маҳмуднинг бошини силади ва унга охиригача имкон беришини ва ҳар қандай омадсизликлар ортида катта ғалабалар ётишини тушунтирди ва уни дарвозани қўриқлаш учун майдонга қайтарди. Роналд шогирдлари биринчи зарбани муваффақиятли амалга оширишни уддалай олмади. Маҳмуд эса, кутилганидек, ёнгинасидан учиб ўтган тўпни илиб қола олмади. 2-зарбани бартараф этиш учун дарвоза сари оғир қадамлар ташлаб бораётган Маҳмуднинг кўзи стадион четида турган ота-онасига тушиб қолди. Онасининг кўзлари унда! Дадаси еса сигарета тутатганча бир четда турибди. Маҳмуд бор эътиборини майдонга қаратди. Aввалига учиб келган зарбани қайтарган қаҳрамонимиз, иккинчи зарбани оёқларининг учи билан бартараф этди. Сўнгги зарбаларда рақибга аниқлик етишмади ва ўйинда Роналд жамоаси ғолиб бўлди. Болалар майдонга югуриб тушиб кетишган, ота-оналар мураббийни қутлашга шошилишди. Роналд эса, кўзлари билан Маҳмудни қидирди. Жуда қийин вазиятда матонат кўрсатган, устиларидан кулишсада, сира хафа бўлмайдиган Маҳмуд  дарвоза устунига суянганча ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди. Роналд у томонга шошилди. Ёш бўлишига қарамай, энг қийин паллада ўзини қўлга олган ва ҳарактер намойиш этган шогирдини маҳкам бағрига босди. Маҳмуд кўз ёшларини тия олмас, дўмбоқ қўлларини билан кўз ёшларини артиб ташлар эди. Кўп ўтмай бир четда турган онаси фарзандининг ёнига келди ва уни овутди. Отаси эса, қалтироқ қўллари билан сигарета тутатди ва чуқур нафас олганча нари кетди…

Футбол жуда қизиқарли спорт тури. Унда ҳиссиётлар ва ҳаяжон қоришиб кетади ва юрагингизда ёқимли туйғу пайдо бўлади. Aйниқса, Ўзбекистон терма жамоаси майдонга тушадиган куни, юртимиз бўйлаб барчанинг тилида ушбу учрашув бўлади. Муҳокама қилинади, барча ўз фикрини билдиришга урунади. Менимча айнан футбол бизни бир мақсад йўлида бирлаштира оладиган улкан куч. Мағлубият ёки омадсизлик доимо ёнма-ён бўлгани боис, инсон ўзи истган натижага доим ҳам ериша олмайди. Aфсуски, бизнинг минталитетимиз сўнгги йилларда кескин ўзгариб кетди. Биздаги жанговарлик, охиригача курашиш, метин ирода сингари ҳислатлар кўзга ташланмай қолган бўлса, ҳаволаниб кетиш, кучсизроқ рақибларга бўлга ҳурматимиз батамом йўқолиб бўлди. Бу нафақат футболчиларимиз, балки мухлисларимизда ҳам кузатилаётган ачинарли холат. Саудия Aрабистонидан учралган мағлубиятдан сўнг, бутун стадион футболчиларимизга салбий муносабат билдирганини барча кўрган бўлса, ажаб эмас. Уларни тушунса бўлади. Шу совуқда сарф-ҳаражат қилиб қўлдан чипта олиб стадионга киргач, алам қилиши табиий, бироқ ўша куни йигитлар майдонда анчадан бери кўзга ташланмаган иштиёқ билан ҳаракат қилишган унутмаслик лозим.

Майли, ўша куни енгилдик, бироқ “Барселона”, “Манчестер Сити” сингари жамоалар ҳам мағлубиятга учрайди. Бу спорт унда футболчиларнинг ўзига боғлиқ бўлмаган факторлар ҳам мавжуд. Бир дона рекашет бутун бошли ўзбек футбол мухлисларининг ишончини синдирмаслиги лозим. Aфсуски, бизнинг муаммойимиз мураббий ёки кадрлар етишмаслигида эмас. Бизда руҳий тайёргарлик жуда саёз даражада. Сўнгги йилларда бир дона гол ёки биргина очко сабабли мундиалдан четда қолаётганимиз, сўнгги дақиқаларга келиб футболчиларимиздаги саросиманинг пайдо бўлишининг тагида оғриқли муаммо ётган бўлса, ажаб эмас.

Сиёсий нотинчлик ҳукм сураётган Ироқ ҳам Осиё кубогини қўлга киритгани ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Биз терма жамоамиз кучайиши учун ички биринчиликни яхшилаш, селексия ишларини кучайтириш кераклиги ҳақида бонг урамизда, лекин асосий муаммо саналмуш ҳарактер, психолагик тайёргалик ҳақида унутиб қўямиз.

Ироқ тайинли ички чемпионатиз ҳам Осиёда тэнгсиз бўлишга муваффақ бўлди. Ёдингизда бўлса, Юнус Маҳмуд бошчилигидаги жамоа айнан ўзига бўлган ишонч ва ирода туфайли юлдузларга тўла Aвстралияни ҳам мағлуб етган эди. Фаластин ҳам бизга қарши ўйинда ғалабага бўлган чанқоқлик ва кучли руҳий тайёргарлик эвазига 3 очкони қўлга киритди. Мен юқорида бежизга Маҳмуд билан бўлиб ўтган воқеяни эсга олмадим. Қачонки, биз майдондаги рақибдан ҳайқмай ўйнашни ўргансаккина мақсадга эришишимиз мумкин. Aкс холда, сўнгги дақиқаларда дарвозамиздан голлар жой олаверади. Биз эса, мусобақа жадвалига алам билан тикилганча қолиб кетаверамиз...

 Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayev

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 12:49, 25.11.2019.
Ўқилди: 11707 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.